Мискин (тахаллуси; асл исм-шарифи Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли), (1880—Тошкент—1937) — шоир. Отаси темирчилик, михчагарлик билан шу-ғулланган. Баландмачитдаги мактабда, сўнг «Кўкалдош» мадрасасида ўқиган. Дастлабки шеърлари муҳаббат мавзуида. Кўп ўтмай, шеъриятига замон садолари кириб келган. Халқимизнинг миллий-ижтимоий уйғонишида катта хизмат қилган «Шуҳрат» газетасини шеър билан қувватлаб чиққан.
Мискин шеърларида халқ оммасини асрий жаҳолатдан уйғонишига чақирган. Халққа эрк ва озодлик руҳини сингдириш, уларни ҳақ-хуқуқ учун курашга уйғотишда ўз ҳиссасини қўшган. Мискиннинг автобиографик шеърлари шоир ҳаётининг оғир ва мураккаб кечганини кўрсатади.
Мискин шеърларидан 2 девон тузган. 200 саҳифадан кўпроқ 1-девондан 1925 йилгача ёзилган ва чоп этилган шеърлари жой олган. Сўнгги шеърлари эса 2-девонда жамланган бўлиб, 160—170 саҳифани ташкил қилган. Бироқ уларнинг такдири номаълум. 70 га яқин шеърларигина сақпанган. Ушбу шеърлар шоирнинг ўз қаламига, ўз овозига эга бўлган, адабиётимиз тарихида сезиларли из қолдирган истеъдод соҳиби эканлигини кўрсатади. Шеърлари шу пайтга қадар тўпланган, ўрганилган эмас. Тошкентда Мискин номида кўча ва маҳалла бор.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Анодин янги туққандек кўзим очдим жаҳон ичра,
Ажойиб ҳур замон бўлди, кўринг, ёрон, жаҳон ичра.
Тазаллум тожу тахти ер била яксон бўлиб охир,
Адолат нури барқ урди эзилган бу жаҳон ичра.
Бўлиб бизларга йўлбошчи Иштирокиюн фирқаси раҳбар,
Ҳукмрон айлади ишчи била деҳқон жаҳон ичра.
Неча юз минг менингдек бор эди олам аро Мискин,
Аларга қилди шафқат инқилобким бу жаҳон ичра.
* * *
Йиғламай найлай бу кун, девонадурмен, айрилиб,
Сабру ҳушу, ақлдин бегонадурмен, айрилиб.
Волау шайдо бўлуб, айлар ишимни билмайин,
Телбалардек халқ аро мастонадурмен, айрилиб.
Сийна чоку, дийда ғамноку паришон ҳол ўлуб,
Жон ҳазин, хотир ғамин гирёнадурмен, айрилиб.
Фурсатим гўё бир ою соатим бўлмишки йил,
Бу жудолиғ дардиға ҳайронадурмен, айрилиб.
Хотирим вос-вос ўлуб, сўзлар сўзум бехуд-ғалат,
Элга мундоғ кулку ҳам афсонадурмен, айрилиб.
Оҳким, сен бирла юрганда эдим бир подшоҳ,
Найлай, энди бекасу ғамхонадурмен, айрилиб.
Нола айлармен куюб, ҳажрингни оташгоҳида,
Кеча-кундуз Мискини сўзонадурмен, айрилиб.
* * *
Бизни ташлаб қайга кетди ул қаро қошим менинг?!
Телмуриб йўлига кўздин оқадир ёшим менинг.
Чорасиз қолдим, нетай, ҳижрон ўтига ўртаниб,
Тўлди ҳасрат бирла куйган бу ичу тошим менинг.
Ёр кетар вақтида менга қайрилиб бир боқмади,
Йиғласам, айб айламанг, қавму қариндошим менинг.
Менга айдилар рақиблар, унга дил берган эдинг,
Бир келиб ҳолимни сўрмас, ёру йўлдошим менинг.
Бедаво дардим иложин кимга изҳор айласам,
Йиғлагайман ишқ дарди қонидин ошим менинг.
