Шавкат (1882-1934)

Мирзоҳидохунд ўғли Сирожиддин Шавкат адабиётимиз тарихида Шавкат, Сидқий, Искандар, Шеван тахаллуслари билан ижод этган адибдир. Шавкат 1882 йилда Тошкент вилоятининг Хондайлиқ қишлоғида камбағал оиласида туғилди.

Шавкат шоир, таржимон, хаттот, ношир, рассом сифатида адабиётимиз равнақи йўлида қалам тебратди, Шоир «Девони Сидқий», «Иктисоб» (қўлёзма), «Туҳфаи Шавкат» (1331 й. ҳижрий), «Савғоти Шавкат» (1333 й. ҳижрий) каби шеърлар тўпламини, «Рабочийлар келиши» (1917 йил), «Русия инқилоби» (1917 й.) «Тоза ҳуррият» (1917 й.) каби достонларини яратди. «Алиф лайло ва лайло», «Унвони таржимаи бўстон», «Қози ва ўғри ҳикояси», «Қиссаи шаҳзодаи Баҳром ва Маликаи Гуландом», «Ҳикояи латифа», «Ажойиб-ул махлуқот» каби ўнлаб асарларни форс тилидан ўзбек тилига таржима қилди.

Шоир 1934 йилда Хондайлиқнинг Парвезтепа қишлоғида вафот этди.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Оҳким, кўз тўкди қон эски ҳукумат дастидин,
Бўлди танлар нотавон эски ҳукумат дастидин.

Молимизни, жонимизни зулм ила босиб олиб,
Бўлди эл муҳтожи нон эски ҳукумат дастидин.

Беваю бечоралар очу яланғоч йиғлашур,
Бас, бузулди хонумон эски ҳукумат дастидин.

Эҳтиёт этмас эсанг пул деб чўнтакка қўл урар,
Тўзди, йиртилди чопон эски ҳукумат дастидин.

Бир белат олмоққа беш сўм баски, мендин олдилар
Айламайму юз фиғон эски ҳукумат дастидин.

Зулм ўти бирла жигарлар куйдию бўлди кабоб,
Чунки ўртанди жаҳон эски ҳукумат дастидин.

Гар бозорға бир нимарса тушса олди зўр ила,
Кўрди кўп одам зиён эски ҳукумат дастидин.

Хоину золим, қароқчи кисабурлар эрдилар,
Улдилар кўп корвон эски ҳукумат дастидин.

Меҳру шафқат битди, йўқ бўлди элнинг кўнглидан
Ким, топилмас парча нон эски ҳукумат дастидин.

Тўқчилик кетди, келиб ўрниға бу қимматчилик,
Бу каби бўлди замон эски ҳукумат дастидин.

Шод эмас ёшу қари, ҳеч ер аро бу жазм эрур,
Ким, бўлибтур нотавон эски ҳукумат дастидин.

Мардикор олмоқ хусусида қирилдук кўп киши,
Бўлди бас ўқға нишон эски ҳукумат дастидин.

Солди қирғизларни бошиға, билурсиз қатли ом,
Оқти сув ўрниға қон эски ҳукумат дастидин.

Сотдигу бердик ҳама уйда йўқу бор нарсани,
Қолмади синган қозон эски ҳукумат дастидин.

Шукрким, янги ҳукумат, Сидқиё, шод айлади,
Йўқса, чиқғай эрди жон эски ҳукумат дастидин.

* * *

Фалакдин на етгай фароғат менга,
Берур роҳат ўрниға меҳнат менга.

Шарофатдадурлар разолат эли,
Дариғоки, йўқтур шафоат менга.

Фурумоялар бўлсалар аржуманд,
Кўруб они етмасму ҳасрат менга.

Вафо кўрмадим дўстлардин даме,
На бўлди алардин ҳамият менга.

Бошимға бало бўлди фазлим мени
Ки, йўқ заррача қадру қиммат менга.

Даме кўрмадим шодлиқнинг юзин,
Магар рўзи эрканму риққат менга.

Чу ойина йўқтур сафойи дилим
Ки, билмам нечукдур бу иллат менга.

