Нодим Намангоний (тахаллуси; асл исм-шарифи Сулаймонхўжа Улуғхўжа ўғли) (1844 — Наманган —1910) — шоир. Саидқулибек мадрасасида таҳсил кўрган. Араб, форс тилларини ўрганган.
Қўқон ва Тошкентда бўлган, фан-техника янгиликлари, рус маданияти, адабий ва маданий доиралари билан яқиндан танишган. Бухоро, Самарқанд (1899), Туркия, Миср, Арабистон (1902—03) га саёҳат қилган.
Навоийдан ўрганган, ғазалларига тахмис, назиралар ёзган. Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Завқий, Муҳаййир, Шавқий каби шоирлар билан яқин дўст бўлиб, ижодий ҳамкорлик қилган, улар шеърларига мухаммаслар боғлаган.
Мумтоз шеъриятнинг барча жанрларида, туркий ва форсийда ижод қилган. Ғазалларида инсон гўзаллиги, муҳаббат ва вафо, аёллар эркини куйлаган («Соғиндим мен, соғиндингми?», «Мактуби муҳаббат услуб» ва бошқа), она-Ватан табиати, унинг гўзаллигини тараннум этган, халқ ҳаётини реалистик акс эттирган, ижтимоий иллатларни фош этган, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган («Баҳор айёми келди», «Давр жавридин…», «Баёни дар сафари Тошканд» ва бошқа). «Шикояти пахта» шеърида қишлоқ меҳнаткашларининг ачинарли ҳаётини тасвирлаган.
Ҳажвий асарларида мақтанчоқ, мутакаббир бойлар, чор амалдорлари танқид қилинган («Дар мазаммати замона», «Дар шикояти қози» каби). Юмористик асарлар ёзган («Безгак» ва бошқа).
Нодимнинг шеърлари «Туркистон вилоятининг газетаси»да босилган. Ўзи тузган «Баёзи Нодим»нинг мукаммал нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №4179).
Бегали Қосимов
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Ёр этиб азми сафар, ман зори гирён қолмишам,
Нолау афғон чекиб, бесабру сомон қолмишам.
Ул гули навраста ҳижронида йиғлаб зор-зор,
Булбули шайдо каби ман тортиб афғон қолмишам.
Ул неча аҳбоби дилхоҳи била айлаб сафар,
Ман ғаму ҳасратда ёлғуз сийна бирён қолмишам.
Офтоби осмони ҳусн этиб ногаҳ ғуруб,
Соядек ман нотавон ер бирла яксон қолмишам.
Кўз кўруб, кўнглум асир ўлди каманди зулфига,
Войким, зулмат аро табъим паришон қолмишам.
Неча кундурким хаёлидан даме бўлмай халос,
Кўзга уйқу келмайин то субҳ ҳайрон қолмишам.
Дўстлар, бир чора айланг дардима, ўлмай ҳалок,
Доғи ҳижронига топмай ҳеч дармон қолмишам.
Қайси кун бўлғайки, Нодим, васлиға маҳрам бўлуб,
Арзи ҳолимни десамким: — Сансиз, эй жон, қолмишам.
* * *
Эрур кўнглум паришон, токи айрилдим диёримдан,
Диёрим йўқки, ёру ошною, ғамгусоримдан,
Кўзум намнок, сийнам чок, бағрим таҳ-батаҳ қондур,
Қачонким айрилибман ул нигори гулъузоримдан.
Сунурлар дам-бадам ишрат майин аҳбоб ғурбатда
Талаттиф кўрсатиб минг навъи, тушмасман хуморимдан,
Хазон япроғидек сўлдум самуми ҳажридин, ҳайҳот,
Насимо, муждаи еткурмадинг файзи баҳоримдан.
Деманг, эй дўстлар, бир гўшае тут, истиқомат қил,
Нечук қилғум дурур, йўқ хуш ила сабру қароримдан.
Фиғоним раъд, оҳим барқ, ашким сели тўфондур,
Қочинг зинҳор, эй аҳбоб, мўҳлик раҳгузоримдан.
Қуюндек дашт ила водида саргардон бўлубдурман,
Қачонким айри тушдим хоки пои шаҳсуворимдан.
Қадардандур бу ғурбат, инжима, сабр айла, эй Нодим,
Иноят бўлса етгайсан ватанга, биру боримдан.
* * *
Фиғонким, чарх бедоди била кўнглум паришондур,
Балоу дарду ғам қайдида зору, дийда гирёндур.
Баҳори гулшани оламда осиби ҳаводисдин,
Очилмай ғунчаи пажмурда янглиғ таҳ-батаҳ қондур.
Кеча то субҳидам шабнам каби кўздан тўкуб ёшин,
Суруди ноладин булбул каби дойим дарафғондур.
