Баҳром Рўзимуҳаммад 1961 йилда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1984). «Товушсиз қадам» (1987), «Теракка якин юлдуз» (1989), «Икки нур» (1994), «Давсаман» (1995), «Тинч гуллайдиган дарахт» (1997), «Кундуз сарҳадлари» (1999), «Соялар суҳбати» (2006) каби шеърий тўпламлар муаллифи. 20-аср немис шоирларининг ижодидан намуналар таржима қилган (X. М. Энценсбергер ва бошқа). «Чўлпон — тонг юлдузи демак» рисоласи чоп этилган. «Ўзбек модерн шеърияти» китобининг тузувчиларидан бири.
АРАФА
Сиз ҳавони ушлаб кўриб
олмахонга айлантиришингиз мумкин
Япроққа қўл теккизсангиз
сувратдаги дарахт новдасига
ниначи қўнади
Кўкқарғанинг туши
сим ичидан
электр қувватига ўхшаб ўтади
Қуёшлар шу қадар кўпайиб кетдики
кулба бўсағасига ташлаб қўйдик
бўйрага ўхшатиб
Сиз байроқни йиртиб
жароҳатингизни боғлаб қўйдингиз
сиз энг эзма киши нутқини
фавқулодца қизиқиш билан тингладингиз
сиз одам кўзига қараган янглиғ
ўта жиддий ҳолда нигоҳ ташладингиз бўшлиққа
Ҳаводан ясалган олмахон
куртак ичига бекиниб олди
ўткир
яшил ҳид чиқади куртак ичидан
ҳидласам бошим айланади
бош айланаверар ҳидлайверсам мен
ва бу менга ниҳоятда хуш ёқади
атрофга тун чўкару
менинг жисмим эгаллаб турган жойда
қотиб қолар тўсатдан кундуз
Қани ҳавони ушлаб кўринг энди
қоп-қора олмахон
қўлқопдек ёпишмасмикан қўлингизга
Қани япроққа қўл теккизинг
сувратдаги дарахт новдаси
айнан ниначига айланмасмикан
Кўкқарғанинг туши
сим ичида эриб битмасмикан
Оёқ қўйинг
жизғанак қилмасмикан дафъатан қуёш
Байроқ ҳам йўқ эди
жароҳат ҳам йўқ
шунчаки мавҳум бир арафа
нима рўй беришин ҳеч ким билмайди
ИНСОННИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Мен ғаройиб меваман
Ёлғизлик Дарахтидан узилган мева
Йўқ мен ерга тушмадим
ер кўтарилиб келди мен томон
ва бандимдан узилдим қўйдим
Бир сап-сариқ маймун
оқ фаришта билан суҳбатлашаётган эди
фаришта кўрсаткич бармоғи ила
ишора қиларди осмонга
қиқирлаб куларди маймун
фаришта такрор ва такрор
осмонга чўзарди кўрсаткич бармоғин
қорнини ушлаб хохоларди маймун
фаришта учинчи маротаба жиддий
сўз қотди маймунга
маймун саросимада
менга қаради
ва ўша лаҳзада
Ёлғизлик Дарахтидан узилдим бирдан
суҳбат шабадаси чирт узди мени
ғаройиб меваман
Ёлғизлик Дарахтининг меваси
КУБРОНИНГ ИТИ
Ит муаллақ ҳавода
ўргамчик тўрида
типирчилар ит
Тилло ҳалқа
рқирайди бўйнида
одамнинг кўзидек
ит кўзи чақнайди
Назар ташлар кимёназар пийр
вовуллаб ибодат қилар экан ит
овози айланар ҳамду санога
Оллоҳ деб ўсади чечаклар
қалдирғоч тумшуғида одам шажараси
зум ўтмай
беш дақиқа
илонга айланиб туради ҳалқа
Гоҳ тилда ҳалқа у
гоҳ илон
гоҳ ҳалқа
гоҳ
Ит одам қавмига қўшилди
узлатга чекинди
итнинг жисмию
одам қалби ва кўзи билан
АФСУНГАР
Осмон ям-яшил эди
қизил булутлардан
нимпушти рангда шарбат ёғарди
Азроил
тик боқди
бу манзарага
Фаришталар
қулоқни тешгудек жарангдор овозда
қудуққа қулаган зангори эчки
хусусида қўшиқ куйларди
Тамаки тутуни
учоқ изи каби шакл қолдирди ҳавода
нимпушти манзарага ҳошия бўлди
Азроил панжасидан
айнан шу лаҳзада
қутулди арвоҳлар
Қандайдир бир маҳлуқ бор овози билан кулди
сўнг аввалгидек жимлик чўкди
ерга осмонга
ҚАРҒАЛГАН
Эй булут кемтигини топиб
ой нури ила ишлов берувчи пардоз қилувчи
шамолга бундай эсма деб қуёшга ва ойга даҳли
бўлмаган нурларга бундай тушма деб танбеҳ берувчи
эй майсалар ҳидини гуллар ҳидидан ажратиб
тафовутини имо-ишора билан тўғри кўрсатувчи
сойлар шилдирашида булбулнинг саҳарги нолишига
ўхшайдиган ушоққина нолани топиб берувчи
ёмғирдан кейин мевалари сархил пишган боғда
қора анжирнинг димоқни ёргудек ширин-шакар ифорини
руҳ товланишларига ғоятда фойдапи деб билувчи
ва дунёдан умидини узган кўзлари нурсиз кампирга
бадани жумбушга келган бокира пайтларини эслатувчи
яъни одам ва қурт-қумурсқа дарахт япроқ тош ҳамда
шаҳарлар ҳамда фасллар сиёсатлар тузумлар
саркардалар роҳибалар ва фоҳишапар
мазҳаблар куфрнинг хилма хил
шакллари ўлганларидан сўнг йитганларидан сўнг барибир
йўқлик дея аталувчи чохда ўзаро туташиши зарурат
эканлигини чуқур тушунган ва буни тушунтира олмай
дилтанг бўлган зот
Сен улуғ ибтидодан нарироққа бир қадам босдинг
шу боис Аллоҳнинг қаҳри келди
Пайғамбар қарғади сени
шайтони лаиндан-да баттарроқ бўддинг
бироқ сенинг руҳиятингни тўлдирган завқу шавқ
икки дунёда ҳам йўқ фақат сенда бор
эй абадий йиғи эй абадий кулгу эй абадий жимлик