Эътибор Охунова (1933-2019)

Эътибор Охунова 1933 йили Андижон шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. Унинг илк тўплами 1961 йили чоп этилган. “Салом, баҳор” (1964), “Сени ўйлайман” (1967), “Камалак” (1970), “Йиллар” (1973), “Ватан шу ердан бошланади” (1974), “Биллур каптарлар” (1978), “Мен тонгни уйғотдим” (1981) ва бошқа тўпламлари нашр этилган.

КЎЗИНГДА ЖИЛМАЯР ЁҒДУЛАР

Шукроналар айтай, айтай санолар,
Турна карвонига тўлмиш самолар,
Умри фарзоналар, азиз момолар,
Баҳор, гуллар… Сизга тўёна бўлсин.

Сочимизга зебдир тол баргаклари,
Майналар чўп таширлар сергакланиб,
Ям-яшил майсаларга йўргакланиб
Уйғонувчи боғлар гулхона бўлсин.

Армонларим қулар тубсиз жарларга,
Юрагим жой бермас энди зорларга,
Қаландар қушларга, гул, гулзорларга
Ташна умидларим мастона бўлсин.

Ғунчалар лабини очар хандага,
Сулувлар ўт қалар қўш чирмандага,
Баҳорга зору-зор мендек бандага
Дуторин созлашга баҳона бўлсин.

Тоғларнинг пойида лола ахтариб,
Ўқидим чашманинг севги дафтарин,
Нозик сибизғаси сўзлар дардларин,
Туғёнларим унга ҳамхона бўлсин.

Турналар самога ёзар хатини,
Иншосини — баҳор тариқатини,
Само тўкар обини-раҳматини,
Дегай: Барокат-қут шоҳона бўлсин.

Ялпизлар безабди анҳор лабини,
Бўтана сувларга дер матлабини,
Ошиқлар маъшуққа очса қалбини,
Майли, ишқ асрори пинҳона бўлсин.

Турна қанотида келади баҳор,
Булбул баётида келади баҳор,
Кўкламни соғиниб яшнадик, алҳол,
Қутлуғ диёримиз тўйхона бўлсин.

СEНИ ИЗЛАДИМ

Субҳичоғ… мен ёлғиз сўқмоқда
Борурман ям-яшил сайҳонга.
Негадир хаёллар пайҳондир,
Қуёш ҳам чодирин сўкмоқда —
Тонг отар,
Кун ботар,
Сезмадим.
Мен сени сарвлар баргидан изладим.

Ўрмонлар ичра мен ёлғизман,
Эркалар қушларнинг хониши.
Ўт олар ўн бора ёнишим,
Қайдасан, қайларга бормайин,
Излагум,
Беармон,
Мавжли ул дарёлар бағридан изладим.

Тоғ кездим… йўл бошлар жилғалар,
Изладим қоялар бошидан.
Ул асрий чўққилар аршидан
Тўкилган ёғдулар жилмаяр
Ўзингдек,
Сўзингдек.
Қамашур кўзларим,
Мен сени чинорлар сабридан изладим.

Қўшиғим, лутфингга мен маҳтал,
Қалбимдан қон олгин, шодлигимдан ранг.
Қўшиғим, сурурлар, завқ билан ўра,
Тинглаган ҳар жонга бир ўтли ғазал
Тотини
Бахш айла
Нақш айла, гўзалим,
Мен сени одамлар қалбидан изладим.

ҚИРҚ КОКИЛЛАР

Кўз ўнгимда тўзғиб кетар шаршаралар,
Мушк-анбарга тўлиб кетар қир, даралар,
Юртим аро шундай бир садо таралар:
Кўрганмисиз, дарёларнинг тўлқинини.

Қирқ кокиллар субҳи саҳар тароқлангай,
Нигоҳимда ишқ девони варақлангай,
Энг қоронғу кулбалар ҳам чироқлангай,
Шоир девонадир топмай талқинини.

Сочлар кўркам зеби-гардон, тумор билан,
Жоннинг харидори кўзи хумор билан,
Маҳбуб кишанлангай сочи-зуннор билан,
Қўшиб ўрганида дилин ёлқинини.

Бекоргами, Машраб девоналар бўлди,
Кимлар Фарҳод бўлди — афсоналар бўлди.
Мажнуни-Қайс чўлда сарсоналар бўлди,
Ўчиролмай ишқнинг оташ-чақинини.

Соч таърифи яшаб келар азаллардан,
Мутриб сози, қўшиқ, ўтли ғазалларда,
Ё раб, нечун энди қолди назарлардан,
Излаб, ўйлаб тополмадим тахминини.

Сунбул сочга ярашиқли давронимиз,
Эмин-эркинликни берган замонимиз.
Ўзимиздан неки яхши-ёмонимиз,
Ўзганики бўлса сочу, чопонимиз,
Қандай қилурмиз удумлар талқинини?!

* * *

Одамлар,
Жонимга жазо айланг,
Мен синдириб қўйдим
Гуллаб турган дилафрўзнинг шохини.
Тингламадим вақтим зиқ деб,
Дили забун бир кимсанинг оҳини.
Асрамадим
Уясидан йиқилган қуш полапонини,
Асрамадим
Ўқ еган мажруҳ кабутарнинг жонини.
Олиб қўймадим йўл устида
ётган бир тошни,
Қоқилганнинг оҳи урсин
мен бағритошни.
Катта йўлда кўрдим
Кўзи ожиз кекса одамни,
Ёрдам учун тезлатмадим қадамни.
Кимман ўзи?
Юракми бу, темирми бу, ё парча сопол?
Нималигин билолмай мен афтодаҳол.
Не қилайин,
Кўкрагимга тиғ каби қадалган тошни,
Қайга урай,
Хижолатдан эгилган бошни?