Вадуд Маҳмуд (1898-1976)

Вадуд Маҳмуд 1898 йилда Самарқанд округининг Юқори Дарғам туманига қарашли Тайлоқ қишлоғида таваллуд топган.
В. Маҳмуд дастлаб Самарқандда Абдуқодир Шакурий мактабида, сўнгра Уфадаги Олия мадрасасида (1917-1918), Самарқанд педкурсида (1918), Москвадаги В. Брюсов номли Олий Адабиёт институтида (1925-1926) таҳсил олган. Тошкентдаги САГУнинг иқтисод факултетига (1923 й.) эркин тингловчи сифатида қатнаган. Айни чоғда, В. Маҳмуд 1919—1925 йиллар орасида ўқитувчилик ҳам қилган, Самарқанд ва Жиззах шаҳарларида маориф бошқаруви соҳасида фаолият кўрсатган.
1926-1927 йиллари «Маориф ва ўқитғувчи» журналида муҳаррир ёрдамчиси, 1926-1929 йилларда ТажГИЗда таржимон ва дарсликлар тузувчи бўлиб ишлаган.
У 1930 йили шўро тузумига қарши тарғиботчиликда айбланиб қамоққа олинади, учлик қўмитасининг қарори билан уч йилга қамалади. Қатағон даври туҳматларига дуч келган В. Маҳмуд Архангелск вилояти Каргополлага қамоқхонасида 1937 йил 18 августидан 1954 йил 26 январигача ҳибсда сақланади. 1960 йилда тўла оқланади.
В. Маҳмуд фаолиятининг маълум бир қисми Тожикистон Республикаси ФА Рудакий номидаги Тил ва адабиёт институти билан боғлиқ. Шу даргоҳда илмий ходим бўлиб ишлаган В. Маҳмуд «Фарҳанги забони тожики»ни тузишда қатнашади, мумтоз шарқ шеърияти тадқиқи билан шуғулланади, хотиралар ёзади. 1976 йилда вафот этган.

МАҲМУДХЎЖА БEҲБУДИЙ

Маҳмудхўжа Беҳбудий … (Аввал ким эди)?
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди.
Маҳмудхўжа Туркистоннинг йўлбошчиси эди.
Маҳмудхўжа ўзининг Туркистон боласи эканини тушунган бир йигит эди. Шунинг учун у бизга, Туркистонга ҳар нарса эди. Маҳмудхўжа Туркистоннинг янгилик даври тарихинда ёруғ бир чироғ эди. Маҳмудхўжанинг оти Туркистон тарихида зийнатлик мумтоз ўрун олишга муносиб бир отдир.
Ай Беҳбуд ўғли! Тинч ёт сағанангда! Бу кун биз сенинг руҳинг роҳати учун дуо қиламиз. Тинч ёт кабрингда, бу кун сенга болаларинг сан учун маросим киладирлар.
Сан, сан ҳаққа масъуд бир одамсан!
Негаким, тирик чоғингда қайғу чекканларинг, ўлганинг учун ҳасратланадирлар. Тирик чоғингда сани сўкмакдан чарчамаганлар, раҳмат ўқишдан чарчамайдирлар. Тирик чоғингда санга тош отғонлар, тош отмоқчи бўлғонларга ота бошладилар. Чунки санинг ким эканингни бир оз тушундилар, санинг кимлигингни билмаганлар ҳам қайғуга туширилғондирлар.
Тинч ёт мозорингда, ай муҳтарам, санинг меҳнатларинг бўшга кетмади, бу кун санинг қадрингни билатурганлар топидди, санинг йўлинг билан кетатурганлар бор, санинг изинг босатурғонлар, Тангрига шукр, кўпдирлар.
Биз ҳаммамиз санинг болаларинг эрурмиз, санинг тузган планларинг бизим йўлимиздир.
Санинг кўрсатган йўлларингга бизам ишонамиз. Сан бу дунёдан кетган бўлсанг-да, тупроқ ичинда кўмулган бўлсангда хафаланма! Чунки гавданг тупроға кўмулди.
У санинг фикринг, мақсадинг бизда, бизим юрагимизда ўрун топди. Бизга санинг гавдангдан фикринг ке-раклик эди.
Сан ўлмадинг ва ўлмассан, яшамакка ҳақинг бордир!
Яшагин, муҳтарам устоз!

АЙ ДОҲИЙ!

Бу кун дунёда бир маҳшар қўпубди,
Бу ер юзини титратма тутубди.
Кўк бўлса, қоп-қоронғу чодини
Бошига ўраган йиғлаб ётибдир.
Кун сайин чиқатурғон қуёш бўлса
Бу кун чиқмай қоронғулик сочибдир.
Мана мадрасалар, юксак минорлар
Бўйнин эгиб таъзим билан турубдир.
Кишиларни демайсанми? Нимага?
Йиғи бирлан сурон ва оҳ айтадир:
Бу кун Маҳмудхўжа Беҳбудий ўлмиш,
Шунинг-чун бутун ўзбек куядир.

ҚИШ СEЗГИЛАРИ

1

Оғули совуқ бургач,
Қор тепкилари ургач,
Кўнглим уйида чўкди
Бир бузуқ қудуқ каби.

2

Ғув-ғув эсадир еллар,
Бўронда қолар инлар,
Кўнглим тортина қолди
Бир узуқ қивиқ каби.

3

Қор тоғлари юксалган,
Юлдузда булутланган,
Кўнглим чўғида битди
Бир сўнук уфқ каби.
1925

Р.М. УЧУН

1

Кўнглим овлағон гўзаллар кимлар,
Чаманнинг гуллари, булбулларими?!
Дилимни ўйнатган у кўзлар имлар,
Билмадим не истар, юрак қоними?!

