Истамин кўзини очганда ўтовнинг тепасидаги туйнук – тобдон очиб қўйилган, унда тонгнинг бўзариб отаётганлиги кўриниб турарди. Онаси доим шундай – жуда эрта туради-да, тобдонни очади. Эмишки, тонгда кўк узра учиб ўтаётган Умай она* шу туйнукдан ризқ-насиба ташлаб кетармиш.
Йигит ҳозиргина кўрган туши таъсирида карахт эди, кошки эди, кўзини юмса-ю, қайтадан уни кўрса. Шундай қилди ҳам, бироқ энди унинг кўз олдида фақат зулмат кўринди, холос.
Шу онда ўтов эшигининг очилгани эшитилди. Йигит кўзларини хиёл очди. Эшикда отасининг қораси кўринди:
– Турақол, ўғлим, Истамин баҳодир! – боласини эркалаб уйғотди ота. – Бугун овга чиқамиз.
Бошқа пайт бўлганда бу сўздан йигитча учиб кетгудай бўларди, ахир қанчадан бери қабиладошлари билан бирга овга чиқишни орзу қилади. Удумга кўра, овга чиқиш ўғил боланинг йигит бўлганлигидан нишона берар, биринчи овдан ўлжа билан келиш қабиладошлари мақтовига сазовор қилар, қабила аёллари уни куёвликка зимдан “кўз остига олиб” қўйишарди. Бироқ ҳозир йигитча кўрган туши таъсирида узоқ вақт хаёл суриб ётгиси келаётганди. Лекин иложи йўқ, овдан бош тортиб бўлмайди.
Истамин ўтовдан ташқарига чиққани заҳоти димоғига тоғ чечакларининг ҳиди келиб урилди. Тик турган кўйи ўчоқда пишган иссиққина нонни кавшаб, онаси келтирган бия сутини симирди-да, омонатгина тикланган отхонадан бетоқат ер тепинаётган тўриқ қашқасини олиб чиқди. Эгар-жабдуғини ургач, отнинг бўйнига шапатилаб эркалатди-да, қашқанинг кишнаб қўйишидан завқи келиб, бир сакраб, устига минди.
Қабила эркакларининг писиб бориб ваҳший ҳайвонларга найза отишлари, жайрон овлашлари, камоннинг мўлжалга бехато санчилиши, ов қушларининг пастга ўқдай шўнғиши йигитчанинг томиридаги қонни жўштириб юборди. Кўрган туши тамоман эсидан чиқди. Отаси Бургут баҳодир билан қуён, ҳатто олқор овлашди. Отаси мамнун бўлиб унга кўз қисиб қўйди.
Туркийларда исм деганлари одам билан бир умрга қолмайди, у тез-тез ўзгариб туради. Чақалоқ туғилганда табиатсевар бу халқ чор-атрофдан улгу олиб бирон исм қўяди. Масалан, ўғил бўлса, Тўрғай ёки Бўрибий, қиз бўлса Юлдуз ё Ойчечак. Кейин эса эркакнинг эл корига ярашига, қиз боланинг қандай оилага “тушиши”га қараб исми ўзгартилади. Елдирим баҳодир ёки Элбилга бека каби. Лекин Бургут баҳодирнинг исми жисмига муносиб қўйилган экан. Унинг ўткир кўзлари нафақат ов чоғида, балки ёв босганда ҳам элга кўп хизмат қилди. Шунинг учун унинг исми ўзгартирилмади, балки унинг исмига беклардай “баҳодир” унвони қўшиб айтиладиган бўлди. Бургут баҳодир эса элдошларидан фарқли ўлароқ ўғлини улуғ Турк хоқони номи билан атади. Истамин – юртни қуллик занжиридан озод қилиб, ҳурлик кўкига олиб чиққан, элу юртини тенглар ичида тенг қилиб, не-не юртларни забт этган буюк Турк хоқонининг исми эди. Истамин хоқоннинг акаси Бумин баҳодир билан қилган жаҳонгирликларини туркий аёллар ҳали-ҳамон болаларига эртак қилиб айтиб беришарди.
Истамин кичкина чиройли жайронни кўрди-ю, ихтиёрини йўқотгандай у томонга от бошини бурди. Жайрон эса даштнинг кўм-кўк юлғунлари аро йигитга қараб-қараб, аввал секин, кейин эса тез югуриб кетди. Жайрон бир кўриниб-кўринмай чопиб бораркан, Истамин отасига тортган ўткир кўзлари билан уни таъқиб қиларди. Жайрон ва тулпор бир-бирларидан қолишмай елиб боришар, шамол йигитнинг бўрк остидан тошиб чиққан сочини тўзитар, шох-шабба юз-қўлларини тирнар, бироқ ов шавқига тушган ёш овчи буларни ҳам, қабиладошларидан анча узоқлашиб кетганини ҳам пайқамасди.
