Шербой Шеров (1962)

1962 йилда Нишон туманида туғилган. Шифокор. Адабиёт ва санъат ихлосманди. Шоирнинг “Инсон азиз” деб номланган тўплами чоп этилган.

ВАТАН БЎЛМАСА

Толеинг сўқирдир, бахт кулиб боқмас,
Мавж урган дарёлар сен томон оқмас.
Энг ажиб наволар, созлар ҳам ёқмас,
Пешонангга битган Ватан бўлмаса.

Қасрлар кулбадир, боғлар тиканзор,
Ҳар қадамда ўкинч, ҳар ерда хор-зор.
Бойлигинг, давлатинг ҳаммаси бекор,
Пешонангга битган Ватан бўлмаса.

Бағрингга босолмайсан чинорини сен,
Кўзингга суртолмайсан минорини сен,
Бўйнингга осолмайсан туморини сен,
Пешонангга битган Ватан бўлмаса.

Тунларинг хавотир, ухлашинг нотинч,
Юракда минг алам ва шунча ўкинч,
Кунларинг ўтмагай осуда ва тинч,
Пешонангга битган Ватан бўлмаса.

Ватандош деб сенга узатмаслар чой,
Беватаннинг доим битта қўли лой.
Ҳатто қабристондан бермагайлар жой,
Пешонангга битган Ватан бўлмаса.

Аламдан юрагинг тошади тўлиб,
Қаримасдан бурун қоларсан сўлиб.
Минг марта яхшидир кетмоқлик ўлиб,
Яшагандан кўра Ватансиз бўлиб.


НОШУКУРЛИК ҚИЛМА

Кўзларинг оламни кўриб турганда,
Юрагинг ҳапқириб уриб турганда,
Бахт-иқбол сенга юз буриб турганда,
Айт, яна сен нимани истайсан ўзи,
Шунчалар сўқирми қалбингнинг кўзи?

Кечаю бугунни қиёслаб қара,
Орада осмону ерча фарқ бор-а,
Ниҳоят битди-ку қалбдаги яра,
Айт, яна сен нимани истайсан ўзи,
Шунчалар сўқирми қалбингнинг кўзи?

Кичкина кулбада яшаб юрдинг сен,
Шунда ҳам индамай шукур қилдинг сен,
Бугун-чи, ҳайҳотдай қаср қурдинг сен,
Айт, яна сен нимани истайсан ўзи,
Шунчалар сўқирми қалбингнинг кўзи?

Бир пайтлар хор эдик, эсиз ва эсиз,
Умрлар ўтганди номсиз ва изсиз,
Бугун дунё биркам Ўзбекистонсиз,
Айт, яна сен нимани истайсан ўзи,
Шунчалар сўқирми қалбингнинг кўзи?

Нолишни йиғиштир тез, ўрнингдан тур,
Яхшиларга қўшил, олдга қараб юр,
Тавба эт Аллоҳга ва қилгин шукур,
Айт, яна сен нимани истайсан ўзи,
Шунчалар сўқирми қалбингнинг кўзи?