Ака-ука

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир ака-ука бор экан. Акаси кунда эрталаб чиқиб кетиб, кечқурун қайтар экан. Укаси уйда қолар экан.
Бир куни акаси кечқурун келганида укаси:
— Ака, сиз ҳар куни эрта кетиб, кеч қайтасиз. Эртага ўзингиз билан мени ҳам бирга олиб кетинг, — деб илтимос қилибди.
— Сени олиб кетардим-у, лекин менга халақит берасан-да, — дебди акаси.
— Йўқ, халақит бермайман, — дебди укаси. Акаси рози бўлибди. Эрталаб ака-ука йўлга отланишибди. Улар юриб-юриб чарчашибди, оч қолишибди. Битта бойнинг эшигига келиб, ейишга бирор нарса беришини ўтиниб сўрашибди. Бой уларга яримта суви қочган нон берибди. Ака-ука нонни еб бўлишгач, акаси:
— Омин, бундан бой бўлмагин, — дебди.
Яна йўлга равона булишибди. Юриб-юриб кунни ҳам кеч қилишибди. Йўлда бир кампирнинг уйига киришибди.
Кампир ўзи жуда қариб қолган бўлиб, камбағал яшар экан. Уйида битта соғин эчкисидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ экан.
Кампир ака-укаларни хурсанд бўлиб кутиб олибди, эчкининг сутидан соғиб берибди. Улар кампирникида ётиб қолишибди. Эрталаб туриб, кампирникидан чиқиб кетишаётганида, акаси:
— Омин, кампирнинг эчкиси ўлиб, эчкисиз қолсин, — дебди.
Укаси яна ҳайрон бўлибди, лекин индамабди. Яна йўлга равона бўлишибди. Юриб-юриб бир жойга келишса, битта эски ҳовлининг ичида иккита бола — ака-укалар йиғлаб ўтиришган экан. Акаси укасига:
— Мана бу деворни итарайлик, девор йиқилсин, — дебди.
Укаси ҳайрон бўлиб, акасидан сўрабди:
— Бу нима деганингиз, ҳовлининг девори йиқилса, яхши бўладими? Буларнинг аҳволини кўриб турибсиз-ку! — дебди.
Шунда акаси:
—Менга халақит берасан, демаганмидим? — дебди.
Укаси индаёлмай қолибди. Яна йўлга равона бўлишибди. Юриб-юриб бир жойга келишса, кўчада иккита қиз ўтирган экан. Уларнинг бири жуда чиройли, иккинчиси хунук экан. Акаси чиройли қизга қарамабди ҳам, хунук қизга эса:
— Омин, бахтингни берсин, — дебди.
Укаси яна ҳайрон бўлибди. Улар уйларига қайтиб келгач, укаси бўлган воқеалар ҳақида акасидан сўрабди. Акаси:
— Биринчи тўхтаган ҳовлимиздаги бой жуда ҳам бойиб, ўзидан кетган, ҳамма нарсани унутган. Кампир эса ҳаққа етишиб қолган, фақат битта эчкисига илҳақ. Агар эчкиси ўлса, кампир ҳам ўлади, жаннатга тушади. Эски ҳовлидаги ака-укалар эса, деворнинг тагини ковласалар, тилла топишади, сўнг ўз кунларини кўраверишади. Чиройли қизнинг доим харидори кўп бўлади, хунук қизга эса эътибор беришмайди. Шунинг учун унинг бахтини тиладим, — дебди.