Миртемир (1910-1978)

Миртемир (Турсунов Миртемир) 1910 йил 30 майда Туркистон шаҳрининг Иқон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1971). Эски мактабда таълим олгач (1919—20), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920—23) ва Ўзбек эрлар билим юртида тахсил кўрган (1925— 29). Илк шеърлар тўплами — «Шуълалар қўйнида» (1928) миллий ўзбек шеърияти учун янги жанр — сочма (насрий шеър) жанрида ёзилган. «Зафар» (1929), «Қайнашларим» ва «Бонг» (1932) шеърий тўпламлари муаллифи. «Барот» (1930), «Хидир» (1932), «Дилкушо», «Сув қизи» (1937), «Ойсанамнинг тўйида» (1938), «Кўзи» (1939) каби достонлар ёзган. «Қорақалпок, дафтари» (1957) туркумидан ўрин олган «Сурат» лирик қиссаси эса 60—70-йилларда ўзбек шеъриятида достон жанрига эътиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таъсир кўрсатган. А. С. Пушкиннинг шеърларини, Н. А. Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди», Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини ҳамда кирғиз халқ, эпоси «Манас»ни ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. 1978 йил 25 январда Тошкентда вафот этган. «Буюк хизматлари учун» ордени сохиби (2002).

* * *

Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим,
Оғу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим.
Амалим ва ишқим, умиду армон,
Уйқусиз тунларим – жиндак илҳомим…
Керакмас инжу ҳам сенсиз, ҳақиқ ҳам,
Керакмас шаддод ҳам сенсиз, дақиқ ҳам,
Ҳаёт ҳам мен учун сенсиз бемаъни,
Сенсиз ўтмасин-да ҳатто дақиқам.

* * *

Қоронғулик тушар,
Бағрим увишар,
Танҳоликда қайта туғиламан мен.
Ёрилиб кетгудай
Тамом йитгудай,
Токи тонг отгунча бўғиламан мен.

Кўзимга ёруғлик,
Сўзимга ёруғлик,
Соғ жонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
Армонли йўлчиман,
Армонли куйчиман,
Жаҳонга ёруғлик сўрайман тонгдан.

БЕТОБЛИГИМДА…

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қоврилмай то ғашлик алангасида.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Нафасимни ростлай кўланкасида.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қушлар овозига қулоқ солайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Хаёл оғушида ором олайин.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

* * *

Кўзингни ўйнатма, кулма, қарама,
Нозли нигоҳларинг керакмас сенинг.
Боғлаб оларман, деб энди ўйлама…
Тортган у «оҳ»ларинг чин эмас сенинг.

Кўп кунлар судрадинг тусмол йўлларда,
Мен-да тилсизларча эргашдим-кетдим.
Адашган эканман, билсам, чўлларда,
Мана эндиликда тушуниб етдим…

Тушундим: у тотли хаёллар – хаёл,
Алданмас бу юрак ширин сўзингта.
Йўқол, эй алдамчи, ёндашма, йўқол,
Термулиш йўқ энди орсиз юзингга!

Жилмайма, қарама, сўзлама менга,
Эски афсонани куйлама менга…

ХЎРСИНИҚ…

Қўлимдан ҳар нима келади, юртдош,
Ғариблик, юпунлик – барин кўрганман.
Қўш ҳам ҳайдаганман, ўроқ ўрганман,
Айриликда кўздан тўкканман не ёш…

Ғўза ҳам экканман, жувари, кунжут,
Қўлимда рақс этур тешаю ранда,
Йўл ҳам, қўналға ҳам мўл бу Ватанда,
Камчил ҳам бўлганман, тўқ, қувноқ ва бут…

Чувак ҳам тикканман, мол ҳам боққанман,
Кудуқ ҳам қазганман нақ ўн бир қулоч,
Зилол сувларида ювишарди соч,
Не-не қиз сочига лола таққанман.

Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,
Қўлимдан келмайди деган пеша кам.
Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам…
Ҳануз шеър ёзишни билмайман.

