Завқий (1853-1921)

Завқий (тахаллуси; асл исм-шарифи Убайдулло Солиҳ ўғли) (1853 — Қўқон — 1921) — ўзбек шоири. Қўқондаги «Мадрасаи олий» ва «Мадрасаи чалпак»да таҳсил олган (1870—74). Махсидўзлик билан шуғулланган. Маълум муддат мирзалик қилган, Хўжанд, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Ўш, Андижон, Марғилон шаҳриларида бўлган.

Тоғаси Муҳаммад Сиддиқ билан Мадинани зиёрат қилган (1900). 1903 йил Қўқонга қайтган. Завқий мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттирган, Қўқон адабий муҳитининг Муқимий, Фурқат, Нодим, Рожий каби намояндалари билан ижодий ҳамкорлик қилган.

Завқийнинг ғазал, мухаммас, мувашшахлари («Айлаб келинг», «Радифи Завқий» ва бошқа)да ўзи яшаган муҳит ва тузум, меҳнат ахлининг аҳволи тасвирланган. У турмуш алам-изтироблари, ҳижрон азобига висол умиди, вафодорлик, садоқат туйғуларини қарама-қарши қўяди («Юзингни кўрсатиб аввал», «Бодаи васлинг» ва бошқа), кишиларни турмуш гўзалликларидан завқланишга, уни севишга чорлайди.

Завқийнинг бир қанча шеърлари («Каждор замона», «Ажаб замона», «Абдураҳмон шайтон» ва бошқа)да мустамлака тузумидаги ижтимоий тенгсизлик, адолатсизлик, чор маъмурияти ҳимоясида бўлган айрим нопок амалдорларнинг кирдикорлари фош этилади. Завқийнинг «Мунча кўп» радифли ҳамда «Ажаб замондур, аҳбоб, бош қотиб қолди» мисраси билан бошланувчи мухаммаслари 19-аср бошлари шеъриятидаги энг ўткир ижтимоий асарлари жумласига киради.

Завқий ижодий меросида ўзбек қишлоқларининг аҳволи, деҳқонлар ҳаёти мавзуи ҳам катта ўрин тутади («Янги Қўрғон қишлоғи», «Сув жанжали», «Шоҳимардон саёҳати» ва б.). Бу асарлар Муқимийнинг «Саёҳатнома»си таъсирида ёзилган.

Завқий Муқимийнинг ҳажвчилик йўлини давом эттириб, ўзбек адабиётида ҳажвий йўналиш тараққиётига катта ҳисса қўшди («Обид мингбоши ҳақида ҳажв» ва б.). Завқийнинг «Воқеаи қози сайлов» (1909—10), «Қаҳатчилик» (1916) каби асарларида ижтимоий адолатсизлик фош этилади, халқнинг зулмга қарши намойишлари акс эттирилади. «Ажаб эрмас» радифли мухаммаси 20-аср бошлари ўзбек шеъриятида муҳим ҳодиса бўлди. Бунда шоир мустамлака асоратида эзилаётган юртнинг бахтли келажаги ҳақида фикр юритди. Ижтимоий ҳаётдаги айрим носозликлар, кишилар фаолиятидаги салбий ҳоллар устидан бир қатор шеърлари («Таърифи калиш», «Отим», «Фонус», «Сигирим», «Пашшалар» ва бошқа)да заҳарханда билан кулади.

Шоирнинг ишқий ғазал ва мухаммаслари ўша даврларданоқ халқ ҳофизлари томонидан куйга солиниб, ижро этилган («Ёр келур замона йўқ, келмаса-келмасун нетай?!», «Кулбам аро, эй махлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг» ва б.). Завқийнинг шеърлари турли баёз, мажмуа, вақтли матбуот ҳамда оғзаки манбалар орқали бизгача етиб келган. Қўқон шаҳридаги бир маҳалла, қишлоқ, мактаб ва кўчага Завқий номи берилган.

Абдурашид Абдуғафуров.

НАСИҲАТ

Жаҳонда камсухан ким бўлди, асрори ниҳон бўлди,
Кимики сўзлади кўп, билки расвойи жаҳон бўлди.

Назокат ортурай десанг, мисоли ғунча хомуш бўл,
Надинким оғзини то очди гул, барги хазон бўлди.

