Рамазон Ашур 1960 йилда Бойсун туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган. Айни пайтда “Афросиёб ПРЕСС” газетасининг масъул котиби. Шеърлари, мақолалари республика матбуотларида мунтазам чоп этилади.
СЕВГИ БЕЧОРА
Мен уни авайлаб, асраб юргандим,
Не қилай, йўқотдим энди начора.
Томирсиз дарахтдек титраб тургандим,
Қўлимда жон берди севги бечора.
Ёмғир, шамоллардан асрагандим мен,
Ҳадиклар қўйнимда, юрак дилпора.
Мажнунлар келганда бермагандим мен,
Қўлимда жон берди севги бечора.
Қузғунлар устимдан кулдилар бугун,
Кўнгил мағлуб бўлди, душманлар ғолиб.
Мен энди қайларга бўларман сургун,
Қўлимда жон берган севгимни олиб.
АСИРА
Севгини асирга олишди,
Вафони ташлашди зиндонга.
Ҳижронни савашди аямай,
Ишонч таслим бўлди бир онда.
Гумонлар қадаҳин кўтарди,
Хиёнатлар келди ёнига.
Гумашта ўлжани ютарди,
Сабрнинг ботириб қонига.
Умидлар мунғайиб қолишди,
Тоқат ҳам тан берди тақдирга.
Қадаҳ сўз айтишди тинмайин,
«Севги-ишонч» бўлмайди бирга.
ФАРИШТАМ
Кўнгиллар кўнгилни излайди,
Юрагим йўлингда интизор.
Хаёллар сени деб бўзлайди,
Муҳаббат уйғотар ҳар наҳор.
Висолни соғинчлар эзғилар,
Ҳижронлар рақс тушар қўйнимда.
Севгининг дардини ким билар,
Кўзларим нигорон йўлингда.
Юраклар талпинар тинмайин,
Тилаклар сени деб яшайди.
Мен сенга интилдим кун сайин,
Юрагим севганга ўхшайди.
Кўзингга термулиб ўлтирсам,
Дийдоринг энг олий орзудир.
Ой юзинг узоқдан бир кўрсам,
Умидлар шунга ҳам розидур.
Менга айт, не бўлди билмайман,
Тунлар ҳам қошимда бош эгди.
Бир бора қиё боқ ушбу дам,
Мен сени севаман, фариштам.
ТЎРТЛИКЛАР
Ҳар тонг сизни бир кўрай деб тургайман,
Кунлик ҳолингизни минг бор сўргайман.
Гар билсангиз жоним, билмасангиз ҳам,
Бу дунёда сиз бор учун юргайман.
* * *
Кетмоқдаман, ким хафа, ким зор ўлди,
Дардим бисёр, муҳаббатим тор ўлди.
Бир асрга асир бўлган бу юрак,
Афсус, сенинг қўлларингда хор ўлди.
* * *
Менинг сўзларимга тошлар эрийди,
Сенинг тош бағринг эримади ҳеч.
Тақир кўзларимда денгиз қурийди,
Қанча эгилсам ҳам эгилмадинг ҳеч.
* * *
Кўзларимдан уйқу қочди сени ўйлаб,
Хаёлимда узоқдамас, бағримдасан.
Муҳаббатинг ёғду сочди танам бўйлаб,
Таним титрар, жоним титрар, қайлардасан?
* * *
Нигоҳларингга мен сингиб кетайин,
Сокин тўлқиндайин тиниб кетайин.
Бир бора бўлса ҳам бағрингга босгин,
Бу дунё борлигин билиб кетайин.