Бир подшонинг хушрўй қизи бор экан. Бир куни бу қизга айиқполвон хуштор бўлиб қолибди. Қизни қўлга туширишга анча ҳаракат қилибди-ю, тушира олмабди. Кунлардан бир кун айиқполвон тулки билан жўра бўлиб қолибди. Тулкига ўз сирини айтибди:
— Э жўра, мен подшонинг қизига ошиқман. Унинг васлига етолмай юрибман. Сен тулкисан, тез чопасан. Сени қувлаган одам бир кўради-ю, иккинчи кўрмайди. Мен зўр айиқполвонман. Гап зўрликда эмас, айёрликда, сен буни биласан. Шунинг учун сенга тулки деб ном берилган Сен шу қизни олиш йўлини биласан, шуни менга олиб келиб берсанг-чи.
— Ҳа, тўғри айтасан. Мен тулкиман, ҳийлаий найрангни кўп биламан. Ўзим сариқ тулки бўлсам ҳам юз хил рангга кириб, юз хил товланаман. Подшонинг қизини ўзим олиб келиб бераман, — дебди тулки.
Подшонинг қизи ҳар куни канизаклари билан боғда сайр қилар экан. Тулки юнгларини ҳар хил рангда товлантириб, қизлар орасига бориб ўйин қила бошлабди. Канизаклар тулкини ушламоқчи бўлсалар, тулки ўзини ушлатмай қоча берибди. Кейин подшонинг қизи: «Мана менинг ушлашимни кўринглар», деб тулкини қувлаб кетибди. Тулки ҳар хил ўйин қилиб қоронғи ўрмонга кетаверибди. Киз ҳам тулкининг орқасидан чопиб кетаверибди. Шундай қилиб, айиқполвон ётган жойига олиб борибди. Айиқ қизни ушлаб олибди-да, орқасига ўнгариб тоғ томонга қочибди. Подшо одамлари билан айиқни қувлабди. Айиқ бир ғорга кириб кетибди. Кеч кирибди. Подшо одамлари шу ғорнинг ёнида ётиб қолишибди. Эрта билан қарасалар отлари, милтиқ-аслаҳалари йўқ. Подшо бу ишга ҳайрон бўлиб, қизини топа олмай, одамлари билан қайтиб кетибди. Айиқ қизга уйланиб яшай бошлабди.
Ой ўтибди, кун ўтибди, кунлардан бир куни подшонинг қизи бир ўғил туғибди. Отини Лўнда полвон қўйибди. Бола етти ёшга кириб, ҳар нарсани биладиган бўлибди. Онасига қараса одамга ўхшайди, отасига қараса, қоп-қора юнгли, ҳеч одамга ўхшамайди. Лўнда полвон онасидан:
— Эй она, нимага сизнинг баданингиз тоза, отамникига ўхшамайди. Отам бўлса қора, баданларида юнг, — дебди. Онаси:
— Э ўғлим, мен бир подшонинг қизи эдим. Отанг айиқполвон менга ошиқ бўлиб қолган экан, олиб қочиб келиб, мана шу ғорга қамади. Бирга яшадик. Ўзи кетган чоғида катта тош билан ғорнинг оғзини беркитиб кетади, — дебди. Лўнда полвон:
— Она, мен сизни отангизнинг олдига олиб борсам нима дейсиз? — дебди. Онаси:
— Яхши бўларди, уддасидан чиқсанг олиб бор. Лекин мана шу ғорнинг оғзидаги тошни отанг аранг кўтариб қўяди. Сен ёш боласан. Бу тошни қандай қилиб кўтарасан. Ғордан қандай қилиб чиқамиз? — дебди.