Бирдан юлғунзор йўқолиб, Истамин бийдай далага чиқиб қолди. Уни ўзи билан эргаштириб келган жайрон худди ер ютгандай ҳеч қаерда йўқ эди. Унинг ўрнида… унинг ўрнида эса… бийдай далада бирдан улкан саройлари бор катта шаҳар пайдо бўлди. Унинг деворлари туркийларнинг ўтови сингари қизил ҳам, сариғу яшил ҳам эмас, оппоқ, худди ёғду таратиб тургандай эди. Ўша улкан саройларнинг биридан… воажаб, Истамин бугун, эрта тонгда тушида кўрган гўзал қиз чиқиб келар эди. Гўзалнинг либослари ҳам нур сочиб тургандай, қордай оппоқ юзи, маъжусийлар сиғинадиган қуёшдай сержило сочлари, кўк сингари мовий кўзлари… ё Тангри, мадад бер, одам боласи ҳам шундай чиройли бўладими, ёки бу Истаминга Туркой момо айтиб берган чўпчаклардаги париларданми?
Қиз оёғи ерга тегиб-тегмай, худди Умай Она каби учиб кела бошлади. Йигитнинг қаршисига келган гўзал Истаминнинг алп келбатига, елкасига ташлаган йўлбарс терисига, қуёшда қорайган қўлларига, қоп-қора сочларига, ўт чақнаб турган қисиқ кўзларига ҳайрат ва аллақандай қувлик билан тикилди.
Тушида ҳам зулмат ичидаги ёғду каби худди мана шу қиёфа, мана шу чеҳра уни таъқиб этган, аммо бир сўз демай ғойиб бўлганди.
– Кетиб қолма! – жон-жаҳди билан пичирлади йигит. – Исминг нима, қаердансан?
Қиз бош чайқаб:
– Нафаҳидам, – деди.
“Тушунмаяпти шекилли”, – ўйлади Истамин ва бармоғи билан ўз кўксига нуқиб.
– Истамин! – деди ва ишорани қиз томонга қаратди:
– Исминг нима? Исминг?
– Ҳа, – қиз тушунди шекилли, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. – Равшанак.
– Равшан… ой! – хурсанд бўлиб қайтарди Истамин ва… кўз ўнгида еру кўк остин-устун бўлиб кетди. Бир зум ичида гўзал қиз ҳам, у чиқиб келган сарой ҳам, шаҳар ҳам йўқликка сингиб кетди…
Кейин нима бўлганлигини онасидан эшитди. Жайронни қувиб бораркан, отдан йиқилиб, ҳушини йўқотган, анча вақт бийдай даштда қолиб кетган. Эсли оти эса қайтиб келиб, қабиладошларини ўша ерга оборган…
– Ҳалиям Кўк Тангри асрабди, тўриқ қашқа хабар берибди, – деди Лочин бека ўғлининг устидаги йўлбарс терисини тўғрилаб қўяркан. – Бўлмаса болам бечорани қандай топардик?
Истаминнинг боши айланар, кўнгли эса, аллақандай ғалати ҳисдан беҳаловат бўлаётганди. Ўғлининг ён томонида чўккалаб ўтирган Бургут баҳодир ўнғайсизлана бошлади.
– Ҳаммаси яхши эди-я. Истамин биринчи марта овга чиқсаям, абжир йигитлардан қолишмаётганди.
– Бас, етар, – Лочин бека ўғлига қараб гапирса-да, эрига мурожаат этаётганлиги аниқ эди. – Энди ҳеч қаерга бормайди. Бир йил кейин эркак бўлса нима қилибди? Менинг ўғлим ўнта эмас.
* * *
Кўчманчи ҳаёт тарзида туғилиб, вояга етган Истамин тез тузалди. Уч кундан кейин ўтовдан чиқиб, атрофни кузатди.
Кўчманчи туркийлар қишлоғи бир-биридан анча узоқда жойлашган ўтовлардан иборат бўлиб, осмондан ёки бирор баландликдан кузатганда кенгликка сочиб юборилган донни эслатарди. Ҳар бир оиланинг чорваси, қозон-ўчоғи алоҳида бўлса-да, улар уруғларнинг кичик жамоасига бирлашган, бу жамоа эса айни пайтда қабила жамоасига тегишли бўлиб, бу мустаҳкам тартиб хоқонлик даражасигача юксалиб борарди.
