Норқобил Жалил 1961 йилда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида таваллуд топган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг ўзбек филологияси факультетини тугатган.
“Соғинчнинг ранги”, “Қуёшга тик қараб бўлмас” китоблари чоп этилган. Ҳозирда “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
МИНГГА БЎЛИНДИМ
Минг ўлиб тирилдим мен шу минг йилда…
Матназар Абдулҳаким
Эллигинчи остона – элакдан ўтдим,
Кўнглимнинг қорлари эриб кетяпти.
Ўзимни азоблаб ўзимни кутдим,
Оҳу нолаларим қайга етяпти?
Минг ўлиб тирилдим, мингга бўлиндим.
Юракни ўртайди айрилиқ, ҳижрон,
Муҳаббат боғида сарғайдим, куйдим.
Шунчалар тормикан, бу фалак, осмон,
Во дариғ, мен Сени ўйламай қўйдим,
Минг ўлиб тирилдим, мингга бўлиндим.
Элликта чиғириқ, элликта зина,
Элликка ажралган йўлга айландим.
Саҳройи сабр бу – сендаги тана,
Мен эса гуллаган чўлга айландим,
Минг ўлиб тирилдим, мингга бўлиндим.
Самога термулсам, юлдузлар учди,
Ойга дардим тўкиб, йиғлаб топиндим.
Икки дунё аро армонлар қучди,
Сен мени, мен сени жуда соғиндим,
Минг ўлиб тирилдим, мингга бўлиндим.
Ортимга боқаман Сомон йўлидай,
Сочилган йилларим, аламлар ютдим.
Тақдир – узатилган сенинг қўлингдай
Эллигинчи остона – элакдан ўтдим,
Минг ўлиб тирилдим, мингга бўлиндим…
АКАМГА
Виждон азоблари – нурли изтироб.
Евгений Евтушенко
“Кечир…” – шу сўзни ҳам қийналиб айтдим,
Сўроққа тўлди-ку умрим дафтари.
Бош эгиб, кечирим истаган пайтим,
Фалак ҳам йиғлади, фалак тескари.
Кўксимга сиғмади юракнинг зарби,
Мен унинг устига муштимни қўйдим.
Бугун вужудимда ёлғизлик дарди,
Бугун азоб чекар эзилган туйғум.
Ўттиз йил умримдан кетди узилиб,
Зардобли юракни қоплайди туман.
Фақат сен билмайсан, уканг эзилиб,
Ўттиз йил яшади ёлғизлик билан.
Майли, туманлар ҳам тарқалар аён,
Осмон ҳам ёришиб тўлмоқда нурга.
Фақат тиз чўкаман қаршингда виждон,
Фақат сиғинаман юрагим – шеърга!
ҲАЁТ ГУЛИ
Ўғлим Жавҳарбекка
Кўзларимда нурлар сўнса гар,
Юрагимни оташга тўлдир.
Икки дарё оралиғида
Хазонлар йўқ, хазонлар гулдир.
Термуласан осмонга узоқ,
Қай юлдузни излайсан болам?
Олисни қўй, сен заминга боқ,
Қучоғингда яшнасин олам.
Ҳали кулар толеинг сенинг,
Дунёсига алишма вақтни.
Топажаксан бир кун биламан,
Йўқотганим – исмсиз бахтни.
Энди йиллар шамолдай ўтар,
Хотиралар ювар кўнгилни.
Юрагингга экиб қўй, болам,
Ҳаёт деган сўлмас бир гулни…
МУҲАББАТ
Озар шоири Жобир Наврўздан
Юракларда бир жаҳонни яратиб,
Еру кўкда бир осмонни яратиб,
Инсон уни, у инсонни яратиб,
Ҳаётнинг илк Алифбоси муҳаббат,
Бу дунёнинг нур-зиёси муҳаббат!
Ҳар умрда бир юлдузга тунар у,
Гоҳ ёришиб, бирдан чиқар, сўнар у,
Гоҳо сувдай лойқаланиб тинар у,
Жонга нафас, томирда қон – муҳаббат,
Минг хил дардга шифо-дармон – муҳаббат!
Дарёдир ул – юрагингда тошганида,
Олмосдир ул – узукларнинг қошида,
Менинг учун бир дунёдир бошимда,
Ҳам ҳақиқат, ҳам афсона – муҳаббат,
Гоҳ ақлли, гоҳ девона – муҳаббат!
ОЛИС ХОТИРАЛАР
Яна келдим бағрингга қишлоқ,
Армонларим сенга кўмилган.
Эски тандир, ўт босган ўчоқ,
Уйимиз ҳам текис сурилган.
Кўзларимда милтирайди ёш –
Хотиралар ерга тўкилар.
Зор қалбимда тугайди бардош,
Менинг йигит қаддим букилар.
Кетиб борар йўлларим ҳам чанг,
Тўзонлари урар кўкракка.
Эҳ, чанглардек қолмай ортимдан,
Ғам чўкади етим юракка…
ЎТТИЗ ЙИЛ СОҒИНЧИ
Дафтарларда қолди кунларим,
Хотирамни кўмаётир вақт.
Сен қайтмагин, қаро тунларим,
Сен қайдасан, мен излаган Бахт?!
Ўтиниб ёлвордим фалакка,
Кўрсатма, кўз ёшу аламни.
Ўттиз йил яшадим – дил яра,
Ўттиз йил соғиндим онамни.
Олис қишлоқ яна чорлайди,
Тушларимда оқшому саҳар.
Соғинчим қуёшдай порлайди,
Мени тушунмайди тош шаҳар.
Кўнгилгинам, тошга айландинг,
Унутдингми, уйни, қишлоқни?
Ўзимдан ўзгага бойландинг,
Онамдай соғиндим тупроқни.
Энди қайга борасан кўнгил,
Қай бир юрак тинглар сўзимни?
Излаяпман сени ўттиз йил,
Ўзимга қайтаргин ўзимни…
* * *
Кулгулар ўйнайди, кулгулар,
Лабларида қизалоқларнинг.
Димоғимга ислари келар
Далалардан исмалоқларнинг.
Қантар оғиб, аста эрийди,
Ҳисортоғнинг оппоқ қорлари.
Шодлигидан қўшиқ тўқийди,
Оёқчининг буғдойзорлари.
Гумбурлайди момақалдироқ,
Бошланади ёмғирли кунлар.
Адирларда яна қалтираб
Уйғонади қўзиқоринлар.
Одамларнинг қўлларида гул,
Уйларига кулиб қайтади.
Қувончини яширолмай эл
Ҳар куни қўшиқлар айтади…