Лўнда полвон:
— Эй она, бу тошни отам кўтарган бўлса, мен ҳам отамнинг ўғли, мен ҳам кўтараман, — деб тошнинг ёнига борибди-да, бир итариб юмалатиб юборибди. Она-бола оҳиста ғордан чиқиб юз қадам юрган экан, айиқ кўриб қолибди. Хотинига:
— Эй, тўхта-тўхта! — деб бақирибди. Хотини айиқнинг товушидан қўрқиб, нима қилишини билмай қолибди. Ўғли бўлса писанд қилмай кетаверибди. Бир қанча вақт юргандан кейин қайрилиб қараса, онаси юз қадам орқада айиқнинг товушидан қўрқиб йиқилиб қолибди. Лўнда полвон чопиб онаси қошига келиб:
— Ҳа, она, чарчаб қолдингизми, ё ухлаб қолдингизми, нимага ётиб қолдингиз? — дебди.
— Эй болам, чарчаганим йўқ, отангнинг ириллаб, чақирган товушидан қўрққанимдан ётиб қолибман, — дебди онаси. Лўнда полвон қараса, отаси айиқполвон яқинлашиб келаётганмиш. У ўғлига: «Қаерга боряпсан!» деб бақирибди.
Лўнда полвон:
— Бобом олдига бораман, онамни ҳам олиб кетаётибман, — дебди. Айиқ ўғлидан қўрқиб индамай қолибди. Лўнда полвон отаси айиқни бир катта чинор тагига бошлаб борибди-да, шу ердан қимирлама, деб онасини ўзи билан бирга олиб кетаверибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, шаҳарга яқинлашганларида бир қанча савдогарлар учрабди. Улар бола билан онасини кўриб:
— Ҳов бола, қаерга кетаётибсизлар, кимнинг боласисан? — дебди. Шунда онаси туриб:
— Бу менинг ўғлим. Мен шу шаҳар подшосининг қизиман. Мени айиқ ўғирлаб кетган эди. Отамнинг олдига эсон-омон қутулиб келаётибмиз, — дебди.
Савдогарлар бу гапни эшитиб, тезда подшога хабар беришибди. Подшо қизини кутиб олиш учун кўп одамларни чақирибди. Подшо, қизини ҳам неварасини кўриб, хурсанд бўлибди.
Лўнда полвон кўчага чиқиб, болалар билан ўйнай бошлабди. Болалар билан соққа ўйнаб, бир қанчаларининг кўзларини кўр қилиб, уриб юраверибди. Катта бўлган сари подшо берган озиқ-овқатга қаноат қилмай, нонвойхоналарга кириб, нонларни еб қўядиган бўлибди. Нонвойлар подшонинг неварасидан норози бўлиб, унга арз қилишибди. Подшо неварасини зоғлар еб кетар, деб ўйлаб тоққа ўтин теришга юборибди. Лўнда полвон тоққа бориб, айиқларни чақириб ўтин тердирибди-да, ўтинларни айиқларга ортиб қайтиб келибди Шаҳар айиқ билан тўлиб кетибди. Лўнда полвон ўтинларни тушириб, айиқларга жавоб бериб юбориб, подшо олдига борибди. Подшо неварасининг қилган ишларини кўриб, кейинчалик ўзини ҳам хароб қилиб қўйишидан қўрқиб, шаҳардан ҳайдаб чиқарибди. Йўл юриб кетаётса, рўпарасида икки билагига тегирмон тошини кийган бир киши катта тоғни миниб ғизиллаб келаверибди. Лўнда полвон унга:
— Жўра, қаерга шошиб кетаётибсан? — дебди. Ҳалиги одам:
— Эй жўра, ҳў ана шу шаҳар подшоҳининг Лўнда деган невараси бор эмиш, ўша билан курашиш учун бир тоғни миниб, икки қўлимга икки тегирмон тошни олиб машқ қилиб келаётибман, — дебди.