Хаёли лолагун рухсоралардин, гоҳ савдодин
Самандардек кириб ғам оташига сийна сўзондур.
Гаҳи қаттиқ мусибатдин фалакфарсо эрур оҳи,
Сиришкидин гаҳи кўз мардуми ғарқоби тўфондур.
Тани фарсуда, бағри пора-пора, чок домони,
Ҳамиша дарди-доғу ғусса бирла ашк резондур.
Фано сарманзилин истар кечиб бу хонумонидин,
Бу дунё гулшани аҳбобсиз гўёки зиндондур.
Паёпай тут қадаҳ, эй соқий, ўзлукдин халос айла,
На хуш улким, адам кошонасида масти ҳайрондур.
Вужудим най каби сўрох-сўрох ўлди, эй ҳамдам,
Фиғону нола ҳар бир банд-бандидин намоёндур.
Қолиб бу кўҳи ғам остида юз минг доғлар бирла;
Таажжубким, уриб юз печтоби ўлмаган жондур.
Ҳазин жонимни, эй гардун, мени оғритма, дилшод эт
Даме бир ўткучи бу даҳри фоний ичра меҳмондур.
Гаҳи вобастаи занжири ҳасрат, гаҳ асири ғам,
Тутолмай ҳеч бир домони мақсад, доғи хирмондур..
Ғизо бобида аҳволини, ё раб, мустақим айла,
Қулинг Нодим мусоҳиблар кетиб, бесабру сомондур.
* * *
Баҳор айёми келди, дашту саҳро лолазор ўлди,
Замин сар сабзу гулшан тоза, ер ойинавор ўлди.
Кўтарди қумрию булбул фиғону нола ҳар ёндин,
Басе ҳусну назокат сарви гулдин ошкор ўлди.
Насими руҳпарвар ҳар тарафдин юрди боғ ичра,
Димоғ ўлди муаттар, бўйи гулдин мушкбор ўлди.
Терилди барги гулга дона-дона гавҳари шабнам,
Этарда сайри гулшан ёр аёғина нисор ўлди.
Замони айшу ишратдур, шароби лолагун тутғил
Менга, эй соқий гулчеҳра, кўнглум кўп хумор ўлди.
Ғаниматдур замоне сайри гулшан, бўмағин ғофил,
Неча сандек сиҳи қад лоларуҳ бундоғ ғубор ўлди.
Фиғонким, ғунчаи бахтим очилмай ушбу гулшанда,
Самуми ҳажридин пажмурдаи бебару бор ўлди.
Фано машшотасидин ёзмайин то уқдалар, Нодим,
Бу олам боғидаким комёби комкор ўлди.
* * *
Ҳарфи ишқингни ёзарда куйди дил жониғача,
Хома ҳам кул бўлди, эй бедард, девониғача.
Ул шафақ эрмас, кўзум қон ёши шоми фурқатинг,
Мавжлар айлаб етибдур чарх домонигача.
Анжум эрмасдур бу оҳимнинг шарори, бу кеча—
Равшан айлар олами то кўкни кайвониғача.
Маснади ҳусн узра то бўлдунг азиз, эй сарвноз,
Шоҳлар даргоҳингга қул бўлди ҳоқониғача.
Ҳар қачонким новаки мужгонинг, эй абру камон,
Ўтди ўқи сийнадин жониға пайкониғача.
Қайси кунким давлати васлингдин ўлди ноумид,
Кетди кўнглумнинг қарори сабру сомониғача.
Бул нечук жавру ситамдурким чекиб тийғи ситез,
Қасд этарсан ошиқи бечорани қонигача.
Нодим ўлди ажз ила хижлат тариқатда фано,
Шояд ўлғай маҳв деб бу журму исёниғача.
* * *
Токим бошимга тушди ситамкор эҳтиёж,
Қилди кўнглумни сарбасар афгор эҳтиёж.
Бир лаҳза гар фароғати топсам бу даҳрдин,
Андуҳу ғуссалар бирла тайёр эҳтиёж.
Косид матоменки, биров сўрмагай мани,
Ҳар қайда бўлса лек харидор эҳтиёж.
Келса кўзумга бир кеча гар хоби роҳати,
Албатта, айлагай мани бедор эҳтиёж.
Бор эҳтиёж ҳар куни, аммоки кўп эмас,
Қилғай ҳужум ҳар шаби бозор эҳтиёж.
Ҳарчанд юз ўгурсаму сўксам келур яна —
Олдимга тўғри, шилқиму беор эҳтиёж.
Дунёда ёру ғор анисим эрур мағар,
Ҳар дарду ғам етишса, мададкор эҳтиёж.
