Ҳасанбой Ғойиб (1968)

Ҳасанбой Ғойиб 1968 йилнинг 1 январида Тожикистон Республикаси Турсунзода (Регар) шахрида туғилган.
Ҳасанбой Ғойибнинг 2001 йилда «Висол», 2002 йилда «Рухим ранглари», 2004 йилда «Уйғониш фасли», 2007 йилда «Кўнглим гуллари», 2012 йилда «Юракнинг маҳзун тунлари», «Ҳажрида куяр кўнгил» номли китоблари чоп этилган.
Шоир шеъриятининг асосини икки халқ – тожик ва ўзбек халқлари дўстлигини тараннум этгувчи, инсонларни эзгуликка, иймонга чорловчи шеърлар ташкил этади.
Рус шоирлари Иван Бунин, Валентин Сидоров, Аполлон Майков ва тожик шоирлари Мирзо Турсунзода, Носиржон Маъсумий, Лоиқ Шерали, Гулназар, Рахмат Назрий, Гулрухсор, Зулфия Атойи, Камол Насрулло, Раънои Мубориз, Нуқраи Суннатниё, Мехмон Бахти, Сайидали Маъмур ва бошқаларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Бир нечта шеър ва кўшиқлари тожикистонлик ва ўзбекистонлик ҳофизлар томонидан ижро этиб келинмокда.

НАВОИЙ

1

Ишқ барқидан тушди менинг жонимга ўт,
Жон недирки тушди хонумонимга ўт.
Навоийни мутолаа айлаб эрдим,
Ҳоким ўлди хар лаҳзаю онимга ўт.

2

Васл умиди юрагимни ғарқ айлади,
Умидсизлик вужудимни тарк айлади.
Ёр сингари ёлғизлигин нажот йўли,
Англаб етгач Ёр хам мени дарк айлади.

3

Ҳам тану ҳам жондан мурод Ёр васлидир,
Бу ғанимат ондан мурод Ёр васлидир.
Рўзи маҳшар мақсадинг не деб сўрсалар,
Мен дегайман чекиб фарёд: Ёр васлидир.

ОШИҚОНА

Висолига муштоқману кўрай десам кўзим етмас,
Жамолига ошиқману таърифлашга сўзим етмас.

Бунчалар ҳам кўп бўлмаса Ёрнинг нозу адолари,
Севганимни билиб туриб бир ишора, имо этмас.

Тонглар кутдим зор- интизор, йўлларми деб бир хушхабар,
Саҳар кезган насимлар ҳам аҳволимга парво этмас.

Шунчалар ҳам кўп эрурми менинг журму гуноҳларим,
Ёлборсам ҳам эртаю кеч, даргоҳига зорим етмас.

Ғойиб доим дуо айла, дуо ҳам бир ибодатдир,
Ҳадислардан далил борким дуолар бесамар кетмас.

ШУ ВАТАНДА ЎЛМОҚ БАХТИН БЕР!

Бир кун биз ҳам ўтиб кетамиз
Бу ҳаётга қониқмай, тўймай.
Қаро ерга элтадилар тез,
Уйимизга бир кун ҳам қўймай.
Озод бўлган руҳимиз секин
Парвоз қилиб кетади кўкка.
У барчани кўриб туради,
Парво қилмас ҳеч ким шўрликка.
Шунда бирдан аён бўлади.
Ким ҳақиқий дўсту ёримиз.
Дўстлар кўзи ёшга тўлади,
Хурсанд бўлар ағёрларимиз.
Не бўлса ҳам яратган Эгам,
Шу Ватанда ўлмоқ бахтин бер!
Шод бўлардим гар ёза олсам
Шу Ватанга арзигулик шеър!

ЙИГИТ БЎЛСА

Йигит бўлса, шижоатли, мард бўлсин,
Юрагида ўти бўлсин, дард бўлсин.
Дўсту ёвнинг кўзларига тик қараб,
Сўзлолмаса ранги хазон, зард бўлсин.
Йигит бўлса иймон унга ёр бўлсин,
Ҳақ севгиси қалбида тумор бўлсин.
Эл дуоси билан кўкарар одам,
Эл учун тоғ бўлсин, чинор бўлсин.
Яшар бўлса ҳақ, адолат талашиб,
Йигитлик ҳам кетар унга ярашиб.
Рақиблар ҳам тан бергуси оқибат
Юрар наслу насабини сўрашиб.
Юртим бағринг тўлсин мард ўғлонларга,
Хизматингга бел боғлаган жонларга.
Сенинг она тупроғинг обод айлаб
Довруғингни ёйсин кенг жаҳонларга.

