Бахшулла Ражаб (1950)

Бахшулла Ражаб 1950 йилда туғилган. Бухоро педагогика институтининг (ҳозирги БухДУ) филология факультетини тугатган. Шоирнинг “Хаёлимда юлдузлар”, “Рангин чақмоқлар”, “Юракка сиғмаган дунё”, “Соғинч суратлари”, “Тонг таровати”, “Орзуларнинг ойдин осмони”, “Гуллаётган Ўзбекистон бу” китоблари нашр этилган. “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

ШАРШАРАЛАР ШЕВАСИ

Шаршаралар шевасида сўйлаганда ишқ дардин
Саратоннинг гулбоғлари хушбўй атрин сочдилар.
Дарахтларнинг сочларидан таралгувчи гул атрин
Сипқорганда, дил қушларим дилгинамни очдилар.

Тўлиб кетди умр бўстоним сирли олам сеҳрига,
Далаю дашт уфқлари бўлди гоҳи жизғанак.
Хаёлларим тулпорлари тўймас ҳаёт меҳрига,
Қўрқаман-эй, портлаб кетса дардга тўла мўрт юрак.

Қувгум гоҳи дардга тўла туйғуларим карвонин,
Ўйларимнинг каптарлари тор кулбада патирлаб.
Турмуш деган тўқмоқ урар гоҳи ожиз сарбонин,
Бол ўрнига заҳар ютар адашган гўл эркталаб.

Тунлар аро тиним билмас хаёлларим тулпори,
Кимдир бахтли, кимдир бахтсиз, кимдир меҳрга ташна, зор.
Кимга бағрин кенг очгуси кўҳна дунё бозори,
Кимдир эса парча нонга кунда, тунда интизор.

Соғинаман шаршаралар шевасида ишқ болин,
Нозик-нафис туйғуларим бошин гулга ўрсам ҳам.
Муҳаббатнинг гултожига қўндириб бахт хаёлин,
Кўҳна дунё бозоридан излайман дилга малҳам.

Шаршаралар шевасида сўйлаганда ишқ дардин…

ТУН

Юлдузлар кўзимга қадайди ҳайрат,
Хаёл қушларини чорлайди осмон.
Ойнинг қадаҳидан сипқориб лаззат
Кўксимда қувончлар кўтарар туғён.

Фаришта ой нурин ичаркан хаёл,
Бўйнига осилар юлдуз маржони.
Бунчалар фараҳбахш илоҳий висол,
Сеҳридан мавжланар юрак уммони.

“Зуҳро”га кўз қисар “Етти қароқчи”,
“Тарози” “Чўмич”нинг шуъласин ўлчар.
Кокилин силкитиб кенг Сомон йўли
Тонг юлдузининг қошида ўчар.

Юлдузлар олами – ёзилмаган байт,
Ўқилмай самода қўйилган китоб.
Ўзининг бергани ҳар кун тонгги пайт
Авайлаб яширар барчасин офтоб.

Бу сеҳру синоат завқини туйиб,
Тунларни тонгларга улаб яшайман.
Хаёл тулпорида юлдузни қучиб,
Уйғоқ қалб умидин Ҳаққа улайман.

ДИЛИМ ДУНЁ АКСИДИР

Муҳаббат ўтидан юракда исён,
Қуёшдек ловиллаб ёнар жисму жон.
Довдираб пойингга тиз чўксам, гулим,
Мажнундек ҳолимдан бўлма ҳеч ҳайрон.

Телбавор бу дилим дунё аксидир,
Ишқимнинг маскани ўзин қасридир.
Руҳим юлдузлардан сипқорар ёғду,
Умримнинг ҳар куни севги асридир.

ИФТИХОР

Қалбим қушларига қанот бу хилқат,
Устозлар руҳидан олгайман қувват.
Мўътабар зотларнинг ёниқ овози
Ғойибдан бахт сари айлагай даъват.

Ҳаёт, қалб, муҳаббат тимсоли бўлиб,
Ҳақиқат қўрғони нурларга тўлиб.
Ғолиблик туғини кўтаргай баланд,
Ғурбату мижғовлик тиконин юлиб.

Мозий сасидир: Румий, Нақшбандий,
Навоию Бобур, Машраб, Муқимий.
Қадр топиб Ойбегу Абдулла Қаҳҳор,
Ғафур Ғулом янглиғ Зулфия боқий.

Тонгда ҳам, шомда ҳам бергай акс-садо,
Ижод булоғидан оққан сас, нидо.
Ҳар қарич тупроқдан буюклар изин
Излагай кўзимда мавжланиб зиё.

Чарх урар теграмда улуғлар саси,
Қалб торин сийпалар ҳайрат нафаси.
Ўзбегим шаънини кўкка кўтарган
Зотларга келгайдир дунё ҳаваси.

Ойдин бахт чўққисин кўзлаган авлод
Шиддаткор руҳ ила этмоқда ижод.
Сўнмагай боболар ёқиб кетган шам,
Муқаддас маконда янги руҳ бунёд!

ТАШНАЛИК

Руҳим кўкка сапчир асов тулпордек,
Мажнуннинг оҳидай титрайди осмон.
Дардлар азобидан қўрққан бемордек,
Кўнглим хобгоҳини тарк этар туғён –
Меҳру муҳаббатга ташна лаҳзалар.

Соғинч беланчагин тебратар фироқ,
Изтироб қиличин кўтаргай ҳижрон.
Қалбим қўрғонига тош отар қийноқ,
Саҳродек сарғаяр дарддан жисму жон –
Меҳру муҳаббатга ташна лаҳзалар.

Оташин ишқ майин тутмангиз дариғ,
Туйғулар торини чертсин орзулар.
Такдирлар тилсимин ечган бахт янглиғ
Истиқбол кўшкидан сочинг ёғдулар –
Меҳру муҳаббатга ташна лаҳзалар.

Яйрасин дилгинам хаёлий нурдан,
Тафаккур лочини этсин тинч парвоз.
Малаклар орази сочган сурурдан
Ҳаётим гулшани гулласин қийғос –
Меҳру муҳаббатга ташна лаҳзалар.