Шоира Ҳакима Абдураҳим қизи 1840 йилда Каттақўрғоннинг Алижон қишлоғида мактабдор домла оиласида туғилди. У болалигидаёқ ота-онадан етим қолиб, кичик акаси Аброрқулнинг қўлида тарбияланди. Замонасининг талантли шоири ва олими Муҳаммад Шариф Шавқий билан қўшни ва дўст бўлган шоиртабиат Аброрқул ёш Ҳакиманинг ўқиб маълумот олиши учун кўп ғамхўрлик қилди.
Ҳакимани 20 ёшида шаҳарнинг Мавриқўрғон маҳалласида яшовчи Мирсултон номли этикдўз-косибга турмушга берадилар. Оилада кўп ўғил-қизлар туғилган бўлса-да, улардан фақат икки қиз омон қолади: Нигина ва Олима. Олимадан икки фарзанд бўлади: Муҳаммади ва Ҳалима. Олима жинни бўлиб, эри Каримбойвачча томонидан икки боласи билан ҳайдалади. Ҳакима қизини кўп табибларга кўрсатса ҳам нафи бўлмайди…
Алам-кулфатлар, жудолик ва моддий қийинчиликлар билан эзилган шоира бадавлат, ўзига тинч қариндошларидан ҳам ҳеч қандай «меҳру вафо» кўрмайди. Бу
ҳол унинг айрим шеърларида акс этган. Ҳакима 1919 йилнинг 20 декабрида вафот этди.
Шоиранинг автографлари бизгача етиб келмаган. Бу ердаги шеърлар унинг шогирди Мутриба қўлидаги дафтар ва хотиралардан ёзиб олинди.
ҒАЗАЛЛАР
Кел, эй кўнгул, ҳаво домин тутуб, дил берма дунёға,
На хуш давлат, ўзунг банд айладинг зулфи сумансоға.
Работи кўҳна дунёнинг вафоси йўқ, биродарлар,
Ғаниматдур сиза айём, на етгай бундай асноға.
На хуш кундур баҳор айёми, олам сабзапўш, рангин,
Йигитлик ҳам анингдекдур тушунган аҳли маъноға.
Эрур фасли баҳор янглиғ азиз ёшлик, на хўб роҳат,
Қариган сўнг зимистондур, кўнгул қолмас таманноға.
Келинг, ёшлар, қуруб суҳбат, кўнгулни хуш этинг бул чоқ,
На етгай ҳофизу, дўсту ширин сўз бирла мийноға.
Бу дунё бир саройдек манзилу, одамлари меҳмон,
Ҳакима, ўтди умринг, етмадинг ул маҳфилороға.
* * *
Жаҳон барнолари, эй шўх, кирдорингдин айлансун,
Муқобил бўлса, ҳар ойина дийдорингдин айлансун.
Малоҳат гулшанида ғунча янглиғ, эй пари пайкар,
Очилса гул юзунг, булбул кўруб хоринғдин айлансун.
Балоғат бобида яктои даврондурсан, эй гулрух,
Ўқурда булбули хушхонлар ашъорингдин айлансун.
Хиром этсанг чаман сори, аё эй дилбари раъно,
Кўрубон кабки хушрафтор рафторингдин айлансун.
Қаёнда ганжи зардур ҳалқа урган аждаҳоси бор,
Жаҳон ганжи сенинг зулфи сияҳ торингдин айлансун.
Жаҳон шоирлари мафтун бўлуб ширин мақолингга,
Асирингдур Ҳакима, келди гуфторингдин айлансун.
* * *
Ажойиб турфа савдо кўҳна дунёи дағо ичра,
Бу мискин бошима минг турли ғам бул бевафо ичра.
Гаҳи гирён, гаҳи нолон, ажаб афтодаман ҳайрон,
Эрурман зору саргардон бу золим пуржафо ичра.
Кўзим ёши оқар тинмай, кеча-кундуз надур билмай,
Анисим, мунисим бўлмай бу ҳасратхона — жо ичра.
Кўрубон бир неча фарзанд, нечун ҳеч бўлмади дилбанд,
Бири ҳам қилмади хурсанд жаҳони бебақо ичра.
Ичиб жоми жафодин май, бу бўлса қисматим қайтай
Кима йиғлай, кима айтайки бу зулматсаро ичра.
Қани манга қариганда, боламни бири ёнимда —
Бўлуб ғамхўр маконимда меҳр янглиғ само ичра.
Ўғул-қизлар сафар қилди, ҳамаси бир йўла кетди,
Қари она кейин қолди, бутун оҳу наво ичра.
Мени бечорани ташлаб, нетай икки кўзум ёшлаб,
Либосим танда ўт яшнаб, жаҳон жоми намо ичра.
Ҳакима зор йиғлайдур, куюб дардини куйлайдур,
Ҳамон бир чора излайдур бу дарди бедаво ичра.
* * *
Адамдин ҳар киши дунёга келди пешвоси бор,
Ки ҳар ким кўнглида бир ўй илан кўп муддаоси бор.
Скандар бистари кимхобу бахмал узра хоб этса,
Аларнинг қолини бўлса, гадонинг бўрёси бор.
Такаббур аҳлига зинҳор салом-алик демай ўтгил,
Аларнинг бошида шайтони малъуннинг ҳавоси бор.
Жаҳоннинг боғидин гуллар очилур ранг-баранг, кўргил
Агарчи яхши одам кўп, ичида ҳам ёмони бор.
