Элёр Мурод 1987 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқиган. Шеърлари республика матбуотида эълон қилинган.
* * *
Олислардан энгашганда ой,
Тун ваҳмини қувади ёғду.
Юлдузми бу, қуёшмикан, ҳой,
Юрагимда туғилган туйғу?
Ёришади бутун вужудим,
Борлиқ аро йўқ бундай ёруғ.
Тоғдек ўсар энди умидим,
Руҳим бўлар зулматдан фориғ.
Энтикишлар гўзал гуллардек
Учиб борар нигoҳлар мисол.
Томчи-томчи қайсар дўллардек
Ботинимга ёғилар висол.
Ҳаётимнинг кун-тунигача
Туйғуларим очилиб кетди.
Юрагимнинг туб-тубигача
Муҳаббатим сочилиб кетди.
* * *
Қoр эдим. Кўклaрдaн oтилгaн,
Урилдим юзинггa бехoсдaн.
Мен ўшa сoчинггa oсилгaн
Музлaгaн нaфaсмaн… нaфaсмaн.
Шaрфинг ипигa ўрaлдим,
Термилдим юзинггa бетoқaт.
Хaйрият! Кўзингни кўрoлдим,
Юрaкдa уйғoнди муҳaббaт.
Oрзулaр oғуши бир лaҳзa,
Шaрфинг силкитдинг, тўкилдим.
Этигинг пoйидa эзилдим,
Сув бўлдим…сув бўлдим…сув бўлдим!
Буғлaндим, булутгa aйлaндим,
Ёмғирмaн бу сaфaр, қoр эмaс.
Кўзингни кўришгa шaйлaндим,
Кўзингдa муҳaббaт бoр эмaс.
Фaриштaм сўнгги бoр мен тoмoн
Келсaйдинг қувoнчгa тўлaрдим.
Пoйлaринггa тaшлaб ўзимни
Севгидaн музлaгaн бўлaрдим.
* * *
Тун кўксида ўйноқлар шамол,
Гуллар нурдан тўқийди қўшиқ.
Кенгликларда кезиниб хаёл
Юлдузларга бўлади ошиқ.
Гуллар қадим қўшиқчилардир,
Турфа рангда очилган нота.
Ер хиромда, раққосалардек
Майсаларнинг куйи бехато.
Уйлар ерга қилинган банди:
На куйлайди, на қони қайнар.
Оёқлари заминга ботган
Тушларида ўйнайди уйлар.
* * *
Севганига етолмаган ошиқ эдим,
Қўлин силтаб кетолмаган ошиқ эдим.
Кўнгли билан куйиб-куйиб адо бўлган,
Ёр тўйига боролмаган ошиқ эдим.
Бугун кўкдан ёмғир эмас, ёш оқади,
О, кўксимга муштдеккина тош ботади.
Ёр-ёрларнинг садолари бунча ғамгин,
Ёлғизликнинг ёронлари қош қоқади?
Тун бағрини тилиб-тилиб учади куй,
Кимни бахтли, кимни бахтсиз қилади тўй.
Юрагингни хотиралар тирнаб толмас,
Мени эса бир лаҳза ҳам эслама қўй.
Севганига етолмаган ошиқ эдим,
Қўлин силтаб кетолмаган ошиқ эдим.
Кўнгли билан куйиб-куйиб адо бўлган,
Ёр тўйига боролмаган ошиқ эдим.
* * *
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер,
Боболарим неча авлод суяк суриб ўтган ер.
Ҳалима Худойбердиева
Ёмғир ювган қирларимда лолаларим ўсган ер,
Баланд-пастлик адирларда далаларим ўсган ер.
Момоларим урчуғидай чир айланар бу дунё,
Боболарим дуо қилиб, балоларни тўсган ер.
Хайр ёғар, ойдин нурли кўчаларим ёдимда,
Ўлан айтар қиз бўлгувчи чечаларим ёдимда.
От чоптирган тоғаларим ор талашиб ўтмоқда,
Акаларим кураш тушган кечаларим ёдимда.
Сувлар юрган адирларда кўзим оқди, оймомо,
Икки дарё орасида сўзим оқди, оймомо.
Онамнинг кўзларини толиқтирар изларим,
Эҳ, кимларнинг кўчасига йўлим оқди, оймомо?
Ёмғир ювган қирларимда лолаларим ўсган ер,
Баланд-пастлик адирларда далаларим ўсган ер.
Момоларим урчуғидай гир айланар бу дунё,
Боболарим дуо қилиб, балоларни тўсган ер.
* * *
Оғринаман, кўзим юмиб, жим,
Соғинчларга буркайди хаёл.
Мени кутиб йиғлайди юм-юм
Рўмоллари судралган аёл.
Овозларим қотар бўғзимда,
Совуқ тешиб ўтар танамни.
Қор, муз босган олис йўлимда
Учратмадим нечун онамни?
Қайтолмадим, мен ношуд ўғил,
Борлиқ ютди ноламни зор-зор.
Поездларга ялиндим мунгли,
Олиб келинг онамни бир бор.
Баҳор келар, тўзғиб кетар ғам,
Нурга тўлиб кетар мунгли юз.
Қишлоғимда кутади онам,
Кутиб турар вокзалда поезд.
* * *
Қаҳратон. Изиллар шамол,
Деразани чертади товуш.
Тор хонага банди ўй, хаёл
Юрагимга ўрнашган хомуш.
Отилгудек бўлар кўзларим,
Юрак истар ернинг ҳидини.
Топилмаган нодир сўзларим
Излаб юрар эркнинг изини.
Яқинлашар қоронғи, зулмат,
Шунда шифтда ёқилар қуёш.
Қисмат учун йиғлайин десам
Музлаб қолган кўзимдаги ёш.
Йўқ… йўқ, энди, сукутга кетиб,
Деразага ураман ўзни.
Юрагимдан топиб оламан,
Аллакимдир йўқотган сўзни.
Руҳимда эрк кезиниб юрар,
Томиримда тириклик куйи.
Кўзларимнинг суратин чизар,
Менсиз қолган қишлоқ кун бўйи.