Суханварлик иқлимида сўрсангиз —
Эрур Сидқий бир янги шуҳрат менга.

* * *

Ул шакарлаб айласа ноз ила ширин наво,
Тўтийи табъим тузар ул вақт аро қандин наво.

Беасар ёлғон фиғоним қайда етгай ул сори,
Сўзи дилдин чекмас эрсам, йиғлабон гар чин наво.

Тинмағур кўнглим тиниб бир лаҳза ором олмагай,
То анинг кўйиға бориб чекмаса чиндин наво.

Уйлаким чанг айлабон қаддим дуто, гар айласам,
Шоми ғамда ўлтуруб бўлғай (нетай) ойин наво.

Йиғлашур аҳволима раҳм айлашуб ваҳшу.туюр,
Дашти ҳажр ичра чу қилсам инграниб гар мен наво.

Қайда Сидқий етқосен гулгун қаболар васлиға,
Чекмас эрсанг сидқ ила ҳар лаҳза сад рангин наво.

* * *

Ёраб, на янглиғ эрди бу бахти қаро менга,
Ким бўлди ошно бори ноошно менга.

Ғам гулшанида ғунча киби ^хуни дил насиб —
Бўлди-ю, найлай, ўлмаса ўзга ғизо менга.

Бўлғай ғам ила меҳнату кулфатни жавҳари,
Ҳар ерда бўлса ҳар неча нашъу намо менга.

Ақлсиздин ўлдиму ҳошоки, сад дариғ,
Ушбу замонда бўлди ҳунар бир бало менга.

Ҳар қайда қадри қиймати йўқ бўлса фазл элин,
Бозори даҳр ичида на бўлғай баҳо менга.

Ғам кишварининг ўлдум ажаб додпешаси,
Хайлу ҳашам нечунким эрур оҳу во менга.

Сидқий, ёшимнинг сели билан чарх айладим,
Бош узра бўлди шому саҳар осиё менга.

* * *

Васл умидин ул пари қатъ этқоч истиғно қилиб,
Оқсадим ҳажри тунида ғам тошиға қоқилиб.

Бекасу беҳамдаму, беёрлиғдин, дўстлар,
Йиғламайму ҳолима, кўз ёшими дарё қилиб.

Юзлабон бебоклик бозориға Мажнун киби,
Олдим ул Лайливашим савдосини савдо қилиб,

Нотавон кўнглум сари кўйидин онинг ҳар куни,
Тинмади то ўтмагунча юз туман ғавғо қилиб.

Боқмайин кетди ўтуб, мен нақши пойидек анинг,
Йўлида қолдим мазаллат хокида маъво қилиб.

Сидқиё, сен ул сабодин айла ирсоли салом
То десун ҳолингни анга субҳ аро ихфо қилиб.

* * *

Мазҳари файзи жовидон қоғоз,
Маъдани маънии ниҳон қоғоз.

Ёки маъно арусиға бўлмиш
Жумлаосо на хуш макон қоғоз.

Нома ёзмоқ чоғимда ёр сори,
Кўз ёшим бирла бўлди қон қоғоз

Шаҳбоз табиатимға не тонг
Бўлса андоқки, ошиён қоғоз.

Йиғлагай хома шарҳи хол учун,
Олсам илкимга ҳар қачон қоғоз.

Менга ноаҳл элидин, албатта,
Яхши, зероки безиён қоғоз.

Мену ёр ўртамизда, эй Сидқий,
Безабт, турфа таржимон қоғоз.

* * *

Қилди яксар хотирим ғамгин, дилим қон эҳтиёж,
Тушмасун ҳеч кимга ёраб, менга тушгон эҳтиёж,

Танглиғда хаста кўнглум ғунча янглиғ айлабон,
Ҳар сориға охири этти паришон эҳтиёж.

Бўлса гар, донои даҳру фозили аср ул киши,
Бахт ёвар бўлмаса қилғуси хўбон эҳтиёж.

Лашкари ғамдин ўзимни эмди қандоғ қутқарай
Ким, мени илкида онлар қўйди гирён эҳтиёж.

