Раъно Узоқова (1916-1947)

Раъно Узоқова 1916 йилда туғилган. Термиз педагогика техникумида таҳсил олган. “Мардона юринг”, “Субҳидамда учган қалдирғоч” шеърий тўпламлари, “Малоҳат”, “Сарвиқад”, “Макр ва муҳаббат”, “Гуландом”, “Тун сирлари”, “Орзу” каби достонлар ва балладалар ҳамда “Меҳри”, “Рашк”, “Зафарнинг ҳукми”, “Учрашув”, “Қасос”, “Ўғирланган бахт” каби нас­рий асарлар муаллифи. 1947 йилда вафот этган.

ГУЛЛАР

Муҳаббат боғининг ҳурлари – гуллар,
Қалбим булоғининг дурлари – гуллар.

Гулларнинг баргидай ғуборсиз лирам,
Гуллардай покиза, озорсиз лирам.

Қалбимнинг изҳори – гуллар севгиси,
Гул эрур севгининг ёруғ кўзгуси.

Кўзгуда кўраман севгимнинг аксин,
Гуллардан тўқидим муҳаббат аслин.

Гуллардир севгининг, ишқнинг гувоҳи,
Гуллардир муҳаббат аҳлининг шоҳи.

Гар йигит юракдан севаркан ёрин,
Гул тутиб сўйлайди ишқининг борин.

Шу учун севгига шоҳ, дедим, гулни,
Муҳаббат кўкида моҳ, дедим, гулни.

Шу учун ишқимни бердим гулларга,
Ишқ берур ғолиблик, мардлик дилларга.

Бахтим гуллагандир, севганим гуллар,
Сўлмайди бахт гулим, ўтсада йиллар,

У борки, бахтимнинг гуллари сўлмас,
Майлида, куз келсин, ҳеч хазон бўлмас.

НИГОҲИНГ

Гар тушса кўзингга кўзим, ўзимни
Ҳаводек мусаффо, енгил сезаман.
Хаёлим сендадир, севдим кўзингни,
Соядек ёнингда тун-кун кезаман.

Қалбимга яқиндир, яқиндир жондан
Сендаги беозор, майин табассум.
Армоним – кўзингдан айрилиб, ҳижрон
Домига тушмайин, бўлмайин маҳкум.

Шифобахш табибдек майин боқишинг,
Нақадар ҳаётбахш, билсанг, нақадар.
Кўзингдир феруза – осмон гувоҳинг,
Шул сабаб кўнглимда бўлдинг мўътабар.

Гар тушса кўзингга кўзим, ўзимни
Ҳаводек мусаффо, енгил сезаман.
Хаёлим сендадир, севдим кўзингни,
Ёнингда соядек тун-кун кезаман.

ЎЙЛАРИМ

У сирли қарашлар кетмас кўзимдан,
Эй, меҳри оловдек хумор кўз дилдор.
Тополмам, бунга мен жавоб ўзимдан
Кўзларим нигорон сени ахтариб.

Капалак сингари шўх ўйларимни
Тоғ каби хаёлинг босиб ташлади.
Эҳ, билсанг, банд этиб менинг боримни,
Бир зўр куч ўзингга торта бошлади.

Лабимдан аразлаб кетди табассум,
Уйғоқман ўзгага уйқу туюлар.
Чиндан ҳам ўзингга айлади мафтун,
Урмасам, оҳ, у дам нафас бўғилар.

Авваллар азобдек туюлди бу дард,
Лек, сездим ҳузур ва ҳаловат экан,
Ўткинчи хаёллар қилолмади банд,
Бу азоб ўзи бир фароғат экан.

Мен кетдим, ўйларим ташлаб ўзингга,
Сен уни оғритиб силтамасанг, бас.
Соядек юз қўйиб кезар изингга,
Тоабад ёнингда бўлиб ҳамнафас.

ВАТАНИМ

Сенигина кўрдим, сени севдим,
Сенигина дедим жонимдан.
Сенигина қучиб, сени ўпдим,
Сенгинасан азиз қонимдан.

Сен бўлмасанг на кун, на кеча,
На ой, юлдуз, қуёш керакмас.
Сенгинасан менинг бахтим, тонгим,
Сен бўлмасанг дунё – тор қафас.

Қани менга бундай гул оғушлар,
Қайда бундай оловли бўса?
Ишон,  жоним, ҳаёт йўқдир менга,
Дилда оташ меҳринг бўлмаса,

Парвонаман сенга, майли, ўтинг
Ёндирсин-да, қовурсин абад.
Сўнгги нафас, сўнгги нигоҳда ҳам
Сенинг қадринг қолгуси фақат.