Мансур Юнус (1982)

Мансур Юнус 1982 йили Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган.
2005-2010 йилларда “Ниҳол” (бош муҳарир), “Олтин қалам” (масъул котиб), “Мувозанат” (бош муҳаррир), “Шарқ зиёси” (бўлим муҳаррири), “Медиа плюс” (бош муҳаррир ўринбосари) гзеталарида, “Муҳаммад Юсуф” фондида директор ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси Олмазор туман Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси вазифаларида ишлаган.
2010 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини Халқаро муносабатлар магистри даражасида тамомлаган.
Ҳозирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида гуруҳ раҳбари лавозимида фаолият олиб бормоқда.

ВАТАН БУ

Ўзбек элим мақбаралар савлатинг,
Қадим мерос мадрасалар давлатинг,
Завол билмас мангу буюк санъатинг,
Темурийлар даврон сурган Ватан бу!

Ҳисор тоғларидан баланд бардошинг,
Сурхон сойларида оққан кўз ёшинг,
Катта карвон бугун улуғ юртбошинг,
Навоийлар макон қилган Ватан бу!

Улуғбекни посбон қилган юлдузлар,
Синолардан дармон топган кўр кўзлар,
Мусофирдир, юзлаб ўғлонин излар,
Бобурларга армон бўлган Ватан бу!

Билсанг Ватан, ҳар бир қалбда саждагоҳ,
Қўшиғимсан, куйларимга бўл ҳамроҳ,
Ўзбек элим сени асрасин Аллоҳ,
Тангрим назар солган улуғ Ватан бу!

СОҒИНДИМ

Дунёда энг содда, меҳрибон,
Ҳар қилган дуоси бир осмон.
Сиздек меҳрибон йўқ, онажон,
Мен ширин аллангиз соғиндим.

Сочингизда оқ тола – дардларим,
Юзингизда ажинлар – шартларим.
Дунёда бойлигим, ҳам зарим,
Онажон меҳрингиз соғиндим.

Сиз эккан райҳонни бўйладим,
Атрига ҳеч қачон тўймадим.
Куйласам, сиз учун куйладим,
Мен ширин сўзингиз соғиндим.

Ҳар босган изингиз муқаддас,
Дуогўй сўзингиз муқаддас.
Пойингизда бўлолсам, оддий хас,
Меҳрли юзингиз соғиндим.

Ҳар тонг қўлларим дуога,
Илтижолар қилгум Худога.
Онам кўп яшасин дунёда,
Мен фақат ўзингиз соғиндим.

МАНГУ ЛАҲЗАЛАР

Ўткинчи эрур олис орзулар,
Ўткинчи ёшлик, шодон – кулгулар.
У фақат дунёда мангу яшайди,
Қалбингда ин қурган мўнис туйғулар.

Бу фоний оламда дийдор ғанимат,
Ҳар инсон ўткинчи, ўлим ҳақиқат.
Яхшилик дунёда мангу яшайди,
Яхши ном қолгуси инсондан фақат.

Ўтади йиллар, ўтади йўллар,
Осмонга узатсанг етмайди қўллар.
Она ер барчага очар қучоғин,
Умр карвонимиз тўхтаган кунлар.

Ўткинчи эрур гўзал фасллар,
Осмонга бўйлаган давлат, қасрлар.
Саждага бошинг эг ҳамиша Мансур,
Дунёни гўзаллик, дуо қутқарар.


БАҲОР ФАСЛИ КEЛГАНДА

Табиат – соҳибжамол,
Майин эсади шамол,
Япроқ ёзар мажнунтол,
Баҳор фасли келганда.

Таъзим қилади тоғлар,
Осмон, қуёш ва боғлар,
Тўлиб оқар дарёлар,
Баҳор фасли келганда.

Гуллайди дарахт қийғоч,
Келтирар шодлик, қувонч,
Куйлаб қўшиқ қалдирғоч,
Баҳор фасли келганда.

Парвоз қилар турналар,
Қуёш кўкдан сочар зар,
Энтикади ёш қалблар,
Баҳор фасли келганда.

ЎЗБEГИМ ТЎЙЛАРИ

Ўзбек йигит мард, қизи хушруй бўлади,
Икки қалбнинг муҳаббати куй бўлади,
Насиб этса, бир кун келиб тўй бўлади,
Тўйнинг гашти қалблардан ҳеч кетмайди,
Ўзбегимнинг тўйларига етмайди.