Чаманда арғувондек сурат оро бўлмағинг хуб йўқ,
Пишарда мевасиз шармандадур, сирри аён бўлди.

Дема машҳур бўлмоқ яхши, буғдой данаси пинҳон,
Дарахти қилди жавлон, сарғайиб охир самон бўлди.

Биродар, ол мени(нг) пандимни, ўз қадрингни синдирма,
Киши уз иззатини билмади, охир ёмон бўлди.

Агар иззат талабсан камнамолиғ орзусин қил,
Қаю ажнос бисёр ўлса суди йўқ, зиён бўлди.

Садафлар кўп оғиз очмак билан кўкси бўлур холи,
Ки баъзиси лабин кам во қилиб дурри ягон бўлди.

Эй Завқий, хаста оғзинг кам очиб, ибрат кўзинг очғил
Ажабким қўл яқода юргудек турфа замон бўлди.

ЮЗИНГНИ КУРСАТИБ

Юзингни кўрсатиб аввал ўзунгга бандалар қилдинг,
Яна кўнглум олиб юз ноз бирла хандалар қилдинг,
Жамолинг партавин солиб, ажойиб жилвалар қилдинг,
Масиҳдек бир боқишда мурда жисмим зиндалар қилдинг
«Сенга мен то қиёмат ошно», деб ваъдалар қилдинг.

Қани менга вафои аҳд қилғонинг, гули ғунча,
Қани булбул сифат олдингда тургоним очилғунча,
Қани бизларға ҳамсуҳбат рақиблардек тонг отқунча,
Сани дарди фироқинг айтиб-айтиб йиғлай ўлгунча,
На деб эй меҳри йўқ, мен хаста қулға ғамзалар қилдинг.

Деб эрдинг: кеча-кундуз мен сени ёринг бўлурман деб,
Тикандек суҳбатингда бир гули норинг бўлурман деб,
Жафони сенга оз айлаб, вафодоринг бўлурман деб,
Умидим кўп эди, ёлғиз харидоринг бўлурман деб,
Ажабким халқ ичинда булҳавас деб шиквалар қилдинг.

Манга мардумлар айди: берма кўнгул бевафо ёра,
Сени овора айлар, аҳди ёлғонлар, ситамкора,
Вафоси йўқ, ишонма сўзига, шўхи жафокора,
Дедимким, носиҳо инъом кўпдур ошиқи зора,
Нетай, эй бемурувват, охири шармондалар қилдинг.

Тариқи ошнолиқни бузуб номеҳрибон бўлдинг,
Мени жононим эрдинг, эмди кимга жонажон бўлдинг,
Неча кун менга улфатлик қилиб ороми жон бўлдинг,
Кўзимни мардумида неча соат меҳмон бўлдинг,
Қаландардек танимға ғам ҳаририн жандалар қилдинг.

Кима айтиб, кима йиғлай бу золим ёр жафосини,
Ҳақиқат қилмаса маъшуқ деган ошиқ хатосини,
Ҳамиша фурқатин тортсам, рақиб кўрса вафосини,
Қаю Лайли сифат мундоғ қилур Мажнун гадосини, ‘
Юзингни бир кўрай десам қўлингни пардалар қилдинг.

Агар билсам эди бегона бўлмоқ ихтиёрингни,
Бошимға солмас эрдим беҳуда савдойи корингни,
Ҳама айтур нечук қилдинг, ўшал мастона ёрингни,
Кўнгулда гинаси бор, арз қил аҳволи зорингни,
Солиб бўйнумга ҳажринг занжирин бадкардалар қилдинг.

Юрагим раҳна бўлди, бас қил истиғнони, жононим,
Фироқинг торта-торта ёшлигимда кетти дармоним,
Аразингни қўюб, лутф айласанг ҳеч йўқтур армоним,
Кўзим нури танимни қувватисан, эй дил оромим,
На хўб бир неча кун Завқий қулингга шевалар қилдинг.

МЕН КИМГА ДЕЙ

Дилдаги розимни, эй боди сабо, мен кимга дей,
Сен кўнгул сиррига маҳрам ошно, мен кимга дей,
Чекканимни зулму, бедоду, жафо, мен кимга дей,
Ҳасратим кўп, бир париға мубтало мен кимга дей,
Ишқида куйган юрак бағрим адо мен кимга дей.

