Чоршамъ 1955 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг жуналистика факультетини тамомлаган. “Шарқий қутб”, “Маҳак тош”, “Афанди алдамайди”, “Айро йўллар”, “Севгини соғиндим”, “Ошиқлик”, “Сайланма” китоблари чоп этилган.
ЯШАШ ФАЛСАФАСИ
Яшаш фалсафаси жуда ҳам содда,
Кўзингда порласин ҳамиша учқун.
Ёшинг еттидами ёки етмишда
Кўнгил қаримаса – яшамоқ мумкин.
Юрак уриб турса гупиллаб, ёниб,
Умрингда қолмаса ечилмас тугун.
Дунёдан завқ олиб, шуурга тўлиб
Меҳру-муҳаббат-ла яшамоқ мумкин.
Тағин ҳаётингда бўлсин бир маъно,
Елгин она Ватан, халқу-юрт учун
Донолар айтгани каби, эй ошно,
Қадринг бор гўшада яшамоқ мумкин.
Йўқса, яшамоқдин не эрур маъни,
Беҳуда емагу-ичмакми яна?
Яшаш фалсафаси шу эрур, яъни
Кўнгил қаридими яшаш бефойда.
* * *
Бу қиз мунча гўзал, мунча ораста,
Соатдай юради, қушдай туради.
Ҳаммаёқ саранжом бўлар бир пасда,
Торгина ҳовлида жаннат қуради.
Кейин зимдан боқиб сўзлайди нозли
Вужудинг ёндириб кетади бу сас.
Шунчалар сирлики, шунчалар нурли,
Уни севмаслигинг сира мумкинмас.
ҲАР КУНИ
Ҳар куни йўлингга кўзим нигорон,
Соғинчда ёнаман соғиниб нолон,
Кетгим келаверар тонглар сен томон,
Бормасам бир армон, борсам минг армон.
Ҳаёт бу ҳаётдир, хаёл бу хаёл,
Қачон насиб этар бизларга висол.
Ҳусни-жамолинингни, эй соҳибжамол,
Кўрмасам бир армон, кўрсам минг армон.
Ишқ солди жонимга ёлқин, аланга,
Юрагим муштоқдир гулзор, чаманга,
Озорлар етказиб бу жону-танга,
Севмасам бир армон, севсам минг армон.
ЎЗГАРИШ
Кўз ўнгимда ўзгарди шаҳар,
Кўз ўнгимда ўзгарди боғлар.
Олисларга қарасам ҳатто
Ўзгаргандай пурвиқор тоғлар.
Ҳеч бир нарса эмасдир турғун,
Бунга ишонч ҳосил қилдим мен.
Ҳамма нарса ўзгарди, лекин
Ўзгармадинг фақат сен, кўнглим.
* * *
Ҳар нима бўлмоғи мумкин бу кеча,
Ой кулиб тўлмоғи мумкин бу кеча.
Ёр тикиб осмонга ойдин кўзларин
Мен томон келмоғи мумкин бу кеча.
Васли ишқ соғинчи тўлган кўнгил ҳам
Охири иймоғи мумкин бу кеча.
Икки дунё унут бўлиб чунонан
Бизга бахт кулмоғи мумкин бу кеча.
Минг кеча кутди бу тунни Чоршамъ-эй,
Ишқ учун ўлмоғи мумкин бу кеча.
* * *
Аёллар муҳаббат учун яралган,
Аёллар назокат учун яралган.
Кечмиши бошланиб Момо Ҳаводан
Аёллар нафосат учун яралган.
Оққушга ўхшайди гул баданлари,
Аёллар малоҳат учун яралган.
Ҳар жигарбандига меҳрини бериб
Аёллар тарбият учун яралган.
Сиз уни қийнаманг юмушлар билан,
Аёллар саодат учун яралган.
Зирқираб кетар гоҳ қовурғаларим,
Аёллар садоқат учун яралган.
Куйлашни қўймагил ҳеч қачон Чоршамъ,
Аёллар шеърият учун яралган.