Нега тузмай навҳалар ҳар дам чекиб, юз оҳким,
Эл аро қилди мени бебаргу сомон эҳтиёж.

Кулбаи йўқлуқда эрдум ҳамчу анқо, дўстлар,
Охирида айлади машҳури даврон эҳтиёж.

Айла Шавкат сабр этиб ҳар дамда юз минг шукрлар
Ким, эрур бошингға тушгон лутфи яздон эҳтиёж.

МУРАББАЪ

Қатъи назар қилдинг, жоно, на бўлди,
Келур эрдинг сўраб гоҳо, на бўлди.
Маҳзунингга боқмай асло, на бўлди,
Бир демадинг ҳолинг манго, на бўлди.

Гул юзингсиз ишим доим фиғонлар,
Лаълинг хаёлида дил бўлди қонлар,
Дилда қолди кўрмай юзинг армонлар,
Ҳосил қилсанг бир муддао, на бўлди.

Эй латофат гулзорининг гулнори,
В-эй, маҳлиқоларнинг кўзи хуммори,
Ҳеч сўрмадинг аҳволимни бир бори,
Эй султони мулки вафо, на бўлди.

Бир кулиб боқишда девона қилдинг,
Юзингга наргисдек ҳайрона қилдинг,
Охирда мени сен бегона қилдинг,
Шундоғмуди аҳду вафо, на бўлди.

Ошуфтаҳол ўлдум кўрмай жамолинг,
Хаёлимдин нари кетмас хаёлинг,
Асло эшитмадим ширин мақолинг,
Ёндошмадинг қилиб парво, на бўлди.

Чексам ногаҳ кўкка етар фиғоним,
Ҳажринг тортиб қолди рамақда жоним,
Айтай десам сенго сирри нигоҳим,
Дуч келмадинг менга танҳо, на бўлди.

Эй Шавкатнинг кўзин оқу қароси,
Бедаво дардининг сенсан давоси,
Аё нозик адоларнинг сароси,
Беморингга боқсанг қиё, на бўлди.

* * *

Қаро зулфинг тўлун ойдек юзингга ҳола то бўлди,
Мени ул дамда ёруқ рўзгорим ҳам қаро бўлди.

Парисан ё малаксан, йўқса мислинг йўқ башар ичра,
Нечунким кўрган эл хулқингни сенга мубтало бўлди.

Қилур эрди чаманда сарв нозикликни даъвосин,
Қадинг кўргач хиёбон ичра хижлатдин дуто бўлди.

Менинг қатлима, жоно, ёдин ўқ чекмак эмас ҳожат,
Нечун мужгондин ўқ отмоққа қошинг турфа ё бўлди.

Қуруқ жисмим менинг рашк ўтиға ёнмасму ҳар дамким,
Сенингдек маҳвашим ағёр ила айши бажо бўлди.

Ҳарими қурбингга мендек гадони етмаги мушкил
Ки, султонлар сенинг олдингда бир камтар гадо бўлди,

Ниёз аҳли қаторида сенга, эй шўхлар шоҳи,
Агар бирла мени ҳам кору борим илтижо бўлди.

Сипеҳрининг саодат ахтари тобандасидурсан,
Шараф буржи анинг-чун сенга турмоқлиқға жо бўлди.

Сенинг Шавкатдин ўзга йўқ эрур васлинг харидори
Қим, анга ҳусн бозорида нақди жон баҳо бўлди.

* * *

Нуқта эрмас хатдаги, кўздин тўкулган ёш эрур.
Билғуси бу сўзни улким гар менга сирдош эрур.

Эмди ёру ёварим ҳажриға тоқат қилғали,
Ўзгалардек кўнглум ичра қайда бир бардош эрур.

Жумла аҳбобим билан тушгач диёримдин йироқ,
Заҳр эрур ичганларим, зоҳирда аммо ош эрур.

Молу жоҳи даҳр менга дўстларсиз, дўстлар,
Ҳимматим олдида гўё донаи хашхош эрур.

Андижонда турғоли зарра қарорим қолмади
Ким, мени ҳар лаҳза ёдимда диёри Шош эрур.

