Видоий (?, Каттақўрғон – ?) — ўзбек шоири. 19-аср Каттақўрғон адабий муҳитига мансуб романтик услуб вакилларидан бири. Ҳаёти ҳақида маълумот топилмаган.
Ижодида дунёвий адабиёт анъаналарига риоя қилган, лирик шеърлар яратган. Шеъриятида самимий севги, аҳдида қатъий бўлишлик, садоқат, яхшиликни улуғлаган. Маънавий-ахлоқий қашшоқлик, адолатсизлик, жабр ва зулм каби иллатларни фош қилган.
Навоийнинг «Харобот аро кирдим ошифта ҳол, Май истарға илкимда синган сафол» байти такрорланиб келувчи таржеъбандига татаббу тарзида 10 та таржеъбанд ёзган, шеърларига назиралар боғлаб, буюк ўтмишдошининг ижодий анъаналарини давом эттирган.
Видоийнинг 4 минг байтга яқин шеърни ўз ичига олган девони бизгача етиб келган.