Қайда зикри шаҳд этай, ширин мақолимни демай,
Гулни(нг) васфи йўқ керак, рухсори олимни демай
Сарвлар фикри керакмас навниҳолимни демай,
Ҳусн мулкин шоҳи бўлса арзи ҳолимни демай,
Термулиб йўлидаги ётган гадо, мен кимга дей.

Андалиби боғ ўлуб илҳон чекардин тинмадим,
Гоҳ-гоҳи нолаи пинҳон чекардин тинмадим,
Савти гулбонги садо нолон чекардин тинмадим,
Гул юзингни шавқида афғон чекардин тинмадим,
Бу чаманда булбули дастонсаромен, кимга дей.

Қўрқмаган кимдурки ошиқларни оҳи сардидин,
Бестун тоғидаги Фарҳоди ғам парвардидин,
Бу жунун саҳросида Мажнуни олам гардидин,
Ақл носиҳ, ишқ бебок — иккисини(нг) дардидин,
Айта олмай ҳеч кимга бу можаро, мен кимга дей.

Соқиё, садқанг бўлай, бир нўш тутғил Завқийға,
Йўқ, ғалат дерман шароби хуш тутғил Завқийға,
Риндлар ичра майи мадҳуш тутғил Завқийға,
Гарчи икроҳи табиат гўш тутғил Завқийға.
Сенга демай арзиҳолим, дилрабо, мен кимга дей.

НЕТАЙ

Ёр келур замона йўқ, келмаса-келмасун нетай,
Сарф этарға хазона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Маскани кўз ичра десам, мардум аро калон экан
Таклиф этарға хона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Эски бузуқ ҳаробада чуғздек айладим ватан
Бир тузук ошёна йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Манъ этарга келмагин, кўп эмиш истихоралар,
Мундин ўтар баҳона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Таъна занонлар ўқлари кўксимизи ҳадаф қилур,
Қелмагидин нишона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Журъаи жоми васлидин бермаса-бермасун менга
Базми майи муғона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Кундузи партав афканим бўлмаса шамъи анжуман
Ваъдаси бир шабона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Жону кўнгулни(нг) торини, соз чекарга шунчаким,
Мутриби хуш тарона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Кўзни тикиб қудумига токай ўлурман интизор,
Илмаса кўзга кулбами, келмаса-келмасун нетай.

Ишқ элини(нг) додига солмаса юрту эл қулоқ
Одили бир замона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

Ул кўзи ваҳшимиз буён бўлмаса ром не ажаб,
Завқийда дому дона йўқ, келмаса-келмасун нетай.

МУНЧА КЎП

Золим фалак бисотида озор мунча кўп,
Инсон шарафли номи била хор мунча кўп,
Ҳар кўчаларда қашшоқ ила зор мунча кўп,
Тарҳи жаҳон биносида бадкор мунча кўп,
Хўқанд аро балога гирифтор мунча кўп.

Ҳамрозу дўст топилсаю жонлар фидосидур,
Орзу шуким: камина кўнгил муддаосидур,
Хуш суҳбати мажруҳ дилим давосидур,
Мақдами кўзума айни шифо хоки посидур,
Йўқ андоғ анисим, дунёда ағёр мунча кўп.

Нодон севар замона, дод илкидин нетай,
Бошим олиб фиғон ила ё бир томон кетай,
Ушбу диёри масхарани эмди тарк этай,
Тинмай шикоят ила ёмонга рақам битай,
Жумла фалокат аҳлиға ғамхор мунча кўп.

Дориламон бўлди ажаб фоҳишахоналар,
Тўлмасми касофатдин охири паймоналар,
Доно кўруб бу кулфат ўтида ёналар,
Қолсин фисқу фужури бошидин ордоналар,
Қарғишга нишон беномусу беор мунча кўп.

Илму ҳунарлар ўрниға пулдор тўнг бўйин,
Уч-тўрти йиғилиб қилишур ит каби ўйин,
Эҳсон ғарибға йўқ, шоҳона қилур тўйин,
Айтса адо бўлмас, сира минбаъд феълу хўйин,
Ғусса дилим шарҳ айласам асрор мунча кўп.