Ўн саккизга кирган қиз бўй бўлади,
Ҳар инсон ният қилиб тўй қилади,
Севишганлар бахтидан пок уй қуради,
Ўзбек қизи номардга қўл тутмайди,
Ўзбегимнинг тўйларига етмайди.

Гўзал воҳа, водийининг алёри бор,
Момолари тўйда айтар ёр-ёри бор,
Боболардан меърос қолган тумори бор,
Ўзбек йигит ваъдасин унутмайди,
Ўзбегимнинг тўйларига етмайди.

Самарқанднинг ширин нони, ҳолвалари,
Хоразмнинг оши, Кешнинг хурмолари,
Тошкентимнинг қази, Чустнинг олмалари,
Татиб кўринг, таъми тилдан кетмайди,
Ўзбегимнинг тўйларига етмайди.

Қалби бутун, дастурхони тўкин элим,
Меҳнатсевар, ёши-қари билмас тиним,
Бош эгиб, хизматига шай турай ўзим,
Тўйлари ҳеч шўх ялласиз ўтмайди,
Ўзбегимнинг тўйларига етмайди.

МУҲАББАТ

Юракни оловдек куйдирар,
Ўзгани ўзингдек суйдирар,
Армонни пичоқсиз сўйдирар,
Қалбингда бор бўлса муҳаббат.

Тошда ҳам майсани ундирар,
Сабрга, тоқатга кўндирар,
Гъазабни диллардан сўндирар,
Қалбингда бор бўлса муҳаббат.

Минг йиллик аразни ўлдирар,
Дилларни соғинчга тўлдирар,
Ҳар куни йиғлатиб, кулдирар,
Қалбингда бор бўлса муҳаббат.

АРМОН

Ғариб дунё ишларинг ғалат,
Кимга шодлик, кимга армонсан.
Кимга чимдим лойинг ғанимат,
Шу ғурбатда доим омонсан.

Қучоғингда бир олам туйғу,
Кўнгли ярим, етим-эсирлар.
Кимнинг дарди, ҳаёти кулгу,
Ёлғон бари, сохта бу диллар.

Қайда ўзи ростинг эй дунё,
Уммондами ёки осмонда.
Мақтовингга учдимми гўё,
Макринг яшар дориломонда.

Ўткинчи бу орзуларинг-чун,
Шартми қуллуқ, шахсга сиғиниш.
Кўз ёшимга арзирмидинг сен,
Ёш бошимга солсангда ташвиш.

Нобакорнинг ҳийласи ёмон,
Ортингдан жим қилишар ғийбат.
Бу ўткинчи дунёда ҳамон,
Мангу яшар оддий ҳақиқат.

ЙИГИТЛАР

Қиз боланинг нозлари бўй еткунча,
Эркалиги, кўз ёшлари тўй ўткунча,
Ишонади рости ёлғонга еткунча,
Севгисини савдо қилманг мард йигитлар.

У биргина ширин сўзга гадо бўлур,
Савлатгамас, меҳрингизга шайдо бўлур,
Кулфат солманг ёш бошига ғавғо бўлур,
Меҳрингизни дариғ тутманг мард йигитлар.

Қизи бор уй файзи бўлак кошонадур,
Ориятли, ризқи улуғ остонадур,
Ранжитсангиз гар дилини вайронадур,
Бутун қалбин ярим қилманг мард йигитлар.

Ҳар ошиқнинг бахтини Худо берсин,
Чин севгининг ишончи вафо бўлсин,
Бешиклар Фарходу, Ширинларга тўлсин,
Йигит Пирим сизга ҳамроҳ мард йигитлар.

Эр йигитлар унутмас ўз аёлини,
Сақлар доим, ор-номусу, хаёлини,
Олмас меҳр-муҳаббатнинг уволини,
Ўз ёрига садоқатли мард йигитлар.

ҚАШҚАДАРЁ-ОНАЖОН

Сенсан буюк Ватаним,
Гуллар ичра чаманим.
Мангу маво баҳорим,
Қашқадарё – онажон.

Ўғлонларинг полвондир,
Алпомишдек қалқондир.
Тарихда у султондир,
Қашқадарё – онажон.

Амир Темур Ватани,
Насафийлар маскани.
Ҳур ўзбегим гулшани,
Қашқадарё – онажон.

