1974 йилда туғилган. Самарқанд Давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирган. Айни пайтда, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида ҳуқуқшунос вазифасида ишламоқда.
САМАРҚАНДИМ
Эй Самарқандим,
Эй қадим шаҳрим.
Беҳишт билан ораси
Бир одим шаҳрим.
Ҳофиз айтганидек,
Сайқали заминсан.
Бағрингдан сочилгай
Мудом нур, зиё.
Абад фахр қилсин
Сен билан дунё,
Бебаҳо шаҳрим.
Ҳар тонг ўзин урар
Бағрингга қуёш.
Ҳар кеча малаклар
Сен билан сирдош,
Авлиё шаҳрим.
Пойингда мавжланар
Олтин, зар эҳёси —
Зарафшон дарёси.
Бағрингдан эсар
Шарқ шаббодаси,
Қадрдон шаҳрим.
Европани кездим,
Хорижда бўлдим.
Меҳрингни олисдан
Теранроқ сездим,
Дурдона шаҳрим.
Олам ичра тенгсиз
Бир дона шаҳрим,
Эй Самарқандим!..
ВАСЛИНГ
У бир наво, тузиб бўлмас,
У бир дарё, сузиб бўлмас,
У бир саҳро, кезиб бўлмас,
Лекин умид узиб бўлмас.
Недур васлинг, оташму ул,
Синовларга бардошму ул,
Ҳижронларга йўлдошму ул,
Лекин умид узиб бўлмас.
Висолингни ўйлайман мен,
Юрагимни куйлайман мен,
Дил изҳорим сўйлайман мен,
Сендан умид узиб бўлмас…
ТАБИАТ
Забон ато этди гўзал табиат,
Ажиб тил ўргатди дарахтлар сўзсиз.
Бағрига талпиниб бормайин қай вақт
Таскин бера олди ҳеч бир овозсиз.
Ҳар фасли менга кўп ташбеҳ ўргатди,
Ватанга фидойи эканин кўп бор
Кузда у ялангтўш бўлиб кўрсатди,
Ўргатди яшашни кенг ва беғубор.
Уқтирди оламни сўзсиз англашни,
Гиёҳлар шивирин сокин тинглашни.
Кўрсатди баҳор, ёз, куз ва қишида,
Рангларнинг минг турли товланишини.
Шоир этди мени гўзал табиат,
Ўргатди, англатди бари-барини.
Кўрсатди у азиз ғубор, чангларни,
Қандай кутмоқ лозим оппоқ тонгларни.
КУЗ
Гулзорни тарк айлаган
Булбул,
Япроғидан айрилган
Бир гул,
Бешафқат бу хазон сипоҳи,
Боғлар аро япроқлар оҳи.
Узумзорлар —
Шикаста кўнгил.
Қари ялпиз —
Дилхаста сингил.
Вақт қасрида
Мезон шамоли.
Ҳамма ёқ тинч,
Хилват ва холи.
Ун тортар бир тегирмон —
Вақт
Ҳосилини қилар сарҳисоб.
ЛАҲЗАЛАР
Одимлайсан
Жуда ҳам енгил,
Аммо тезкор қадамларингдан
Ларзага келмоқда
Титраб бу кўнгил.
Ўнгимда ҳам, тушимда ҳам
Пешонамдан ўтиб қайтасан.
Қара, пешонамга
Ботган қатор-қатор
Изинг бор, эй вақт.
Асли мен ўткинчи,
Сен-да бетоқат…
ДИЛДАН СЕВСАНГ…
Соғинган кўз, интизор юрак,
Йўлларингга муштоқман гарчи…
Соғинчларни бардошга ўраб,
Ҳижронлардан ўргум арғамчи.
Ҳа, бу шундай ишқий бир ҳолдир,
Ахир қайноқ юракнинг ўзи.
Дилдан севсанг, нурли из қолдир,
Ёруғ бўлсин севгининг юзи.
ҲИКМАТ
Бобом айтган афсонага
Ўхшайсан, дунё.