Лўнда полвон:
— Мен ўша Лўнда полвон билан кураш қилар эдим, менинг отим Ҳандалак полвон. Дам у йиқитар эди, дам мен йиқитар эдим. Қани, икковимиз бир курашиб кўрайлик-чи. Агар мени йиқитсанг, Лўнда полвонни ҳам йиқитасан, — дебди ва иккови курашиб кетишибди. Ҳандалак полвон тоғ минган одамни чунон кўтариб урибдики, бир қарич ерга кириб кетибди. Тоғ минган одам Ҳандалак полвонга қараб:
— Мен сенга дўст бўламан, қаерга борсанг бирга бораман, ҳамроҳ бўламан, — дебди.
Иккови дўст бўлиб йўлга тушиб кетаверишибди. Бир қанча йўл юргандан кейин қарашса, бир одам икки қўлига икки тоғни кўтариб келаётган экан. Ҳандалак полвон унга қараб:
— Эй жўра, қаерга кетаётибсан? — дебди. У одам:
— Фалон мамлакат подшосининг Лўнда полвон деган невараси бор эмиш, ўша билан курашиш учун бу тоғларни кўтариб машқ қилиб кетаётибман, — дебди. Ҳандалак полвон:
— Мен Лўнда полвон билан жўра эдим. Икковимиз кураш тушиб дам у йиқитар эди, дам мен йиқитар эдим. Бўлмаса, кел, икковимиз бир курашайлик. Агар мени йиқитсанг, уни ҳам йиқитасан, — дебди ва иккови курашиб кетишибди. Ҳандалак полвон тоғ кўтариб келган одамни бир кўтариб урибди. У ҳам булар билан жўра бўлибди. Учови йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир катта дарё бўйига келиб қарасалар, унда бир одам икки қўли билан икки оёғини дарё ичига тиқиб ўтириб: «Ҳўпла оғзим, ҳўпла», деб дарё сувининг ҳаммасини шимириб, яна чиқариб машқ қилиб ўтирганмиш. Ҳандалак полвон у одамга қараб.
— Ҳа, йигит, нима қилиб ўтирибсан? — дебди. Ҳалиги одам:
— Бу менинг касбим. Фалон подшонинг невараси Лўнда полвон билан курашиш учун машқ қилаётибман, — дебди. Ҳандалак полвон:
— Мен ҳам Лўнда полвон билан курашар эдим. Дам у мени йиқитар эди, дам мен уни йиқитар эдим. Кел курашайлик. Мени йиқитсанг, Лўнда полвонни ҳам йиқитасан, — дебди ва иккови курашибди. Ҳандалак полвон у одамни ҳам йиқитибди. Энди тўртови дўст бўлиб кетаверишибди. Йўлда бир қутича топиб олишибди. Ҳандалак полвон қутичани олиб қараса, ичида мусичаларнинг подшоси қамалиб ётганмиш. Ҳандалак полвон: «Бу ҳам керак бўлар», деб чўнтагига солиб кетаверибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир шаҳарга етиб боришибди. Бу шаҳар подшосининг Мастурахон деган қизи бор экан. Мастурахон: «Кимда-ким бешта шартимни бажарса ўшанга тегаман», деган экан. Кўп шаҳзодалар келиб, шартини бажара олмай, ўлиб кетишган экан. Ҳандалак полвон бу гапни эшитиб, подшо олдига бориб:
— Қизингизнинг шартинп айтинг, мен бажараман, — дебди.