ЎЛАН АВЖЛАРИДА…

Ўлан авжларида гул очади дашт,
Ўлан авжларида замон уйғонур.
Ўлан авжларида дунё-дунё гашт,
Ўлан авжларида олам тўлғонур.

Ўлан авжларида туғилур суйгу,
Ўлан авжларида туғилур жужуқ.
Ўлансиз на ранг бор, на ёруғ туйғу,
Ҳаёт лабларига тошади учуқ…

ҚУНДУЗ
Сочма

Эсингдами, Қундуз! Салқин еллар сочларингни тўлқинлатиб эс-ган, қалбимизда суюнч ўсган бир кун?
Кўклам.
Қуёш табассумкор, то узоқларда яшариб кўринган қирлар жилодор, сен эсанг, маъсум қиз! – нималарнидир тўпловдинг, гуноҳлардан пок, ишсевар дўстим! – Эсингдами, ўрим-ўрим сочларинг-ла шафақдай юзингни қопловдинг…

* * *

Болалик..
Юракда қайғу кезса-да, юракни ўраган муҳитда бахтсизлик кезса-да, – ўйин севган болалик!
Туш пайти – барча кўланкага ошиқади, тол остларига оқади. Болалик мавж урган соф қалбимиз буйруғида биз сой бўйлаб кетдик. Узоқлашиб, ўйноқлашиб кетдик…
Сув бўйи…
Кўклам безаклари тўла сочилган сув бўйи…
– Қўчқор, ҳув… Қўчқ-оо-р!
Ёнингта бордим, сенинг билан кўклам чечаклари тердим, сенга бердим ва тарқоқ сочларингга чечаклар такдим, чечаклардек очилган юзингга суқ билан боқдим…
Эсингдами шу?
Эрта кўкламнинг шундай ёқимли кезларида армон ўрайди мени…
Омочлар судраган қирлар усти, бахтсизлик кезган далалар сийнаси кулиб турган пайтларда орзулар ўрайди мени!
Қетсаммикин?
Балки, Қундуз – маъсум Қундуз, тағин,барно бўлгандир… Кулар юз қиз бўлиб, тўлгандир…
Кетсамми?

* * *

– Қундуз!
Эсингдами, қирларда уйқули омочлар тентирарди – болаликда -биз ўйнаб юрган кунларда…
Бу кунларда ўт омочлар куйлайдиргандир-а?
Сочларинг елларда тарқалиб, кўзларинг ўйнайдиргандир-а?
Эсингдами, тўлқин сочган, бола қалбимизга сўнгсиз суюнч бағишлаган бир кун…

* * *

Эсингдами, Қундуз!

ОНАГИНАМ

Товонимга чақир тиканакдай ботгувчи — ғашлик,
Бедаво сизловиқдай сизлатгувчи — ғашлик.
Жигаримни қнймалаб аҳён-аҳён,
Чучварага чеккувчи — ғашлик.
Мени ўйлаб нотавон ва нимжон,
Ғашимга теккувчи — ғашлик.
Суякларимни сирқиратиб,
оч теватдай ғажигучи,
Кўзимга ёш тирқиратиб,
жиғилдонимда аччиқ бўзадай ачигувчи ғашлик…
Дунёга қайта келишимга кўзим етсайди,
Йигит ёшим тўлмай туриб,
Айрилиқ зайлида қоқ ёғочдай қуриб
Жон берган онамни кўришимга
кўзим етсайди,
Тиззасига бир нафас бош қўйишимга
кўзим етсайди,
Оналик меҳрига ўбдон тўйишимга
кўзим етсайди,
Оқ сутингни оқлай, дейишимга
кўзим етсайди,
Менда ғашлик нетарди?
Янтоқ ўтинидек,
Тамаки тутунидек,
Тонг пайтида таралган бадбахтлик тунидек —
Чексиз фазоларга тарқаб кетарди!
Онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Йигит ёшимгача бир челак сув келтириб
бермаган бўлсам,
Ё ташналигингда бир коса шарбат тўлдириб
бермаган бўлсам,
Ё нон ёпишинг учун,
Ҳатто бир йўла, бир кун
Саҳродан ўтин орқалаб келмаган болангман…
Оғзингдан сўз чиқмай, елмаган болангман..
Сенинг арзимас бир юмушингни адо этолмаганим,
Сенинг бир ишорангга юз ўмбалоқ ошиб кетолмаганим!
Сени жиндак хушвақт қилгани,
Сени жиндак хушбахт қилгани —
Тагсиз жарлардан ўтолмаганим,
Сени сўнгги йўлга ўзим узатолмаганим —
Тоғдай зил.
Абадиятдай чексиз армон бўлиб қолди дилимда,
онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Ҳа, одам санашар мени элимда.
Сенга қилолмаган хизматим,
Сен деб чеколмаган заҳматим —
Жиндак зеҳним, жиндак шеърим, жиндак ғазалхонлигим
Оналик меҳрига тўймаган меҳрим,
жиндак яхшилик ва ёмонлигим
Мени одам санаган элимга бахшида,
жафодийда онагинам!
Элга хизматим — сенга хизматим эмасми ахир,
Эл мени фарзандим демасми ахир!
Рози бўл, одам саналай менам…
Дунёга қайтиб келурман,
Лекин бошқа ўғил бўлиб…