Момом айтган ривоятнинг
Ўзисан гўё.
Эшикларинг очилиб
Ёпилган чоғи
Гоҳо тонг отади,
Гоҳ тун — зим-зиё…
ОППОҚ ТОНГ
Оппоқ тонг,
севаман сени қанчалар!
Қаро тун пардасин йиртганинг каби,
ҳаёт юзларига ёпишган доғни
сидириб ташлайсан
ҳар саҳар.
Оппоқ тонг,
севаман сени қанчалар!
Қизил қонга ботиб,
ўзин маҳв этмоқчи
бўлаётган дунёни
нурли уфқларга бошлайсан
ҳар саҳар.
Оппоқ тонг,
меҳрингни сезиб,
олқишлаб кутиб олишар
саҳархез қушчалар.
Сени деб юз очар,
миллион хил ғунчалар,
ҳар саҳар.
Оппоқ тонг, гўзалсан бунчалар,
мен сенга муштоқман бир умр,
борлиқ ҳам сендан умидвор
ҳар саҳар…
ОНА СЎЗИ
Табиат сўзига қўшамиз кўпроқ,
Унинг азизлигин англатмоқ учун.
Бу сўз оҳанггидан титрайди мудроқ,
Ҳар сўзнинг англатар мубораклигин.
Шу сўзни эъзозлаб яшайди башар,
Унга интиқ яшар ҳар бир тирик жон.
Шул сабаб, янада муқаддаслашар
Она сўзи қўшиб айтилса Ватан!
Бахтли яшаяпман, ишон, онажон!
Кимни ҳам аярди замон шиддати,
Мудом алдамчилик дунё одати,
Аммо азиз эрур умр бисоти,
Бахтли яшаяпман, ишон, онажон!
Қайғурма: “Боламнинг шошган пайти!” деб
Куйинма: “Соддадил болам қайтди!” деб,
Ҳар лаҳза ўзимни ўзим овутиб,
Бахтли яшаяпман, ишон, онажон!
Шукр, юпанчим бор – қора кўзларим,
Дилимни яйратар ширин сўзларим,
Ўтиб кетар бўлсам, қолар изларим,
Бахтли яшаяпман, ишон, онажон!
Аслида, ҳаётда ким бор беташвиш,
Ўзингни англамоқ савоб, улуғ иш,
Уйғоқ қалбга завқдир риёзат чекиш,
Бахтли яшаяпман, ишон, онажон!
Гарчи, кўнгил ичра дарду ғамлар бор,
Уни маҳв этгувчи куй-оҳанглар бор,
Мени кутаётган оппоқ тонглар бор,
Бахтли яшаяпман, ишон, онажон!
Сўзи Икромингни азиз айлайди,
Бир кун сўзиники, олам тинглайди,
Бир инсон яшолса, шундай яшайди,
Бахтли яшаяпман, ишон, онажон!
* * *
Бобом айтган афсонага
ўхшайсан дунё,
Момом айтган ривоятнинг
ўзисан гўё.
Эшикларинг очилиб –
ёпилган чоғи,
Гоҳи тонг отади,
гоҳ тун зим-зиё…
* * *
Кўзнинг кўргани ҳам баъзида сароб,
Мудом нур истайди кўнгилнинг ўзи.
Маккора дунёнинг юзида ниқоб,
Ҳамон бизга сирдир ҳақиқий юзи.
* * *
Лаҳзанинг парвози асрга дохил,
Менинг бардошларим сабрга дохил.
Бу уммон ичра сен талпинма ҳар ён,
Ахир, барчамизга фақат бир соҳил.
ТУН
Эсаётир майин шаббода,
Сайрамоқда тун чигирткаси.
Мен кезаман хаёлий боғда,
Қучоғимда кўнгил эркаси.
Япроқларнинг секин шивири,
Порлоқ юлдуз ҳамроҳдир менга.
Кўзларимда умид сурури,
Тонг – гўзал қиз муштоқман сенга.