Уйғун (1905-1990)

Уйғун (Отақўзиев Раҳматулла) 1905 йил 14 майда Жамбул вилояти Марки қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1965). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1956). Меҳнат Қаҳрамони (1985). Самарқанддаги педагогика академиясида тахсил кўрган (1927—30). Дастлабки шеърлар тўплами — «Баҳор севинчлари» (1929). «Ҳикоялар» (1931), «Иккинчи китоб» (1933), «Қуёш ўлкасига» (1963), «Муҳаббат» (1939), «Ғазаб ва муҳаббат», (1944), «Ҳадя» (1946), «Ўзбекистон» (1947), «Ҳаёт ишқи» (1948), «Шеърлар» (1950), «Танланган асарлар» (1955) каби шеър ва ҳикоялар тўпламлари, «Гуландом» (1938, 1-ўзбек балети либреттоси), «Алишер Навоий» (1943, ҳамкорликда), «Қалтис ҳазил» (1944), «Ҳаёт қўшиғи» (1947), «Навбаҳор» (1948) сингари саҳна асарлари муаллифи. «Абу Райҳон Беруний» (1973), «Абу Али ибн Сино» (1979), «Зебуннисобегим» (1982) каби тарихий драмалари ҳам бор. А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, А. П. Чехов, Л. Н. Толстой, В. Шекспир асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1990 йил 22 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1984).

ОЛТИН СЕВГИ

Айб эмасдир севилмоқ, севмоқ,
Айб эмасдир севгим бор десам.
Севгиси ҳур, толеи баланд,
Айб эмасдир сени ёр десам.

Айтиб бер, деб қистама мени,
Севгимизнинг тарихи узоқ.
Менинг дилим кабутар бўлди,
Йўлларига сен қўйдинг тузоқ.

Домингга илинган кабутар
Юрагани пора қилмади.
Ўтганлардай зор-зор йиғлаб,
Толеини дорга илмади.

Ошиқ Фарҳод каби унинг ёши
Дарё-дарё бўлиб оқмади.
Кўкрагани босиб азоб, уни
Ажал ели келиб қоқмади.

Балки у, меҳрибон ҳаётнинг
Ширин бўсасига йўлиқди.
Сезишга сазовор ҳислари
Балоғатга етди, тўлиқди.

Муҳаббатнинг баҳоси йўқдир,
Бизнинг учун севги фазилат.
Севги одат бизнинг кунларда,
Севги бизга олтин зарурат.

2

Қарашларинг дилнавоз эди,
Ғамга дучор бўлмади зарра.
Ой тўлишган кеча соз эди,
Бўса бердинг биринчи карра.

Шунда билдим бўсанинг кучин,
Бўса мени айлади сархуш.
Ўйнаб туриб сочингнинг учин,
Енгил тортдим гўёки бир қуш…

Бу бўсада бор эди қуёш –
Ҳарорати, май малоҳати.
Шу бўсадан бошланмишди ёш –
Ҳаётимнинг бахти, роҳати.

У умримнинг олтин бобига
Равнақ бериб мунаввар қилди.
У ишқимнинг гул китобига
Ўчмас муҳир бўлиб босилди.

Мен йигитман, сен баркамол қиз,
Бўса бердинг сафоли тунда,
Олтин занжир каби умримиз
Бир-бирига уланди шунда.

Хотирамда: илк бўса бизни
Ҳаддан зиёд қилмиш эди шод.
Чунки ўша тақдиримизни
Қўшиб қўйган эди умрбод.

Шул сабабдан тақдир аталди,
Илк бўсанинг иккинчи оти.
Шул сабабдан умрбод қолди
Лабда ўша бўсанинг тоти.

ЁМҒИР ЁҒАЯПТИ…

Ёмгир ёғаяпти шивирлаб, майин,
Ҳаммаёқ шалаббо, бошдан-оёқ нам.
Ёмғир томаяпти, киприкларингга,
Ҳўл бўлди лоладай ёноқларинг ҳам…

Ҳўл кўйлак танангга чиппа ёпишди,
Қадди-қоматингни кўрсатиб яққол.
Кўксинг бўртиб турар оҳиста қалқиб,
Ҳуснингга етмасин ҳеч қачон завол!

Тинмай ёғаётган ўжар ёмғирнинг
Салқини урилар гулдай юзингга.
Негадир лабингда майин табассум,
Гўзал кўринади олам кўзингга.

Эҳтимол жўш урар кўнглингда шоддик,
Эҳтимол қалбингдан узокдадир ғам…
Ёдимда қолади шу сафоли пайт,
Хотирамдан чиқмас шу сеҳрли дам…

Шу чоқ кўзларингга термулиб турдим,
Саҳро лоласидай ёмғирда қолдинг…
Етилган, баркамол, дуркун гўзал қиз
Ўтган ёшлигимни ёдимга солдинг…