Ҳасан Карвонли 1974 йил 1 февралда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида туғилган.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаган.
Ҳозирда “Ишонч” газетасида фаолият юритади.
“Истиқлол умидлари” (2001), “Ёшлар китоби” (2008) алманахларида шеърлари чоп этилган.
* * *
Мендан аразлаган шу телефон ҳам,
Саволлар сўрасам сақлайди сукут,
Шунда борлигини билдирар бир ғам
Қолган ҳамма ғамни айлатиб унут.
Хонага сиғмайман — очилар дарча,
Ҳавоям тўлдирмас дилда камимни.
Тоқатим қилиб парчаю парча
Соат санайверар соғинчларимни.
Кўчага чиқаман шошиб, етар, бас,
Ёнимда тўхтайди таниш трамвай.
Мени олиб жўнар чиқармасдан сас,
Ҳол сўрмай, индамай, худди укамдай.
Узоқ йўл юраман, сўнади шаштим,
Куйдираман яна куйган юракни.
Йўл юрдим, изладим, минг бекат ошдим
Билолмай уйингга яқин бекатни.
Кун бўйи кезаман шаҳарни сарсон,
Ортимда бекатлар, узун-узун из…
То ҳануз дилимда бир савол армон:
Қаерда яшайсан, юракдаги қиз?
* * *
Гулга айлан, гулга айлангил,
Баҳорларнинг келсин ҳаваси.
Муҳаббатнинг оташларидай
Куйдиргувчи бўлсин нафасинг.
Шаббода оҳ урсин пойингда
Кипригига ёшлар илиниб.
Ҳазин-ҳазин қўшиқларида
Севганлиги турсин билиниб.
Ҳатто кўкда ой-у юлдузнинг
Кўзларида ҳайрат акс этсин.
Жамолингни бир кўриб қуёш
Нурларида соғинч рақс этсин.
Ўзлигини унутиб хуршид
Термулсин-да қолсин бошингда.
Гулга айлан, гулга айлангил,
Мен ҳам гулга айланай шунда.
* * *
Дарахтлар ям-яшил, майсалар яшил,
Орзулар оқ рангда, осмон зангори.
Бўй етган қизлардай шўх қиқирлашиб,
Ҳусн талашади апрел тонглари.
Булоқдан чорбоққа шошар шалола
Бир йиллик соғинчдай ўзни унутиб.
Акаси сайрга опчиққан бола —
Шаббодани сира бўлмайди тутиб.
Гўё ғам-аламни кўрмаган дунё,
Ҳечам тугамайди қушларнинг назми.
Дунёнинг бир чети — шу чорбоғ аро
Тобора авжланар баҳорнинг базми.
Бир уйча. Кўзи тўрт бўлган дераза.
Дераза ортида тувакда бир гул.
Биров ундан ҳолинг не деб сўрамас,
Тўкилиб боради юраги чил-чил…
ОЛАМ СEВГИГА ДОИР, МEН ҲАМ УНГА ДОХИЛМАН
Дунёнинг ишларига гоҳи лол,
гоҳ қойилман,
Битта сирини билсам
минг биридан ғофилман.
Бир кун яшар капалак,
менинг умрим неча йил,
Умр ўтгуси, аммо
мангуликка мойилман.
Йўл юради одамлар,
мўл юради одамлар,
Менинг манзилим бошқа-ю
кимгадир манзилман.
Чал рубобингни, машшоқ,
ол ишқ майидан, шоир,
Олам севгига доир,
мен ҳам унга дохилман.
Бир дилбарга дил берсам
тақдир менга чил берди,
Суратимда Карвонли,
сийратимда бедилман.
* * *
Менинг илдизларим ерда,
осмондадир юлдузларим,
Қуёш билан ой жам бўлган
бир чиройли кундузларим.
Умримнинг мазмуни ижод,
хаёлларим менга қанот,
Юрагим бир қадаҳ шеърдир,
томирда тўлқин ҳисларим.
Билмам, қай кун туш кўрдим мен,
тушда кимни хуш кўрдим мен,
Шундан бери шовуллайди
кўнглимдаги денгизларим.
Кулса гул, йиғласа дур
қизим бор, тангрига шукур,
Ўғлим ўзимга ўхшаган –
ортимда қолар изларим.
Карвонлиман, камим йўқдир,
ишқдан бошқа ғамим йўқдир,
Яшаяпман соғинч билан,
бахт шу эмасми, дўстларим?
ЙЎҚ ОДАМ
Унинг бошқалардан йўқ фарқи,
Эл қатори қувончи, ташвиши.
Салом-алик ва хайр-хўш. Дарвоқе,
Тилладан ойнагининг гардиши.
Виқор билан индамай юрар,
Савлати тақозо қилгандай.
Гоҳида сиз учун куюнар
Ичингиздагини билгандай.
Бировга тушмайди оғири,
Кўксингизга отмайди ўқ.
Фақат… оғир кунда
Суянай деб қарасангиз – йўқ.
* * *
Сиқилдим. Фалакка термилдим,
Термилди у менинг юзимга.
Олисдан қараши жим
Ўхшаркан севган қизимга.
Оҳиста кўзимни юмдим,
Ўзимча осмонга сингдим.
Ортимдан термилиб қолди
Битта-ю битта синглим.
Ҳайқирдим, севаман дедим,
Юракдан ой қадар ўсдим.
Мен кимни севаман деди
Ҳеч кимни севмаган дўстим.
Кўзимни очдим. Ойда
Бир қизча йиғлайди юм-юм,
Ўлтирар.
Заминда – овлоқ бир жойда
Ҳеч кимни севмаган дўстим
Ўй сурар…
* * *
Ҳижрон ғолиб келди ниҳоят,
Ўртамоғин бошлади жонни.
Тутиб олиб моҳир бир сайёд
Қийнагандай ҳуркак жайронни.
Оҳ, бу юрак кимларга шайдо,
Олов сачрар чеккан оҳидан.
Негалигин билмадим, аммо
Соғинаман сени гоҳида.
Беишқларга борлигингни айт,
Бир жилмайгин одамга ўхшаб.
Сен – тирик шеър, сен – тирик ҳайрат,
Сени кўргим келди, Бинафша.
* * *
Бир пайтлар космонавт бўлмоқчи эдим,
О, осмон – синоат, чексизлигу ғайб.
Осмондан бадарға қилинган одам
Фарзандиман, нетай, орзуга йўқ айб.
Теграмга қарасам чексиз зангори,
Тепамга қарасам ҳаммаёқ мовий.
Мени чорлар эди кенгликлар сари
Отам айтиб берган эртак самовий.
Қанотсиз ҳам мумкин осмонда учмоқ,
Ой билан ўйнашмоқ, булутни қучмоқ.
Шамолдан ҳам ўзмоқ, юлдуззор кезмоқ,
Ўзингни дунёда энг бахтли сезмоқ.
Ҳаёт эртак эмас дегайлар гарчи,
Орзули одамнинг ҳайрати ортгай.
Орзулар одамни кўкка чорласа
Кичкина ташвишлар тупроққа тортгай.
Майда одам бўлишдан худо асрасин,
Майда одамларнинг қаричи калта.
Ўйлашга вақти йўқ, тинмайди,
Елкасида йиртиқ рўзғорхалта…