Абдулҳай Носиров 1946 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Республика радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар бош редакциясида ишлаган.
Унинг «Кўзгу», «Уруғлар» номли тўпламлари босилиб чиққан.
* * *
Кезмайин не юртни — денгиз, боғ, чаман…
Ой ўтмай ўртайди соғинч жонимни.
Қанот пайдо бўлар гўё
Учаман,
Интизор қилмай деб меҳрнбонимни.
Кўз олдимдан ўтар муштипар онам,
Наздимда, қутлайди оппоқ тонгимни.
Қанот пайдо бўлар гўё
Учаман,
Асло зор қилмай деб онажонимни.
Нотинч тушларимда сой бўйи, далам…
Ўт-хазон қопламиш ҳовли-томимни.
Қанот пайдо бўлар гўё
Учаман,
Ҳор — мозор қилмай деб гулистонимни.
Орзиқиб бағрингга ўзни отаман,
Ер, она, Ватаним, омон бўл абад!
Оламга ҳайқириб оҳим айтаман,
Кўнглим,
Айирмагил соғинчдан фақат!
ЎТИНЧ
Бешикка сол, бела, майли, онаси,
Ухласин деб қўлларини боғлама.
Ёнган кўнглим ўртар жиндек ноласи,
Банди айлаб мурғак бағрин доғлама
Жонимизнинг…
Баҳор юриб кетса…
Ойдин йўллари —
Ёрқин истиқболга олиб боради.
Эркинликни истар бу кун қўллари,
Жонимизнинг…
* * *
Сен туғилдинг…
Чинор шохини кесиб,
Бешик ясадилар бежирим бирам.
Бу ёруғ дунёга талпиниб келиб,
Ерга қадам қўйдинг, биринчи қадам…
Улғайдинг…
Оламнинг дардларин сезиб,
Қирларда гул узиб висолга ташна…
Чинорнинг каттакон бутоғин кесиб,
Уй тиклаб бердилар… Сўнг тўй-томоша…
Умрни сой дерлар…
Энтикиб, жўшиб,
Кексалик қасрига етиб борган дам —
Чинорнинг яна бир навдасин кесиб,
Қўлингга тутишгай асо хотиржам.
* * *
Замин ухлар — беозор замин,
Оқ кўрпасин тортиб бошига.
Замин ухлар, туш кўриб ширин…
Ажаб, нелар кирар тушига?
Оқ шуълага тўлиб қучоғи,
Ёғдуларга чўмилиб фақат.
Ташвишларни унутиб, чоғи,
Замин ухлар, тўплар куч-қувват.
Замин ухлар, қилманг безовта,
Тўлғонмасин титраб ногаҳон.
Куйиб ёнган жанг, сурон ўтда,
Кўнгли ярим, ярадор, нолон…
Миллионларни бағрига олиб,
Ўртаниб у, чўчиб ётибди.
Одамлар, ҳа, одамлар толиб,
Ер кўксини қучиб ётибди.
Тирикларга тутар неъматин,
Дариғ этмай ризқу рўзини.
Она-ерим, вали неъматим,
Феъли кенгим, очдинг кўзимни…
Замин ухлар — беозор замин,
Оқ кўрпасин тортиб бошига.
Замин ухлар, туш кўриб ширин,
Нелар кирар экан тушига?
Балким кўрар тушларида гул,
Навбаҳорнинг табассумини.
Куртак бўлиб барқ урган кўнгил
Нурга буркар бахт мавсумини.
* * *
Томирларим най бўлиб саҳар,
Субҳи тонгни уйғотмоқ бўлди.
Қумри қушлар топдию хабар,
Уфқларни қўзғатмоқ бўлди.
Уйғонгандан боғлар нафаси,
Шамолларни ютгандай бўлди.
Капалаклар келиб ҳаваси,
Гуллар узра қотгандай бўлди.
Яйловларда чопган қўзилар,
Майсаларни ўпгандай бўлди.
Кун ҳам чиқиб аста чўзилар,
Оламга нур сочгандай бўлди.
Яшнаб кетди борлиғу қодир,
Етти иқлим тарафи бўлди.
Томирларим най бўлиб нодир,
Кўнглимнинг бахт, иқболи бўлди.
* * *
Севгим ёқут эди,
дур эди севгим,
Қоронғи кўчага сочилиб қолди.
Беқасам елкамда,
ҳилпираб енгим,
Ўт олган кўкрагим очилиб қолди.
Ёқут тош ёришиб,
дурим ёришиб,
Қоронғи кўчани ёритиб қолди.
Лек, лойга қоришиб,
чангга қоришиб,
Алами кўп мани қаритиб қолди.
Кўнгилда,
севгимни изладим узоқ,
Қоронғи кўчада тонглар оттириб.
Йўлимда тиканлар,
ҳасадлар тузоқ,
Ҳасратлар, азоблар, шонлар орттириб.
Толганда шодланиб
ёқутим, дурни
Кўкларга кўтариб парвоз айладим.
Ва озод яшабда,
бағрида ҳурни,
Иккала дунёни пар соз айладим.
* * *
Афросиёб поезди – бу нур ичган шитоб,
Дулдул бўлиб қанотини ёзган чоғида –
Етолмайин қолганини кўрдимда офтоб,
Хаёлларим учганида бўзлаб гоҳида.
Олиб кўнглим кўзларини, боғлардан ўтиб,
Сирдарёнинг кўпригидан ўтиб тезлашса –
Киприкларим қўлларини силкиса тутиб,
Ярашади ҳофизлардай ёниб созлашса.
Ўтаётиб поезд Жиззах адирларидан
Сочилганин кўриб йўлга лолаларини –
Уфқларда порлаётган садоларидан
Тутган бўлди боболарнинг нолаларини.
Улуғбекнинг кўзларидан меҳрлар туйиб,
Кўкдан тушиб, айланибда қамар тантига –
Тоғлар ошиб, ёғдусини баралла қуйиб,
Шиддат билан кириб келди Самарқандига.
Жисму жондан ўтиб борди ушбу ташбеҳим:
Қучоғига босиб тағин тонг ила шонни –
Шарафларга улагани қадим тарихим,
Тезлаб-тезлаб бораётган Ўзбекистонми?
* * *
Муҳаббат сифатин топдингми дерлар,
Шунча йил яшадинг ишқ дардин чекиб?
Даштларда чўғ излаб чопдингми дерлар,
Қорачиғ ўтимга кўзларин тикиб?
Топдимда, қирларда лолалар излаб,
Селларда юзларим ювган чоғларим.
Қалдироқ нурида қалтираб, бўзлаб,
Кўкларни куйдирган оҳу доғларим.
Топдимда, меҳрдан порлаб нигоҳим,
Лабимни ёндирган пайти лаблари.
Қувончдан тошганда жўшиб сегоҳим,
Қалбимга қўшилиб кетди қалблари.
Топдимда, ўғиллар туғилганида,
Қанот пайдо бўлиб икки кафтимда –
Шодликлар дўл каби ёғилганида,
Бахтимни кўрибда, қалбу тафтимда.
Топдимда, бу куни уйнинг тўрида,
Ойдай набиралар давраси аро
Мирзодай ўлтирсам юрак қўрида,
Порлаган кўзлардан кўзларим қаро.
Муҳаббат сифатин топдингми дерлар,
Шунча йил яшадинг ишқ дардин чекиб.
Даштларда чўғ излаб чопдингми дерлар,
Қорачиғ ўтимга кўзларин тикиб.