Ҳайитбой Абдусодиқ (1957)

Ҳайитбой Абдусодиқ – Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист. 1957 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Мени кашф этинг”, “Ёруғлик истаги”, “Аслим, аслим хўжа эли”, “Тирик туғилган ой” номли шеърий китоблари нашр этилган.

Ота юрт

Кўзларимни юмсам
кўз олдимда пайдо бўласан,
Кўзларимни юммасам ҳам
кўз олдимда пайдо бўласан.

Орзиқиб кутиладиган ҳамсуҳбат

Китобнинг орасида
бир дона япроқ.
Қуриб қолган, сариқ тортган
бир дона япроқ.
Ҳар сафар менга шуни
кўрсатасан
Ва ҳар сафар хотираларинг
сўзлаб берасан,
Ва ҳар сафар мен
сен айтаётган толларнинг
кесилиб кетганини
аниқ билсам-да,
индамайман атайин.

Қадрнинг нисбийлиги

Уй тўрида турибман, деб,
гердайма сандиқ,
Сенинг қадринг ичингдаги
молларга боғлиқ.
Эски сир –
икковимизни
боғлаб турган
бирдан-бир
тугун.

Руҳий пўртана

Бундайин пўртанага
дунё чидолмас,
қўллар чидолмас,
кўзлар чидаркан.

Ҳазрати эшик

Ҳамма ишдан хабардор:
у ённинг саломини олғувчи,
бу ённинг саломини олғувчи.
Ўртадаги қўш тутқичли
ҳазрати эшик.

Ерга оғирлик

Ҳаммамиз ҳам вазмин тортиб,
ўзимизни босаверсак,
ерга оғирлик тушмасми?

Ноаниқ нуқта

Кеча сўроқ бўлиб кўринди,
бугун ундов,
эртага қандай
кўринаркан
бу нуқта?

Минг жонли

Минг жонли ошиқман,
висол сари жоним
бир сон кўпаяр.
Ҳар ҳижронда
озаяр бирга.

Куч

Қуёш нури сувда
синади.
Менинг нурим
кўзларингда.
Ушалмаган орзуларим

Армон, дейдилар-а,
ушалмаган орзуларни.
Бор бўлинг-а,
ушалмаган орзуларим.
Кўп туринг-а,
ушалмаган орзуларим.
Ушалмаган орзуларим
менинг бахтим,
овунчоқларим.
Ушалмаган орзуларим –
зирҳли қўрғоним.

Ёмғир

Ерни тозалашга зўр бериб уринасан:
баъзи ерларни тозалайсан ҳам,
баъзи ерларни эса лой қиласан.

Тош отди

Инсон экди дарахтни,
инсон кўкартирди.
яна бир инсон
унга тош отди.

Лоқайд одамнинг қалби

Унинг қалбидан
самимиятни
заррабин тутиб қидир,
заррабин.

Қонуният

Биз ўз ҳукмимизни
ўқимасданоқ,
табиат ҳукмидан
узилгай япроқ.

Ажаб

Баъзилар дунёга устун бўлсам, дер,
Ҳолбуки, беустун айланади ер.

Иссиқ ва совуқ нурлар

Энг иссиқ нурларни
одам кўзларида кўраман.
Энг совуқ нурларни ҳам
одамнинг кўзларида.

Айтар

Кимдир тушини
жуфтига айтар.
Кимдир эса
анҳор сувига.

Айириш ва юмшатиш белгилари

Бу айириш белгиси –
айиради.
Бу юмшатиш белгиси –
юмшатади.
Юмшатиш белгиларини
яхши кўраман.

Аксил самара

Қулоч ёйиб,
қамровни кенг
олган сайин,
тораймоқда кўнглимиз.

Ҳижрон

Кўчада изғирин,
ичда изғирин,
дунёда изғирин.
Мунгли кўзлардан
сизиб чиқар,
аччиқ таъмли сув
юзни қиздириб.