Собир Ҳакимов 1963 йилда туғилган. Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек ва қозоқ филологияси факультетини тамомлаган. Ҳозир Марҳамат туманидаги 3-сон мактаб-интернатида ишлайди.
ИҚРОР
Менга нима бўлди,
Нима қилдинг, вақт?
Шабнамдай соф эдим
Айнигандайман.
Кунларим шаробин узатади: талх
Шаклим мусулмону ғайридиндайман.
Инсофу диёнат чегарасини
Билмадим. Билмадим, қачон ҳатладим.
Ҳайронман. Дўстларнинг энг сарасини
Кўзимни лўқ қилиб бугун алдадим.
Ишонди у менинг ёлғонларимга
Гўё тинглагандай пирдан ақида.
Юзларим қизармай туққанларимга
Фалсафа ўқидим иймон ҳақида.
Оёққа тин бермай топилган ризқим
Ҳалол ва макруҳнинг оралиғида.
Ютилган луқмамдан келмайди қусгим,
Бу ҳам манглайимнинг қоралиги-да…
Қошингга бордимми бел бойлаб қойим,
Онажон, кунингга қачон ярайман?
О, кўзлари мунчоқ ойдин болалик,
Энди кўзларингга қандоқ қарайман?..
Менга нима бўлди,
Нима қилдинг, вақт?..
* * *
Сочларимга оралабди оқ,
Ёшлик, сендан кетгим йўқ менинг.
Юрагимга инди бир титроқ,
Ёшлик, сендан кетгим йўқ менинг.
Сунбулларга сўйлаб шеър – ғазал.
Умр ўтди – ўтган кун гўзал,
Сен ҳам энди топдингми ўсал,
Ёшлик, сендан кетгим йўқ менинг.
Олисларда қолган малагим,
Гарчи йўқдир сенга керагим,
Қирқимда ҳам куяр юрагим,
Ёшлик, сендан кетгим йўқ менинг.
Кексаликни бўйнимга ортар,
Йиллар мени йўқликка элтар,
Бир кунгина ортимга қайтар,
Ёшлик, сендан кетгим йўқ менинг.
Водийларда яйраган қўзим,
Ўзинг нолам, ўзингсан бўзим,
Оҳангларга айланган сўзим,
Ёшлик, сендан кетгим йўқ менинг.
* * *
Мен бир кун ишқ боғин султони бўлдим,
Энг нозик пардасин чертдим торимнинг.
Рақсини кузатиб капалакларнинг,
Сочларин ўйнадим дилоромимни.
Тақдир ҳам қумсоат – тўнкарилди тез,
Айрилиқ ошимга намагин солди.
Юрагим тубида бир тумор каби
Ўшал гулрухсорнинг ҳижрони қолди.
Капалаклар менга парвона бўлди,
Кўнглим юм йиғлади – девона бўлди,
Сўнг уйлар тикладим кошона бўлди,
Мусофир элига ҳамхона бўлдим.
Ровийлар тилидан бир мужда кутиб,
Йиллар ўтди. Қисмат қилмади шафқат.
Хабарин тингладим олти иқлимнинг
Еттинчи мусофир келмади фақат.
БОБОМНИНГ ҚЎРҒОНИ
Бостирма тагида занглади кетмон,
Олмурти қуриди. Кесилди тути.
Боғи Эрам бўлиб кўринган қўрғон
Бобомнинг ортидан ўчмоқда қути.
Лабида жамбиллар кулган ариқча,
Уни ҳам хазонлар тўлдириб қўйди.
Мевасин бир юзи битта қийиқча –
Олмалар ўтинга айланди-қўйди.
Ҳовлининг саҳнида кўмилди излар,
Биргина қалдирғоч бундан кетмади.
Тушган жойларида тош бўлди қизлар,
Ўғиллар қўлига кетмон тутмади.
Дувуллаб тўкилар уйнинг шувоғи,
Кўринмас бир пичоқ тиғлаётгандай.
Бу қўрғон ҳеч кимга дардини айтмай
Етим бола каби йиғлаётгандай…
ҚИЗИЛ ОЛМА
Сув бўйида ўтиргандим
Оқиб ўтди қизил олма.
Рўпарамга келганда бир
Қалқиб ўтди қизил олма.
Кўнгил деди: “Қўлни узат,
Шундан қолма, шундан қолма!”
Ўз-ўзини кўз-кўз қилиб
Оқиб ўтди қизил олма.
Кўнглимнинг гул кўчалари
Кенг дунёдан кенг экан-да.
Бу дунёда авваламбор
Тенгингизни денг экан-да.
Қўл узатиб қолавердим,
Оқиб кетди қизил олма.
Рўпарамга келганди бир
Қалқиб кетди қизил олма.