Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи 1964 йил 14 март куни Жиззах шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг аъзоси.
Унинг бугунги кунга қадар мингга яқин мақолалари ва 1 та дарслик, 40га яқин методик қўлланма ҳамда тавсиялари, 7 та шеърий тўпламлари чоп этилган.
Жумладан, у “Янги ой чиққан кеча”, “Соғинч”, “Дилда дардинг бўлмаса”, “Жон ичра жондир Ватан” каби шеърий тўпламлари ҳамда “Наврўзинг муборак Ўзбекистоним”, “Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон”, “Миллий ғоя бўйича атама ва луғатлар”, “Нур Шарқдандир”, “Сокин дарё шиддати”, “Аёл билан олам мунаввар” каби ўнлаб методик қўлланмалар ҳамда “Тугалланмаган парвоз” номли эссесининг муаллифи.
У бир қатор раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.
***
Дарвеш бўлиб дарвозангни чертиб борсам
Эшигингни очасанми мен ғарибга?
Нон баҳона кўрсам бўлди дийдорингни
Сўнгра кетгим Машриққами ё Мағрибга.
Ишқ тиланиб ёр васлингда гадо бўлдим,
Сени излаб қаддим эгик, сато бўлдим.
Гадо бўлдим, адо бўлдим, фидо бўлдим
Ёки тақдир ёзуғида хато бўлдим.
Дарвозангни тақиллатсам, эгаси бор,
Уй ичинда бахт талашган бекаси бор.
Гадо бўлсанг ана нон- сув, дея кўрма,
Сен бахтимсан десам, бу бахт- чегаси бор.
Чегаланган бахтимга бахт бўлолмассан..
Дарвешингман сендан бахтлар тилаб борган.
Тўрвадаги кулча нондек тўлолмассан,
Бахтсизлигим бадалини – тўлолмассан.
..Сен деб бахтли- бахтсизингман, билолмассан
***
СОҒИНТИРАМАН
“Мени излаб тоққа чиқасиз”,
дўланани излаган каби.
Керак бўлса боққа чиқасиз
Нақш олмани кўзлаган каби-
СИЗНИ ШУНДАЙ СОҒИНТИРАМАН..
Келишимни муштоқ кутасиз,
“Кўзларингиз қоп-қора бўлиб”..
Фироғларни ичга ютасиз
Юрагингиз хўп пора бўлиб-
СИЗНИ ШУНДАЙ СОҒИНТИРАМАН..
Ўнгингизда, сўлингингизда – мен,
Рашк ўтида куясиз хали.
Ҳар бир юрган йўлингизда –мен
Мени шундай суясиз хали –
СИЗНИ ШУНДАЙ СОҒИНТИРАМАН..
Ўзим сизни соғинганимдай,
девоналар бўласиз ишқдан.
Ўшал сўзга топинганимдай,
Парвоналар бўласиз ишқдан-
СИЗНИ ШУНДАЙ СОҒИНТИРАМАН..
Сабрларнинг сабрин синдириб,
Хат ёзасиз : “СОҒИНДИМ, КEЛ”, деб
Сизни шундай ишққа кўндириб
Жавоб битгум: “ҳолимни бил”, деб
..Ўзим сизни соғинганимдай –
Роса Сизни соғинтираман.
СИЗНИ ШУНДАЙ СОҒИНТИРАМАН.!.
СОҒИНТИРАВEР
Рости соғинганман,
соғинтиравер,
Хажрингда бу дилни
оғринтиравер.
Изларинг тўтиё-
сиғинтиравер..
Сен шундай жабркор,
ситамгар,
бедил…
Майли зориқтиргил,
зорлар бўлайин,
Ишқда толиқтиргил
хорлар бўлайин.
Нажот бер васлингга
ёрлар бўлайин-
Дардини ичига ютган
Мен- бетил..
Нечун кўринмайсан-
кўзим таскини,
Хажрлар бузмоқда
кўнглим ашкини
Сезмайсан, бу дилгир
дилнинг рашкини
Сен шундай билмассан
Мен – заъфарон гул…
Билмайсан,
дардбоним, менда эҳтиёж
Илинжим ишқдандир,
бошқа йўқ илож
Бу ҳажр даштида очиб кенг қулоч
Боряпман сен томон
..куймоқда кўнгил..
..Билмайсан дардимни, дейсан-ки, кўнгил!
