Сотим Аваз (1952)

Сотим Аваз (Сотимбой Авазов) – 1952 йил Урганч шаҳрида туғилган. 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг “Кечиккан баҳор”, “Тонгги ҳислар”, “Ҳуқуқ”, “Нозбўйларим”, “Ҳикматистон”, “Дил ва манзил” каби шеърий асарлари республика нашриётларида чоп этилган.
Шунингдек, “Мурувват чоғи” романи, “Мадраҳим Шерозий”, “Темирғози тўра”, “Йиллар ва йўллар” қиссалари муаллифи.
Ҳозирда “Урганч оқшоми” газетаси муҳаррири.


МУҲАББАТ

Дудоғингда ўйнайди ёқут,
Ёноғингда ёнади олмос.
Бу жозиба бўлмагай унут,
Уни гизлаб яшириб бўлмас.

Нигоҳларинг ёяр андуҳин,
Табассуминг бўлар дилга банд.
Назокатинг уйғотган руҳни
Қилиб бўлмас сира занжирбанд.

Нозингдан шавқ олар сиймолар,
Қаҳринг қадга бағишлар виқор.
Лутфинг тутган меҳригиёлар,
Чегараю чек билмас зинҳор.

Келтиргайсан кўнгилни тобга,
Сўзингга йўқ қолмаган қойил.
Сен бахш этган ширин азобга
Илож йўқдир бўлмасдан мойил.

Аммо, оҳанрабо исмингга
Ёғар қонсиз капалаклар ҳам.
Ўтдек ёниб турган жисмингга
Кўз тикар кўршапалаклар ҳам.

ИШОНЧ

Мен  сенга ишондим, ачинмам,
Маймунлар йиғласа ҳолимга.
Сенга ишонганим, дўстгинам,
Эрк бермоқдир ўз хаёлимга.
Мен сенга ишондим, қайғурмам,
Хиёнатнинг жарларин ўйлаб.
Сенга ишонмасам, азизам,
Юролмам ўз юрагим бўйлаб.

Мен сенга ишондим, чекинмам,
Оқибатда бўлмаса тўзим.
Сенга ишонмасам, маҳзунам,
Севолмайман ўзимни ўзим.

Мен сенга ишондим, ғамим йўқ,
Қисматимда агар қул бўлмак.
Ўзи менинг парвона янглиғ,
Ишончимга шамчироқ керак.

* * *

Бир оқшом руҳ они унутиб ўзни,
Амуни ёқалаб ошуфта кездим.
Шунда самодаги минг юлдуз-кўзнинг,
Гўёки пичирлаб ётганин сездим.

“Жонингга фалакдин жавр етиб-елиб,
Дарёдай мавж уриб ҳар қанча тўлма.
Амунинг қошига ошиқдай келиб,
Мангуликдан зарра умидвор бўлма”.

Оғирлигим собит дарёга ортиб,
Лол қолдим юлдузлар ҳам оғишидан.
Шунда сув гўёки оёқдан тортиб,
Бир зум юбормади ўз оғушидан.

Лол қолдим, Амунинг хитобин ёдлаб,
Аждодлар умидин уққан сингари.
Гўё “Сувора”нинг савтидай додлаб,
Кўтарилиб тушди тўлқин лаблари.

“Юлдузлар неча бор алдасалар-да,
Йўлдан адашмаган карвон – она юрт!
Мангуликдан шарор кутсанг, кўзларга
Аввало она юрт тупроғини сурт”.

* * *

Қонимнинг шаробга мойиллиги бор,
Шаҳду жаҳд, шитобга мойиллиги бор.

Ўтлар аро куйган жисмим беайбдир,
Бағримнинг кабобга мойиллиги бор.

Ўқиб уқмасалар ҳамки дардимни,
Кўнглимнинг китобга мойиллиги бор.

Борлиққа устувор йўқлик ародир,
Умримнинг саробга мойиллиги бор.

Ҳамиша безовта юрак сабабким,
Жонимнинг азобга мойиллиги бор.

Хаёллар саргашта келажакдадир,
Тилимнинг шу тобга мойиллиги бор.

Сотим Аваз учун савоб сўралса,
Руҳимнинг жавобга мойиллиги  бор.

* * *

Хатони мен эмас, тадбир қиладир,
Пешонамга битган тақдир қиладир.

Табиат кўнглимни нотабиий деб,
Руҳимга акс таъсир қиладир.

Камалак саргашта кўзим ўнгида,
Сароб камандини тафсир қиладир.

Тош тегса кўзгуга, ишонч ҳам сингай,
Кўз гумондин мубҳам тасвир қиладир.

Ҳар замон бедардлар дардин тоғ этса,
Гумроҳлар ҳар лаҳза дилгир қиладир.

Умрим биносини емирадир вақт,
Ҳали бир кун ўзи таъмир қиладир.

Ҳар қадамим асли ҳамду санодир,
Ҳар нафасим асли такбир қиладир.

Сотим Аваз ҳою ҳавасларига,
Сабру шукр расмин занжир қиладир.

* * *

Кўнглима байрам керак,
Гул каби ҳамдам керак.

Лангари ишқ истарам,
Дорки, мустаҳкам керак.

Меҳнатга саъйдир агар,
Ёлғиза ёрдам керак.

Шодлана билмоққа ҳам,
Аввало бир ғам керак.

Шарҳи дил изҳорига,
Журъати илдам керак.

Хотири жамлик учун,
Хотири хуррам керак.

Бевафо дўстлар ҳануз,
Узру авф, чидам керак.

Умр ўтиб, кўринди Ёр,
Энди орзу кам керак.

Тилга кўп вақтлар сукут,
Кўзга гоҳ-гоҳ нам керак.

Эл дарди, Сотим Аваз,
Дардинга малҳам, керак.