1960

ШУДРИНГ

Тонг белги берганданоқ
Утиб осма кўприкдан,
Жар кетига чопардим —
Жар кети ўзга олам.

Тўлдириб чаноқ-чаноқ,
Гўё сутдек кўпикдан,
Тутгандек ғойиб қўллар —
Жилвагар кўзга олам.

Ғўза япроқларида
Кўкатларнинг баргида,
Чечакларнинг бағрида
Ялтирар лак-лак инжу.

Шўх сой қирғоқларида,
Ниҳоллар куртагида,
Сал эпкинда симобдай
Қалтирар лак-лак инжу.

Ялтирар суйри тепа,
Ялтирар қир узунчоқ,
Келинлар тақинчоғи,
Узук кўзларими ё.

Чор атроф сабзаларда
Жимир-жимир кўзмунчоқ,
Бўй-бўй дилраболарнинг
Сузук кўзларими ё?

Йўқ, бу гирён кўзларнинг
ярқироқ замзамаси.
Кечаси онам тағин
йиғлабди-да чамаси…

1965

СУРАТ
Лирик қисса

Ўлимлардан хатлаб…

На олтин, на жавоҳир эдим…
Армонли бир ёш шоир эдим.
Зуҳро бўлмасанг ҳам чиройда,
Мен ишқингда нақ Тоҳир эдим.
Тошлон ўлди, деган ким ахир?
Гулдай сўлди, деган ким ахир?
Ниҳот поймол қутлуг ишқ аҳди,
Бол бўлурми шунчалар тахир?
Барчинойдай кутганинг қани?
Зардобу қон ютганииг қани?
Умр йўлида то юмгунча кўз,
Бирга-бирга кетганинг қани?
Гуноҳим не?—Жангда бўлганим,
Қон кечганим, юз бор ўлганим.
Дийдорингни унутолмайин,
Ўлимлардан ҳатлаб кетганим…

Сурат, сурат!

Оч назарим тушар суратга…
Сурат, сурат! Нега сен тилсиз?
Термуламан суратда хатга…
Жангларда ёр эдинг-ку, о, қиз!
Сурат, сурат! Нега сен тилсиз?..
Кўзларимга боқасан қийғоч,
Куласану, кўзларингда ёш.
Ҳалқа-ҳалқа, тарқоқ сумбул соч,
Зап қийилган бир жуфт қалам қош
Куласану, кўзларингда ёш…
Эсингдами сўнгги бўсалар,
Сенга тоқат тилаганларим,
Юз очганда аёз бир сахар,
Хайр! — деб сочинг силаганларим,
Сенга тоқат тилаганларим?
Сурат, сурат! Нега сен тилсиз?
Сени асраб тўрт йил қўйнимда…
Топинардим, ўпардим… эсиз!
Эвоҳ, қандай зил юк бўйнимда,
Сени асраб тўрт йил қўйнимда…

