Бозорда ортиқ ўтиргиси келмади.
Ерга тўшалган шолча устига ёйилган нарсаларини йиғиштирди-да, сумкасини елкасига ортмоқлаганча уйига пиёда йўл олди.
Минг кўзли бозор ортда қолди. Қаппайган қоринлар, чақчайган нигоҳлар шовқини ва чириган пиёзларнинг ҳиди ҳам.
Уфқдан кўтарилган булут шаҳар осмонини қоплай бошлади.
Ҳаводан ёмғир ҳиди анқиди.
Кеч тушиб қолган, кўнгли ғаш, оёқлари ўзига бўйсунмаётган эди, бирорта уловга чиқса бўларди, бугун ҳар қалай ҳамёнида пул бор, лекин у йўл юришни истади.
Йўл катта ва икки томонлама эди, турфа хил автоуловлар – “йиртқич қушлар” ваҳшийларча чинқириб у ёқдан-бу ёққа ғизилларди.
Аёл йўлкага ўтди.
Йўлка ингичка, узун, елкасидаги сумкаси эса оғир эди.
Аёл катта йўлдан ўтаётган уловларга умид билан тикилди. Улар орасида ўзига таниш уловни кўришни истади. “У”нинг машинаси кўм-кўк, йўқ, бақлажон рангида эди, деб ўйлади, аммо барча бераҳм қушлар аёлнинг интизорлигига парво қилмай, шиддат билан олға интиларди.
Интизорлик кўнгил ғашлигига ғашлик қўшди, аёлнинг қайғуси қуюқлашди. Ҳеч нарсани ўйламасликка уринди. Аммо елкасидан тушишни истамаётган сумка унга дам-бадам бозорни, бугунги кўнгилсизликни эсга соларди.
Бугун… ростини айтса, бозорда яп-янги дошқозонини ўғирлатиб қўйди.
Бу қандай юз берди? Ҳатто сезмай қолди.
Билганидан кейин юраги шувиллаб кетди. Ўзини бўшангликда айблади. Ахир дошқозон жимитдай нарса эмас-ку бебилиска қўлтиққа қисиб кетаверадиган.
“Сиз боя савдолашиб турганингизда ўзимизникилар уриб кетди-ёв дошқозонингизни”, деди ёнидаги дугонаси.
“Кўрган бўлсангиз аста туртиб қўймабсиз-да”, деди хафа бўлиб. Дугона шугина гапга ҳам тутаб кетди: “Вой, мен атай қипманми?! Кўриб туриб, айтмадингиз, деяпсизми?! Менам савдолашаётгандим ахир!”
Индамади. Можарони давом эттиришдан фойда йўқ.
Бу ер бозор. Эски-тускилар сотилса-да, барибир бозор. Бозорда эса… нарса тирик жон мақомига кўтарилади. Аксинча бўлганида, битта дошқозон учун шунчалик куйинармиди?..
Аслида ўғирлик биринчи марта юз бераётгани йўқ. Авваллари ҳам тез-тез бирор нарсасини ўғирлатиб қўярди. Лекин улар майда-чуйда нарсалар эди. Дошқозон эса… ҳали яп-янги эди-да. Жа нари борса икки марта ишлатилгандир. Уни қаровсиз қолган қўшни кампирдан арзон-гаровга сотиб олиб, анчадан буён асраб келаётганди-да дурустроқ пуллайман деб.
Дугонаси: “Шоди паттачига айтсак, дошқозонингизни топиб беради, у ким олганини жуда яхши билади!” деди бир маҳал.
Жавоб бермади. Шунда дугонаси: “Дошқозонингизни топишни истайсизми ўзи? Ёки икки қўлингизни бурнингизга тиқиб кетаверасизми?!” деди ачитиб. Йиғлагиси келди. Лекин йиғламади.
“Топишни истайман, ахир уни тузукроқ пулга сотмоқчийдим. Лекин яна Шоди паттачига рўпара бўлишга юзим чидамаяпти”, деди.
Дугонаси пинак бузмай жавоб берди: “Бу ер бозор. Бозорда ҳамма нарса юз бериши мумкин!”
Дугонаси ҳақ эканлигига анча кеч иқрор бўлди, чиндан ҳам бу ер бозор эди.