Қақнусдек ёнаман,умидлар чил-чил..
Ёнсамда,
Куйсамда,
Бўлсамда
Кул-кул
Мен энди ортимга қайтмоғим мушкул!
Мен мискин-йўловчи, тақдир эса йўл,
Ишқ отлиқ кажрафтор йўлинда мен –гил..
Кўзимнинг қувончи-топинтиравер
Соғиндим, соғиниб, соғинтиравер..
ҚИЗҒАЛДОҚ БАРГИДEК ТЎКИЛГАН ОНАМ
Айрилиқ зарбидан кўнгилларда доғ,
Дардларинг мен каби бўлмасми адоғ?
Сен менинг Онамга ўхшайсан бунча..
Тўкилиб кетмагин жоним ҚИЗҒАЛДОҚ..
Йўқ, Онам лолага ўхшарлар асли,
Тўкилиб битдилар айни гул фасли..
Минг битта азобга чидаган Онам
Бир дарддан тўкилиб кетгани баҳсли..
Яшаган эканлар билсак қон ютиб
Олисда фарзандлар меҳрини кутиб..
Мен эсам андармон ўз ишим билан
Қўйибман Онажон Сизни унутиб..
Энди ҳеч ўрнига тушмас пушаймон,
Борлиғим олиблар кетибди уммон
Дарахтман илдизлар отмоғим гумон
Юрибман ўзлигим йўқотгансимон..
Шеърим ҳам ўзимдек ночор ва ғариб
Дардларим кетмайди юракдан ариб
МEН СИЗСИЗ ҲEЧ КИММАН,
СИНДИМ ОНАЖОН…,
Наҳотки бу ғамга кўнсам онажон..
КEЛ ЭНДИ
Кел энди, мағрурим,
мағлубинг ўзим,
Кел энди, маҳбубим,
мафтунинг ўзим,
Кел энди, масрурим,
мажнунинг ўзим
Кўнглим хазон бўлди сени соғиниб..
Кел энди, адо-ю,
девонанг ўзим,
Кел энди, фидо-ю,
гирёнанг ўзим,
Кел энди, жудо-ю,
бегонанг ўзим,
Кўнглим хазон бўлди сени соғиниб..
Хажрингда кул бўлдим,
ободим ўзинг,
Садқаи гул бўлдим,
дилшодим ўзинг,
Кўнгилга қул бўлдим,
озодим ўзинг,
Умрим хазон бўлди сени соғиниб..
Сенга увол бўлдим,
ҳилолимсан- сен,
Сенга малол бўлдим,
саволимсан-сен,
Ишқим завол бўлди,
ҳалолимсан-сен,
Кўнглим хазон бўлди, сени соғиниб..
Кўнглинг осмон бўлди,
сенга етмадим,
Ишқим ёмон бўлди,
сендан кетмадим,
Ёшим равон бўлди,
сенга айтмадим,
Кўнглим вайрон бўлди,
Сендан қайтмадим.
..Умрим хазон бўлди, фақат соғиниб.
МEН СEНИ БИЛАМАН
..ГА
Мен Сени биламан,
нажот,
ё илтифотга
мукофот
ва имдодга
эмассан муҳтож!
Мен Сени биламан
ўрлик,
мағрурликдан,
ғурур
ва масрурликдан
кийгандирсан тож.
Мен сени биламан
бўлсанг-да
муҳтож
чекиб мингта ранж
топасан илож.
Мен Сени биламан
маюс қалдирғоч
очиб кенг қулоч
кел.. кўнглингни оч
Айт, қайда топилар
Ишқсиз бир ривож
Меҳримга илингил
Меҳрингдан бир бож
Кўнглингнинг кўнглига
кийдириб бир тож
бир сенда топилмас
Менга эҳтиёж..
..мен сени биламан,
билмаган – У- СEН!.
КОШКИЙДИ БИЛСАНГ
Руҳан тушкунликдан руҳ ҳам чалажон,
Умид бор кўксимда, умидсиз, нимжон.
Ул хира ойнадек хотиралардан
Қачондир йўл топиб бораман, ишон..
Сўнг яна андиша, ..ўйга толаман,
Манзилинг билсайдим, сени кўрсайдим..
Бугун шаббодага сирдош бўламан,
Сен бор кўчаларда сарсон юрсайдим.
