Хуршид Даврон 1952 йил 20 январда Самарқанд вилоятига карашли Чордара қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1975). Дастлабки шеърлар тўплами — «Қадрдон қуёш» (1979). «Шаҳардаги олма дарахти» (1979), «Тунги боғлар» (1981), «Учиб бораман кушлар билан» (1983), «Тўмариснинг кўзлари» (1984), «Болаликнинг овози» (1986), «Қақнус» (1987) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Самарқанд хаёли» (1991), «Соҳибқирон набираси» (1995), «Шаҳидлар шоҳи» (1998) каби тарихий-маърифий қиссалар муаллифи. Тарихий сиймолар ҳаёти ҳақида ҳам саҳна асарлари ёзган («Мирзо Улуғбек» — «Алғул», 1995; «Бобуршоҳ», 1996). Шарқ ва Ғарб шоирларининг асарларидан иборат «Қирқ бир ишқ дафтари» (1989) ва япон шоирлари шеърларидан таркиб топган «Денгиз япроқлари» (1988) тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).
ЁЗ ЭРТАГИ
Далаларнинг қоқ ўртасида
Еру осмон аро бир эртак –
Юлдузларнинг майин сасидан
Тебранади оппоқ беланчак.
Ухлаб қолар ҳориган ота,
Ухлаб қолар теримчи – сулув,
Ухлаб қолар чорбоғ ортида
Ариқчада жилдираган сув.
Фақат қора кўзларин очиб,
Ҳайратларга тўлдириб қучоқ.
Онасига ўхшатиб ойни,
Тамшанади ойдай чақалоқ.
Ва меҳрдан ичиб, кўксини
Чақалоққа тутар ой хушҳол.
Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб,
Беланчакни тебратар шамол.
ЁНАЁТГАН ГУЛХАНЛАР
Кўз ўнгимда бепоён боғлар,
Япроқларда тилларанг ғубор.
Яқинлашиб қолгандек тоғлар,
Ҳаво шундай тиниқ, беғубор.
Шитирлаган тунги ёмғир ҳам,
Туманларни қучоқлаган тонг,
Қоп-қорайган дала-ю қир ҳам
Бари менга таниш, қадрдон.
Дарахтларда ловуллар гулхан,
Юрагимда унинг тафти бор.
Боғчадаги хазонлар билан
Учиб юрар кечаги баҳор.
Мени ташлаб кетмоқчи дўстни
Тўхтатмоқчи бўлгандай, бу он
Мен жимгина қўлим чўзаман,
Ёнаётган гулханлар томон.
ДАРАХТЗОР ҚОШИГА КЕЛАР БИР АЁЛ
Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун, букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл,
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.
У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар. ,
У куйлай бошласа, гулларни тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.
КУЗ ЭРТАГИ
Теримчи қизлар
Шохлардаги қушлардай енгил,
Қоматли – хаёл,
Қуёш иси анқиб турар чеҳраларидан.
Улар
Тўлиб кетган армонлар каби
Эгатларга сочилган,
Орзулари мезонлар каби
Оппоқ-оппоқ учиб юргувчи
Ойдин шамолларга осилган.
Ҳув… Бўғилиб сайраган
Қушдан ҳам узоқ,
Қишлоғимнинг чексиз далаларида,
Оппоқ шийпонларда кўксини титроқ,
Илиқ, мовий шамоллар ўпиб,
Ухлаб ётар теримчи қизлар
Тушларини қуёшга кўмиб…
АЁЛ, ҚАЙҒУ ВА МУҲАББАТ ҲАҚИДА
1. Аёл
У аёлнинг қўллари дағал,
У аёлнинг кўйлаги дағал.
Уни ҳар кун калтаклар эри,
Ҳар кун юзда кўкарар доғлар.
Кеча ногоҳ йўлнинг четида
Кўриб қолдим ўша аёлни:
У ҳидларди мен сезмай ўтган
Миттигина марварид гулни.
2. Қайғу
Латтани ҳўллар экан
Қотиб қолади,
Ерга эгиб бошини
Ўйга толади.
Ажин босган юзларида
Акс этар қайғу –
Кимни ўйлаб, кимни эслаб
Ғам чекади у?
3. Муҳаббат
– Мен севаман, – шивирлар аёл –
Кирларингни ювиб бераман.
Дазмоллайман кўйлакларингни
Сени қучган қўлларим билан.
Бир кун тонгда тўшакда ётиб,
Қулоғингга шивирласам, бас:
«Юрагимнинг остида кимдир
Худди сендек олмоқда нафас».
ЭРИБ КЕТАР ХИРА ТУМАНЛАР…
Эриб кетар хира туманлар,
капалақдек уйғонар ялпиз.
Осмон дарё бўлиб туюлар,
ўтлар узра чопқиллайди кўз.
Қайрағочнинг гули – митти жом –
жаранглайди – таратар атир.
Тушларимга кирар бу оқшом
майсаларни қучоклаб адир.
Шамол елар эркин, қутуриб,
қурий бошлар томлар тўсини.
Гуллаётган олчани кўриб,
деразалар очар кўксини.
Ёритганча то юрак ичин
сабза ўтлар шабнамга қонар.
Ватанини соғинмоқ учун
ер остида жангчи уйғонар.
ОЙБЕК
1.
Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ағанаб ўқимоқ керак
Ва сокин шивирни – оҳангни ўқиб,
Ойбекми? Майсами? – деб толсин юрак.
Ойбекнинг шеърини бедазор аро
Сой саси аралаш тингламоқ зарур,
Билмай қолсин юрак сув узрами ё
Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?
Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,
Бу нигоҳ асрорин йўкдир поёни.
Худди бўлмагандек майсага изоҳ,
Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.
Ойбек – бу майсага чўккан бужур тош,
Ҳайратдан ёрилиб-ёрилиб кетган.
Ойбек – бу дарахтзор устида қуёш,
Нури то чумоли кўзига етган.
Ойбек – бу улкан бир чорбоғ остида
Ёввойи узумзор оралаб, титроқ
Қуёш тангалари ўйнаб сиртида,
Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.
Ойбек – бу оғриқни қари тол каби
Юракнинг тубида асраган сўзлар.
Барча ҳасратини, жим туриб лаби,
Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар.
2.
Шеър – фақат қуш тили, деганди шоир
Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.
Бошида рутубат қилганда қаҳр,
У тилин қайтариб берди қушларга.
Шеър – юлдуз киприги, деганди Ойбек,
Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.
Сўнгга дам бошида сўнаркан осмон,
Шоир кўзларини берди осмонга.
* * *
Юлдузларин кўкка сочди ғайб,
Ой ҳам чиқди сочлари тўзиб,
Гўё қилиб қўйгандайин айб,
Шол рўмол-ла юзини тўсиб.
Сукут аро ухлайди дала,
Ой сутини ичиб гўдакдай –
Қайлардадир, қилганча нола,
Бўзлаётир ғамдийда қўшнай.
Тиниқ тортиб боради осмон,
Аммо сирин очмас мавжудот.
Поёни йўқ адирда бу он
Ўтлаб юрар киртиллаб бир от.
От ёнида чўзала тушиб,
Кўкатларни силайди қўлим.
Юлдузларнинг тафтида яйраб
Бундай пайтда исинар ўлим.
Ҳув, пастлиқда шағиллар дарё,
Қирғоғида қамишлар қалин.
У яшириб тургандай гўё
Бу дунёнинг ҳасратли қалбин…