Зорий (XIX-XX аср)

Зорий тахаллусли шоирнинг асли оти Усмонхўжа бўлиб, у Қўқон шаҳрида туғилган. Унинг биографиясига оид тўла маълумотга эга эмасмиз.
Зорий XIX аср иккинчи ярми ва XX аср бошларидаги ўзбек адабиётининг демократик йўналишига ёндошган шоирлардан биридир. Бу йўналишнинг йирик вакиллари Муқимий, Завқийлар билан яқиндан дўстлашган шоир Зорий уларнинг таъсирида бўлади: у гўзал лирик ғазал, мухаммаслар билан бир қаторда, бирмунча сатирик характердаги асарлар яратади.
Зорий асарларининг ҳаммаси ҳозирча тўпланмаган, 1956 йил, 10 сон «Шарқ Юлдузи» журналида шоир Собир Абдулла Зорийнинг ҳаётига оид баъзибир маълумотларни, шунингдек, унинг бирнеча ғазал ва мухаммасларини эълон қилди.
Зорий ижодидан намуналарни тайёрлашда биз шу журналга, ҳамда Собир Абдулла қўлида сақланаётган, матбуотда эълон қилинмаган материалларга асосландик.

ҒАЗАЛЛАР

Сабо мундин бориб маҳбубима, эй ёр деб, айтинг,
Йўлингда мубталою сенга арзи бор деб, айтинг.

Ютуб ҳижрон ғамини кеча-кундуз, анда тоқат йўқ,
Юраги чок-чоку сийнаси афгор деб, айтинг.

Тараҳҳум қилмайин, анга тазаллум айласанг, жоно,
Ёруғ дунёда они юрмаги душвор деб, айтинг.

Хиром айлаб гаҳи юз жилваи ноз ила ўтганда
Такаллум айласанг бир дафъа, миннатдор деб, айтинг.

Тариқи ошнолик бўйла бўлса ушбу оламда
Муҳаббатдан дам урмоқ барчаси бекор деб, айтинг.

Замона мардуми, эй дилбаро, афъолидур маълум,
Рақиб аҳлиға сирни қилмағил изҳор деб, айтинг.

Йўл узра домини қўйган ҳариф сайёдлар кўпдур,
Келолмайдур, кўралмас, найласун ночор деб, айтинг.

Жафою жавр ила ошиқ иши мундоғ ўтар бўлса,
Тушар бошига гўё гумбази даввор деб, айтинг.

Ўқуб бу арзи аҳволим, жафожў қилмаса бовар,
Санга қул бўлганига шу хати иқрор деб, айтинг.

Ҳаримий васлинга лутф айлабон қилсанг эди маҳрам,
Висолинг бирла бўлғай ошиқинг саршор деб, айтинг.

Муҳаббатнома ёзди, айлабон Зорий таваллолар,
Иложи бўлса қилғил бўйнингга туммор, деб айтинг.

* * *

Менинг бир лайливаш ақлимни олган гул узоримдур,
Ани шаънига ёзган ушбу мажнунлик шиоримдур.

Оқарғон сув деманг, ё баҳр эмас, ҳар дашту саҳрода,
Ғубори мақдами роҳига тушган ашкборимдур.

Қаро кокил эмасдур, маҳвашим бошинда чирмолғон,
Етолмай васлиға ҳар дам қорайган рўзгоримдур.

Қизарган гул эмас ҳар боғ аро бир гулистон ичра,
Туну-кун ёрнинг ҳажринда чашми хун нисоримдур.

Тафаккур айламанглар дилбарим оқ юздаги холин,
Қолиб шоми фироқи ичра кўкси доғдоримдур.

Насим эрмас саҳарлар тегса гул япроғи тебратган,
Шитоб айлаб чаманзора ўтан, чобуксуворимдур.

Кўрунса шуълаиким, барқ деб они хаёл этманг,
Ўт эрмас яшнаган, жисмимда мавж урган шароримдур.

Деманг равзан қаю жойимда ногаҳ кўрсангиз сўрох,
Шигоф этган таним новак билан ханжар гузоримдур.

Менга бир журъаи жоми муҳаббатдин карам қилса,
Ани нўш айласам, эй дўстлар, дафъи хуморимдур.

Насиҳат берган эрди, чиқма раҳдин деб, неча хўблар,
Алар сўзи ҳамиша манга олтун гўшворимдур.

