Шаҳрибону 1974 йилда туғилган. Тошкент Давлат Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Таниш сўқмоқлар”, “Лаҳзадаги мангулик”, “Ҳислар камалаги” шеърий тўпламлари чоп этилган. Айни пайтда, “Дийдор азиз” газетаси муҳарририятида фаолият юритмоқда.
* * *
Юракнинг ҳар битта зарби сония,
Соғинч дақиқаси асрларга тенг.
Қуёш мўралаган нурли ойина,
Сенинг қалбинг уйи қасрларга тенг.
Сен бир кун келасан қушлар ортидан,
Шамоллар қўлингдан етаклаганча.
Мен беркинган томон Ғирот отида,
Ўшанда қор ёғар элаклаганча.
Худди ой мисоли кўкда тобландим,
Таскинлар излайман, дилим қовжирар.
Ишқ қушин овлашга чиққан овчиман,
Муҳаббатсиз, сенсиз асли йўқман, мен.
Кўксимда гул очди ҳижрон уруғи,
Сен бўйчан тоғлардан азим ва улкан.
Мен қайга ирғитай ғурур қурғурни,
Сездирмай минг бора сени йўқладим.
Тўлқинлар ўйноқлаб, денгиз тошганда,
Сен учун очилса очун аро рах.
Ўшанда тоғ ошиб, келгай шошганча,
Деразамни чертиб, сочи оппоқ бахт.
ТАЛПИНИШ
Ортимга боқмайман, ортимда хаёл,
Сочлари ўрилган толлар рақс этар.
Майсалар япроғи ёшланар хиёл,
Кўйлагимни ўйнаб еллар қасд этар.
Ортимга боқмайман, сувлар қоқилар,
Сербарг дарахтларнинг титрар сояси.
Юрак пилигига олов ёқилар,
Эрий бошлар секин муз тоғ қояси.
Ортимга боқмайман, хаёл паришон,
Ўткир нигоҳларинг сирғалар, кулар.
Саслар дунёсидан қолмагай нишон,
Ортимдан кетади ошиқ булбуллар.
Йўлим кесиб чиқар гуллар ифори,
Ортга боқмам: ёғса тош, музли дўллар.
Сирғалар лабимдан севги изҳори,
Мендан ўзиб, олдга югурар йўллар.
ОДДИЙ АРИФМЕТИКА
Ҳаёт ўзи оддий арифметика,
Ҳисоб-китоб, қўшиш, бўлув, айирув.
Содир бўлаверар неча карралар,
Синиқ чизиқ ўртасида кескин қайилув.
Диллар қовушмаса, қўшувдан не наф,
Чигаллашиб борар гўё ечим йўқ.
Синус, косинуслар ўнгимда саф-саф,
Битта чизиқ бўйлаб айланмайди ўқ.
Бўлув титратади, вужудим тилка,
Оғир масалани ечолмай ҳалак.
Гўё ҳаммасини олдиндан билган,
Жой-жойига тахлаб қўйгандай фалак.
Оралиқ масофа бунча узундир,
Ахир, мен эмасман унга баробар.
Ҳаётингдан кетмоқ менга лозимми,
Формулалар бунча бошим оғритар?!
Тушунмайман менга ёт бу “пи” сонни,
Тенглама тенглашмас, тоқ териб қўйдим.
Чамалаб кўрмабман оддий ҳисобни
Билмаганим менга панд бериб қўйди.
БАҲОР
Баҳор бўй таратди атиргул атри,
Мастона кулади шамол жилвагар.
Сени кўрганмидим айтгин илгари,
Димоғимга кирди бўйи настарин?
Шивирлади осмон ёмғир тилида,
Юрак қат-қатига сингдими ишқ?
Айт, ахир мен унинг тенгимидим ишқ,
Қақраган чўллигим ёмон билинди?
Майсалар бўйидан маст-аласт шамол,
Муҳаббат деб куйган ёрга ўхшайди.
Сен ҳам сездингми дил, ахир ўшайди –
Нигоҳлари ўт ул, лабларида бол?
Худди сой мисоли туғёнда юрак,
Кўнглимга мўралар шуълалар заррин.
Шунда мен англадим сония қадрин,
Баҳор билан бирга уйғонди юрак.
* * *
Бугун ҳам сен учун катта тантана,
Сўнгги дам синади олмос қиличим.
Тил учида алқаб ношуд илинжни,
Мен мағлуб бўламан яна ва яна.
Оловга бурканди ҳар бир қаричим,
Икки ўт измида ишқим жонталаш.
Оғирдир барини бошидан бошлаш,
Ер – парчин, дил – парчин, юрагим – парчин.
Тўлқинлар мисоли мангу эврилиш
Дилни тилкаловчи соғинч туйғуси.
Ёр васлин умиди, ҳижрон қайғуси,
Севиш – мағлуб бўлмоқ, енгилмоқ – севиш.