Илк бағишловлардан…

I

Оқшом тушар… ўнгу сўлда
Оппоқ-оппоқ хирмонлар;
Тинмай ўтар катта йўлда
Хирмон юкли карвонлар.
Тўлиб кетар кўкка юлдуз…
Келинлар соч тарашур;
Сен ҳам ҳорғин, сочи қундуз,
Сенга ҳордиқ ярашур…
Кўз ташла оқшомнинг сўлим чоғига,
Кел сен ҳам Ойсулув,
Кел сен ҳам Ойсулув —
Сой қирғоғига…
Тун сочидан тутиб шўх ел
Тортар олис тоғларга.
Аста-аста таралур эл
Соя-салқин боғларга..
Қуйиб ўтди бемаҳал сел,
Кўк чароғон кечқурун;
Қўшиқ янграр: «Жононим, кел!—
Ойдин, ёруғ бўлар тун».
Кўз ташла оқшомнинг сўлим чоғига,
Кел сен ҳам Ойсулув,
Кел сен ҳам Ойсулув —
Сой қирғоғига…

II

Ўхшатма

Сен келгин тонг чоғида,
Сен келгин нақ тонг мисол,
Тонг болқиб ёноғингда,
Кўзларим ўйната ол!..
Сен кел туш пайтида ҳам,
Дарёда эпкин мисол;
Сочларим тўзғит бир дам,
Дилни ҳам қўзғата ол!
Сен келгин оқшом, майли,
Оқшом қўшиғи мисол;
Гўё саҳнада Лайли,
Завқимни уйғота ол!
Сен келгин ойдин тунда,
Албатта кел ой мисол;
Қучоғимга афсундай,
Тўлин ойдай тўла қол…

III

Дилим ранжитса ҳам дўқу дағдаға,
Боғимда бу оқшом жонон ўйнасин.
Гулдай чиройидан бўлай садаға,
Очилиб-сочилиб, чунон ўйнасин.
Жўр бўлсин булбуллар чалган торимга,
Қўшиқлар куйлайин вафодоримга,
Суқланай Ойсулув отли ёримга,
Шўх оҳудан айлаб жавлон ўйнасин.

Хипча белга боғлаб яшил ранг камар,
Гуллар-чечаклардан тақсин гулчамбар,
Тенги кам ўйинчи, тенги кам дилбар,
Томошага келиб, осмон ўйнасин.

Товусдай товлангин, эй қоши камон,
Висол чаманида бўлайлик омон;
Айрилиқ ғуссаси ўлимдан ёмон…
Қолмайин заррача армон ўйнасин.

IV

Қўшиқлар тўқисам — нўноқ бўлмаса,
Сендан ўзга дилга қўноқ бўлмаса!
Куйласам туну кун сулувларингни,
Куйлаш мумкинми дил қайноқ бўлмаса?
Кўнглим ўксинади, кўнглим синади
Кўнглим билан кўнглинг иноқ бўлмаса!
Кўнглим ўксинади учрашганимда
Ойсулувжон шўху қувноқ бўлмаса!

Сенинг ҳар мақоминг…

Яна толпинишинг кўрдим саҳнада…
Сенинг ҳар мақоминг — нечоғлиқ таниш!
У кез учратардим сени панада,
Дилда ёниш борди, ёниш ва ёниш.

Кейин, тоқатлар-тоқ, кутардик висол,
Кейин мангуликка беришдик ваъда.
Кейин, қучоғимга тўлдинг бахт мисол —
Иннайкин… иннайкин… мен бўлдим дада.

Иннайкин, айрилиқ жафо тошини
Бизнинг пешонага урди аёвсиз.
Иннайкин, йироқда қалам қошлимни —
Соғиндим, соғиндим, соғиндим… Эсиз!

Эсиз, аёз тунлар, уйқусиз тунлар!..
Жанг ва бурч… Ёр ҳажри… Қатма-қат жафо.
Наҳот, мен сени деб бўлдим тутунлар?
Наҳот, шундоқ дилбар бебурд, бевафо?

Яна толпинишинг кўрдим саҳнада…
Сенинг ҳар мақоминг менга ошино.
Ҳозир мен кўрмасам сени панада,
Шукурлар қиламан минг марта, инон!