Йўқтур жаҳонни молу матои каминада,
Ҳар қанча сўрар эсалар бор эҳтиёж.
Масти майи нашоту фароғат эди кўнгил,
Қилди мукаддар, айлади ҳушёр эҳтиёж.
Бўлмам ўз ихтиёрим ила эҳтиёжманд,
Тушгай бошимға бир йўли ночор эҳтиёж.
Муҳтожликдин энди бориб кимга дод этай,
Этти ёруғ жаҳонни менга тор эҳтиёж.
Фарзанди аржуманди жигарбандлар учун
Бергай ҳамиша жонима озор эҳтиёж.
Ё раб, халос айла мани эҳтиёждин,
Жону дилимдин айлади безор эҳтиёж.
Солсам назар тамоми оламға сарбасар,
Албатта, бўлғай анда падидор эҳтиёж.
Ҳар субҳу шом бесару сомон кезар, басе
Изҳор этиб бу гумбази даввор эҳтиёж.
Умру саломатию маошу беҳиштдур,
Ҳар одамийға лозими бу чор эҳтиёж.
Зоҳидға ҳуру жаннату кавсар мурод эса,
Ишқу муҳаббат аҳлиға дийдор эҳтиёж.
Нодим, сипосу шукр қил, изҳор айлама,
Билгай худой, ҳеч кима зинҳор эҳтиёж.
* * *
Илоҳи, бўлмасун ҳеч одамига ошно безгак,
Мани бечорага кўп айлади жавру жафо безгак.
На бедоду ситамдур ҳар кеча тутса тонг отгунча,
Киши кўрган эмасдур мунча золим беҳаё безгак.
Таним куйдурди, сабрим кетди, аҳволим хароб ўлди,
Ўзидин ҳам баттарроқ дардга бўлғай мубтало безгак.
Дилу жонимда осори фароғат қолмади ҳаргиз,
Худовандо, қачон бўлғай бу жисмимдин жудо безгак.
Нашоту айшу роҳат кетди, дард ила алам етди,
Бу жисми нотавонимға қадам келтурди то безгак.
Жаҳон танг ўлди, олам бу жафожў ҳамнишинимдин,
Тўюндим жондин эмди, ман турай бу ерда ё безгак!
Тилар ҳар дардким бордур паноҳ оламда безгакдин
Ювулсин оти, лавҳи кавндин бўлсун фано безгак.
Агар тушса қўлумға тийғ тортиб қаҳру кийн бирла,
Кесиб қўлу оёғин айласам бедаступо безгак.
Баҳаққи анбиё тарки жафою зулму бедод эт,
Йўқ эрса ҳаққа илкингдин бўлурман додхоҳ, безгак.
Видоъ айлаб агар кетсанг, кўруб бу ҳолу зоримни,
Чу жоним борича айлай сени дойим дуо, безгак.
Агар бу илтижою илтимосим бирла кетмассан,
Қиёмат кун муаззаб бунда бўлғил бенаво, безгак.
Бу дарду меҳнатиким тортаман сандин иложим йўқ,
Нечукким ҳақ таолодин эрур бўлдим ризо, безгак.
Қилурман шукрким, бир неъматидур жумла мўминға
Демиш аҳли салаф куффорни журму хато, безгак.
Агарчандики кўпдур нафъи ухро бобида, лекин,
Манга берди бу дунё ичра бағоят жазо, безгак.
Деди Нодим бу безгак зулми бедодин халойиққа,
Илоҳо, қилмасун ҳеч кимсани ҳаргиз худо безгак.
МУХАММАСЛАР
Навоий ғазалига мухаммас
Токи савдодин думоғим куйдурур хирмон иси,
Чарх домонин тутар бу нолау афғон иси,
Ғунчадек қон этди дил бир Юсуфи Канъон иси,
Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси,
Келур ул райҳон ила гулдин манга ҳижрон иси.
Махфили имконда ишратдин сабуйи топмадим,
Нашъайи кайфи бақодин тоза рўйи топмадим,
Ушбу гулшан ичра ранги орзуйи топмадим,
Менки бир гулдин жаҳон боғида бўйи топмадим,
Найлайин қилса муаттар даҳрни бўстон иси.
Орзуйи васлидин кўнглумда юз минг можаро,
Сурмасо кўзлар фироқидин бу жон мотамсаро,
Зору маҳзунман, эрур бағрим яро, эй ошно,
Лаъли ҳажринда ниҳон ашким сўзин ағёр аро,
Деса бўлмаским келур бу навъ сўздин қон иси.
Қайси боғу дашт аро ул сарвиноз этди хиром,
Сабзау гуллар унуб топди саботи мустадом,
То дами маҳшар муаттар бўлғуси андин машом,
Қайдаким жон бахш лаълидин Масеҳосо калом —
Сўрди, ул ердин келур юз қарндин сўнг жон иси.
