Ўтган замонда бир бой яшаган экан. Унинг уч ўғли бўлиб, учаласи ҳам зўр билимдон экан.
Кунлардан бир куни мўйсафид ота бетоб бўлиб ётиб қолибди. У учала боласини олдига чақириб, насиҳат қилибди:
— Болаларим, агар қазом етиб ўлсам, боғдаги катта узумнинг тагига ҳар бири отнинг калласидек келадиган учта олтин кўмганман. Шуни учаланг бошқа шаҳарга олиб бориб, бўлашиб олинглар. Ўз шаҳримизда, “отаси ўлгандан кейин йиллик ошини бермай туриб, болалари дунё бўлишга тушибди”, деган гап-сўз тарқамасин. Менинг номимга иснод тегмасин. Эҳтиёт бўлинглар, — деб тайинлабди.
Ўғиллар отанинг гапини қулоққа олишибди. У ўлгандан кейин ҳамма таъзияларини ўтказиб, йиллик ошларигача бериб, кейин уч ўғил бошқа шаҳарга отланишибди. Узум тагига кўмилган олтинни очиб қарашса, иккита чиқибди. Улар ҳайрон бўлишиб, икки бош олтинни олиб, бўлиб олиш учун бошқа шаҳарга қараб йўлга тушишибди. Ярим йўлга келиб, бир чинорнинг тагига, булоқ тепасига ўтиришибди. Шунда энг катта ака — ақлли, икки укасига:
— Мана шу ерга бир оқ туя келиб чўккан экан, унинг ўнг кўзи кўр экан, — дебди.
Ўртанча — идроклиси:
— Туянинг устига ортилган юкнинг бир ёғидагиси сирка, иккинчи томондагиси шинни экан, — дебди.
Кенжа ука — зеҳнлиси:
— Туянинг устига минган аёл экан, у иккиқат экан, —дебди.
— Кўп ўтмай бир туякаш ўпкаси оғзига тиқилиб, югуриб келибди. У йигитларга:
— Туя кўрдингларми? — дебди.
Энг каттаси:
— Оқ туямиди, кўзи кўрмиди? — деса, туякаш:
— Ҳа, ҳа, худди ўзи, — дебди. Ўртанчаси:
— Бир ёғига сирка, иккинчи томонига шинни ортилганмиди? — деса, туякаш:
— Худди шундай! — дебди. Кенжаси:
— Устида бир ҳомиладор аёл ҳам бормиди? — деган экан, туякаш:
— Худди ана шунинг ўзи, топиб беринглар, — дебди. Йигитлар кулишиб:
— Бўлмаса, биз кўрганимиз йўқ, — дейишибди. Туякаш:
— Кўрмаган бўлсанглар, туянинг оқ эканлигини, ортилган юкини, ҳомиладор хотин минганлигини, туянинг кўрлигини қаёқдан билдинглар? — деб сўрабди.
Йигитлар:
— Бизлар тажриба билан билдик, — дейишибди. Туякаш:
—Топиб беринглар! Бўлмаса, мен сизларни қозига олиб бораман, — деб, қозига судрабди.
Туякаш ва уч йигит қозихонага келишибди. Туякаш бўлган воқеани қозига сўйлаб берибди. Қози уч йигитнинг каттасига:
— Сен туянинг оқлигини, ўнг кўзи кўрлигини қаёқдан билдинг? — дебди. Йигит жавоб берибди:
— Туянинг чўккан жойига қарасам оқ юнглари тушиб қолибди. Олдига солинган чўпнинг чап томонидагисини яхши еган, шунинг учун тажриба билан мана шу сўзни айтдим, — дебди.
Қози ўртанчасига:
— Хўш, бўлмаса туянинг бир томонига сирка, иккинчи томонига шинни ортилганлигини қаердан билдинг? — дебди.
— Бир томонига пашша, иккинчи томонига чумоли уймаланиб турганидан билдим, — дебди ўртанча йигит.
Қози энг кичик йигит — зеҳнлидан сўрабди:
— Туяни ҳомиладор хотин минганлигини сен қаёқдан билдинг?
— Булоқ бўйида хотин кишининг тиззасини изига кўзим тушиб қолди. Билишимча, аёл сув олаётганида тиз чўккан экан. Тураётган вақтида икки қўлини ерга тирабди. Шундан ҳомиладор эканлигини билдим, — дебди.
Қози туякашни эшикка чақириб олиб:
— Ҳақиқатан тажрибакор бўлса, ҳозир синаб кўрамиз, — дебди-да, у бир кичкина шолғомни икки қўли ўртасига беркитиб олиб, кирибди:
— Йигитлар, қўлимдаги нима? — дебди. Энг катта акаси:
— Қўлингиздаги думалоқ нарса, — дебди. Ўртанчаси эса:
— Қўлингиздаги думалоқ нарсанинг пўсти қизил, — дебди. Энг кичик — зеҳнли эса:
— Ўзи думалоқ бўлса, пўсти қизил бўлса, унда қўлингиздаги шолғом экан-да, — дебди. Шунда қози:
— Сен қайтавер, булар ўғри эмас экан, билимли, тажрибали йигитлар экан, — деб хайрлашиб, туякашни жўнатибди. Кейин йигитлар олдига дастурхон қўйиб зиёфат қилибди.