Лекин бозор экан деб ҳар қандай юзсизликка бориш… ёки бориб… бўладими? Ахир дунёда нималар юз бермоқда?
Шунга қарамай, тушдан кейин Шоди паттачига учрашди. У арзини жим туриб эшитди. Кейин…
“Қачон қарасам, нарсаларингизни ўғирлатиб, кўзёшингизни селдай оқизиб юрасиз! Ундан кўра эрга тегинг. Рўзғор ташвишидан қутуласиз-қўясиз! Эрли хотинмисиз ўзи, ё… Одам… сизга бир нима дейишгаям иккиланади!”
Шоди паттачи ўзи ғалати одам.
Гоҳида патта пулини вақтида тўлай олишмаса, тепаларида турволиб шунақа сайрайдики, гапларидан илон пўст ташлайди: “Сенлар жуда ақлли бўлиб кетгансанлар. Шоди паттачини нима деб алдашни яхши билиб олгансанлар. Агар хотиним сенларга ўхшаганида, аллақачон кетига бир тепиб, ҳайдаворган бўлардим!” Аммо сотувчи аёллар барибир патта пулини вақтида тўлашмайди.
Бозорда шунақа ирим бор. Сотувчилар савдолари юришиб, ҳамёнлари қаппаймагунча бировга бир сўм беришмайди! Барака учади, деб ўйлашади. “Эрта кечқурун ҳам тўламасангиз, бу ердан қорангизни ўчираман!” деб дўқ ура-ура Шоди паттачи нари кетади охири. Эртасига албатта патта пулини ундиради. Ундирмаса қўймайди ҳам. Уйига қидириб бориб бўлсаям олади пулини! Чунки бозорчиларнинг деярли ҳаммасини яхши танийди, уй манзилигача билади. Лекин керак вақтида яхшилик қилиб ҳам қўяди, яъни дугонаси айтганидай: “…у ким олганини жуда яхши билади!”
Бироқ бугун ҳаддидан ошиб кетди!..
Аёлнинг асаблари қақшади.
Шу вақтгача туриш-турмуши ҳақида бозордаги энг яқин дугоналарига ҳам гапирмасди, ўзини эрлик аёлдай кўрсатарди, аммо одамлар барибир билишаркан-да… Аёл ўзини ёзғирди: қанчалик эҳтиёткор бўлмасин, аллақандай паттачидан шармсиз гапларни эшитгани учун… сумкаси билан унинг башарасига туширмагани учун…
Оғир юк залворидан елкаси букчайган аёл юришдан тўхтади. Автоуловлар карвонига тикилди.
Тўрт ой олдин худди шу ерда…
Ўша куни савдо бўлмаганидан йўлкирага пул тополмаган аёл ерга қараганча ғира-ширада пойи пиёда уйига қайтаётган эди.
Аввал йўлга узун бир нур устуни тушди, кейин кескин берилган тормоз. Йўловчи машинадир-да, деган хаёлда эътибор бермади.
Нур устуни ғойиб бўлди, баланд бўйли, келишган эркак йўлини тўсди.
У. Жувоннинг эри.
– Бозорга чиқиб нима қилардингиз? – деди у жувонга яқин келиб. – Шунчалик қийналиб қолган экансиз, қўнғироқ қилмайсизми?!
Индамади. Назарида эри унинг сабр-тоқатини синаб кўраётгандай…
– Ўзингизни арзонга сотиб қўйибсиз!
Бу гап аёлнинг жон-жонидан ўтиб кетди, аммо яна сир бермасдан вазмин оҳангда:
– Ёрдамга муҳтож эмасман, – деди.
Аёлнинг бу ҳолати – қаҳратон совуқда муз устида ялангоёқ турганча “Совқотмаяпман, шунчаки қалтираяпман”, деяётган кишининг аҳволини эслатарди.
– Эҳ! – эри жаҳл билан четга қаради.
Эри азалдан бозорчи аёлларни ёқтирмасди, улардан нафратланарди. “Кучсиз, келажагидан умиди йўқ аёлгина ўзини бозорга уради,” дерди. “Ёлғончи товламачилар!” дерди яна.