Эҳтиёжингдин худодин ўзга огаҳ демаким,
Тут қаноат домонин, султон ила шаҳ демаким,
Мунъиму муҳсин ҳақиқатда сувалло демаким,
Эй гадо, олам элиға шайъалиллаҳ демаким,
Бу чамандин келмади ҳаргиз гули эҳсон иси.
Олами мадҳушдир ул зулфи анбар бўйиға,
Риштаи жонлар эрур пайванд ҳар бир мўйиға,
Топшириб жон ила кўнглумни қади дилжўйиға,
Жон иси тутди жаҳо”нни, мен борурман кўйиға,
Ким тилар эл жон иси, мен истарам жонон иси.
Лолаю гул бирла саҳрою чаман жаннат, намуд,
Чекди сарви гул шоҳида қумрию булбул суруд,
Гулситон ҳар баргидин Нодим фалак айлаб ҳусуд,
Чун Навойиға келур ҳижрон иси ҳар дам, не суд,
Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси.
Махмур ғазалига мухаммас
Дер сани манзалату қадрингга аҳсанта малак,
Раъд ила барқ сани шавкату жоҳингга чафак,
Гарчи одобдин эрмас сиза афсона демак,
Эй жаҳондори зафар кавкаби даври фалак,
Эшитинг қиссаи қишлоғи хароби Ҳафалак.
Камбағал жумла бу қишлоқ элини бандалари,
Малаху, бургаю, бит, тошбақа, даррандалари,
Заъфдин йўл юра олмас ҳама чаррандалари,
Турфа қишлоғи жин урган ани паррандалари,
Товуқу игначию, ўрдагу ғози — кафалак.
Ери шўр, аҳли қўтир, паст ҳаво иссиғ дам,
Мутааззир юрмоқ ёғса агар қатраи нам,
Каламушдек қозибон ерни ётарлар беғам,
Дари йўқ уйларини, банда баён, гар қилсам,
Бир капа, икки капа, уч олачуқ, тўрт каталак.
Эртадин кечгача кетмон чопиб, иссиғда куюб,
Емагайлар зоғора, арпани нонига тўюб,
Эру хотин талашиб қўлини кўлмак била юб,
Ажириғ томирини келисида майда туюб,
Қайнатиб кунда ичар, отини дерлар сумалак.
Бирини эгнида йиртиғ тўну, кўйлаклари тор,
Томга таппи ёпадур (кўкси) очуғ, очу наҳор,
Аралаш эркак ила модалари кунда қатор,
Гар таҳорат қилур ўлса сув тополмай ночор,
Юзини қум била юб (қўлига) суртар гувалак.
Ҳамаси мустаҳиқи садқаю эҳсону закот,
Ярамай ишга ётар оч, на тирикдур на мамот,
Келсалар ой ила йилда агар баҳри салот;
Масжиди ертўла, бир эски қоронғу зулмот,
Кўр қилур кирса киши кўзга уруб кўршапалак.
Кўчди бўйнига илйб эшаку отин ипини,
Қочди кўзлаб Қоракўл, Балху, Бадахшон йўлини
Ушлашиб йиғлашибон бир-бирисини қўлини,
Кеча ногаҳ эшитиб, шуҳрати тилло пулини,
Ҳафалак қўрқусидин учди мисоли кафалак.
Шоҳким, бўлса дуогўйи Ажам бирла Араб,
Ноумид ўлмас ани давлатидин аҳли талаб,
Деди Нодим: бу шаҳаншоҳа қилиб тарки адаб,
Кечса Махмури учун шоҳ карамдин, не ажаб,
Ҳафалак юртиға тушган пул агарчи лак-лак.
