Азиз Абдураззоқ (1928-2007)

Азиз Абдураззоқ 1928 йили Тошкентда таваллуд топган. Москвадаги М. Горкий номидаги Адабиёт институтида ўқиган. Биринчи шеърий тўплами 1959 йили «Дўстларимга» номи билан чоп этилган. Шундан сўнг «Япа баҳор» (1961), «Мавж» (1965), «Бодом гуллади» (1965), «Лирика» (1970), «Азиз одамлар» (1975), «Шўх ёмғир» (1977), «Қалб нури» (1978) каби тўпламлари нашр этилди. «Қалб нури» тўпламига кирган кўпчилик шеърлар шоирнинг эллик йиллиги якуни сифатида сайланма тарзида эълон қилинган. Болалар учун ёзилган «Оҳ, қандай ширин» (1977), «Қиз ва лола» (1979), «Тап-тап элак» (1981) каби ўнлаб асарлари чоп бўлди. Унинг «Ёстиқдан чиққан эртаклар» (1988), «Боғда битган эртаклар» (1989), «Тўрт оғайни ботирлар» тўпламлари (1989) нашр бўлди.
У таржимон сифатида М. Лермонтов, Т. Шевченко ҳамда америкалик машҳур шоир Г. Лонгфелло асарларини ўзбекчалаштирган. Унинг асарлари ўнлаб ўзга тилларга ҳам ўгирилган. Азиз Абдураззоқ 2007 йили вафот этган.

ЭСКИ ЧОПОНЛИК АЗИЗ

Инсонларга эски чопонда
Кўринсам ҳам кўримсиз, хунук,
Фақат Сенга ҳар бир замонда
Бўлиб қолай азиз ва суюк,
Меҳрибоним, Аллоҳим менинг,
Бошим узра паноҳим менинг.

Бундан ортиқ борми саодат?..
Ўзинг бандам, қулим де мени.
Сени севмоқ энг бахтли одат,
Тикан ичра гулим де мени.
Меҳрибоним, Аллоҳим менинг,
Бошим узра паноҳим менинг.

ЧОРРАҲАДА

Чорраҳада турибсан ҳайрон.
Тўрт томон йўл. Билмассан аммо:
Толе йўли қайси бир томон?
Хаёлингда бир зўр муаммо.

Муаммомас қай томон юрмоқ,
Бўлса ҳамки йўллар тору танг.
Муаммомас ва эмас жумбоқ,
Қиблага юр, толе истасанг.