Эҳтимол у ҳақдир. Бозорда тирикчилик ўтказаётган момоҳавво қизларининг ёлғон гапиришлари рост гап. Кўпинча арзимайдиган нарсаларни ҳам мақтаб-мақтаб, дурустгина пуллаб юборишади. Аммо ҳақиқат мубҳам бўлса, одамзод аллақачон жаннатдан қувилган бўлса, у нима ҳам дея оларди?! Қолаверса, жувоннинг наздида… аёл, умуман, одам алоҳида, шахс ҳолида нафратга лойиқдир, – лекин бозорда битта у эмас, сон мингта аёл-эркак ўралашиб юрибди, – шундай экан, шунча одамдан нафратланиб бўладими?!
– Кечқурун пул юбораман, – деди эри.
– Менга пул керакмас, – деди-ю, жим бўлиб қолди.
Аёл эридан қачон орани очиқ қиламиз деб сўрамоқчи эди. Аммо сўрай олмади, журъати етмади, Худо кўрсатмасин, у: “Майли, розиман, қачон ажрашамиз десанг, мен тайёрман!” деб юборишидан қўрқди.
Эри унга қаттиқ тикилиб турди-да, сўнг машинага ўтириб жўнаб кетди.
Шу куни аёл ярим тунгача эридан пул кутди. Тўғриси, эри юборган пулни олмасди, қайтариб юборарди, у шунчаки… эри уни учратганини, нимадир ваъда қилганини эслайдими-йўқми, шуни билмоқчийди, холос. Аммо пул ўша куни ҳам, эртасига ҳам келмади. Пулнинг оёғи синиб қолган шекилли. Ёки кимдир уриб синдирган!
Аёл хўрсинди. Оғир сумка яна ўз жойини эгаллади.
Аёл йўлида давом этди.
Эри бадавлат оиладан, тарбияли, оғир-босиқ йигит эди. У эса бўлажак бастакор. Икки ойлик танишувдан сўнг тўйлари бўлди. Ҳаммаси бунчалик тез рўй берганига ҳайрон эди. Кейин билса… банкир ота шарт қўйган экан: “Агар бу йил ҳам уйланмасанг, келинни ўзим топаман!” Эри банкир отасини яхши кўрар, у киши чизган чизиқдан чиқмасди. Тўйдан кейин билди, эри шу қадар тўнг, димоғдор эдики, ҳеч қандай туйғу унинг юрагини жунбишга келтира олмайдигандек. Мияси фақат банкдаги рақамлар билан тўла бўлса керак, деб ўйларди янги келинчак.
Аёл зоти учун оила қуриш бахт бўлса, очиғи, бундай бахтга унинг кўникиши осон кечмади. Гўё ҳашаматли хонадонга адашиб учиб кириб қолган капалакдай ҳис қиларди ўзини.
Афтидан, эри уни ношукр деб ўйласа керак, кейинги вақтларда бир гапни тез-тез такрорлайдиган бўлиб қолганди: “Сиз менинг рафиқамсиз, лекин ўзингизнинг мусиқачи эканлигингизни ҳам унутманг. Ҳадеб бекорчи нарсалар ҳақида ўйлайвермасдан, ижод қилинг. Ана пианино, ана қоғоз-қалам! Бўш вақтингизни беҳуда ўтказманг. Одамлар бундай шарт-шароит учун виждонини сотишга тайёр-ку, сиз бўлсангиз!”
Ҳа, у қанчалар олижаноб… ва совуққон.
Аёл бўлса бундай совуққон олижанобликни ҳазм қила олмасди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам тўкис оилада яшаётганига қарамасдан, мусиқага бўлган муҳаббати аста-секин сўниб борарди.
Кунларнинг бирида ўзи тасаввур қилган даражада бахтсиз эмаслигини ҳис қилди. Ҳомиладор эди.
Бироқ қувончи узоққа чўзилмади.
Ўғли, ягона қувончи ногирон эди!
Наҳотки болам дунёни ҳис қилмасдан ўтиб кетади, дея ўйлаш… Ўғлининг маъносиз кўзларига, ногирон, хаста вужудига қараш… оғир эди. Жуда оғир… оғир… оғир… эди! Унга кўзи тушган заҳоти вужудига сон-саноқсиз ниналар санчилаверарди…
Кейин кетма-кет икки қизча туғилди. Улар жисман соғлом эди, аммо яхши гапиролмасдилар.