* * *
Ғам даштида бу оҳу овора экан мендек,
Тоғу туз аро ёлғуз сайёра экан мендек,
Кўз ёши равон, жисми кўп ёра экан мендек,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Банд айламағил они, кўз ёшига раҳм айла,
Саргаштаи ҳар води бу бошиға раҳм айла,
Чўх жавру ситам қилма, бардошига раҳм айла,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Кўп ҳоли забун эркан, афтодау дилхаста,
Қўйғил они, то бўлғай авлодиға пайваста,
Бўйсун ғаму кулфатдин роҳат била вораста,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Кўп қийнамаким, жисми домингда фигор ўлмиш,
Ўз хайлидан айрилғач, маҳзуну низор ўлмиш,
Минг дард ила ҳасратга илкингда дучор ўлмиш,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Эрди бу Хўтан дашту тоғи била саҳроси
Ушбу қора кўзларни ўйнар жойи маъвоси,
Кўнглида эди мушкин сочларни таманноси,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Домингни гирифтори ўз ҳолиға ҳайрондур,
Бошдин оёғи захму сандин юраги қондур,
Бу зулму ситамлардин пайваста дарафғондур,
Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Гуллар очилиб эмди айёми баҳор ўлди,
Ҳақ раҳмати бу тоғу саҳрога нисор ўлди,
Сарсабзи зумурратгун бегарду ғубор ўлди,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Мажруҳ эрур жисми оё на кабоб ўлғай,
Гар бўлса ҳам, аммо ул фарзанди хароб ўлғай,
Ул икки қаро кўзлар йўлларда пуроб ўлғай,
Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Кесма они бошини, жониға ситам қилма,
Бўйниға суруб тийғинг, роҳини адам қилма,
Бу нахли ҳаётини раҳм айла, қалам қилма,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Ўз ёру диёридан маҳжуру жудо бўлғон,
Дарду ғаму ҳасратни кўп тортиб адо бўлғон,
Вобастаи занжири бедоди бало бўлғон,
Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мёндек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Қўй ўйнасун ул оҳу ҳар водию тоғ узра,
Ҳар бешаи сарсабзу анҳору булоқ узра,
Лолаю гул очилған ҳар гулшану боғ узра,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Мажнуни биёбони исёну хато Модим,
Савдозадаи ишқи оҳу-ю Хито Нодим,
Сайёди ажал бир кун етгай санга, ё Нодим,
Сайдинг қўябер, сайёд, бечора экан мендек,
Ғам тийғи била бағри садпора экан мендек.
Мухаммаси Нодим ба аҳволи замон
Бўлди авзои замона била даврон ғалати,
Расм ойин ила атвори ҳар инсон ғалати,
Муфтию, аъламу, қозию қаламдон ғалати,
Кийиму лафзу ёзув, лампау шамдон ғалати,
Лампау печкау курсию кайвон ғалати.
Кўчаю кўйда фанор равшану йўллар сангин,
Беибо жумла тарантос ила избош нишин,
Беҳаё кўчада бебок очиб элға жабин,
Тенг ўлуб олим ила жоҳилу, ёлғон била чин,
Бир-бирисига қилиб ҳар киши бўҳтон ғалати.
Ёш йигитлар кезибон лафкау ҳар раста аро,
Қўлида шишаи май, оғзида куфр ила наво,
Хар каби ҳанграшибон шаҳрни айлаб ғавғо,
Йўқ алар юзларида ҳеч дами шарму ҳаё,
Бўлубон ҳар каби ўтгай ҳама хандон ғалати.
Эл этиб мансаб учун бир-бирига жангу талош,
Ёрилиб фурсати сайловда кўп кўз ила қош,
Берибон ришва бўлур қозию аллома тарош,
Пул олиб макру ҳиял бирла қилур айшу маош,
Бўлди аҳволи тамоми Намангон ғалати…
Баъзи даъво чўзилур неча ою неча йил,
Муддаий бирла бўлур хасми бу эҳмол ила сил,
Муфтии можину суллоҳу вакил хайли далил,
Пулу молини қилур ғорат, ўзин зору залил,
Тўлдурур ақча била киссаю ҳамён ғалати.
Халққа туҳмату бўҳтону хусумат бисёр,
Даъвии кизбу анонияту ифсод шиор,
Ҳаққи мардумга қилиб зуъмлиғ ила инкор,
Қизитиб маҳкамалар ичра дамодам бозор,
Бўлди суллоҳу вакил зумраси шайтон ғалати.
Аҳли зиндиқу зино эгнида кимхобу самур,
Остида аблаҳи хушгашту тарантосу кўчур,
Баъзиси растаю шаҳр ичра бўлуб гоҳи жужур,
Хамр ичиб, маст бўлуб, зоҳир этиб кибру ғурур,
Фисқ жойиға бориб, бўлғуси меҳмон ғалати.
Сайланг элликбошиға одами донолардин,
Мунсифу аҳли хирад кўнгли мусаффолардин,
Содиқулқавлу расо, марди тавонолардин,
На гадо табъи жафокор ҳаюлолардин,
Гар ёмон сизга бўлур доғ ила армон ғалати.
Саъй этинг, мингбоши то соҳиби эҳсон бўлғай,
Халққа марҳамату лутфи фаровон бўлғай,
Фуқаропарвару одил, ўзи чаққон бўлғай,
Юртнинг аҳли била бир тану бир жон бўлғай,
Бўлса ҳайрот тарийқида шитобон ғалати.
Ахтаринг қозига бир аҳли диёнат бўлсун,
Олиму хўб боинсофу фатонат бўлсун,
Элга анфоси ани субҳи саодат бўлсун,
Наки бир омии сармашқи залолат бўлсун,
Токи бўлманг, фуқаро асру пушаймон ғалати.