Қишлоқ эли шафтоли қоқи, нон тополмагай,
Кийган либосини тортса (белини) ёполмагай,
Ўлди совуқда кўпи оч, ўтун ёқолмагай,
Кўрдики бу машаққати ҳаргиз йўқолмагай,
Қиш чилласида ёзга умидвор мунча кўп.

Ким ташна ер учун, кимида икки-уч ҳарам,
Бирови беватану бировда боғи эрам,
Бировни(нг) сўзи зулфиқор, бировни(нг) қадди хам
Ғаддор фалак, доим ишинг бўлди бешу кам,
Каждор замона, доғули маккор мунча кўп!

Биров сийму зар ила ўлимдин омон бўлур
Етиб муродға бири ҳакими замон бўлур,
Ақча учун киши роҳизан ёмон бўлур,
Бечора косиб аҳлиға, билгил, зиён бўлур,
Ноҳақ қон тўкарга босмачи хунхор мунча кўп.

Дерлар биров улуғу бирини(нг) паст тақдири
Бири тўқу бири оч, балоларни(нг) собири,
Инсон шарафли номида эмасми ҳар бири?
Ёхуд она туққанида бўлганми бир сири,
Ёлғон эътиқод ила бидъат шиор мунча кўп.

Завқий, ким айди, мунча шикояти дароз қил,
Сўзни мухтасар айлаб, иборатни оз қил
Ким зимистон кўнгилларни баҳору ёз қил,
Қад рост туруб, сўз била элни сарафроз қил,
Аитмай десанг, муносиби ашъор мунча кўп.

КАЖДОР, ЭЙ ЗАМОНА

Ғаддор фалак ситам нишона
Каждор, мариз, эй замона!

Яхши ҳама даҳр аро нигунсор,
Ҳар ерда ривождур ёмона.

Ҳеч камбағал ўлмагай қариндош,
Бойларни биров демас бегона.

Пул бўлса кифоя, майли душман,
Бепул қарамайди дўст жона.

Зоғу зағани юрибди озод,
Булбулга қафас берур замона.

Инсон шарафила қадрсиздур,
Ҳайвон жасадила мардумона…

Сардорлар ўлди бехирадлар
Ақл аҳли юраги тўлди қона.

Эй тез забону мардум озор,
Қил фикр, не иш эрур чаёна?

Эл таънида шикваи замондин
Завқий ишинг ўлди бу фасона.


ШОҲИМАРДОН ХОТИРАСИ

Бу равзага кимки келиб,
Бир кечаси меҳмон экан.
Умрида бир кўрган киши
Ўлганда беармон экан.

Икки тарафдин сой денг,
Кўм-кўк мусаффо чой денг,
Ҳар дам ичиб ҳой-ҳой денг,
Оби ҳаёти жон экан.

Осмонга қўйган нардбон,
Чиқсанг тамошо бир жаҳон.
Наҳри улуғ, ҳар сўй равон,
Кўрмакка кўз ҳайрон экан.

Келдик етиб моҳи ражоб,
Ҳар ким кўрар айлар ажаб,
На порс кўрган, на араб,
Бир жаннати ризвон экан.

Болода танг-танг кўчалар,
Турғайки, шайху хўжалар,
Келса товуқ ҳам жўжалар,
Ёзмоқда дастурхон экан.

Бад шаклу бал хў, бадиамо,
Ботинда кийна, фисқ риё,
Ким учраса шилқим гадо
Суллоҳ озори жон экан.

Саҳни ажойиб хуш ҳаво,
Ҳам руҳпарвар, жон физо,
Хушбў кўрингай ҳар гиёҳ,
Жамбил билан райҳон экан.

Кабиклари бўйнин чўзиб,
Юз совт ила нағма тузиб,
Булбул наволар кўргузиб,
Тўтиси хуш илҳон экан.

Бўлса керак бул тоғлар,
Кам-кам чиройли боғлар,
Ҳеч кимса кўрмас доғлар,
Кўнгли аро қолган экан.

Завқий келиб кўп турмади,
Турса рафиқлар қўймади,
Оё насиба бўлмади,
Эҳроми учқўрғон экан.