Аёл энди қалбига кўз ташламай қўйганди. Мусиқани буткул унутди.
Бироқ жондан азиз кўрган фарзандлари туфайли ҳаётида кескин ўзгариш, хавфли бурилиш содир бўлиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.
Тарбиячи қиз…
“Қизларимизни уйда ўқитиш учун махсус ўқитувчи ёллайман, – деди эри ногирон ўғлини болалар уйига топширганларидан кейин. – Тили чучук болаларни ўқитадиган ўқитувчи билан гаплашдим”.
Эрининг бу эътиборидан боши кўкка етди.
Кўп ўтмай уйига у кириб келди: ёш ва ниҳоятда гўзал.
Бақамти келганларида аёл беихтиёр ўзини четга тортди…
Кейинчалик ҳам тарбиячи қиз билан ёнма-ён турмасликка ҳаракат қиладиган бўлди…
Тарбиячи нафақат уйига, балки ҳаётига кириб келганини дастлабки вақтлар фаҳмламади. Уни самимий, ювош, маъсума қиз деб ўйларди, яъни ўзига ўхшаб, илм истаб шаҳарга келганлардан! Ҳурмат қиларди. Ҳозир ҳам унинг меҳнатини инкор қилмоқчи эмас. Ахир ўша тарбиячи қиз туфайли қизларининг толе юлдузи ярқирашига унда ишонч пайдо бўлди. Қизлари равон гапира бошлади.
Шу боисдан ҳам унга ихлоси баланд эди. Унга ишонарди. Эрига кўз сузаётганини бошқа бировлардан эшитганида бу гапга ишонмаган бўларди. Афсуски, бу нарса кўз олдида содир бўлди. Бунга ҳеч қандай миш-миш, бўҳтон аралашгани йўқ.
Эрининг ўзини вазмин тутишга беҳуда уринишлари…
Унга нигоҳи тушганда кўзларининг чақнаб кетиши…
Тарбиячи қизнинг ўзини йўқотиб қўйишлари… титраб-қалтираб туришлари…
Бу нарса унчалик хавфли эмасдай, бир ҳамла билан ҳал қилинадиган муаммодай туюлганди бошида. Тўғри-да, бирор сабаб билан тарбиячини уйидан ҳайдаб солади, тамом-вассалом! Лекин ҳозирча шошилмаслик керак.
Ўйчининг ўйи битгунча… хиёнат юз берди.
Бу ҳақда ҳеч ким уни огоҳлантиргани йўқ. Уларнинг қўрқувлари, унсиз иқрорлари бу нарсани фош қилиб қўйди. Ҳаётида юз берган бундай фавқулодда ўзгариш хонумонига ўт қўйди, бутун вужудини жунбишга келтирди. Ахир бу номардлик, ноинсофлик эди!
Эри унинг кўз ўнгида маъшуқаси билан кўз уриштириб ўтирса… Маъшуқасининг ҳар бир қадамини кузатса… Вужуди хотинининг ёнида бўлса-ю руҳи аллақандай бир қизнинг ортидан эргашиб юрса…
Танлаш имкони туғилганда эри ўша тарбиячи қизни танлади, эмишки, у енгилтаклик қилиб покиза бир қизнинг келажагини барбод қилганмиш, жавобгармиш… Агар қиз ёмонликка олса борми! Уни (яъни эрини, унинг эрини!) бу жамиятда ҳеч ким аямайди!
Қиз эса “…ёмонликка” олиш бу ёқда турсин, ҳатто ноз қилиб ўтирмади, тарбиячилик рутбасини бойликка алмаштирди-қўйди!
“Одамлар бундай шарт-шароит учун виждонларини сотишга тайёр-ку, сиз бўлсангиз!..”
Кейинроқ фаҳмлашича, банкир ота ҳам “фатво” берганмиш: “Бизга тўрт мучаси бут меросхўр керак!”
Эри вақтинча алоҳида яшаб туриш ҳақида гап очганида индамай рози бўлди, ҳеч нарсани ҳеч нимага алиштирмади. Ҳатто савдолашмади. Бутунлай орани очиқ қилиб, иккала қизини етаклаб, ота уйига қайтиб борганда нима, у ерда қандай ҳузур-ҳаловат кутиб турибди?!
