Таниқли болалар шоири Султон Жаббор 1940 йилда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги Навоий номли қишлоқда туғилган. У Тошкент шаҳридаги пахтачилик бўйича агрономлар тайёрлайдиган қишлоқ хўжалик техникумида ўқиди.
1957 йилда дастлабки шеърлари билан вақтли матбуотда қатнаша бошлади. Кейинчалик Қуддус Муҳаммадий, Қудрат Ҳикмат каби устозларининг назарига тушди. Султон Жаббор болалар матбуотида, нашриётларда хизмат қилди.
Унинг ,,Зоғчалар бозори“, „Офтобхон“, „Боғларқўшиғи“, „Қуёш қолди далада“, „Севиниб яшайман“, „Китоб меҳри“ ва „Қувонч“ деб номланган асарлари нашр этилган. Шоирнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. У ,,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими“ ҳамда „Меҳнат шуҳрати“ ордени совриндоридир.
РАҲМАТ МEНГА ТEККАНИ
Мирзатерак новдасидан
Кўп қаламча тайёрлаб,
Йўл бўйига меҳр билан
Қадагандим қаторлаб.
Эл корига яраб қолди,
Яхши бўлди экканим.
Одамлар уй қуриб олди,
„Раҳмат“ менга теккани.
ШАМОЛ МEНГА ЁҚАДИ
Учирса ҳам дўппини,
Шамол менга ёқади.
Койиманглар кўп уни,
Шамол жоннинг роҳати.
Ҳуш кўраман хўп уни,
Шамол мени „боқади“:
Шох силкитиб ҳар куни
Тўп-тўп ёнғоқ қоқади!
ТОҒ РАЙҲОНИ
Бир дўст райҳон тутқазиб
Олий ҳиммат кўрсатди.
Бу — оддиймас, шифобахш
Тоғ райҳонин кўчати.
Боғ тўрига ўтқазай,
Димогиами чогиасин.
Дўст ҳимматин эслатиб,
Юраклами боғласин.
ШИРИН ТУШ
Хурсанд уйғонаман,
Кўрсам ширин туш.
Яхши туш кўрганда
Кўнглим бўлар хуш.
Синадим:
Ўнгимда
Шод юрган куним,
Ширин тушлар кўриб,
Ўтади туним.
ПАЛАГИ ТОЗА
Нега баъзи кишини
Палаги тоза, дерлар.
Мақтаб хулқи, ишини,
Олинг андоза, дерлар.
Қовун палаги тоза,
Демак, тушмаган касал.
Ҳосили ҳам мўл роса,
Мазаси ҳам нақ асал.
ПОЛИЗДА
Куним ўтар полизда
Парваришлаб — овуниб:
Банд беради ҳадемай,
Тўрлаб қолди қовуним.
Полизингиз бўлмаса,
Келаверинг меҳмонга.
Битта қовун не бўпти,
Қўли очиқ деҳқонга!
АНОР
Наманганда бир боғга кирсам,
Анорлари ҳандалакча бор.
Сўйиб кўрсам, ёқут донлари
Худди қоида тергандай қатор.
Қани, анор доналаридай
Теролсайдим сўзлар гавҳарин,
Боғбон каби халқимга мен ҳам
Тутар эдим шеърий дафтарим.
БОҒИМДАЙ
Ёмғир ёғар шовуллаб,
Ювар чангни-ғуборни.
Чўмилтириб, богимнинг
Ҳуснин очиб юборди.
Сўлимлашди барглари,
Мевалари ёқимтой.
Жаннатсимон боғ борми
Дунёда ҳеч богимдай!
КЎЧАТИМ
Уруғини ундириб,
Пайвандладим — уладим.
Парваришни дўндириб,
Ялқовликни қувладим.
Ниҳол бўлиб, етилиб
Хайрлашар кўчатим:
Дарахтликка интилиб
Янги жойга кўчадим.
ҲОЙ, АЙЁР!
„Яна аҳволимдан
Биров кулмасин,
Олдин бодом билан
Ўрик гулласин!
Совуққа чалиниб,
Ташвишга қолмай:
Ҳали қор ёғиши
Мумкин“, — дер олма.
Бодом билан ўрик
Гуллаб бўлишди,
Гулбаргин шамолга
Пуллаб бўлишди.
Энди, ғўрасини
Бағрига босиб,
Тебратар, осмонга
Беланчак осиб.
Олма қараб турар
Томоша қилиб,
Ҳавасми, ҳасаддан
Оғзи очилиб.
Гуллашда кечикдинг
Ҳой, айёр олма.
Вақтида мева туг,
Алданиб қолма!