Ҳамиша хушфеъллик бўл халойиқ ичра сен зинҳор,
Кўнгулни оқу пок этсанг, ҳама коринг барори бор.
Қарама бад назар бирла, бу душман, деб, ҳақир айлаб,
Магар бир қун бўлур дўст ул киши, сирри ниҳони бор.
Эрур ҳар дам ғанимат, хуш тутуб ўткар азиз умрунг,
Бу дунёнинг каму кўстин на суду, на зиёни бор.
Ўтубдур қанча олам халқи қилмай тасрифи дунё,
Ҳакима ҳам ўтар уммид билан—ҳасрат-фиғони бор.
МУХАММАСЛАР
Нечук айлай, ёронлар, мен ғариби мазлуми ночор,
Ҳама туққан оғо-ини, опаларим қилибон ор,
Бўлиб бегона кетдилар, бўлиб мандин бари безор,
Қолиб танҳо ўзим ғурбат уйида кўз ёшим хунбор,
Ўзимга машқ этиб ҳасрат била гоҳида бу ашъор.
Алардин кўрмадим меҳру вафо дунёда бир кун ҳам,
Ўлиб кетди ўғил-қизлар, фароғат кўрмади дийдам,
Сени фарзанд дебон меҳру муҳаббат айладим бул дам,
Саломат бўл, қизим, дунёда кўрма зарра кулфат, ғам,
Будур мендин васият ҳам дуо, эй оқилу ҳушёр.
Ки бир кун катта оғам уйига бордим мани маҳзун,
Юмубон кўз, қабоқ солиб деди:— Келдинг нима учун?!
Дедим:—Қирдим ўтар йўлдин, кўрай деб бир йўла акнун,
Ки бул бахтсиз қизим тиндирмади, қилди жигарни хун,
Даво истаб юрурман кўчаларда, дарду ғам бисёр…
Яна эрмиш муддаррис, жумла олимларга аълам бул,
Нечук бемеҳру бадфеъл, бўлмади одамга ҳамдам бул,
Жигар пайванд бўлмасму, қилибон силаи раҳм ул,
Узиб уммедим андин бормадиму, кўрмадим бир йўл,
Ҳакима қон ютар бахтсизлигидин, эй азиз дилдор.
* * *
Чаман зеболари, эй сарв, рафторингдин айлансун,
Тамоми хушсуханлар табъи шаҳворингдин айлансун,
Эшитса маст ўлур ҳар банда гуфторингдин айлансун,
Фалотунлар қолур лол, ақли ҳушёрингдин айлансун,
Кўролмай бағри доғ ҳар лола рухсорингдин айлансун.
Қизил гулким анинг ҳажрида юз минг булбули шайдо,
Қилур ҳар субҳи дамда тинмайин фарёду вовайло,
Гули савсан, гули насрин, гули шабюз, гули раъно,
Гули қаҳ-қаҳ, гули райҳонки, бир гул қолмасун асло,
Гулистон гуллари, эй тоза гул, хорингдин айлансун.
Замоне жустужўйингда тиниб ўлтурмадим ҳаргиз,
Босиб муҳри хамуши тилга, ҳеч дам урмадим ҳаргиз,
Сўроғинг рашк этиб, ағёрлардин сўрмадим ҳаргиз,
Сенингдек гавҳари қимматбаҳони кўрмадим ҳаргиз,
Ақиқу лаълу маржон гавҳари борингдин айлансун.
Ҳакиманинг кўрар кўзи, жаҳон ичра саломат бўл,
Дуо айлай, гулум, доим, ҳамиша бофазилат бўл,
Баланд иқболу роҳатлик, илоҳи босаодат бўл,
Дейин беҳад санолар, то абад кони шарофат бўл,
Саховатлик, мурувватлик бу кирдорингдин айлансун!
МАСНАВИЙЛАР
* * *
Эй сўзи ширин гулъузорим,
В-эй ваъдада турмаган нигорим.
Гар бўлсаки менда неча минг жон,
Айларман ани йўлунгда иҳсон.
Қўйғил қадамингни бошим узра,
Йўқ, йўқ, қора кўзу қошим узра.
Эй ёри ситамгару жафожўй,
Зулму ситамингни айлама, қўй.
Эмди менга айлагил тараҳҳум,
Қил кулбама бир сафар тақаддум.
Аҳд анладингу, псга бузарсан?
Сен буздингу, лек бузмадим ман.
Жондин ксчадур Ҳакима-и зор,
Жон бергучи чун ўзингсан, эй ёр.
* * *
Ёзиб байт бургадин, мен айлайин дод,
Ширин уйқумни золим қилди барбод.
Қоронғуда нечук йўлни топадур,
Тузуб лашкар, ўнгу сўлга чопадур.
Чақадур ҳеч бир парвое қилмас,
Фақиру бойларни кўзга илмас.
Чақадур неча бир гул-ғунчаларни,
Қўли боғлиқ, бешикда баччаларни.
Гаҳи тез ўрмалаб сакраб учадур,
Гаҳи шум тулкидек боқмай қочадур.
Тутуб бўлмас, кўринмас майда нарса,
Ётолмас чақса роҳатда кимарса.
Ҳакима ҳолини этти кўп абтар,
Йўқолиб бургалар, қолсун бу дафтар.
ҚИТЪА
Аё эй гулшани диллар сафоси,
Юзунгдин ахтари гардун жилоси,
Баҳор айёми бўлди, келди наврўз,
Муборакбод этарман, эй дилафрўз.