Кечалар кўкдин тўкулғон он қадар кавкаб эмас,
Ғурбат ичра бошима ёқған балолиғ тош эрур.

Тошкендда меҳр юзликларни қадрин билмайин,
Андижонда кори Шавкат ҳажр ила мушлош эрур.

* * *

Абнои вақт сўзлари бағримни қилди қон,
Онларнй жаври илкидин айлай кима фиғон?

Юрсанг, юрур дегайлар, алар шиквалар қилиб,
Ўлтурсанг ўлтурур, дейишур таъна айлабон.

Мажлисда сўз самандиға маҳмиз бермасанг,
Қўйғайлар «Индамас» лақабингни ўшал замон.

Важҳи маъоша жаҳд ила урсанг агар қўлунг,
Дерлар ҳасад юзи-ла, «Керакмасму сенга жон?»

Гар соврулуб алар киби йўқ бўлса бир ишинг,
Нисбат берурлар анда ҳамоқатқа, эй жавон.

Кош эрди келса ўзларини илкидин бир иш,
То анда арзиғай эди деса нечук ёмон.

Шарманда шаҳар эгосию гулшанда зоғлар,
Булбул канора олди ўзин очмайин забон.

Ҳеч важ ила агар қўлидин йўқ қутулғулуқ,
Ераб, магар алардин ўзинг бермасанг амон.

Шавкат сўзингни бас қилу қоч ҳақ паноҳига,
Не суд алар сўзядину на сенга бир зиён.

* * *

То фазлу ҳунар ойинапардоз бўлмади,
Иқбол эшиги кимса юзига очулмади.

Бўлса кишини бахти қаро гирядин на суд,
Зероки, қора оқ бўлур деб ювулмади.

Сўзлар чоғингда сўзға ҳамоно бўл эҳтиёт,
Отилган ўқни ёнғони ҳаргиз кўрулмади.

Ҳар кимни гар кўрур эсанг аиго тавозе эт,
Кўз устида жой олмади то қуш эгулмади.

Мақсудни соҳилиға киши қўймади аёғ,
Адҳам сифат алоиқидин то узулмади.

Шавкат ҳамиша маърифат аҳлин дуосин ол,
Кўринг гуруҳлариким анинг сезишулмади.

* * *

Вақти иш етди, дило, эмди қачон уйғонасан?
Ётибон ғафлат аро, эмди қачон уйғонасан?

Кетди ғафлат, етди ҳуррият замони огаҳ ўл,
Ётасанму уйқуда эмди, қачон уйғонасан?

Зулмати жаҳл этди кўнглингни, дориғо.билмадинг,
Тошкўмурдин ҳам қаро, эмди қачон уйғонасан?

Бодаи ишрат билан бадмасттурсен, оҳким,
Ақлу ҳушунг йўқ бажо, эмди қачон уйғонасан?

Одам ўлдинг сен, бале, илму фунун ўрганмайин,
Янчилиб жаҳл остидо, эмди қачон уйғонасан?

Эмди тур, тезроқ югур, илму маорифға қўл ур,
Ётма парқу кўрпадо, эмди қачон уйғонасан?

Жаҳл бир ўтдурки, теккан кимса куймай қолмағай,
Етди бул ўт ёнинго, эмди қачон уйғонасан?

Ҳушу дониш доманин тутким, ҳама уйғондилар,
Қилдилар ҳожат раво, эмди қачон уйғонасан?

Тур, тириш, илм иста, ётма, ўзгалардек тобакай
Қўл очиб, айлаб дуо, эмди қачон уйғонасан?

Бесаноат, беҳунар, бекасблик бирлан ўзннг,
Шуҳрат этдинг Сидқиё, эмди қачон уйғонасан?

* * *

Фалакнинг жавридин синган ўшал болу парим келди,
Вужудим боғи нахли, равшани чашми тарим келди.

Туганмас шукрни қайси забон бирлан адо айлай,
Карам дарёси жўш урди, дурахшон гавҳарим келди.

Фироқида дамодам, эй кўзум, қонлар тўкар эрдинг,
Бас эмди қон ёшингни тўкмагил кўп дилбарим келди.

