Жаббор Эшонқул 1966 йилда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида таваллуд топган. «Фольклор: образ ва талқин», «Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини» китобларининг муаллифи. Филология фанлари доктори. Шеърий туркумлари бир қатор матбуот ва тўпламларда нашр этилган.
* * *
Сочилиб кетади товушлар
ҳадя этади тусини олма
япроқдай тўкилар соғинчлар
шабнамдай киприкда ҳаяжон қапқир
бағрига чорлайди бир осмон
умрим тушларга очилар
кўксимга ёғилар томчилар
мусиқа оқади томирларимда
ғунчалар очилар хаёлларимда
муҳаббат илдизи кўксимга ботар
улғайиб бормоқда умиднинг гули
тонг энди менинг кўксимда отар
* * *
1
хотирамга ёпирилиб кирмоқда туман
фикримга санчилар қопқора еллар
яланг тавонимда муз қотган Ватан
2
сукут алангаси ўрлар ҳавога
қуёш ҳам қораяр тоботош мисол
руҳни асир этар иблис навога
3
кўзим энди менинг кўмилмас қабр
қон эмас томиримда оқаётир муз
тўниб бораётир халоскор товуш
4
кўнгил дарчасида зулмат қушчаси
не деб сайраётир титкилаб энди
кўксимда қуёшнинг совуқ кулини
5
дилим япроқлари тўкилиб бўлди
гул бўлиб очилган ғунчалар эмас
новдага санчилган музнинг парчаси
6
эй кўҳна Осиё, эй кўҳна қайғу
кипригимга осилган тошларнинг юки
сенинг йиғинг мени бормоқда эзиб
* * *
тобора яқиндир мен кутган товуш.
тобора мавҳумдир мен тутган қалам
хиралашиб борар кўзгу тобора
тобора сукутга айланар мазмун
товушлар йўлаги тобора узун
тобора қисқарар бу битик афсун
тобора мавҳумдир бу мавҳум фасл
йўқлик сингиб борар қонга тобора
тобора улғаяр кўксимдаги чоҳ
унутилиб борар муқаддас васл
* * *
1
тун капалак қўнди кўксимга
ва кўксимда очилди бир гул
гул ифори келди ёдимга
ва ёдимга айланди буткул
буткул энди чеҳрангдайин ой
ва ойдайин чеҳранг ахтариб
изларингни қучади ғубор
изларингни қучган ғуборлар
хаёлимни келаркан босиб
мен ўзимдан кетдим уялиб
2
Севмоқ недир
билмасман асло
кўзларингга тикилганча жим
айролиқни ўйлайвераман
севмоқ недир
йўқ йўқ билмасман
ўртар экан ҳижрон юракни
кўзларингни кўзим соғинар
3
кўлмак кўкдан йиқилган юлдуз —
сен унутиб қолдирган ойна —
чил-чил синди ўрикнинг гули —
шамолларга тўкилганида
кўкда булут олис хотира —
кузда кетиб қолган қизнинг рўмоли
ёдга солар яна ёмғирли кунни
наҳот соғингандим баҳормас кузни
* * *
1
йўлсизликнинг йўлдоши бўлмас
манзил бўлмай бўлмайди йўл ҳам
энди ортга қайтиб ҳам бўлмас
гулдай сўлиб боради қуёш
бир сиқим ой боради синиб
пешонамга тегар қора тош
бу рўёми бу тушми билмам
адашган руҳ беради таскин
вужудимни ювар аччиқ ёш
синган кўзгу сочилиб ётар
ҳолсиз кундан мен не кутаман
йиқиламан қоп-қора тунга
2
адашдимми йўл адашдими
билолмадим тун қора қарға
тинмайин юрагим ғажинар
тун кўзимга киради оқиб
тобора қонимга сингар бу зулмат
яна сўна бошлар руҳим юлдузи
тазарруга шайланар дилим
илтижони айтиб улгурмай
уфқда кўринар дорнинг сиртмоги
* * *
менга таскин эмас менга сўз керак
тураркан соядек чайқалиб зеро
хотиротнинг ғариб маскани
менга таскин эмас менга сўз керак
ханжардай кескирмас гул каби оддий
қуёшдай улуғвор хаёлдай мағрур
менга таскин эмас менга сўз керак
бу совуқ фаслдан йўқкан омонлик
ҳали хаста экан бу заиф юрак
менга таскин эмас менга сўз керак
шамоллар пойига йиқилса сабр
хазондай тўкипса бу азал қўрғон
асрлардан буён бу ташна қабр
халоскор бир сўзни кутаркан интиқ
менга таскин эмас менга сўз керак
* * *
Қулаб тушган юлдуздай
чинорнинг япроқлари
сув юзида жимгина
қалқиб
қалқиб оқади
бўзрайган кунлар ҳам
қораяди кунма-кун
тўп-тўп булутлар кўкда
чақинларин чақади
тийрамоҳ изғирини
олиб келар қайғуни
ва ювар куз ёмғири
кўкламги хаёлларни
* * *
кетишингни истамасдим ҳеч
вақт эса кеч
нигоҳингда акс этдими ой
ойда аксландими ёхуд нигоҳинг
билолмадим ва лек
ёрур эди негадир бу тун
тундан ёрур эди хаёлинг
асир эди бизга юлдузлар
юлдузларнинг асири бизлар
тун қўйнига борардик сингиб
тун гул эди сенга аталган
ғунчалари борарди яшнаб
кўзларингдан ичар экан сув
сувдек оқиб борарди тун ҳам
бир-бир чўкиб аста юлдузлар
ёришарди нигоҳингда тонг
юксаларди кўксимда қуёш