ЭНГ УЛУҒ НЕЪМАТ

Турфа одамлару ташвишлар аро,
Яшаркан фикринг ҳам борар ўзгариб.
Онгинг ҳам ўсади лаҳзама лаҳза,
Очилиб боради қалбинг кўзлари.
Эришдай туюлар баъзан ўзингга
Юксак оҳангларда ёзган шеърларинг.
Масъуллик сезасан ҳар бир сўзингда,
Англайсан кўплигин қалби кўрларнинг.
Баъзан оёғингдан чалмоқчи бўлар,
Номард рақибларинг майда гап дўстлар.
Мақсад юксак бўлса, ким бўпти улар
Қалбингда яшашга иштиёқ ўсар.
Дунёга боқасан тийран кўз билан,
У ҳам жаҳолатдан жуда чарчаган.
Энди муҳаббату ширин сўз билан
Далда бермоқ керак барча-барчага
Сен теран англайсан нажот ишқдадир
Энди ҳар бир фурсат сенга ғанимат.
Аллоҳ ризоси ҳам эзгу ишдадир,
Ҳақ ризосин топмоқ – энг улуғ неъмат.

ДУНЁ

Дунё ёлғончидир, дунё ишвакор,
Ром этар ўзига, маккордир жуда.
Кеча мўмин эдик ҳамда беғубор,
Бугун югурамиз нафс илинжида.
Балоғат палласи етгани сайин,
Улғайиб бормокда нафсимиз гуё.
Асл мақсадимиз бўлса ҳам тайин,
Ўтяпмиз дунёга бўлиб маҳлиё.
Мансаб талашамиз, шаън талашамиз,
Ғийбату фасодга бойдир суҳбатлар.
Эй юрак, биз қачон қайнаб, тошамиз,
Айт, қачон топамиз савоб, раҳматлар?!
Ўйлагин, боришинг Ўзига қайтиб,
Оқизиб кўзлардан зардобли ёшни.
Эй юрак, тавба қил, истиғфор айтиб ,
Тошга ур кибрга берилган бошни.
Олдинда қиёмат даҳшати ётар,
Қара, қўринмокда аломатлари:
Тунлари қўрқувдан шиддат-ла чопар,
Самода тангрининг олов отлари.

УНУТМАГИН

Унутмагин, бир куни келиб,
Омад сендан юз буриб кетса;
Тарк этсалар дўстларинг бир-бир,
Сочларингга оқ қиров инса.
Хуш кўрмаса ҳатто хотининг,
Бор дунёнгдан бўлсанг ҳам жудо.
Унутмасанг сен ўзлигингни,
Демак, сени севади Худо!

ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА

Муқаддас айлаган Худо бу ерни,
Бу ерда улуғлар арвоҳи кезар.
Эрк қуши бойланган пўлат занжирни,
Қилич кесолмаса, ўткир сўз кесар.
Зулфиқор руҳ билан яшадингиз сиз,
Мудом дилга тугиб ёруғ ниятни.
Ҳатто сўнгги йўлга кетар экансиз,
Уйғотиб кетдингиз буюк миллатни.

РАУФ ПАРФИ ХОТИРАСИГА

Бу юрт бағри ғам -қайғу бори,
Кундузлари фарқ этмас тундан.
Бор эди бир дарвеш шоири,
Бугун қолди айрилиб ундан.
Етти қават ер борар захлаб,
Осмон тинмай тўкар ёшини .
Шоирини севган дарахтлар,
Яшар мангу эгиб бошини .
Дилга жойлаб Ватан ёдини,
Озодликнинг тимсоли сўнди.
Куйлармикан элнинг дардини
Бирор шоир унингдек энди.
Шоирлик қисматдир, касб эмас,
Дард, алам бор ҳар бир ҳарфида .
Самолардан турналар ҳатто
Видо айтар Рауф Парфига!