* * *
Умрдин не хато ўтди, ўзимдин изладим доим,
Кўнгилдин не бало етди, сўзимдин изладим доим.
Барорим борида билдим, муҳаббат жонима оро,
Фироқдин не нидо етди, кўзимдин изладим доим.
Висол менга маҳол эрди, маҳоллик кўп малол эрди,
Санамдин не жазо етди, бўзимдин изладим доим.
Кезарман гоҳи боғ-гулзор, гоҳи саҳрою чўл, ё, Раб,
Йўлимни ким раво этди, изимдин изладим доим.
Ўзимга ёлғиз у равшан нечун Чоршамъга мойилман,
Тунимни равшан этмоқни, рўзимдин изладим доим.
* * *
Боримни берардим гул пари учун,
Унинг бир меҳрли назари учун.
Бу назар мен учун шифои нурдир,
Нечун ўртанмайин ҳар зари учун.
Зарларки, руҳимни обод айлагай
Ва ҳаёт бахш этур мен ғариб учун.
Шодланиб юрарман, завқлар туярман
Кўнглимнинг ул шамсу қамари учун.
Ғазаллар тўқигум, шеърлар ўқигум
Булбулнинг тонгги хуш хабари учун.
Ёр йўлин мен томон бурса ажабмас,
Шод этай деб берган кадари учун.
Чоршамъ, ишқ бобида лоф урмай, жон бер,
Фарғонанинг гўзал гавҳари учун.
* * *
Назар ташла, назар топсин назарлар,
Чекинсин ғам, алам, қайғу, кадарлар.
Хижолат айласин осмон-фалакка
Чиқолмай кўшкидан шамсу-қамарлар.
Лабинг босгин атиргуллар лабига,
Уялсин ор этиб булбули зорлар.
Йиқилсин пойинг остига эгиб бош,
Неча ошиқ бўлиб зеру забарлар.
Сабр-тоқат этолмасдан фироқда
Чаманда қолмасин кўнгли дигарлар.
Муҳаббат ўтида куйдим, фақирга
Писанд эрмас энди хавфу хатарлар.
Висолга чиқди ёр деб тонг-саҳарда
Ғариб Чоршамъга етсин хуш хабарлар.
* * *
Келди жоним бўғзима қадди расонинг дастидан,
Дамба-дам тўлғонаман нозик адонинг дастидан.
На кўнгул очгай манга, на бир кўнгилга бўйлагай
Телбадек ёлвораман жабру жафонинг дастидан.
Суҳбати ширин қуриб ўткан азиз дам қайдадур,
Эсланиб кўнгил қора кўзи қаронинг дастидан.
Келса умрим яшнатиб оламни равшан айлагай,
Келмаса бўлгум адо ҳар не балонинг дастидан.
Дарди йўқ жанон сени ҳолингни қайдин билғуси
Мунча кўп ўксима дил ул маҳлиқонинг дастидан.
Сал йироқ кетсам унут бўлгайму деб ҳижронлари
Ҳар кеча чоғланаман оҳу нидонинг дастидан.
Шош қолиб Чоршамъ Самарқанд сори йўлга тушаман
Ё Бухоро бораман ул бевафонинг дастидан.
* * *
Гоҳи достон, гоҳи эртак, масал Водил,
Битиб асло адо бўлмас ғазал Водил.
Оҳ дилим деб, воҳ дилим деб ўтиб кетган
Қай валийдан қолган номинг азал Водил?
Чинорингга боқиб тарих ўқийдурман,
Кекса-ю ёш учун боқий тамал Водил.
Ҳувайдою Муқимий, Хўжа Аҳмаднинг
Дилига ишқ солибдур бир маҳал Водил.
Дуо кетган табаррук сарзаминдурсан,
Сойу анҳорларнинг суви асал Водил.
Ошиқингман Бухорои Шарифлик бир,
Келиб шайдо бўлурман ҳар ҳамал Водил.
Сени таърифу тафсиф айлагай Чоршамъ:
Гўзал Водил, гўзал Водил, гўзал Водил!