Солиҳа Олимова (1962)

Солиҳа Олимова 1962 йилда Хўжандда таваллуд топган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Ҳақ ишқи”, “Иқрор”, “Изтироб” номли китоблари чоп этилган.

* * *

Мен ўшаман,
Ўша Сиз билган,
Вале дилга нимадир бўлди.
Айта олмасам-да нелигин,
Вужудимда нимадир ўлди.
Ва исён бошланди –
Ғалаён,
Жонимда ҳаловат йўқ энди.
Айрилдимми ёки етишдим?
Билганим шу – Ишқ мени енгди!

* * *

Бу қадим йўл,
Жуда қадим йўл –
Ўзингдан ўзингга қайтиш йўллари.
Шитоб қилдим,
Илкимдин тутгил,
Тақдирнинг меҳрибон қўллари.

Не бахт, мана кириб ҳам келдим,
Ёбонлардан гул териб бир-бир.
Малҳам эмас, дардини сўраб,
Ўзини излаган мусофир.

* * *

Тизларимга уриб, синдириб,
Ғурур отлиғ душманни енгдим.
Тошни ёриб ўсган дарахтнинг
Шохларига барг бўлиб индим.

Ёмғир янглиғ дилга тўкилар,
Эртак айтиб кеч куз қўшиғи.
Наволарга тўлиб боради
Тўлган сайин кўксим бўшлиғи.

* * *

Ай кўнглим-а, орзу айла,
Фақир яшаш саодатин.
Тила яқин-йироғингга
Азал, Абад шафоатин.

Юздан артиб кўз ёшингни,
Саид кунларни ёд этгил.
Сано йўллаб саболардан,
Расоликни мурод этгил.

Сени ҳақдин йироқ этмиш,
Ҳарифу анжумандин кеч.
Дўст йўлига раҳна солмиш,
Муаммони бирма-бир еч.

Тош отсалар, сен майса тут,
Бехазон ул айём келгай.
Юз йил кутдинг ва яна кут,
Бир кун Ёрдин пайғом келгай…

Шиддаткордир тобора вақт,
Вале қани бизнинг Фасл?
Ой жонимдин жонга ботиб,
Истар оташ янглиғ Васл.

* * *

Бугун вужуд мусаввир,
Нигоҳларим мўйқалам.
Ногоҳ илҳомлантирди
Юрагимдаги алам…
Тўлқин узра чизгилар
Чизаверди қароғим.
Шодликдан хабар бериб,
Учиб қўяр қабоғим.
Мана ўша: кулча юз,
Офтобларда доғланган.
Қалдирғоч қош, қийиқ кўз,
Саволларга чоғланган.
Лабда эса ҳорғинроқ,
Ҳазинроқдек табассум…
Ниҳоят, бир нуқтада
Суюклигим тажассум.
Юзма-юзман,
Қандай Бахт!
Бугун қушман, қумриман.
Кўксингдаги «оҳ»ларнинг
Садосиман, умриман…

* * *

Матоҳпараст ушбу дунёнинг
Кунларидан дилим тўлмаган.
Яшайвердим.
Олишиб ҳеч ким
Ўзига енгилиб ўлмаган.
Изҳор ҳам қилмадим боримни,
Китобман, ўқувчим кўрмаган.
Армонларим сочимдан-да кўп,
Зеб бериб, зеб бериб ўрмаган.
Кўра олай оёқ остини,
Бино қилгил кўнглимни, ай Ёр,
Мен таваккул қилдим ўзингга,
Сарҳадгача масофа бисёр.

* * *

Ўзингга топшириб боримни
Бу дунёдан чиқдиму кетдим.
Дарё, денгиз, иқлимлар оша
Тушларимга, наҳотки, етдим?

Остонангга бошимни қўйдим,
Илоҳий тафт мени ўлдирди.
Ва уйғотди янги бир фасл,
Садоларим кўкни тўлдирди.

Юрагимда барқ урар офтоб,
Гуллаб ётар руҳимда баҳор.
Лойиқманми, шундайин бахтга,
Айтгил ўзинг, айтгил, Биру Бор?!

* * *

Тун кокилга оқ пилик тақди,
Бир зум меҳмон кўзимга уйқу.
Чолғу тилга кирар оҳиста,
Руҳ рақсига қўш қанот туйғу.

Ерни ўпган товонларимни
Кўзларига суртади ҳаво.
Қон ўрнига гулоблар оқиб,
Томиримдан тўкилар наво…
Наво,
наво,
наво…