Бу ерда Зорийи ахгарнинг элга эътибори йўқ,
Мусофирдек юрарман мунда, гарчи ўз диёримдур.

МУХАММАСЛАР

ЛАХТУН ҲАҚИДА ҲАЖВ

Синиб Бектор, яна синдингми сен ҳам, онағар Лахтун*,
Нега мардум пулидин қилмадинг асло ҳазар Лахтун,
Кишининг ақчасига мунча қилдинг иззу фар Лахтун,
Босиб тур, ё таг ур деб, келдиму сенга хабар Лахтун,
Этакни бар уриб, оқшом туриб қочгил бадар Лахтун.

Қачон лах-лахки синдинг, халқ бошинга йиғилганда,
Яна пулмастлар бўйла бўлан ҳолингни билганда,
Сарою расталардин яхшилар олдингга келганда,
Ҳаёнхўрлик кўруб бу ҳолни, бағри эзилганда,
Кўюб, майли деган бошинда, қорнингга нўқар Лахтун.

Санга пул бердилар, сотиб тегирмон, боғлар қолмай,
Аларнинг дастидан бош қашмақа тирноғлар қолмай,
Едилар ич этин, жисмида қитмол ёғлар қолмай,
Кетиб шаҳбоз хайли, келди сендек зоғлар қолмай,
Ўйинчи модаларга жуфт ўлуб, ёввойи нар Лахтун.

Ададсиз ақча бермиш аксар одамлар бўлуб ҳушҳол,
Яна бир одами эскифуруш ҳам бўлди фориғбол,
Аларнинг баъзиси пул дарди бирлан вазн бир мисқол,
Сабаб бўлмиш ўшал судхўрларга ул Қосим даллол,
Хўракни айладинг ҳалқумига эмди заҳар, Лахтун.

Зиёд ўхшайди қарзиниг элга боқса олти лакдан ҳам,
Тийин олганмидинг ул Андижон аҳли, бўлакдан ҳам,
Бале, айёрлик илмида ўткардинг Камакдан ҳам,
Хароб ўлдинг ахири, лафкада синган чалакдан ҳам,
Агар Бектор йўқолса, анга бўлгил ҳамсафар Лахтун.

Пул олмишсан яна бечора, нодон сартарошидин,
Сотиб йиғмиш экан ҳар тўйда тушган нону ошидин,
Аюрдинг эл аросинда анинг ҳам икки қошидин,
Қилур авқоти бўлди жумъа кун эшони дошидин,
Будур қасди, сени ҳам ўз қўли бирлан кесар Лахтун.

Тан олма гарданинга, ақлинг ўлса, бир мирини ҳам,
Иложи бўлса боз ол, ақчасин қўйма, жирини ҳам,
Отанг ҳам келса асло қилма рўйи хотирини ҳам,
Қўлига бермагил танзил дебон учдин бирини ҳам,
«Пашол» деб, тўғри келганларни кўксидан итар Лахтун.

Авалдин хомтамаъларга агар қилсанг эди шафқат,
Берурди яхшилар, сабр айласанг ўн йилгача фурсат,
Мунингдек қилмасанг, бу халқдин кўргай эдинг ҳурмат,
Бўлар иш бўлди, эмди ол бориб пулдордин муҳлат,
Дам олгай кунда, то бошига келгунча табар, Лахтун.
__________________
* Бектор, Лахтун сўзлари русча Виктор, Ляхтин сўзларининг бузилган шакллари.

* * *

Тегса ғамики кимсага андин ҳаё қочар,
Кўнгли чироғи ёнмасу дилдин зиё қочар,
Аъмои дил сиёни қўлидин асо қочар,
Муфлис элини хор кўриб, ағниё қочар,
Ҳар кимда сидқ йўқ валию авлиё қочар.

Арз айлайин, солинг қулоқ, сиз эй яхшилар,
Сўзингда мағз йўқ дебон қилмангиз ҳазар,
Бўлди кабоб жабру ситам ўтига жигар,
Ҳолим кўруб дегай, ҳама расвоий раҳгузар,
Боқмас юзимга кўрса, туруб ошно қочар.

Найлай замона халқлари тўғри юрмаса,
Доно юзини жону дили бирла кўрмаса,
Парвонадек ўзини бориб шамга урмаса,
Яхши суханлар они даҳонида турмаса,
Бул ҳам масалки «Итли эшикдин гадо қочар».