Мискин аҳволи харобин ким билур ул ёрсиз,
Айрилиб, ҳеч ерга сиғмас бул ғариб бошим менинг.
* * *
На қилай гулшанни, ул гул юзли жонон бўлса бас,
Хоҳламас сунбулни дил, зулфи паришон бўлса бас.
Рағбатим йўқ сарв бирла сабзаларнинг сайрига,
Маҳвашим ул сарви қомат, қадди райҳон бўлса бас.
Менга таъриф айламанглар, базми Жамшидни нетай,
Севганим бир соате ёнимда меҳмон бўлса бас.
Бода кайфидан менга, дўстлар, гапирманг зинҳор,
Маст этолмас май мени, ул кўзи мастон бўлса бас.
Мискин аҳволин кўриб, бедардлар нелар демас,
Бок йўқ эл таънасига, ўзи севгон бўлса бас
* * *
Эй дилбари жононим, кўп нозу итоб этма,
Юз жабру жафо бирлан ҳолимни хароб этма.
Мастона кўзинг бирла қошинг қиличин тортиб,
Бир-бирга имо айлаб, қатлимга хитоб этма.
Ҳуснинг ҳаққи, эй жонон, қилма мени кўп шайдо,
Ағёр ила май ичиб, бағримни кабоб этма.
Дод ила фиғонимга бўлгайму қиё боқсанг,
Зор ила, аё дилбар, ҳажрингда азоб этма.
Қонимни тўкар бўлсанг, эй кўзлари жаллодим,
Қўй ҳолима бир соат, ўймоққа шитоб этма.
Лаълингни закотидин Мискинга карам айла,
Келганда эшигингга сен тарки жавоб этма.
* * *
Сабо айғилки, жононим қаёндур,
Юзи гул ғунча хандоним қаёндур?!
Мени ишқи била девона қилган,
Ситамгар кўзи чўлпоним қаёндур?
Ётибман дарди ҳижрони билан зор,
Этинглар дарда дармоним қаёндур?
Йўлида интизорим ҳаддин ошди,
Демас ҳоли паришоним қаёндур.
Бўлибман ҳасратидин мисли Яъқуб,
Ушал Юсуфи Канъоним қаёндур?
Кўриб гулларни дерман телбалардек,
Дейинг сарви хиромоним қаёндур?
Умидинг кесма, Мискин, раҳматидин,
Дема илкимда эҳсоним қаёндур.
МУХАММАС
Манам Мажнуни ишқ, дўстларки, бир Лайлони изларман,
Жамоли гул, сочи сунбул, кўзи шаҳлони изларман,
Ажаб бир тийра дилдурман, қамар сиймони изларман,
Мани ишқида зор этган қади зебони изларман,
Ушандоқ офати жон шўхи бепарвони изларман.
Асири гул юзидурман жаҳон гулзорини найлай,
Анга кўнгулни олдирдим бўлак дилдорини найлай,
Деюрға сирри маҳрам йўқ, бу ғам изҳорини найлай,
Маломат қилса қилсин эл, алар гуфторини найлай,
Кечибман ори номусдин, ўшал барнони изларман.
Ёронлар, бир париваш ишқининг девонаси бўлдум,
Бериб барбод ақлимни, хирад бегонаси бўлдум,
Кўриб ҳусни чароғини, ёниб парвонаси бўлдум,
Нетай Мискин каби халқи жаҳон афсонаси бўлдум,
Жунуним айб қилманглар, маҳи анқони изларман.
МУРАББАЪ
Кўрдим хатингиз, зебо санамлар,
Қатлимга эркан ёзган рақамлар.
Бераҳм айлаб бизга ситамлар,
Раҳм айламайсиз, қоши қаламлар.
Қош узра фарқни эгри қўярсиз,
Ошиқларингиз бетиғ сўярсиз,
Соқий бўлибон майлар қуярсиз,
Раҳм айламайсиз, қоши қаламлар,
Ошиқлар ичра дилхаста, Мискин,
Ишқ булбулидир, вобаста Мискин,
Ғам доми бирла побаста Мискин,
Раҳм айламайсиз, қоши қаламлар.