Ҳулкар Ғаффорова 1985 йилда туғилган. Навоий Давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатган. Шеърлари “Истиқлол чечаклари” жамоавий тўпламида, вилоят, республика нашрларида эълон қилинган.
* * *
Юртим узра ажиб манзара –
Гувранади олтин далалар.
Елпинади терак барглари,
Ёз шамоли юртни аллалар.
Чўмилтирар қайноқ тафтида,
Кун юзидан қуйилади тер.
Яшаяпмиз куннинг тафтида,
Шамолларим қўшиқ айтадир.
* * *
Руҳимда сезилар бир титроқ,
Бир чарчоқ сезаман танамда.
Аслида, онангдек яқинроқ
Бир инсон бормикан оламда?
Яшашга ундайди бу ҳаёт,
Қувончим акс этар боламда.
Чидашга мажбурман, оҳ, наҳот,
Соғинчни йиғлатиб оламда?
* * *
Сен ўт бўлсанг, бўлгим келар сув,
Оташ бўлсанг селдек шошаман.
Андуҳларни юрагингдан қув,
Ғазаблансанг мен ҳам тошаман.
Сен осмону мен хоксор замин,
Борлиғимнинг борича бўйла.
Кел! Тотайлик муҳаббат таъмин,
Ўтинаман бир мени ўйла.