Турсуной Содиқова (1944-2017)

Турсуной Содиқова 1944 йили Тошкентда таваллуд топган. Тошкент Давлат дорилфунунини тамомлаган (1961—1966).
Унинг биринчи шеъри 1961 йилда «Ленин учқуни» рўзномасида босилган. Ҳозиргача бешдан ортиқ тўпламлари чоп этилган. «Қизлар дафтари» (1973) шеърий туркумининг ташкилотчилари ва муаллифларидан биридир. Шоиранинг биринчи шеърий гулдастаси «Куй» номи билан 1978 йилда чоп этилган. 2017 йил 14 январь куни вафот этган.


ИҚБОЛ

Юрагимга тўлди бир туйғу,
Мен шеър қилиб айтмасам бўлмас,
Гарчи менинг кашфим эмас у,
Балки оддий бир шеърдир холос,
Мен бари бир айтмасам бўлмас.

Ул ҳис тўлар томирларимга,
Кўзларимга тўлиб борадир.
Кўчирмасам агар шеъримга,
Нақ бағримда ўтдай ёнадир.
Бўлмоқ учун бу ўтдан халос,
Мен у шеърни айтмасам бўлмас.

Менга на шон, на қарсак керак,
Шеърдан таъна қилган шоирмас:
Чиқмасин-чун қинидан юрак,
Айламай деб ўз-ўзимга қасд,
Мен у шеърни айтмасам бўлмас.

Айта олсам, бўлар мўъжиза:
Бир дақиқа қолгум яшариб,
Қатра ғубор қолмас ер узра,
Бир дақиқа кулар Ер шари.
Кўринади ҳамма чиройли,
Тошлар — гавҳар, гиёҳлар — зумрад.
Бир дақиқа имконим тоғдир,
Бари ғамни қиладурман рад.
Эҳ, бўлай деб ўшал завқдан маст,
Ўзга эмас, ўзим-чун холос
Мен у шеърни айтмасам бўлмас!

Тақдиримга минг бор шукурким,
Менга деди: шеър ёзишни ол.
Майли, шеър деб қуриса илким,
Бўлай, майли, беором, беҳол,
Бу дунёни шоирчасига
Куйламоқнинг ўзи бир иқбол!
Юрагимга тўлар ажиб сас,
Мен шеър қилиб айтмасам бўлмас,
Илҳом завқи, иқбол ҳаққи, рост,
Мен у шеърни айтмасам бўлмас!


ЁР-ЁР

Бугун қўшни қишлоққа
Келин тушди, ёр-ёр,
Эшитмасам қанийди,
Ҳушим учди, ёр-ёр.
Ҳуши учди деманглар,
Қиламан ор, ёр-ёр,
Атайлаб ҳам шу тўйга
Бормоғим бор, ёр-ёр,
Куёв йигит, мана биз
Кулиб келдик, ёр-ёр,
Бизда қолган кўнглингизни
Олиб келдик, ёр-ёр.
Муҳаббатин юта олган
Бир денгизман, ёр-ёр,
Сизни ўзга қўлга берган
Мардингизман, ёр-ёр.
Майли, бағрим сизсиз ёниб,
Тамом бўлсин, ёр-ёр,
Сизни олган ўзга қўллар
Омон бўлсин, ёр-ёр.
Тўйингизда тилайдирман
Толедан тахт, ёр-ёр,
Бор бўлсангиз бу дунёда
Шу бизга бахт, ёр-ёр.
Мардлик билан ёр-ёр айтиб
Турган ўзим, ёр-ёр,
Тўйингиздан омон кетай,
Тиланг тўзим, ёр-ёр.

* * *

Муҳаббатим, киминг бўлдим мен?
Дўстингманми, нечун дўст каби
Ҳол сўрмадим, кўнгил топмадим?
Нечун сўнди менда матлабинг,
Хоҳишингни нега топтадим?
Ё душманми? Не учун унда
Бошгинамга сени этдим тож!
Нечун тавоф қилурман кунда,
Нечун сенда бари эҳтиёж?
Муҳаббатим, киминг бўлдим мен?..

* * *

Гуркирган қувончларим Сиз билан тўлди,
Сиз-ла тўлди бағримдаги титроқ дардларим.
Сизнинг билан оламим ҳам бир бутун бўлди,
Сизнинг билан тўлди ҳатто кўнгил гардларим.
Сизни кўргач борлиғимда, ўнгу сўлимда,
Сизни жону жаҳонимда туйган боисдан,
Ўзингизни жойламоқлик келмай қўлидан,
Тақдир Сизни олиб кетди биздан олисга…

* * *

Минг сулувни куйдирган ул суқсурдайин бўйингиз
Харидорим бўлибдур деб, ажаб, ёниб кетмадим.
Шайтон қурсин, шўхлик сари тушса гоҳо йўлингиз,
Гуноҳкор-ку демай сиздан, ажаб, тониб кетмадим.
Сизни дея сизсиз яшаш йўлин ўзим сайладим,
Ўзим кетиб гоҳ ўт қўйдим ўзим еру самога.
Сизнинг алпдай жисмингизни муштдай қалбга жойладим,
Исмингизни ёзиб қўйдим, дўстим, арши аълога…

* * *

Кечирингиз, гулдирақдай феълларим учун,
Уйингизга яшиндайин тушдим, кечиринг.
Довулларим қуюнида қолдингиз бутун,
Бари ором, тиичингизни қувдим учириб.
Кечирингиз, баҳор янглиғ келдим, кетарман,
Бор гардингиз ювиб кетгум, қоладурсиз тинч.
Сизга қолур покиза ҳис, муаттар армон,
Изларимда терадурсиз ям-яшил соғинч…

* * *

Армонимдир жамалакли сочим пилиги,
Чанг кўчада қолиб кетган чала ўйинлар.
Қулоғимда қўшиқ бўлиб қолди бир кулги,
Аллакимнинг суҳбатидан кетдим тўйинмай…
Эҳ, армондир ўша мағрур шарму назокат,
Учрашмаган учрашувлар қолди йўлларда.
Юрагимга сингди пинҳон ҳисларим қат-қат,
Армонларим кетди ўша суқсур бўйларда,
Учрашмаган учрашувлар қолди йўлларда…

* * *

Бошқаларга ўхшолмадик, ўхшолмадик-эй, эсиз,
Мағрурликда бизга қиёс бўлди совуқ чўққилар.
Бошим эгиб бормадим мен, келмадингиз ва ё сиз,
Ғурур бизни минг тирилтиб, минг бор яна йўқ қилар.
Дардларимиз булоқ бўлди, бағримизда вулқонлар,
Туйғуларга тил бермадик на мен ўзим ва на сиз.
Бир-бировин излаб-бўзлаб топишганлар — инсонлар,
Бизлар тоғмиз, тоғлар каби зимдан нураб боряпмиз…