Акрам Усмон (1966)

1966 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. “Иқрорлик”, “Юрак мактублари” (ҳаммуаллифликда) шеърий тўпламлари, “Куз анҳори” очерклар китоби чоп этилган. Ҳозирда “Наманган ҳақиқати” газетасининг бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.

1

Икки фасл –
иноят фасли,
Учинчиси
ижобат бўлар.
Баҳор,
ёзни
билмаган асли,
Қишга етмай
кузида сўлар.

2

Кўкламда гул экаётиб
йўқотган
қаламимни
кузакда
топиб олдим
хазонлар орасидан.
Чирий бошлаган экан,
қолган экан нам тортиб,
Ёнолмай,
тутар эди
барглар алангасида.

3

Ҳовлимизга туташ пахтазор,
ҳув, нарида шитирлар ғўза.
Ким экан у, ёлғиз пахтакор,
бош кўтармас, тинмас, ким ўзи?
Чақираман:
ғўза чайқалишдан тўхтайди,
бир болакай беради овоз.
Овоз меникига ўхшайди,
майинлигин айтмаса бироз.
Билсам:
ўзим қидирар эдим,
пайкаллардан болалигимни.

4

Севги фасли
баҳор эмас,
куз экан,
Кузда севган
асал билан
туз экан.
Баҳор шўхликлари тиниб қолар-у,
куз – аламга тўлган қари қиз экан.

5

Хазонрез боғ менинг юрагим –
барглари
сарғариб,
тўкилаётган.
Ақлим,
армонларим,
кўзёшим –
боғнинг этагидан оқаётган.
Энди, у,
сокин ва тип-тиниқ,
кузги анҳордай.

6

Куз оқшоми:
ҳорғин ва маҳзун,
осмон дардга тўлиққан юрак.
Хотирамда йиғлайди бу кун,
исминг ўйиб ёзилган терак.

Ёшлигимдек йироқсан, энди,
у терак ҳам кетган кесилиб.
Бу жафокаш юрак ҳам кўнди,
ҳижронларда куйиб, эзилиб.

Севги фасли – баҳор олисда,
кимларгадир бахт улашади.
Муҳаббатдан сўз очма кузда,
вужудимда қон увушади.

Тун ҳам чўкди.
Бўлди, ухлайман –
эрта тонгда туришим керак,
Ўнгимда-ку, кўрмайман сени,
ҳеч йўқ, тушда кўришим керак.

7

Баҳорги ўйларинг – капалак,
сўзларинг дард бўлиб тўқилар.
Уч ой ёз минг ёшга кирасан…
Сўнг…
Кузда фалсафа сўқилар:
“Ҳар баҳорда шу бўлар такрор…”
Ва…
Ҳар куз ҳам шундай ўтади…