Подшо:
— Биринчи шарти — атрофини қирқ кунда айланнб чиқиш мумкин бўлган ҳовузга овқат тўлдирилган бўлади. Кимки шу овқатни бир кунда еб тамомласа; иккинчи шарти — оловда чўғ қилиб қиздирилган уйда бир кеча ётиб ўлмай чиқса; учинчи шарти — ерни шудгор қилиб қирқ қоп буғдой, қирқ қоп тариқнн аралаштириб сепиб, ўшани бир дона қолдирмай бир кунда буғдойини буғдойга, тариғини тариққа ажратиб, қирқ қопга тўлдирса; тўртинчи шарти — катта темир кундани чўп табар билан ёрса; бешинчи шарти — фалон дарёдан Мастуранинг одамидан илгари сув олиб келса, қизим ўшанга тегади, — дебди. Ҳандалак полвон бу шартларни бажаришга рози бўлибди. Биринчи шартни икки қўлида тегирмон тоши кўтариб юрган жўраси бажарадиган бўлибди. У ҳовуз ичидаги овқатни ярим кунда еб қўйибди. Иккинчи шартини ҳўпла оғзим дейдиган жўраси бажармоқчи бўлибди, дарёнинг сувини ичиб келибди-да, қиздирилган темир уйга кириб пуркаган экан, уй муздек совиб қолибди. Саҳаргача жим ётиб, тонг отгач, эшикни тепиб: «Эшикни очинг, совуқ қотдим», деб бақирибди. Учинчи шартини бажариш вақти келибди. Ҳандалак полвон чўитагидаги қутичани очиб, мусичаларнинг подшосига қараб:
— Эй, мусичаларнинг подшоси, шу шудгордаги тариқ билан буғдойни ажратиб териб қирқта қопга тўлдир, — дебди. Мусичалар подшоси оёқларини. чўзиб-чўзиб муртини у ёнига-бу ёнига артиб, бир имо қилицш билан шудгорни мусича босиб кетибди. Ҳаммаси бир кунга қолмай тариқ билан буғдойни ажратиб териб қопга тўлдириб қўйибди.
Мустурахон уч шарти бажарилганига ҳайрон бўлибди. Эртаси Ҳандалак полвонни чақириб:
— Эй йигит, хизматинг кўп бўлди. Лекин кейингиларини бажаролмай армон билан ўлиб кетма. Темир кундани ёриш анча оғир. Мен сенга ёрдам берай. Мана бу соч толасини чўп табарга қўйиб: «Ё Мастурахон!..» деб бир урсанг, темир кунда тўртга бўлиниб кетади, — деб Ҳандалак полвонга берибди. Эртаси тонг отибди. Майдонга халқ йигилибди, кундани ўртага қўйишибди. Ҳандалак полвон ўртага чиқиб, темир кунданинг у ёқ-бу ёғини кўрган киши бўлиб билдирмасдан Мастурахоннинг сочини тўрт бўлиб чўп табарга қўшиб урмоқчи бўлиб турганда одамлар: «Чўп табар билан темир кунда ёриладими?» деб кулишибди. Шу пайт Ҳандалак полвон: «Ё Мастурахон!» деб бир урган экан, темир кунда тўрт бўлак бўлиб кетибди. Бешинчи шартни икки қўлига икки тоғни кўтарган жўраси бажарадиган бўлибди. У Мастурахоннинг сувчиси билан қирқ кунлик ердан сув олиб келишга жўнабди. Икки мартаба баравар бериб олиб келишибди. Ахири учинчи мартаба тоғ кўтарган йигит илгари олиб келибди. Шу билан Мастурахоннинг шартларини Ҳандалак полвон бажарибди. Подшо қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб, Мастурахонни Ҳандалак полвонга берибди. Лекин Мастурахоннинг отаси қизини бошқа подшонинг ўғлига бермоқчи экан. Бир неча кун ўтгандан кейин ҳалиги подшо аскар юбориб, уруш бошлабди. Ҳандалак полвон тегирмон тош кўтарган, тоғ кўтарган ва дарё сувини симирадигаи жўралари билан урушга кириб, подшо аскарларига қирғин солибди. Подшо куёвининг ботирлигини кўриб ҳайрон қолибди. Ҳандалак полвон Мастурахонни олиб ўз шаҳрига қайтибди. Бу вақт отаси ўлиб, мамлакатга онаси подшо бўлган экан. Онаси ўғлига яна тўй-томоша қилиб бериб, мурод-мақсадига етибди.