Дастурхонда узум бор экан, йигитларнинг каттаси:
— Бу гўристонда битган узум экан, — дебди. Ўртанчаси:
— Гўристонни узумзор қилиб, учинчи йил ҳосил олиниши экан, — дебди. Кичиги:
— Шу гўристонни узумзор қилиб,узумини пишириб сотган киши узумдан одамнинг ҳиди келаётганини билмас экан, — деб якунлабди.
Шу вақтда қози гузарга чопиб бориб узумфурушдан сўрабди. Ҳаммаси ҳақиқатан тўғри экан. Қози йигитлардан:
— Қаёқдан келаяпсизлар ва қаёққа боряпсизлар, нима иш билан юрибсизлар? — деб сўрабди. Йигитлар:
— Бундан бир ярим йил илгари отамизнинг кўзи тирик вақтида бизга: ” Агар мен ўлсам менинг таъзиямни ўтказиб, йиллик ошни бергандан кейин узумнинг тагига кўмган учта от бошидек олтинни ўз шаҳримиздан бошқа ерга олиб бориб, бўлиб оласизлар, ўз шаҳримиздаги одамлар билмасин ва гап-сўз бўлмасин”, деб васият қилган эдилар. Шу васиятга кўра, биз бориб узумнинг тагини очдик, учта ўрнига икки бош олтин чиқди. Шу олтинни уч ака-ука бўлиб олиш учун йўлга чиқиб, бошқа шаҳарга кетаётган эдик. Сизга учраб қолдик, — дейишибди. Қози:
— Бўлмаса, мен бўлиб бера қолай сизларга, — дебди. Йигитлар рози бўлишибди. Қози:
— Бўлиб беришдан олдин мен сизларга бир кичкина ҳикоя айтиб берайин, — дебди ва ҳикояни бошлабди:
— Бир замонда икки йигит мактабда бирга ўқиган экан, шунда улардан бири гапдан гап чиқиб, “дўстликнинг ҳурмати, катта бўлиб уйлансам, биринчи кунни хотиним сенинг уйингда ўтказади”, дебди. Иккинчиси бунга ишонмабди. Орадан бир неча йил ўтибди. Улар бир-бирлари билан узоқ вақт кўришишмабди. Ваъда ҳам эсдан чиқиб кетибди.
Кунлардан бир куни шу йигит тўй-томоша қилиб уйланибди. Йигит қиз билан гўшангада ўтирган вақтида берган ваъдаси эсига тушибди. У воқеадан хотинини хабардор қилибди. Қиз ҳам ноилож рози бўлибди. Қиз ярим кечада энг яхши кийим-бошларини кийиб, қимматбаҳо безакларини тақиб, йигитнинг ўртоғининг уйига жўнабди. У “паст кўча билан айлансам узоқ бўлади”, деб қабристондан ўтиб кетаётган экан, у ерда қирқ қароқчи ётган экан. Қиз шу қирқ қароқчининг қўлига тушибди. Қароқчиларнинг бошлиғи:
— Менга буни олиб беринглар, — дебди. Бошқалари:
— Бунинг кийим-кечаклари кўп экан, ўзини ўлдирайлик, моли камида бир ҳафталик харажатимизни кўтаради, — дебди. Бир қароқчи:
— Бу ярим кечада юрган қанақа қиз ўзи?! Ўзидан сўрайликчи, нима дер экан? — дебди.
Қиз ўзининг бошидан ўтган воқеаларни қароқчиларга бир-бир айтиб берибди. Қароқчилар:
— Биз, “қароқчиларгина мард бўлади” десак, биздан ҳам мард одам бор экан. Келинглар, биз ҳам бир мардлик қилиб, қизни бўшатиб юборайлик, — дебди. Бу гап ҳаммасига маъқул тушибди. Қиз қароқчилар қўлидан эсон-омон қутулиб бориб, куёв айтган дўстининг дарвозасини тақиллатибди. Йигит чиқиб, эшик очибди:
— Сиз кимсиз? Кечаси нима қилиб юрибсиз? — деб йигит қиздан сўрабди.
— Сизнинг бир дўстингиз бор экан. Шу дўстингиз билан қилган бир ваъдангиз бор экан. У сизни тўйга айтишни эсидан чиқариб қўйибди. Тўй ўтиши билан сиз билан қилган шарти эсига тушиб, мени сизга юборди. Рухсат этсангиз, уйингизга кирай, — дебди.
— Раҳмат, мен унга тан бердим. Ҳали ҳам ўртоғимнинг ўзига қайтиб боринг, — деб уйига киргизмабди. Қани айтингларчи, бу ерда кимнинг мардлиги ҳаммадан кўра кўпроқ таҳсинга сазовор, шунча дунё сарф қилиб хотин олиб, ўртоғига юборган йигитними ёки қизга тегмай жўнатиб юборган қароқчиларними ёки йигитнинг ўртоғиними? — деб қози ҳикоясини тамомлабди. Шунда иккита кичик ука ҳайрон булиб қолибди. Катта ака эса:
— Албатта, қирқ қароқчи инсофли, — дебди.
— А-ҳа, қирқ қароқчи деб, уларга тан бердингиз, отнинг бошидек келадиган учта олтиннинг бирини сиз олган экансиз-да, — дебди қози. Тўнғич ака:
— Тақсир, бола-чақалиман, рост айтдингиз, бирини мен олган эдим, — дебди. Икки укаси эса:
— Акамнинг ҳеч қандай айби йўқ, — деб, отнинг бошидек келадиган иккита олтиндан акаларига ҳам бўлишиб беришибди-да, кейин ўз шаҳарларига қайтиб, мақсадларига етишибдилар.