Муҳаббат Сафоева 1969 йилда туғилган. Урганч давлат университетида ўқиган. Унинг “Сирли нигоҳлар”, “Исмсиз ришталар”, “Муҳаббат” номли шеърий ҳамда “Ҳаёт гули” номли публицистик мақолалар тўпламлари нашр этилган.
КУЗ
Тўкилиб бормоқда япроқлар,
Авайлаб бағрига олар она ер.
Бошида осмонни кўтарган дарахт,
Эҳтимол, қисматим шундайинми, дер?
У жуда отамга ўхшаб кетади,
Ҳаёт тўсиқларин йиққан, йиқилган.
Уйи тўлиб турган қушларни, энди,
Бирма-бир, бирма-бир учирма қилган.
Оҳанг таралади аллақаердан,
Ёмғир бўғотларнинг чангини артар.
Курсига ўрнашиб олганича куз
Боғларга оҳиста сабр тарқатар.
* * *
Яна соғинчларга солар ишқингиз,
Яна кунларимда бошланди тўфон.
Изғирин изиллаб ўтар жонимдан,
Кўксимнинг остида юрак безабон.
Яна ўз-ўзимга эртак тўқийман,
Яна ёндош бўлиб сирнинг ёшига.
Кимнинг менга раҳми келиши мумкин,
Ўзим чиққан бўлсам ғамнинг қошига.
Мени унутишга ҳаққингиз борми,
Ҳаққим борми сизни ўйламасликка?
Ўртамизда сарсон заъфарон савол,
Ўйлайлик армонга айланмасликка.
* * *
Кўчаларда рақсга тушар бахт,
Йўлакларда қиқирлар ёмғир.
Кўзларимга қолдиради хат,
Ўқимоқлик нақадар оғир.
БИР ҚУЧОҚ ГУЛ
Марҳум шоира Уллибиби Отаевани эслаб
“Бир қучоқ гул”, дердингиз, опа,
Гулларга айланиш осонмас, ахир.
Гуллар яшаб берган битта фаслга,
Умримнинг қирқ йили яшалган тақдир.
Сокин кезаяпман кўчалар бўйлаб,
Фиғон кемиради қалбимни менинг.
Хиванинг ҳар битта минорларида
Нигоҳлари қолган Уллибибимнинг.
Қучоқ-қучоқ гуллар овутмас сира,
Топиб беролмайди рухсорингизни.
Китоб жавонимга етаклаб борар,
Офтоб очиб борар жамолингизни.
* * *
Сукут – ризолик аломатимас,
Инкор ҳам эмасдир сирилган.
Бўйнимгача осилган ғурур
Бўғзимгача келиб урилган.
Сукут – руҳим қўзғатган бўрон,
Кўзларимдан чиқолмаган ёш.
Илкимгача чўкинган исён,
Пешонамда ёрилмаган тош.
Сукут…
* * *
Гўё йўқдек ҳеч бир поёни
Тугамади йўл.
Қум босиб ётгандек дунёни
Сабримни синайди ҳатто чўл.
Боғу Эрамларни кездим мен,
Сувлари шарқироқ сойларни.
Тоғлар елкасида кўтариб турди,
Борлиқ кўзларимга жойланиб.
Борар кўзларимга жойланиб дунё,
Баногоҳ ўйладим, тоғ тепасидан
Қарасам уйимиз кўринармикан,
Дунёнинг заминга жо супасидан?
Автобус елади. Ойнадан
Отилиб боради нафасим.
Узоқдан қумларнинг ортидан
Кўрина бошлади Хоразм.
* * *
Кипригимда кун бўйи тизилиб турган
Шабнамнинг биллурдай томчиларини
Бағрига олади саховатли тун.
ВАТАН
Ватан остонадан бошланар, дерлар,
Ҳатлаб ўтолмасман сени бесўроқ.
Юрагим – остона, юрагим – Ватан,
Муқаддас, мўътабар, эй, она тупроқ!
Билмайман, мен сени қандай севаман,
Дарахтман бағрингга томирлар ёйган.
Ўғлим ва қизимнинг товонин ўпиб,
Ўзинг кўпроқ меҳр билан суйгансан.
Айтолмас, дилим дил изҳорларини,
Камлик қилаверар йўқ, етмас кучим.
Битта шабнам қўнган гул япроғингча
Бўла олмас менинг бўй қадар қурчим.
Билмайман, мен сени қандай севаман.
Сиғдиролмаяпман қучоқларимга.
Қизғонч жоним ҳалак, олов жон ҳалак,
Тинчир, гар, жойлансанг қароқларимга.