Мақбаралар сенга шон,
Чексиз бойликларга кон.
Ўзлигинг элга достон,
Қашқадарё – онажон.

Шўх қизлари чевардир,
Ва тенгги йўқ гўзалдир.
Сенга ўқийди такбир,
Қашқадарё – онажон.

ЁРИМ МАНИ

Ул ёрни шайдосиман,
Парвона жоним мани.
Ишқида адосиман,
Куйдирди золим мани.

Боғида булбул бўлдим,
Куй бўлди оҳим мани.
Ул ёр бевафо экан,
Бечора ҳолим мани.

Нетай ёр сани севдим,
Надир гуноҳим мани.
Армонни қўлин тутдим,
Асра Аллоҳим мани.

Асра эй пок муҳаббат,
Йўқдир озорим мани.
Бу беш кунлик дунёда,
Садпора ҳолим мани.

ИШҚ ҚАСРИ

Ишқ қасри битмас осон,
Чин ошиқ бўлмагунча.
Азобида қолар жон
Ошиқ қалб тўймагунча.

Севганинг севмас экан,
Давлатинг бўлмагунча.
Бевафо куймас экан
Севишни билмагунча.

Бевафодан бўл йироқ,
Аллоҳни севмагунча.
Дуога бўлгин муштоқ
Паймонанг тўлмагунча.

Бу дунё бир азобдир,
Нафсингни тиймагунча.
Нокас ҳоли харобдир
Чин инсон бўлмагунча.

Ўзгани билмас нодон,
Ўзлигин билмагунча.
Омади кулмас ҳамон
Тақдири кулмагунча.

ДИЙДОР ШИРИН

(Ҳамқишлоғим, марҳум Шерзодбекка)

Бевақт ажал шафқатни билмас экан,
Қаро ер одамга ҳеч тўймас экан.
Бу омонатда дунёда дийдор ширин,
Замондошим ёш жонинг билмас экан.

Кўчаларни тўлдириб юрган эдинг,
Кенг дунёда бир сенга жой йўқмиди.
Эндигина балоғатга тўлган эдинг,
Дўстлар йиғлаб, душман кўнгли тўлдими.

Ёлғон бари, мен бунга ишонмадим,
Кўкрак кериб, гоҳо кулиб юргандайсан.
Омонат жон хасталигин ичга ютиб,
Бу дунёдан шунчаки юз бургандайсан.

СEН КEТАСАН

Сен кетасан…
Ортингдан термулиб кўзларим толар,
Хаёлим ўзига сўйлайди эртак.
Бўғзимда тиқилиб сўзларим қолар,
Унга олиб бор деб йиғлайди юрак.

Сен кетасан…
Сочларинг тўзғитиб, ҳиссиз, паришон,
Бахтимга энг сўннги нуқтани қўйиб.
Биламан,сен мени севаман ҳамон,
Лекин болаликка қўясан йўйиб.

Сен кетасан…
Ортингдан бир бора қиё боқмасдан,
Армондан қўлимга тутқазиб қалам.
Кимнидир севарсан ёқиб, ёқмасдан,
Балки бахт топарсан, балки изтироб.

Сен кетасан…
Юрагим аввалдек урмайди энди,
Қўлларим бўғзимдан тутиб олади.
Мендан ёдгор бўлиб ёруғ дунёда,
Қуёшсиз бўзарган уфқим қолади.

БОЛАСИНИ ТАШЛАБ КEТГАНЛАР

Тунлари қийналиб чиқар,
Гуноҳлари юрагин сиқар,
Паймонаси тўлар шу маҳал,
Боласини ташлаб кетганлар.

Кўзлари нам, юраклари қон,
Дилига ғам, беҳаловат жон,
Дўзах билан бўлар ёнма-ён,
Боласини ташлаб кетганлар.

Муҳаббатни ўйин билдилар,
Дилбандини ҳазар қилдилар,
Гўдак қадрин кейин билдилар,
Боласини ташлаб кетганлар.

Яратганнинг қарғиши ёмон,
Тош юраклар топмайди дармон,
Вужудини кемирар армон,
Боласини ташлаб кетганлар.

Онасиз болалар бўлмасин,
Меҳрга интизор бўлмасин,
Охират азобин ўйласин,
Боласини ташлаб кетганлар.