Ахир айтишади-ку: ўзгартира олмайдиган нарсангга ўзингни ерга урмай бардош бер, деб.
Эри икки хоналик уй олиб берди. Алоҳида яшай бошлашди. Аммо эри негадир қонуний ажрашиш ҳақида гап очмади. Нима учун?
Хуллас, етим қовурғадай сўппайиб қолаверди.
Энг қизиғи, алоҳида яшай бошлаганларидан кейин аёл бир чимдимгина бўлса-да, оилавий ҳаловатнинг қадрини билди, ўз ҳаётини ўша димоғдор ва худбин одамдан айро тасаввур қила олмаслигини тушуна бошлади. “Эрим менга хиёнат қилди, уни асло кечириб бўлмайди!” дерди-ю, зум ўтмай тарбиячи қизни юмма талаб, уйидан ҳайдаб чиқармагани ва эри вақтинча алоҳида яшаб туриш ҳақида гап очганида рози бўлгани учун афсусланарди негадир…
“Уларнинг севгиси худди ёқимли мусиқа мисол гўзал бўлгани учунгина яшаяпти. Аммо ҳар қандай ёқимли мусиқа ҳам барибир ниҳоясига етади, афсуски, эрим буни ҳозир англамаяпти”, дерди тундан, ёлғизликдан, девордаги соялардан қўрқиб, юраги ёрилгудай титраганида… рашк оловидан жизғинак бўлганида…
Эри жуда ўзгариб кетганди.
Муҳаббатнинг қудратини қаранг, иродаси пўлатдек мустаҳкам, ишбилармон одамни не кўйларга солиб қўйди?
Аммо аёл буни ҳам тан олгиси келмасди.
“Муҳаббат?!
Қанақа муҳаббат? Йўқ, буни муҳаббат деб бўлмайди, бу шунчаки севги. Пианино клавишларига бехосдан бармоғинг тегиб кетганида жаранглайдиган қисқа бир оҳанг…”
Бироқ ўша “…қисқа оҳанг” эрининг шу қадар эс-ҳушини олиб қўйгандики, кўзига ҳеч нарса кўринмасди, болаларини унутганди, ҳатто ишни ҳам унутиб, тарбиячи билан ҳали тоққа, ҳали денгиз бўйига сайёҳатга кетармиш…
Сир бермасликка қанчалик уринмасин, аёл ўзини ёлғиз ва бахтсиз ҳис қиларди. Юраги куярди…
Лекин… кун кўриш керак. Тирикчилик ўтказиши, болаларини боқиши лозим. Эри икки хоналик уй олиб бердию, бутун масъулиятдан қутулгандай жим бўлиб кетди. Нима қилиши керак? Ўйлаб-ўйлаб мактабга ишга кирди. Мусиқадан дарс бера бошлади. Афсуски, маоши рўзғорга юқ ҳам бўлмасди. Ўлсин, мактабда мусиқа дарсларига кам соат ажратиларкан-да!
Охири бўлмади, ўзини бозорга урди.
Эри нафратланганича бор, бозор унчалик яхши жой эмас, алғов-далғов замоннинг узлуксиз жанги давом этаётган бесурур ҳаёт маскани; сокинлик, шоду хуррамлик ҳукм сураётган олам эса унинг теграсида айланади; бироқ ҳар қалай, бу ерда жон сақласа бўлади.
Муҳими – ўзни йўқотмаслик.
Гоҳида бозорда харидор кутиб ўтириб… ўзининг қаерда эканлигини унутиб қўяди. Аллақандай сирли-сеҳрли оҳанг одамларнинг туссиз башаралари ва шовқин-сурон орасидан сирғалиб ўтиб, аста-секин қалбига оқиб кираётгандай бўлаверади. Шунда ўзини аллақандай сирли оролчага тушиб қолгандай ҳис қилади, бармоқлари шолча устидаги эски-тускиларни эмас, пианинонинг оппоқ клавишларини силаётгандай, руҳи олис-олисларга парвоз қилаётгандай бўлаверади.