Мусофирлиғда ранги каҳрабо янглуғ сариғ бўлған,
Қизил гулдек юзи сўлған менинг боғу барим келди.

Ғарибликда жафо чеккан, ситам тортган, алам кўрган,
Қади ғамдин дуто бўлган, машаққатпарварим келди,

Ғариблик юртида ҳайрону сарсон ўлмасун ҳеч ким,
Ғарибу нотавон ўлган ситамкаш раҳбарим келди.

Ғариблик юртида очин-тўқин ишлаб совуқларда,
Қади хамлик, кўзи намлик, юзи чун заъфарим келди,

Замона гардишидин кўп жафолар чекмаган ким бор,
(Шукрлиллаҳ) кўзимни нури янглиғ сарварим келди.

Жафо бирла эзилган дил шифо топди бу кун Сидқий
Ки, ул ҳозиқ табиби ғамзудо нек ахтарим келди.
1917

МУХАММАСЛАР

ДАР ҲАЖВИ ТОЙ АЗ ШАВКАТ ИСКАНДАРИЙ

Урганда қимирлар минг бир тозиёна тойим,
Ҳар бир қадамда кишнаб қилғай тарона тойим,
Тавлаб тепиб дамодам айлар баҳона тойим,
Юрмай кетиға, боқар ул охтахона тойим,
Иқлимида чаманлиқ, сўрсанг, ягона тойим.

Иккиға кирган эрди гар сўрсанг они ёши,
Кор этмағайди қамчин аъзоси ёки тоши,
Ҳақдин умид қилдим кесилмагайму боши,
Гар ўлса бўлғай эрди гўшти улуснинг оши,
Йиғлар эдим бошида айтиб фасона, тойим.

Боғлаб борурға белни бозориға Сикандар,
Мингашган эрдук анга икки киши баробар,
Жон хавфидин йиқилмоқ ҳар дам баданда титрар,
Судралғай эрди пойим ернинг юзида аксар
Ки, юрмайин бўлурди гоҳи равона, тойим.

Ул баччағарнинг эрди ранги совуқ, ўзи оқ,
Йўқ эрди тора ёли, қуйруғи доғи чўлтоқ,
Ҳуркар эди кўрунса йўл узра тўда янтоқ,
Андоқки тоғ кўрунгай кўзига оз ботқоқ,
Қилган ишини сўрсанг сиғмас баёна, тойим.

Қийнаб йўл узра асло жонимни қўймади, ҳеч,
Бир ерга етказолмай ул кунни айлади кеч,
Кўнгулға бул сабабдин ҳар дамда тушди юз деч,
Улдурғуси ғам ила чиқсанг бу баҳри тафреч,
Ғусса билан аламдин бўлган нишона, тойим.

Икки қўлум яқода, деб тавба йўлда ҳар дам,
Икки кўзум тўкуб ёш ҳолима тутти мотам,
Хуррам кўнгулни мулкин якбора қоплади ғам,
Охирда кетди ташлаб, ким бўлса бизга ҳамдам,
Умрингда тўймағайсан асло самона, тойим.

На тортқуси ароба, на қўш ила жувозинг,
На бўлғуси бир ишда бу сенга чорасозинг,
На йўлда ўзга отдек бўлғуси дилнавозинг,
Мингил ишонмас эрсанг бир имтиҳона, тойим.

Эй вой, қилди диққат, йўлларда бениҳоят,
Юзланди ҳар қадамда менга ҳазор ҳасрат,
Юз шукр уйга келдим охир дами саломат,
Гар бўлса ушбу хил от, албатта, минма Шавкат,
Минбаъд тавба қилдим минмоққа ёна, тойим.

МУХАММАСИ ШАВКАТ ИСКАНДАРИЙ БАР ҒАЗАЛИ ХИСЛАТ

Ҳар дамда минг балоға бўлған дучор кафшим,
Юз жойидан ямалған чоруқвор кафшим,
Қиймоққа тавба қилдим эмди ду бор кафшим
Эрди оёқларимға кўп тангу тор кафшим,
Сиқтию қилди охйр юрмоққа зор кафшим.