2

Уясиз чумчуқлар кўқда кечқурун
Чирқираб титрарлар уя ахтариб,
Ғурбат оқшомлари кимсасиз, кускун
Юрагим сизлайдир сени эскариб.

3

Унутмоқ истадим ва кўб тиришдим,
Хаёлинг жонланди, мумкин бўлмади.
Дамимни қисишга қанча олишдим,
Юрагим шунчалар ура бошлади.

4

Шафақларни бўйлаб ёввойи кафтар,
Ҳақ-ҳақ … деди ва қулоч ташлади.
Тепалик саҳарлар узаб кетдилар …
Гуллар кўб кутдилар, сабо эсмади …

5

Мен сени изладим, сени мен кутдим,
Юрагим дам-бадам хабарлар берди …
Кўзим манбаини ўтлаб қурутдим,
Қоннинг тўфонлари ичимда эрди.
1925 йил

ҚИШ
(наср)

Ерлар қор майсалари билан ўратилган, ёғочлар оқ барглар очғон; манфур, хунук капалаклар кишининг қўл-бетига оқиб, кўпуруб, тошиб урилмоқда, сув эса таби-атнинг қоттиғлигини кўриб, юрагига тош боғламоқда.
Қуёш-чи? … Ер сочининг оқарганидан мутаассир бўлиб сийрак кўринмакда ва ора-сира фаранжига ўралиб, писинибгина, девор тагидангина эсмакда …
Кўк тақдир панжасида эзилганларнинг кўзларидек мотамли; табиат мозор тошлари каби сирли …
Кашталик булут жамалаклари орасидан йилт этиб кўруниб қолғон келунчак – кун кўруна қолса, табиатнинг сирлари очилиб куз ёшлари тома бошлайдир …
Ернингда кунга қараб юборган буғ – охлари юксала бошлайдир.
Менда-чи? .. На куннинг кўруниши билан илжайиш, на табиат каби ёшланиш бор! Офтоб «юзимни» қиздиғи билан эритмаса, мендан бир томчи ёш қайда?! Чунки мен яратилишдан бери буларни, бу кунларни кўб кўрганман.
Меним бошимга на тош, на ёш тасир қилолмас!…

ТАЛПИНИШ
(наср)

Йиқиқ деворлар орқали мевазорларни орадим.
Баланд тоғ бошларидан туманли йўлларни қарадим, шоввуллаб титраган қари толлардан, ғувиллаб судралган тоза шамоллардан сўрадим; саҳарнинг жимжит сукутини бўм-бўш юрагим билан тингладим, ойдин кечаларнинг булутини тўб-тўла кўзларим билан эмдим; сабонинг салқин ели билан ёнғинли бошимга сув сепган елларга саломлар юбордим; қора юрагимнинг сўкулган япроқларини нур иплари билан юмалаган тўлқун ойларга таъзимлар йўлладим.
Тиниқ сувлар қаронғуликда менга бир нарса ҳам демаган эдилар, ёруғондан сўнг эса бор сирларимни сочиб ташладилар…
Кўм-кўк ўтлар тунларда ернинг қора кафани ўлароқғина кўрунган эдилар, тонг отар чоқларида эса йилт этиб, кўзларини очиб, шивир-шивир сўз бошладилар.
Кўк чодирига тун бўйи чўғ ташласа ҳам ёнмағон эди.
Тонг ели кулларни совурғочғина алангаланди.
Ер гулханига тун кўмирларини қанча қаласалар ҳам фойда бермади, қуёш олтун елпиғучи билан елпий бошлағочғина учқун чиқарди.
Кўзларим билан учқунларни қуваладим, қўлларим билан алангаларни сийпаладим…
Кўкнинг қора баланд деворларига, мени жалб этмак учун учқунлардан мих қоқиб чиқгонларнинг изларига тикилдим.
Баланд тоғ бошларида йўл кўрсатмак учун аланга байроғи очғонларнинг оёқларига йиқилдим.
Орадим, сўрадим, тикилдим, йиқилдим; ҳайҳот…
«Қишнинг узун кечалари ўтди, ҳалигача қаэрда эдинг?» – дедилар.
«Кунлар қисқарди, сўроқларингга жавоб беришга фурсатимиз қолмади».
«Ёзнинг узун кунлари яқинлашди» – дедим. «Кўкнинг мотам чодирини ташлагон кунларни қучуб сизга келдим», – дедим, — «Мени қайтармангиз!..»
Аччиғ билан қараб:
«Йўқ, – дедилар, — иссиғ кунларда сени билан бўлишда кимнинг дармони бор!»
Чучук тил билан:
«Қишда ҳам келмаган эмасман, ёлғиз у вақтлар сиз уйқуда эдингиз, на мени кўрдингиз, на ўзингизни билдингиз», — дедим.
Ёш боланинг эсирарларига қарши қилинатурғон қилиқлар билан юзларини бурдилар ва ишлари орқасидан кетдилар…
Кўзимдаги сўнг ёруғлиқ ҳам қора байроқларни очди.
Кўнглимдаги ўт ҳам сўнг учқунларини бирталаб кўммакда эди.
Кўк чодирининг учқунлари билан ёниши, юрак кулларининг еллари билан совурилиши керак эди …
Сабонинг салқин ели билан ёнғинли бошимга сув сепган елларга саломлар юбордим.
Қора юрагимнинг сўкилган япроқларини нур иплари билан юрмалаган тўлғун ойларга таъзимлар йўлладим.
Кўкнинг қора баланд деворларига, мени жалб этмак учун учқунлардан мих қоқиб чиқғонларнинг изларига тикилдим.
Баланд тоғ бошларида йўл кўрсатмак учун аланга байроғи очғонларнинг оёқларига йиқилдим…