Икки дард

Тушларимда дуч келганда ҳам
Шўхлигингни асло қўймайсан.
Дам қаҳ-қаҳу, дам кўзингда нам,
Бу кулфатдан нечун тўймайсан!
Ҳам нафратим, ҳам аянчим бор,
Юрак — икки дардга мубтало.
Ғамзалар… оҳ бекор-ку, бекор…
Қайта оғир бўлди бу бало!
(Кўрмай десам, кўзим кўр эмас,
Юрмай десам, оёғим бутун.
Аммо юрак ортиқ жўр эмас,
Хаёлларда бўламан тутун.
Туғилмаган бўлсайдим, кошки,
Бўлур эдинг бахтли, эҳтимол.
Эринг билан, майли, ярашки,
Эринг ахир… Увол-ку, увол!

Хат…

Хатинг, жонон, обдан бетаъсир,
Узилган ип нечук боғланур?
Ўзинг ахир, сақлаяпсан сир,
Ўз айбингдан қалбинг доғланур.
Мунча узун, мунча оҳу воҳ,
Пушаймонга қолдими ўрин
Агар сенда бўлмаса гуноҳ,
Билдирмадинг нега сал бурун?
Базмларнинг гули бўлганинг —
Ёлғон бўлса, боқ-чи кўзимга.
Мақтовларнинг қули бўлганинг —
Ёлғон бўлса айт-чн ўзимга!
Қани улар? Сохта муҳаббат?..
Нега фаҳминг етмайди аввал?
Соғинишга қолдимми фақат?
Дунё иши шундоқ… Галма-гал…

Тақиллатсам…

Кичик уйда ўчмаган чироқ,
Биламанки, сен ҳали уйғоқ,
Паришонсан, хаёллар тарқоқ,
Тун яримдан анча ўтган чоқ,
Биламанки, сен ҳали уйғоқ.
Биламанки, ўқийсан китоб,
Шеърим сени этади кабоб.
Оҳ чекасан, битар тоқат-тоб,
Биламанки, ёд бўлган бир боб,
Шеърим сени этади кабоб.
Юрагингда уйғонур у соз,
Тақиллатсам берасан овоз,
Хаёлингда қишинг бўлур ёз,
Аммо, қайтиб кетаман… Аёз…
Тақиллатсам, берасан овоз.
Биламанки, чиқмас кўнглингдан,
Не ёмонлик кўрдинг сен мендан?
Шу важданки ҳар кун синглимдан —
Сўроқлайсан аҳволимни сан…
Не ёмонлик кўрдинг сен мендан?..

Бугун йўлда…

Бугун йўлда дуч келганингда,
Нега бирдан тўхтадинг, жонон?
Эринг келар эди ёнингда,
Сал қолдики чақирсанг: «Тошлон!»
Мен панага олдим ўзимни,
Сен йўлингга тушдинг ҳайтовур.
Кўрмаганга солдим ўзимни,
Жанжал бўлур албатта бир қур.
Шўрлик Тошлон, бечора Тошлон!
Ғамдийда, ҳей кўзларим, ёшлан!..

Амон!..

Худди шундай эрта баҳорда
Учрашгандик икков кечқурун.
Айрилгандик эрта саҳарда,
Ҳали иссиқ кўринур ўрин…
Ҳамон ўша чинор — ям-яшил,
Дарё бўйи — зумрад соябон…
Безовта бўлди-ку андак дил,
Амон, хаёл! Амон, ал-амон!..

Болажон

Эй… Кўзларинг мунча ҳам қийиқ,
Мунча қийиқ, мунча бетийиқ,
Киприкларинг мунча ҳам қуюқ,
Ўғлимга ўхшайсан, болажон!
Билмас ҳатто яқин ҳамхонанг,
Очармиди юрагин онанг?
Мен-чи… Мен-чи… Мен-чи, бегонанг…
Ўғлимга ўхшайсан, болажон!

Ҳафтада, ойда…

Амаки де, хафа бўлмайман,
Ота дема, юз берур бало.
Ҳафтада кел, майли, ўлмайман.
Фаҳм этарсан ахир бир йўла.
Ҳафтада кел, майли, ойда кел,
Амаки де, ака де, майли…
Аммо қолмай албат майда кел,
Узоқмас-ку, ҳозир Кегайли!..