Топсангиз яхши киши, қўймай амалдор қилинг,
Шаръи бўстонин ани даврида саршор қилинг,
Мадад айланг ишига, лутф ила исор қилинг,
Гардани жонга ани сўзини тумор қилинг,
Сизга то бўлғуси ул яхши нигаҳбон ғалати.
Оҳ, афсуски, бундоғ кишини ахтармай,
Яхши инсофлик одамни бу мансабға демай,
Порау ришва олиб сайлагани бир чиғатай,
Хўмгўзал, гунгу саранг аблаҳу нодон мамай,
Кўрмаган бўйла киши дийдаи даврон ғалати.
Йиғилиб бир неча жаллоби шарорат пеша,
Кам этиб жангда олур пахтани беандеша,
Беху бунёду диёнатга урубон теша,
Қолмайин зарраи инсоф алардин реша,
Қилдилар дину диёнатга нуқсон ғалати.
Аҳли дўкону саро фикри ҳаво бирла ҳавас,
Доми бу зийнат ила зеби жаҳонга побас,
Зикри савдои Қизилжар била Маскову Адас,
Охират амрини ёд айламайин ҳеч нафас,
Айлади мўътақиди шаръини вайрон ғалати.
Яхши от узра миниб саллани харротий қилиб,
Сўфии харкалла бас орқаю олдида елиб,
Гоҳ мастона бўлуб, ҳар қадамида йиқилиб,
Ўзин ул хомтамаъ муршиду аллома билиб,
Бузди оламни солиб шўришу тўфон ғалати…
Бу мухаммаслар эрур гарчи маонидин дур,
Бир ҳикоят эрур халқни айлар масрур.
Бўлса гар зумраи аҳбобға ногаҳ манзур,
Этмагай Нодими маҳзунни дуодан маҳжур,
Умрини зое этиб, айлади хусрон ғалати.
* * *
Экмак экин кўмаксиз, эй дўстлар, гумонда,
Онборинг ичра ғалла кўп бўлса, ақча ёнда,
Анқони тухмидур бу муҳтожи нотавонда,
Осон эмас, биродар, деҳқончилик жаҳонда,
Харжию зўр бозу даркор ҳар замонда.
Ҳарёна совурурсан қўлда на бўлса мавжуд,
Жонингни ўртагайсан меҳнат ўтиға чун уд,
Аҳлу аёл барча бошдин-оёқ кир-олуд,
Қўшу аробау от, ағдармау тараддуд,
Тишу омоч-тиркиш, авқоти чарчагонда.
Кўп жусту-жў керакдур деҳқончилик ишига,
Ёзида ер пишитгач, гўнг тошигай қишига,
Қолгай неча замонлар оламни ташвишига,
Буғдой дема осон ҳосил бўлур кишига,
Гаҳ йилда бўлмай ул ҳам, деҳқон қолур зиёнда
Экмакка пахта тухмин кўп боғлар бузулди,
Саҳроу даштларда ҳангомалар қўзулди,
Бир неча сарою ҳовли чигитга тўлди,
Бу пахтаи амиркон нархи зиёда бўлди,
Мундин бўлак амал йўқ яхши била ёмонда.
Ғаллотларга бўлди нархи баҳода фойиқ,
Кўп одам экди пахта ўз қувватига лойиқ,
Бу йўлда сарф айлаб илгидаги алойиқ,
Ёмғири бемаҳалдан қўрқиб ҳама халойиқ,
Қиш эрта тушмагай деб кўзлари осмонда.
Бир неча камбағаллар авқотин ўткузолмай,
Қишлик маошларини асбобини тузолмай,
Ҳар кимсадин олиб пул, мингдин бирин узолмай,
Пахтага пул кўториб, вақтида еткузолмай,
Орқасидин маҳосил, деҳқончилик товонда.
Ҳўкузлари похол дер, қўшчиси ош ила нон,
Нақдина йўқ қўлида, бисёр дил паришон,
Юз минг хаёл бирла дармонда у харосон,
Онбор пулию ўлпон бағрини айлабон қон,
Қўрқуб, чўчуб тушодур туш кўрса ухлагонда.
Деб пахта сарф айлар ерга ҳама кучу зўр,
Тиккай чигит жўякка, бошида юз туман шўр,
Ёз ҳам ўтуб бородур, деб бўлмағай туротур,
Кўсаклари очилмай урди бу қору ёмғур,
Ҳайрон бири бу ишдин, нафъ олмоғи гумонда.