Эскиб охир узулди чармини тору пуди,
Эмди етар зиёни бўлғуси қайда суди.
Кўзумға яхшироқдур кўрунмаса вужуди,
Устодин олғанимда эрди ажаб намуди,
Босмоққа айлар эрдим тупроққа ор кафшим.

Кафшимдин эрди бўлсам ҳар ерда қилу қолим,.
Қатиқ босарға ерға келғай эди вуболим,
Боқиб юзиға ҳар дам хушнуд ўлурди ҳолим,
Йўл узра юрганимда илкимда рўймолим,
Артар эрдим дамодам бўлса ғубор кафшим.

Чармиси эрди қаттиқ сарпанчаси мулойим,
Яъни эди аввалда киймоққа бопу қойим.
Топқай эди ҳаловат кийган чоғида пойим.
Янги эканлигида иззатда эрди дойим,
Эскибди, кетди қадри, кўп бўлди хор кафшим.

Ёққанда бўлғай эрди ёмғур сувиға жиқ-жиқ,
Ташлар эди ўзини кўрунса қайда балчиқ,
Ҳар дам ушбу сабабдин кўнглум бўлур эди диқ,
Дастлаклари босилди, бир ёнга бўлди қийшиқ,
Катта-кичик бу ҳолда кўрса кулор кафшим.

Кафшимни кўрса ҳар ким ҳаргиз сўрашмас эрди,
Ҳар дўстлар тағофил айлаб қарашмас эрди,
Бир ўзга кафшлардек иззат талашмас эрди,
Кўп кафш ичида қолса асло адашмас эрди,
Киймай агарчи қўйсам минг йил турор кафшим.

Қасди билан тамошо бўлган чоғида ер лой,
Қўймай оёғин асло кийғай эдим йилу ой,
Кўп қадрдон эдилар менга бу икки фаттой,
Фаттойи ўғрисидин ешган еримда қўрқмой,
Тушганда такяларга танҳо ётор кафшим.

Эй вой таънангизнинг ўлдум аччиқ сўзидин,
Ҳар ерда токи кўрдум қочтим анинг кўзидин,
Тунда уёлур эрдим гардунни юлдузидин,
Машимни гулчинини то илгари ўзидин,
Ҳам қилди тилка-тилка бу нобакор кафшим.

Йўқлуқни йўқ иложи дардига менда Шавкат,
Ушбу сабабдин ортар ҳардамда юз маломат,
Бул кунда турфа бўлдум беқадру кетди қиймат,
Қийсам агар бирор ой мен они боз Хислат,
Эл ичра килғай эрди мажнуншиор кафшим.

ИҚТИСОБ
(Достондан парча)

«ТАМАЪ ЙЎЛБАРСНИ ЧИБИН ҚИЛУР»

Деҳқон ўғли соғ ўл, мудом яша,
Шодлиқ бирла субҳу шом яша.
Яшасанг барча эл топар роҳат,
Иззат авжида неку ном яша.
Остонангда бахт ёстансун,
Толеъинг бирла бўл тамом яша.
Неча давр ўткариб жаҳон ичра,
Золи Рустамча хушхиром яша.
Ой ила кун каби бўлиб порлоқ,
Хизмат эт элға, вассалом яша…

Меҳнат айлаб жаҳонни қил обод,
Битти қуллик, ҳама бўлуб озод.
Никалай даврида эдук чун қул,
Оҳимиз ани айлади барбод.
Тушти турли бало халойиқға,
Гоҳ-гоҳи ул балони ҳам қил ёд.
Етти йил бўлди юртимизда қаҳат,
Шод кўнгуллар ўлди, йиллар ношод,
Эй кўзим нури, меҳнат этган чоғ,
Чарчабон, ҳорибон дема ҳеч дод.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,
Элдин умид уз, ўлма хомтамаъ.

Меҳнат айланг ҳамиша, эй ўртоқ,
Кетмон ушлаб, қобортуринг бармоқ.
Хор қилғай кишини ялқовлиқ,
Ярашмас уйда ялпайиб ётмоқ.
Ош еганларни луқмасига қараб
Тиш кирини сўруб, томоқ қоқмоқ.
Яхшидур бу каби фано ишдан,
Мард ўлуб тоғу чўлда қўй боқмоқ.
Бойга бўйин эгиб ема қазисин,
Қора нон есанг ишлаб, ул хушроқ.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,
Элдин умид уз, ўлма хомтамаъ.

