Бор экан, йўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, ўрдак сурнайчи экан, ғоз карнайчи экан, товуқ тақ этди, билмадим қаққа кетди.
Бир қарға билан қўзи бор экан. Қарға қўзи ёнига бориб:
— Сени ейман, — дебди.
— Мени ейишга ейсану, тумшуғинг ҳаром, дарёга бориб чайқаб келиб, ундан кейин егин, — дебди қўзи.
Қарға тумшуғини чайқагани дарёга борибди. Дарё сувини пастга тортиб олиб:
— Мендан одамлар сув ичади, сенинг тумшуғинг ҳаром, Устабой кулолдан битта кўза олиб келгин, сувни мен берай, сен сувни олиб у ёқда чайқагин, — дебди.
Шунда қарға Устабой кулолнинг олдига бориб:
— Эй Устабой кулол, беринг кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди.
Устабой кулол:
— Тупроғим адо бўлиб қолди. Тупроқ олур деган ердан тупроқ олиб келиб бергин, мен янги кўза қилиб бераман, — дебди. Шўрлик қарға тупроқ олурга учиб борибди:
— Беринг тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди. Тупроқ олур:
— Тоғнинг бошида бир кийик бор. Шу кийикнинг шохидан олиб кел. Ўша кийик шохи билан қазиб оласан, — дебди.
Қарға бу ердан ҳам учиб тоғ тепасидаги кийик олдига борибди:
— Ҳой кийик ака, беринг шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди. Кийик бечора айтибди:
— Раҳмим келиб берай дедиму, шохим қаттиқ ўрнаган, жоним оғрийди. Бир Пўлатвой ака деган кишининг тозиси бор. Шу тозисини сизга берсин. Този келиб мени қувсин, мен қочиб кетиб дарахтларга шохимни уриб тушириб барай, — дебди.
Шундан кейин қарға учиб Пўлатвой аканинг олдига бориб: «Пўлатвой ака», — деб чақирибди.
— Беринг този, қувласин кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди. Пўлатвой айтибди:
— Тозимнинг қорни оч, бедармон бўлиб ётибди. Тош акамнинг сигири бор, ўша сигирнинг сутидан берсин, олиб келинг ичирамиз, този овқатланиб олиб кийингизни қува берсин, — дебди. Қарға учиб бориб:
— Тошвой ака! — деб чақирибди.
— Лаббай, — дебди Тошвой ака.
— Беринг сут, ичсин този, қувсин кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди.
Тошвой ака:
— Сигиримнинг қорни оч, далага боргани йўқ. Сен даладан бир кўтарим қуроқ олиб келиб бер, сигир еб сутга кирсин, ундан кейин олиб кетасан, — дебди.
Қарға бир қуроқзор кўлга борибди.
— Беринг қуроқ, есин сигир, берсин сут, ичсин този, қувласин кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди.
Қуроқ айтибди:
— Юлиб олсанг, қўлингни қийиб кетаман, шаҳарнинг чеккасида ўроқ қиладиган уста Сўкилди деган бор. Битта яхши ўроқ қилиб берсин, мени ўриб олиб кетгин, — дебди. Қарға учиб уста Сўкилдининг олдига борибди:
— Уста, уста, — деб чақирибди. Уста:
— Лаббай, — деб қарганинг олдига чиқибди. Қарға:
— Беринг ўроқ, ўрай қуроқ, есин сигир, берсин сут, ичсин този, қувсин кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқаб тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди.
Уста Сўкилди:
— Кўмирим тамом бўлиб қолган эди. Бир тоғнинг бошида беш-ўн хонадон бор, улар кўмир куйдираётган эмиш, кўмиридан олиб келиб бер, сенга пашшанинг қанотидек олмосдан ўроқ қилиб берай.
Қарға бу ердан ҳам учиб ўшал кўмирчиларнинг олдига бориб:
— Кўмирчи ака, кўмирчи ака, беринг кўмир, қилсин ўроқ, ўрай қуроқ, есин сигир, берсин сут, ичсин този, қувсин кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, — дебди.
Кўмирчилардан бири бир парча кўмирни олдига ирғитиб юборибди. Қарға кўмирни олиб, уста Сўкилдининг олдига келибди:
— Мана кўмирни топиб келдим, — дебди. Уста: «Оббо, важ қилсам ҳам бўлмади-я» деб бир пашшанинг қанотидек олмосдан қилинган ўроқни қарғанинг қанотига ўтказиб қўйибди. Қарға бир қанча вақт учгандан кейин ўроқ қанотини шартта қирқиб кетибди, иккинчи қанотига ўтазиб олибди. Яна бир қанча учгандан кейин иккинчи қанотини ҳам шартта қирқиб кетибди. Бечора қарға энди ўроқни бўйнига солибди, уча олмасдан ҳиқиллаб қанча йўл юрибди. Бўйнини ҳам ўроқ шартта кесиб кетибди. Қарға мақсадига етолмай, бир чўлда ўлиб қолибди. Қўзи эса қутулиб қолибди.