Эртак…

… Қиссамизни ёйма оламга,
Юрагимиз бўлсин жим макон.
Эртак каби сўйла боламга,
Маълум бўлсин унга бу достон…
Муҳаббатнинг гавҳар донасин —
Ўғирлатган тентаклар, десин.
Ҳар кун, ҳар кун қистаб онасин:
— Эртак, эртак, эртаклар!—десин!

Барини унут!

Яна баҳор, шовиллар анҳор,
Бошларингда нега йўқ чамбар?
Яна боғда кезасан танҳо,
Тўлиб-тўлиб йиғлайсан магар.
Бошларингда нега йўқ чамбар?
Гул юзингда ғам кўланкаси,
Сўзладингми сувга тушингни?
Адашганлик бўлди ҳаммаси,
Ялтироқ ранг олди ҳушингни?
Сўзладингми сувга тушингни?
Нега кўзинг безовта, бетинч,
Боқишларинг бу қадар мунгли?
Барин унут, пушаймонинг кеч,
Оғримасин янги ёр кўнгли…
Боқишларинг бу қадар мунгли?
Балки, эсга тушди май туни,
Табиатнинг тўлин ой туни,
Муҳаббатга жойли-жой туни,
Вафоларга мўл ва бой туни.
Табиатнинг тўлин ой туни…
Балки эсда у илк муҳаббат,
Муҳаббатга қанот бўлган хат?
Мармар тошга ўйилган каби,
Кўз олдингдан кетмас у фурсат
Муҳаббатга қанот бўлган хат…

Ёр дегунча…

Ойлар, йиллар қийнади жафонг,
Жон аядинг, бўлмади вафонг.
Ёр дегунча, дўст атагунча,
Десанг яхши: «Айлансин онанг…»
Опа дейман, ёр атамайман;
Ҳайҳот!.. Опа, аяга бойман,
Мурдор экан юрак нақадар,
Баъзан танҳо аччиқ йиғлайман.

Дилда қолди…

Қайдан чиқди бу бало сурат,
Балоларга мубтало сурат,
Хотиримга тушди йигитлик,
Кайфим олди аждаҳо сурат…
Дудоқлари ярқироқ лаъли,
Пари десам ярашур, бали.
Шаҳло кўзлар, қасди жон кўзлар,
Ёнармисан шу хилда ҳали?
Сўлди бутун ишқим боғлари,
Йигитликнинг баҳор чоғлари.
Сен ёнасан, мен ўртанаман,
Дилда қолди ҳижрон доғлари…

Сен дилдорсан унга ноилож,
Суюк ёрсан унга ноилож…
Икки йиллик ширин умрдан —
Қолдикми шу кунга ноилож?

Фақат!

Нега кўнглим, бўлдинг бетоқат?
Тинчлан, дедим сенга неча қат.
Сўнармиди ғусса оташи —
Ёзган билан менга баъзан хат?
У — ёшликни соғинар фақат,
Эсдаликлар жон қийнар фақат.
Ёшликдаги муҳаббат ўчмас,
Ажал келса, у тинар фақат…

Яна сурат…

Сийнанг тоза оқ мармар каби,
Мармар эмас, юмшоқ пар каби.
Мармар совуқ аммо бу сийна —
Дўзах каби, йўқ, баттар каби…
Сийнанг шундоқ… Юрагинг-чи, тош
Кўзларинг-чи, беаёв — бебош.
Шаҳло эмиш… Шаҳло нимаси?
Оҳ, у кўзлар бир парча қуёш.
Тасвирингга нўноқман, ночор…
Менга қолди сурат ёдгор…
Ўхшашингни тополмайман ҳеч,
Бу малоҳат фақат сенда бор.
Ҳаммасидан — кулишинг яхши.
Дилкаш, мунис туришинг яхши.
Кўкрагимга бошингни қўйиб,
Таслим бўлиб туришинг яхши.

1956—57, Қорақалпоғистон.