* * *

Ҳоли дилимни сўртали, эй симтаним, кел,
Эй симтану золиму бедод фаним кел,
Бедод фану кокили мушки хўтаним кел,
Шаҳбоз боқишлик санами, гулбаданим кел,
Минг ваъда қилиб, бирга вафо қилмаганим кел.

Киприклари ўқ, қошлари ё, кўзлари бодом,
Рухсори қўёш, тишлари дур, лаблари гулфом,
Кетди мени мотамзададин сабр ила ором,
Ғам кунжида фарёд ила дерман мани бадном:
Эй меҳру муҳаббат равишин билмаганим кел.

То волаи ул Лайлии Ширин сухан ўлдим,
Мажнун сифат овораи дашти Хўтан ўлдим,
Навмид таманнои ғариби ватан ўлдим,
Яъқуб каби сокини байтул-ҳазан ўлдим,
Тангри учун, эй Юсуфи гул пираханим, кел.

Бу ёр менга дарду балою ситам ўлмиш,
Ғам ҳамдаму мунис менга ранжу алам ўлмиш,
Меҳнат юкидин нахли қадим эмди хам ўлмиш,
Жон қофиласи озими мулки адам ўлмиш,
Эй орзуи жону талабгори таним кел.

Ҳижрон ила ёшимни равон айламасангчи,
Озор ила бағрим тўла қон айламасангчи,
Ғам ўқига кўксимни нишон айламасангчи,
Охир мани расвоий жаҳон айламасангчи,
Бир лафз вафо илмини ўрганмаганим, кел.

Эй шўхи пари чеҳра, манга кўп ситам этдинг,
Вобастаи занжири балою алам этдинг,
Душманлара юз меҳру вафою карам этдинг,
Нетдим, мани бечорани помоли ғам этдинг,
Эй бир манга минг жабру жафо айлаганим, кел.

Эй қомати сарву, юзи гул, кўзлари шаҳло,
Ораз қамару, ғунча оғизли, тани зебо,
Хат сунбули тар, лаъли лаби рашки масиҳо,
Бир кун демадинг мен каби дилхастани асло
Эй ошиқи бечораи меҳнат чеканим кел.

МУСАДДАС

Даҳр ичида шўхи гулрухсор, сенсиз найлайин,
Илтифотинг бўлмаса изҳор, сенсиз найлайин,
Ҳажр, ила доим таним афгор, сенсиз найлайин,
Кўрмасам ҳолим бўлур душвор, сенсиз найлайин,
Ёр, сенсиз найлайин, дилдор, сенсиз найлайин,
Еткали васлингга мен ночор, сенсиз найлайин.

Толиим бўлди забун ё билмадим бахтим қаро,
Шум рақиблардин тушар бошимга юз минг можаро,
Тиғи ҳижронда таним мажруҳдур, кўксим яро,
Чарх давринда юрубдурман, чунон мотамсаро,
Ёр, сенсиз найлайин, дилдор, сенсиз найлайин,
Еткали васлингга мен ночор, сенсиз найлайин.

Бормукин ушбу жаҳон ичра менга бир ғамгусор,
Сўрмагай ҳолимни ҳаргиз ошно, хешу табор,
Восил ўлмоқ сенга, жоно, менда йўқдур ихтиёр,
Бир тараҳҳум қилмасанг мен телбага эй гулузор,
Ёр, сенсиз найлайин, дилдор, сенсиз найлайин,
Еткали васлингга мен ночор, сенсиз найлайин.

Моҳвашлар ичра борми сен каби нозик миён,
Кўзлари жаллоди ошиқкуш мижанг мисли синон,
Гул юзинг кўрганда бўлмиш ғунчаларнинг бағри қон,
Кеча-кундуз фикри ёдинг бирла рангим заъфарон,
Ёр, сенсиз найлайин, дилдор, сенсиз найлайин,
Еткали васлинга мен ночор, сенсиз найлайин.

Бир йўли ҳолинг нечун деб, ёр йўқлаб келмасанг,
Доимо ағёр ила, бизларни кўзга илмасанг,
Хўп жафожўсан, вафо расмини ҳаргиз билмасанг,
Зорийи бечорага бир зарра парво қилмасанг,
Ёр, сенсиз найлайин, дилдор, сенсиз найлайин,
Етгали васлингга мен ночор, сенсиз найлайин.