Ҳар сийнаға тўлубдур савдосидин таманно,
Саҳроу шаҳрларда бисёр шўру ғавғо,
Зикр ила фикри пахта, ҳеч йўқ ёди мавло,
Ваҳмим ҳарифларидин шул кун дегай мабодо,
Гўр ичра «пахта-пахта», «манраббика?» дегонда…
Кўп такя айлагонлар дунёйи бевафога,
Синдию парча-парча бўлди қолиб балога,
Ҳолини танг қилгач пулдор олиб арога,
Баъзиси қочди Қашғар, баъзиси Олматога,
Баъзини кўрди мардум Афғону Бомиёнда.
Бозор кўп кишининг айшини қилди барҳам,
Бори-йўғини берди кўрдингми, қанча одам?
Ҳар раста ичра элдин топти шикаст кам-кам
Баззозу чойфурушлик-мушкил бу иккиси ҳам,
Кўплар синиб туганди моли қолиб жавонда.
Синмак бу кеча-кундуз кўп элга ом бўлди,
Тужжорларни субҳи ғам бирла шом бўлди,
Тўкулиб обрўси бенангу ном бўлди,
Масковчи бирла девкор —бу ҳам тамом бўлди,
Синганни йўқ ҳисоби Хўқанду Андижонда.
Ёлғуз ўзум деганлар тоғлар ошиб юрубдур,
Ёшин чу абри борон тинмай сочиб юрубдур,
Расволик илки бирла кетин очиб юрубдур,
Ермаҳд бирла Виктор пинҳон қочиб юрубдур.
Ҳаргиз булар топилмас дунёни излагонда…
Ғаввос то пишилмас сувга олурми гавҳар?
Роҳат жафоу меҳнат чекмай эмас муяссар,
То нофа бўлмайин хун ҳаргиз бўлурми анбар?
Алқисса, ҳеч бир иш осон эмас, биродар,
Бекулфату машаққат роҳат санга қаёнда?!
То ҳақ иноят этмай, етмас қўлингга давлат,
Лекин умид бирла ҳар кимса чекса заҳмат,
Ё олим ўлғай охир, ёким бир аҳли санъат,
Ҳар бир ҳунарга бордур мушкил басе машаққат
Бе ранж муфт давлат — бор элга ногаҳонда.
Элни асир кўрдум дунёни ташвишига,
Босмас фароғат ила бир парча нон тишига,
Саргаштаи жаҳондур ёзи била қишига,
Машғули жумла олам ўз нафсининг ишига.
Фикри танур ичинда, андишаси қозонда…
Холи эмас хавониқ сар ҳалқаси риёдин,
Тазвиру ҳийла нақшин кашф этди бурёдин,
Мақсуди молу зардур азкору инзуводин,
Бўйини топмадим ман бир фақр ила фанодин,
Кўп сўфиларни кўрдим икки кўзи шилонда…
Эй Нодими камина, токай сенга бу ғафлат,
Ногоҳ марг етгай бу умрдур ғанимат,
Айёми навжувонлиғ ҳайф ўтди яхши фурсат,
Эндики пири бўлдинг, йўқдур мадору қувват,
Тоат қилурға ҳаргиз бу жисми нотавонда.
* * *
Гар подшаҳи тамоми кишвар,
Хуршид лиқоу тож барсар,
Соҳиб ҳашаму ливоу ханжар,
Дороу Фаридуну Скандар,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Ул зумраки зўр паҳлавондур,
Ҳар жангда тийғи хунфишондур,
Ғайратда шажеу арслондур,
Ханжарлари тезу жонситондур,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Ул шайхларики бериёдур,
Сажжодада соҳиби ридодур,
Жаҳрию хужаста гюрсодур,
Кўп халқларга пиру пешводур,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Қуззодки, шарънинг амири,
Дин чархини бир маҳи мунири,
Мазлуму шикаста дастгири,
Минг хавфу хатар миҳан асири,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Муфтики қаламкаши замона,
Тун-кун они жойи қозихона,
Хат битмоқ аларга жовидона,
Ижрои шариати баҳона,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Ҳар аҳли мударрису муаллим,
Айлар ҳама элга дарс таълим,
Ё аҳли ҳакиму ё мунажжим,
Бордур бу замона ичра, билким,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Савдогари ашрафи жаҳонгард,
Қилғон ватанини кўнглига сард,
Рухсораси фикр бобидин зард
Ташвиш ила умри ғусса парвард,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Бу жумла саронишин дўкондор,
Саррофу саҳобу аҳли нажжор,
Бу пахтачию тарозубардор,
Ҳар касбиким даҳр аро бор,
Мақсуди аларни сийму зардур,
Ҳар сарв қадеки дилрабодур,
Даҳр аҳлиға офату балодур,
Киприклари ўқу қоши ёдур,
Шерозаи базми хуш адодур,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Мутрибки эрур басе хуш илхон,
Лаҳнида олур кўнгул, берур жон,
То субҳи суруд этар фаровон,
Элдин олибон саботу сомон,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Созандаи дилнавозким бор,
Қонун ила қўлга олса сетор,
Бўлғай нағамотлар падидор,
Таъсирида ссҳрдур мамудор,
Мақсуди аларни сииму зардур.
