Чори Аваз 1957 йил 11 декабрда Қашкадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1985). «Ҳаётийлик чоғида», «Тортилган камон», «Уйғонишдан ўзга толе излама», «Куз эртаси» (1992), «Сайланма» (2003) каби асарлари нашр этилган. Фин эпоси «Калевала»ни ҳамда И.Такубоку, Р. Акутагава ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1992 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
КУЗ ЭРТАСИ
Тонг ели баданга ўрмалар,
Вужудим бир ширин жунжикар.
Мен кутиб турибман қуёшни,
Қизариб бормоқда кунчиқар.
Кун нафис ва илиқ кафти-ла
Сап-сариқ баргларни силайди.
Ел кўзим ўнгида ўзини
Офтобнинг рангига белайди.
Табиат қайтадан жонланар,
Лаҳзалар ардоқли кечади.
Уфкқа термулган тириклик
Қуёшни – оловни ичади.
Кўксимда умидлар ёнмоқда,
Кетаяпти юрагим гупириб.
Нигоҳим биланми қуёшни
Олгандай уфқдан суғуриб.
ЭРТА
Мени қушлар уйготар эрта,
Эрта кутиб оламан тонгни.
Баҳор эрта айтади эртак,
Мен тинглайман ҳовучлаб жонни.
Ўн олтига тўлган боладай
Унутаман эрта ўтмишни.
Эрта мени куйлай бошлар най,
Кузатаман эртага қишни.
Қушлар эрта елкамга қўнар,
Чаҳ-чаҳлашар ёқимли, майин.
Кадарларнинг қаддин ё қилиб,
Тонг эртага бошқача отар.
Мен ёнурман тонгнинг муздайин
Ҳавосидан бот-бот ёқилиб.
«ЁРИЛТОШ» ЭРТАГИНИ ЎҚИБ
Нозик вужудингни титроқ силкитар,
Она Ер шоширар – тупроқ силкитар,
Фақат бир йўл менда – кўнглим зил кетар,
Элан, тош ёрилгай: «Ёрилтош, ёрим!»
Лаҳза-лаҳза от дупури ёвуқдир,
Жисминг музлаб борар – олам совуқдир,
Сингилгинам, тошга дардингни уқдир,
Ёрилган тош, ёрилгаи тош, ёрилтош.
Отларнинг шиддати баланддир, баркдир,
Сени унга дучор этаркан тақдир,
Тошларни уйғотгил, дегил: «Мен – фақир!»
Ёрилгай тош, ёрилгай тош, ёрилтош.
Ипакдек овозинг тошни кесдими?
Ола-тасирлардан тош ҳам бездими?
Тошданмикин эрк эпкини эсдими?
Ёрилди тош, ёрилди тош, ёрилтош.
Бу сирли қудратга бўлдим гувоҳ мен,
Тириклик дарсидан бўлдим огоҳ мен,
Англадим кимда ҳақ, кимда гуноҳ мен,
Ҳақ қалъаси, халқ қалъаси ёрилтош.
СЎЗ
Юраклардан келар ҳамиша,
Воҳаларни, қирларни қўмсаб.
Аммо юрак соғинчларига
Доимо ҳам қўя олмас лаб.
Шўрлик, гоҳо сайёддан чўчиб
Сувсаб юрган оҳулар мисол.
Тилнинг ўтмас қирраларида
Кун кечирар жим, афтодаҳол.
Мижғиласа шубҳа ва гумон,
Юксакликни қўмсаб қолар у.
Гоҳ юракда қўзғар ғалаён,
Гоҳо эса солади ғулу.
Лекин ортга қайтганми сира,
Бўлса шундай азиз макони.
Сўз – музаффар инсониятнинг
Қуёш янглиғ содиқ имкони.
* * *
Қадамда дуч келаверасан
Бир нокасга ёки ёмонга,
Тошми, кесак отаверишар
Пинҳон, ошкор пок бир одамга.
Айб тақашар бегуноҳларга,
Алдашади, туҳмат тўқишар.
Агар шулар бўлмагандайди,
Қандай озод яшарди башар.
Ногоҳ танда қон тўлқинланар –
Уйғоқмисан, бормисан, исён!
Қани, сен ҳам тургин, эй дунё!
Қани, сен ҳам, эй дунё, уйғон!
Бироқ дунё сокин, Шунчалар сокинки,
Ёқасидан тутиб дунёнинг –
Силкитгинг келар…
Токи Ёмонлари тўкилгунича.
* * *
Тун кечади.
Уфқ ортидан
Ёйилади борликқа саҳар.
Қўнғироғин янгратиб қайта,
Яна йўлга тушади шаҳар.
Тун кечади.
Уфқ ортидан
Бир париваш тонг отар оппоқ.
Подаларин қирга ҳайдайди,
Кўзларини уқалаб қишлоқ.
* * *
Тарк эт, ором, аврама.
Аврама, эй ёруғ дард.
Сен кўз нурим, ёлғизим.
Аммо тарк этгил фақат.
Кўнгил соғинчли, ахир,
Ахир, соғинч ҳам озор.
Кет, кўнгилда ёшини
Яшаб бўлган сабр бор.