Наргиза Асад (1984)

Наргиза Асад 1984 йил Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани Гул қишлоғида туғилган. “Саодат манзили” илмий мақолалар ва “Ишқ остонаси”,  “Юрагимнинг сарҳадлари” номли шеърий китоблари чоп этилган. “Атиргул” мукофоти, Мустақилликнинг 20 йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланган.

* * *

Уюлиб ётади столда қоғоз
Бошинг кўтаролмайсан ишдан.
Хонанг иссиқ…
совқотдим бир оз,
Жоним, хабаринг борми қишдан…
Қиялатиб эшигинг насим,
Остонангдан бўйласа сўнг бор.
Англамадинг…
соғиниш касбим
Қара, ахир, кетяпти баҳор!…
Увушдими недандир тананг,
Қароғимда қолса тилаклар.
Кўрмаганга йўйгач ишхонанг,
Олиб кетди,
мени лайлаклар…
Хазонбоғдан келса гар овоз
Изла, энди туйғуларимни
Йиллар бўйи титкилаб қоғоз,
Тополмайсан,
кулгуларимни…

МАНЗАРА

Дардга йўргаклаб бахтни,
Бу фурсатни қанча кутди.
Титратиб еру самони,
Юкли кўкни тўлғоқ тутди.

Карахтланиб қолди замин,
Лаҳзаларга ларза инди.
Чопиб доя гулдираклар
Дўл-ёмғирлар ҳориб, тинди.
Хушхабарни илиб кетди,
Шамол эркка бериб жисмин.
Олам боқиб, қизалоқнинг
Кўкламой деб қўйди исмин.

* * *

Бунча гўзал, бунча дилрабо
Баҳор сени суйганлиги рост.
Атрофингда айланар сабо,
Унинг ишқи шамолларга хос.

Сўз тополмай даштлар бир оғиз,
Бу ҳуснингдан туради карахт.
Ойдалада қўрқмайин ёлғиз,
Айт, қандайин гулладинг дарахт.

* * *

Ватан.
Сенинг ҳар бир буржинг
Юрагимнинг сарҳадларидир.

* * *

Қуёшнинг тикилиб
қолганини кўриб,
дув қизарди олчанинг юзи.

* * *

Тун бўйи… ёмғир
Деразам олдидан кетмади,
Йиғлайверди исмингни айтиб.