Худди шу вақт қаршисида қаҳратон қиш ёки инжиқ кузнинг ҳароратсиз кунларидан титраб-қалтираган бир банда пайдо бўлади ва:
– Манави… тоғорачангиз неч пул? – деб сўрайди.
Шунда уни ром этган соҳир туйғулар бир зумда аллақаёққа йўқолади ва у энди мусиқачи эмас, балки шунчаки олибсотар каби харидор билан савдолаша бошлайди ва бу ерда ҳам ўзини ортиқча ҳис қилади…
Дарвоқе, бундан икки ой илгари, яъни улар бозор йўлида тасодифан учрашганларидан кейин, эри қизларини йўқлаб боғчага борибди. Ширинликлар билан уларни сийлабди. Яна кўпдан-кўп совғалар берибди. Кейинги гал паркка олиб бораман, деб ваъда берибди.
Шу куни кечаси билан иккала қизи ҳам иситмалаб чиқди. Сезиб турибди, қизлари ичикяпти, отасини соғиняпти, қийналяпти.
Аёл шу оқшом тарбиячи қизни юмма талаб, уйидан ҳайдаб чиқармагани учун яна афсусланди. Кейин барбод бўлган дунё вайроналари устида улуғвор кошона бунёд этишни орзу қилди… Ахир эри билан бутунлай орани очиқ қилишмаган-ку!
Эртаси куни қизларини боғчага юбормади. Боғча опанинг ўзи қўнғироқ қилиб, ҳол сўраркан, гап орасида кеча эрининг юзи ташвишли кўринганини қистириб ўтди…
Аёл аёл-да, бирдан ҳушёр тортди. Миллионлар эгаси бўлган одамни нима ташвишга солган бўлиши мумкин? Нега бирдан болаларини эслаб қолди? Ишлари юришмай қолдимикин? Ё анави тарбиячи билан ораларидан ола мушук ўтдимикин? Балки унинг ҳақиқий қиёфасини кўриб қолгандир? (Одамлар яқинлашгани сайин бир-биридан нафратлана бошлайдилар.) Айтганча, нега шу вақтгача бола кўришмаяпти?
Ким билсин, балки унинг аҳволи боғча опа айтганидай эмасдир? Шунчаки қизларини кўргани келгандир?! Лекин нега ҳалигача унинг жавобини бермайди? Балки эри айёрлик қилаётгандир? Буям хотиржам яшашнинг бир усулидир?!.
Эҳ!
Жаҳли чиқиб кетди.
Гоҳида эрини тушунишга ҳаракат қилади, аммо барибир бунинг уддасидан чиқолмайди. Йўқ, уни кечириб бўлмайди! Йўқ. Йўқ. Йўқ.
Тавба, гўё эри ундан кечирим сўраяпти-ю… Аммо… Башарти у кечирим сўраб қолса-чи?! Шунинг учун ҳам юзма-юз гаплашишга журъат қилолмай, боғчага, болаларининг олдига боргандир?
“Биз худди совуқ қотган типратиконларга ўхшаймиз, бир-биримизга яқинлашишга тиконларимиз халақит беради…”
Аёл маъюс жилмайди. Ўзини совуқ қотган типратикон қиёфасида тасаввур қилиб. Кейин яна орзуга берилиб, бир кўприк қуришни истади, ўзи билан эрини ажратиб турган жарликни бирлаштириш умидида.
Шу умидда икки ойдан буён елкасига оғир сумкасини ортмоқлаганча бозордан чиқиб, уйига пойи пиёда йўл олади. Шу умидда икки ойдан буён юришдан бирдам тўхтаб, йўлга тикилади. Мана ҳозир, аввал нур устуни пайдо бўлади, кейин қаршисида баланд бўйли, келишган эркак пайдо бўлади-ю…
Йўлдан машиналар карвони тинимсиз ўтиб борар, лекин уларнинг ҳеч бири елкасига оғир сумкани ортмоқлаганча йўлкада турган аёлни кўрмасди, унинг юрагининг туб-тубида, ўй-хаёлларининг аллақайси кўчаларида сарсон кезиб юрган андишали фарёдини эшитмасди.
Кўкни буткул қоплаган булут шовқин солмасдан, оҳиста кўзёшларини тўка бошлади…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2017 йил, 3-сон