Шермурод Субҳон 1966 йилда Бухоро вилояти, Моҳи-Хосса қўрғонида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тугатган. 1992-1996 йилларда Истамбул университетининг адабиёт факултети магистратурасида таҳсил олган. “Шеърият иқлими” китоби муаллифи. “Гулистон” журналида ишлайди.
ИСТАК
Истар эдим ёнимда бўлсанг
Чиқмаган каби ёдимдан асло.
Истар эдим соғиниб яша
Қўмсаган мисол мен сени интиқ.
Истар эдим мен учун бор бўл
Яшаганимдек мен сени дея.
ОЛҚИШ
Куннинг авзойи бузуқ
Ғойиб бўлмиш қуёш қайгадир
Чақмоқ чақа бошлади мана.
Талвасага тушди кўк
Тараддудда қолди булутлар
Ва ёмғир қуйди ниҳоят.
Деразалар ёпилди, ёпилди эшик
Кимдир тонг қотар кўчага боқиб
Кимдир титрайди дир-дир.
Ажиб томоша: ичкарида қиш,
Ташқарида эса
Гулдурос қарсак ёғар…
ТУН
Тун.
Кезаман ёлғиз.
Бошим узра кўк
Элар қорини.
На бир шарпа тасалли,
На бир шитир таскиндир.
Кўз текканга ўхшайди
Ойга бу кеча.
Тун-қизғанчиқ малак.
Қуёшни ерга кўмиб,
Яширдинг айт
Ул ойни қаён…
ОЙНА
Қани эди ойнанг бўлсайдим ўша:
Ҳар тонг туриб қараб қўйганинг,
Ёким ёнингда олиб юрганинг.
Қани эди ойнанг бўлсайдим ўша:
Кўзларингга,
Юзларингга,
Лабларингга яқин тутганинг…
ҚОР
Қор ёғмоқда, раққоса қор,
Тушаётир кўкдан фаришта.
Беҳудамиш чопқилламоқ,
Беҳудамиш қувончим.
Силасам-да бошини,
Суйиб ҳар қанча,
Кўниколмади у
Қўлим тафтига…
ГЎЗАЛЛИК ИФОДАСИ
Гўзаллик — қуролинг сенинг
Ўлдирмоққа шай.
Қийнар мени
Фироқ эмас
Ҳусну жамолинг.
Рухсорингга
Ҳайрон ўзим,
Лол бўлмагай ким.
Таърифингга борми ахир
Лойиқ бир сўз,
Лойиқ ифода.
* * *
Сиз ой бўласиз-у
Ойдин тортмасми юрак
Нигоҳингиздан
Сизни севмай бўлурми ахир
Сиз ғам чексангиз
Озурдадир жон
Шодлигингиз шод этар мени
Беҳудагами сиздан
Кутганим вафо
Кимга аталмиш меҳру
Муҳаббатингиз
Қувонч етар кўпга сиздан
Менга-чи озор…
* * *
Қизиқ — дединг — бунчалар ғалат
Ёнингда турсамда мен
Айрилиқ ҳақда ёниб
Шеърлар ёзсанг сен
Қизиқ — дединг — бунчалар ғалат
ва яна эрк дея тағин
Шеърлар ёзсанг сен
Яшаб туриб ҳур —
Ўзбекистонда….
* * *
Тун ўтмоқда
Ўтмоқда кеча
Ҳадемай тонг отади
Кун чиқади ҳадемай.
Тонг буюк маррадир
Улкан бир эафар
Кимдир етар тонггача
Етолмас кимдир…
* * *
Тонг отади
Портлайди сукунат
Кириб келар аста кун
Уйқум қочади менинг
Мен қочаман уйқудан
Ёришаркан тонг каби
Тобора шуур
Тонг отади
Уйғотар мени
Унинг бу фикри…
* * *
қойил сенга эй ойна қойил
беминнатдир сурат чизмоғинг
моҳирона ўчирмоғинг ҳам…
* * *
айт кимни кўрдинг
шошқалоқсан нега
бунча юрагим…
кетишингни кутмаган эдим
қайтишингни кутганим кутган.
* * *
кун бўлди: кун бўлди туним
кун бўлди: тун бўлди куним..
* * *
хато қилдинг севиб бир
севмайин икки…
* * *
ёнимда эдинг-ку.
кеча тушимда…
* * *
менга сенга йўл бўлсин?!
* * *
ўғри каби пойлайман кўзинг…
* * *
дўст тополмадим соядек содиқ
қил ўтмас ҳатто орадан
менга ишониб яшайди соя
мен эса бу юракка…
* * *
туш — навбатдаги ёлғон
айтмасман сени ҳатто сувга ҳам
ўнгимда ухлайди
ул сув париси…
* * *
сиз осмонга бир боқсангиз бас
сояга айланар шуъла
сиз ойнага боқсангиз борми
шуълага айланар соя…
* * *
сен кетдинг
шеъркелди
хайр, алвидо!
* * *
айрилиқ
қани энди бунга
кўнса ҳеч юрак…
* * *
ёниб яшамоқни тун
ўргатади ой
ой — тутинган дўстим.
* * *
қор ёғмоқчи
учқунламоқчи
қор каби фикр.