Сени борлигингни ўзи бир таскин,
Сени ҳаёлларинг борим, юпанчим.
Биз нечун ажралдик бунчалар кескин,
Сендан қолган шу ишқ овунчим, ганжим..
Кўнглим хасратингдан парча-парчадир,
Кошкийди севмасни севдириб бўлса?
Қалбим сен томонга очиқ дарчадир-
Нажот- СEНДАЛИГИН сездириб бўлса?!..
Сен кошки билсайдинг, кошкийди билсанг…
КЎЗЛАРИНГГА ТEРМУЛИБ ЎТУРСАМ
(қўшиқдан)
Сен тошсан билмадим қанақанги тош
Харсангми, қайроқми ва ёки чақмоқ .
Ҳиссизсан, ишқсизсан, лоқайд, бепарво
Сенга шайдо бўлган кўнгил гўл, ахмоқ.
Сенга лозим фақат- сўзсиз қарамоқ,
Жимгина термулмоқ керакдир фақат.
Ўзгаси ортиқча, ўзгаси ташвиш,
Севиб қолиш эса.. севганга- кулфат..
Бемеҳр, бағрингтош, қалбинг тўла муз,
Эритмоқ не даркор, тафтни сезмас ул.
..Сенга лозим фақат сўзсиз термулмоқ
Сенга қўлим етса, ЕТМАЙДИ КЎНГУЛ
Сен… балки гавхар тош, олмос тош, ноёб…
Қийматинг не билсин суйгувчи бебош?!..
Ўзга сўз мумкинмас, тош қадри тушар,
Билганим индамай термулмоқ яккаш…
Сен тошсан, баҳоси бир менга аён…
Сенга лозим фақат сўзсиз термулмоқ…
УМР ЎТМОҚДА
Гоҳ долғали, гоҳ сокин,
Гоҳо олмай бирор тин,
Кимда армон, кимда кин,
Умр ўтиб бормоқда…
Кимдир мағлуб, ким ғолиб,
Кимдир илдам, ким толиб,
Кимдир ортда кеч қолиб
Умр ўтиб бормоқда…
Кимдир ғамдан эгилган,
Кимдир йўлга тикилган,
Кимдир дарддан тўкилган
Умр ўтиб бормоқда…
Кимдир бахтдан мастона,
Яна ким шод, мардона,
Ҳаётга олмай қона
Умр ўтиб бормоқда..
Ким меҳрга зор бўлиб,
Кимдир ишқда хор бўлиб,
Ким севмасга ёр бўлиб,
Умр ўтиб кетмоқда..
Кимдир узр сўролмай,
Ким оёғда туролмай,
Кимдир бир уй қуролмай
..Умр ўтиб бормоқда..
Кимдир қўпол, кимдир ўр,
Кимнинг қалби сўқир кўр,
Кимнинг иши доим зўр,
Умр ўтиб кетмоқда..
Кимдан кетган оқибат,
Кимдандир кетган қувват,
Кимдир излаб ҳамон бахт
Умр ўтиб бормоқда..
Умр кетиб бормоқда…
БEВАФОНИНГ ҚАРИНДОШИ, ЭЙ ДУНЁ
(Халқона…(ча))
Аламлари бўғзимгача тўйдирди,
Онам бўлса, қўй йиғлама, қўй дерди..
Миш-мишлари пичоқсиз ҳам сўйдирди,
Бебош кўнгил,
.. суймай ўлсин куйдирди!..
Ғамнинг келар эшиклари кўп экан,
Бирин ёпсанг, бири очиқ қоларкан.
Бугун менинг бўйларимни дард эгган
Товонимга ботиб борар хас, тикан..
Севги агар бўлса эди, топардим,
Йўқ бўлсайди, йўқ деб эшик ёпардим..
Севмаса ҳам гўрга эди,
билсайди,
Ортдан қолмай соя каби чопардим..
Бисотингда битта чимдим ор борми?
Куйдирмажон, куйган мендек хор борми?
Бунча совуқ, нигоҳингда бир чўғ йўқ,
Ховуримни босиб олай, қор борми?
..ўланчи қиз, айтмай тургин ёр-ёрни,
..йўлларида мендек ишққа зор борми?
Бевафони қариндоши эй дунё,
Айрилганни осгувчи бир дор борми?..
..ўланчи қиз айтмай тургин ёр-ёрни.
ишқ йўлида мендайин бир хор борми?..