Эртадан кечгача ишласанг бир нон,
Бойни миннатларидан ул осон.
Безакотларга қад эгиб токи
Бўлосан, эй фақир, мисли камон.
Ҳар иш этмоққа бўл чақин янглиғ,
Судралиб юрмагин гангиб, эй нодон.
Бир масал бор: «Қимирлаган қир ошар»,
Уйқудан тур, бўл эмди йўлға равон.
Ушла мақсад этогини маҳкам.
Ишчиларни сафида қил жавлон.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,
Элдин умид уз, бўлма хомтамаъ.

Судралиб юрма, ўлмағил бекор,
Оре, «Бекордин худо ҳам безор».
Иш қилиб, нон топиб есанг яхши,
Хоҳ йўлға сув сепу, қиш кура қор.
Келса қўлдан раҳм қил ожизға,
Бўлсун ул хоҳ дўст, хоҳ ағёр.
Негаким бандасан баногоҳи,
Сенда ҳам улча ожиз ўлмоқ бор.
Сотма нонга баҳоли номусинг,
Бўлма дангаса-ю, ема мурдор.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,
Элдин умид уз, ўлма хомтамаъ.

Ишламай юрсанг ўласан банги,
Кўкнори, қароқчи, найранги.
Кир босиб, бит босиб либосингни,
Хор ўлурсан, кетар юзинг ранги.
Эрта-кеч елканг узра йиртиқ тўн,
Бўладурсан гадони ҳамранги.
Пора нонға сотилдинг, эй бежон,
Йўқ экан сенда одамий нанги.
Уйғон энди, қачонгача ётасан,
Ишла, кетсун юзинг қора чанги.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,
Элдин умид уз, ўлма хомтамаъ.

Сидқиё, муждаи баҳор келур,
Гўйиё бўйи лолазор келур.
Мен киби меҳнат аҳлининг ийди —
Бўлғусидур, баҳору ёр келур.
Ҳар тараф сабза, тифл ўйнашибон,
Тоғ бағрида найсувор келур.
Ишлагил жону тан билан тиришиб,
Демағилким яна баҳор келур.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,-
Элдин умид уз, ўлма хомтамаъ.

Барча эл қаҳрамони меҳнаткаш,
Балки, онларни жони меҳнаткаш.
Мени олдимда шоҳдин яхши,
Бўлса ҳам эл ёмони, меҳнаткаш.
Арслондек ўз устиға олғай
Барча жавру жафони меҳнаткаш.
Бева-бечораларға қилса мадад,
Сен дегайсан чин они меҳнаткаш.
Уялиб ташласин гадолиғни,
Айла, ёраб, гадони меҳнаткаш.
Мени олдимдадур ҳаром тамаъ,
Элдин умид уз, ўлма хомтамаъ.

Меҳнат этмас эрсанг бўлурсан танг,
Айларсан бола-чақанг била жанг.
Анча ташвиш аро қолиб бошинг,
Бўласан иш қилолмай анда гаранг.
Таъбинг ойинаси ғуборлашиб,
Хира бўлғуси олиб, яъни занг.
Мисли тоғ бошингга тушуб ташвиш,
Ожиз ўлғунг эсанг, агарчи паланг,
Ишла арслон каби бўлиб, ҳайқириб,
Ишламас эсанг ушбу қаттиғ нанг.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,
Элдин умид уз, ўлма хомтамаъ.

Яхши бўлди замона, эй Сидқий,
Тўйдимиз барча нона, эй Сидқий.
Ул каби ҳодиса улус бошига,
Келмасун ёна-ёна, эй Сидқий.
Қанча ёзғон билан туганмайдур,
Яъни, сиғмас баёна, эй Сидқий.
Мени қошимдадур ҳаром тамаъ,
Элднн умид уз, ўлма хомтамаъ.
1917—24