Бир куни Алдаркўса йўлда кетаётса, унинг олдидан бой чиқиб қолибди. У Алдаркўсага:
— Ҳой Алдаркўса, қани мени бир алдаб кўр-чи, қўлингдан келармикан? — дебди. Алдаркўса қараса бой жуда такаббур кўринади. Алдаркўса «буни қандай қилиб алдасам экан, қуруқ алдасаммикан ёки ҳўл алдасаммикан», деб ўйланиб турибди-да:
— Бой ота, алдар эдиму ҳозир кайфим йўқроқ, — дебди.
— Нега кайфинг йўқ? — дебди бой.
— Бир одамдан уч танга олган эдим, шу таъбимни хира қилди.
— Мана, сенга еб кетарга уч танга. Қани, энди алдаб қўясанми? — деб бой унга пул тутқазибди.
— Раҳмат сизга, бой ота, мен мана бу пулни ҳалиги нокастага бериб, келишда алдар халтамни олиб келаман. Ана ундан кейин ҳангомани кўрасиз, — деб Алдаркўса жўнаб кетибди.
Бой уни етти хуфтонгача кутибди, келмабди. Шундан кейингина алданганини билибди.