Ул жамъи мусофири паришон,
Автон ғамидан жигарлари қон,
Ошифта дилу, асири ҳижрон,
Ғурбатда наҳийф ўлуб, чекиб жон,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Деҳқон эли айлагай зироат,
Тун-ку-н чекибон жафоу меҳнат,
Сарф айлаб анга куч ила қувват,
Бу ҳирфадин, эй завил басорат,
Мақсуди аларни оийму зардур.
Саҳрони кезар ҳамиша сайёд,
Сайд айламак анга бўлди муътод,
Гаҳ тоғ узадур мисоли Фарҳод,
Бу саъиларидин, эй наку зод,
Мақоуди аларни сийму зардур.
Шаҳларки жаҳонни айлагай танг,
Бир-бирига қилиб ситез ила жанг,
Юргай неча мийлу неча фарсанг,
Қилмай бу юришда ном ила нанг,
Мақсуди аларни сийму зардур.
Бир зумрани халқ дер қаландар,
Кезгай ҳама ҳол баҳр ила бар,
Илгида асоу хирқа дарбар,
Эй дўст, билингки, билмуқаррар,
Мақсуди аларни сийму зардур.
МАКТУБИ МУҲАББАТ УСЛУБ
Аё боғи умримда битган ниҳол,
Кўзум чашмаси бирла топган камол,
Дилим қуввати-ю, уйим зийнати,
Кўзум нури, ёлғуз бошим давлати,
Дуогўйи бу мустаманди ғариб,
Ризожўи афтодаи бенасиб,
Муҳаббат жаҳонида бир тоза боғ,
Мани рўзғоримда ёнган чироғ.
Даме бермаган хотиримга малол,
Тавозуъдин айлаб қадин мисли дол,
Қаноат қилиб ҳарна бергонима.
Қилиб эътимод аҳду паймонима,
Мени айлаган эл аро аржуманд,
Қилиб рўзғорими қадрин баланд,
Боқиб жумла фарзандими субҳу шом
Тутуб гўшаи уйда дойим мақом,
Саранжом этиб ишни шод айлаган,
Неча мушкулимни кушод айлаган.
Севга, эй вафодор ёрим, салом,
Гуландоми гулгун узорим, салом.
Салом, эй мен хастанинг ҳамдами,
Салом, эй ҳарими кўнгул маҳрами.
Ҳама нури чашму ақрабоға салом,
Ағо-инию ошноға салом.
Салому таҳиёт адо айлабои,
Қилай ҳасби ҳолимпи бир-бир баён:
Танимиз зрур соғ, юз шукрким,
Фароғатдадурмиз, ҳамиша еалим.
Етиб ҳар диёр аҳлидин шодлиғ,
Бузулган кўнгулларга ободлиғ,
Саёҳат ишим, гоҳ сайри чаман,
Дамо-дам зиёфат, гаҳи анжуман,
Кўруб тоғлар узра ёмғуру қор,
Булардин ўтуб чун насими баҳор,
Гаҳи дашт ила кўҳсор узра ман,
Гаҳ-и чашмау марғзор узра ман.
Тамомиси сарсабзу шодобу тар,
Раёҳину анвои гул сарбасар.
Оқиб чашмалар ишқ эли ёшидек,
Унуб лола анда ақиқ тошидек.
Етиб энди, алқисса, биз бенаво,
Турубмиз бу ердаки—Авлиёто.
Ажаб жою хушфайзу осор экан,
Баланду фараҳбахш кўҳсор экан.
Суви оби кавсар каби оқ эрур,
Ичган кимсага таъми шакар берур.
Эрур ғарбу шарқу жанубида тоғ,
Ҳама сабзау настарину булоқ.
Элотия атрофида беҳисоб,
Таомининг бойвуччаси бениқоб.
Ўти сийнадин, молу коли фузун,
Келур змчагидш сути чун қуюн,
Соғарлар соғин ҳар куни тўрт йўл,
Қадам-барқадам ҳайма бирла овул,
Қимиз, сув-масаллиқ ичар мардуми,
Бўлур наҳру дарё қуюлса ками.
Сутининг тамомийси қаймоқ эрур,
Киши ичса таъми сариёғ эрур.
Дуо бирла эди бу Нодим салом,
Сўзум кўп эрди, қисқа қилдим калом.*
* Бу хатни Нодим 1890 йилда Авлиёотадан ўз рафиқасига ёзган.