Норов Абдусаид Муродович, 1971 йил 2 февралда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Қорабайир қишлоғида туғилган.
1989-94 йиллар Бухоро Давлат университети физика-математика факултетида таҳсил олган.
1994 йилдан бери Қарши Давлат университети физика-математика факултетининг “Амалий математика ва информатика” кафедрасида ўқитувчи, 2006 йилдан шу кафедранинг катта ўқитувчиси лавозимида ишлаб келмоқда.
2006 йилда “Таважжуҳ” номли шеърий тўплами чоп этилган. Ушбу шеърлар мазкур тўпламдан олинган.
СЎЗ СEҲРИ
Шоир ёзди сарфлаб умрин ярмини,
Элакдан ўтказиб ҳар бир сатрини.
Кимдир ўқиб кўрмай отди ғижимлаб,
Гўё ерга топтаб шоир қадрини.
Шоир ёзди сарфлаб умрин ярмини,
Элакдан ўтказиб ҳар бир сатрини.
Кимдир ўқиб, йиғлаб кўзига суртди,
Гўё топганидек сўзда қадрини.
УСТОЗ ОТАНГДАН УЛУҒ
Умр йўли узун нақадар,
Кўп довон бор, соғ-у сўлларда.
Фарзандини етаклаб падар,
Қолиб кетар ярим йўлларда.
Йўлнинг қолган қисмидан балким,
Устоз элтар манзилга тўлуғ.
Шу сабабдан бўлса керакким,
Дерлар: Устоз отангдан улуғ.
ШУКРОНА
Вақт етиб чиқаркан, бир нафасда жон,
Орзулар ушалмай қолгани ёмон,
Танингда оқаркан, сўнгги қатра қон,
Оллоҳга шукр қил, нафас кирган он,
Шукр қил, нафасинг чиққани замон.
Ўйлаб кўр! Инсонсан. Толеингдандур,
Фикр қил! Мавжудлик ва йўқлик надур?
Фикрлаш ҳам асли борлигингдандур,
Оллоҳга шукр қил, нафас кирган он,
Шукр қил, нафасинг чиққани замон.
Дунёда ҳеч нарса тасодиф эрмас,
Ажал пайғомчиси бемаҳал келмас,
Икки дунё аро йўл – битта нафас,
Оллоҳга шукр қил, нафас кирган он,
Шукр қил, нафасинг чиққани замон.
ТУШ
Тушимда ғойибдан келган бир овоз,
Менга шеърларингни бер деётганмиш.
Умрим бўйи ёзган соз ҳамда носоз,
Шеърларим имтиҳон қилаётганмиш.
Қайтган шеърларимни бирма-бир санаб,
Пешонамдан чиқиб кетди терларим.
Қаранг… имтиҳондан ўтибди… Ё Раб…
Онамни соғиниб ёзган шеърларим.
ҚАРИШ ФАЛСАФАСИ
Тана ундар экан инсонни,
Кирмоқ истаб тахт ас сарога*.
Озод кезмоқ учун жаҳонни,
Руҳ талпинар экан самога.
Тана у ён тортар, руҳ бу ён,
Аросатда қолар кўнгил ҳам.
Бу курашдан толиқиб чунон,
Охир қариб қоларкан одам.
* Тахт ас саро – ер ости (А. Яссавийдан).
У – МУҲАББАТ ДАРДИ
Нега, мен қўрқаман бевақт ўлимдан?
Наҳот мангу забон кетса тилимдан.
Ортимдан кимлардир қолар куйиниб,
Ахир куйдириш ҳам келмас қўлимдан,
Агар у бўлмаса, ғам бодасини,
Сипқориб сўнг ўзим ўтга отардим.
Субҳда қуёш бирла бошим кўтариб,
Шомда қизғиш ранг-ла ерга ботардим.
Агар у бўлмаса, қўрқмай ўлимдан,
Ажалнинг домига бўлардим асир.
Шул сабаб хокини ўғирлаб зимдан,
Унга юрагимда қурганман қаср.
Удир ҳар яхши-ю ёмоннинг ҳамки
Қалбини забт этган самовий хилқат.
Удир бу дунёнинг мазмуни балки,
Удир мен ишонган илоҳий ҳикмат.
У – ғариб дилимга таскин берувчи,
Удир паймонамга тўсиқ бўлган дард.
Мени бу дунёда ушлаб турувчи,
У муҳаббат дарди, муҳаббат фақат.
АРМОН МУҲАББАТ
Нега учрашмадик севгилим барвақт,
Нечун соя солмиш ишқ деган дарахт.
Дилимни емирар беомон бир дард,
Кечиккан муҳаббат, армон муҳаббат.
Учрашиб қолганда тасодиф дамда,
Юракларда тошар аламлар қат-қат.
Мен маъюс кетаман. Қолар орқамда,
Ичиккан муҳаббат, армон муҳаббат.
Бағри дилим ўртар бир савол ҳар дам,
Нетай, армонларга беролмам барҳам.
Эмиш, мажнунтолнинг бошин этган хам,
Кўзиккан муҳаббат, армон муҳаббат.
СОДИҚ ДЎСТ
Тўймай бораверса, дунёга кўзинг,
Бир сиқим тупроқни олиб юр бирга.
Қанча баландда ҳам бўлса парвозинг,
Эслатиб туради қайтмоғинг ерга.
Сиғмай бораверса, дилингда гапинг,
Ўзинг-ла олиб юр, қалам ва қоғоз.
Кўтаролмай қолгач, тошиб юрагинг,
Бир пас йиғлаб ол-да, сўнгра ёзгин, ёз.
Гар сенга тор келиб қолса, бу олам,
Қўявер тупроқни, ёзма бирон сўз.
Қалбинг ярасига бўлгувчи малҳам,
Ахтариб топ фақат содиқ бирор дўст.
СОҒИНЧ
Неча йилким, мен сенинг ишқингда беҳад ёнаман,
На фироқ даштидаман, на ишқ майингдан қонаман,
Келмасанг гар, кўзларим йўлингга зор, ҳайронаман,
Сенки шамъи шуъладурсан, мен сенга парвонаман,
Мен муҳаббат назмида бир шоири девонаман.
Тинглаюрман жон ила жонга малҳамдир сўзинг,
Кўкрагимга тиғ урар ул қаро икки кўзинг,
Бу фано дунёсида бир-у боримсан ўзинг,
Эй санам, ҳажрингда афгор бир дили вайронаман,
Мен муҳаббат назмида бир шоири девонаман.
Кел, гўзал, бир зумга ўлтир, кетма ёнимдан йироқ,
Юрагим ўт ичра қолди, сени бир кўргандаёқ,
Бу ғариб ўксик дилимга ёққил энди сен чироқ,
Қийнама, кел энди маҳваш, бир ғариб ғамхонаман,
Мен муҳаббат назмида бир шоири девонаман.