Атроф-жавониб айни кўклам оғушида. Ён-вердаги дала ҳам, ҳув узоқлардан кўринган қирлар ҳам яшил либосини кийиб, дала чечаклари қизларнинг чаккаларини безаган. Ҳув анави ерда Истаминнинг бўй етган амакиваччалари йиғилиб, қиқирлаб алланимани муҳокама қилишганча ўсма қўйишяпти. Берироқда ўн-ўн икки ёшли қизчалар тойчоққа минишни ўрганишяпти. Аёллар бунга эътибор бермай ўз юмушлари билан андармон. Чунки туркийларнинг қизлари балоғатга етгунча рўзғор ишлари билан бирга от миниш, ўқ отиш, ов қилишни билишлари шарт эди. Истаминнинг онаси ўчоққа ўтни ланғиллатганча, шопириб-шопириб сут пиширяпти. Унинг ёнида амакисининг хотини – чечаси ўчоқ қиздириб, нон ёпяпти. Уларнинг атрофида уч-тўрт ёшли болакайлар тол хивичдан от ясаб, ўйнашяпти. Анча нарида катта момоси Туркой момо кичик чевараларини қаршисига тўплаб, ниманидир сўзлаяпти. Момонинг гоҳ қўлларини силкитиб, гоҳ бош чайқатиб, гоҳ гавдаси силкиниб гапиришидан болакайларга чўпчак айтаётганга ўхшарди. Эртак Ўғуз Хон ёки Кўк Бўрининг туркийлар қавмини асраб қолгани ҳақида бўлса керак. Истамин ҳам бир вақтлар Туркой момодан шу эртакни эшитган. У шундай айтиларди:
Олис-олис замонларда ёв айёр бўлган экан. У туркийларни заминдан супуриб ташламоқ учун тунда қишлоққа ҳужум қилибди. Ҳаммани битта қолдирмай қиличдан ўтказган ёв тонггача ҳувуллаган қишлоқ оралаб юриб, омон қолганларни излабди. Лекин вайрон бўлган бир ўтов ичида жон сақлаб қолган икки болакай – бир ўғил ва бир қизалоқни топа олмабди. Кўк Тангрининг изми шундай бўлган экан-да. Болалар совуқ ва очликдан, кимсасизликдан йиғлаб ўтиришган экан. Шу пайт қишлоққа ёллари кўм-кўк бўри кириб келибди. Қўрққанидан қочишни ҳам унутган болаларни елкасидан беозоргина тишлаб, ўз инига олиб кетибди. Уларни ўзининг сути билан боқибди. Катта бўлишгач, уларга олқор, жайрон овлаб келтирибди. Шу болалар туркийларнинг авлодини давом эттиришибди…
Негадир бу кўз илғайдиган жойларда Истаминнинг тенг-тўшлари кўринмасди. Яна овга чиқишдимикин? Ё қир бағрида кўпкари чопишаётганмикин? Балки бирон овлоқ ўтовга кириб, қимизхўрлик қилишаётгандир? Истаминнинг хаёлига ов чоғида уни отдан йиқитган ўша мовий кўз гўзал келди. Юраги ўйнаб кетганини сезди. Воажаб, унинг сурати йигитнинг қалбига муҳрланиб қолган, кўзини юмди дегунча сирли сиймоси гавдаланарди. Лекин кўнгил ёриб айтишга бирор сирдош, дарддош қани дейсиз?
Йигит шу кунларда анча ўйчан бўлиб қолган, гўё уч кун ичида улғайиб, ҳаёт, муҳаббат, номус ҳақида ўз фикрлари шаклланиб қолганди. Йўқ, у муҳаббатни зўрлик билан ўлчайдиган, “от чоптириб, ов қилишни қойиллатсанг, ҳар қандай қиз тулпорингга мингашади”, деган тенгдошларининг фикрига қўшилмайди энди.
Истамин шуларни ўйларкан, ўша гўзални соғинганини ҳис қилди.
* * *
Истамин балки исми жисмига монанд бу гўзални унутиб юборармиди?! Агар қиз яна ва яна тушига кириб, уни безовта қилавермаганда. Тушларида энди у аввалгидай шўх-шаддод кулмас, балки сирли ва маъюс жилмаяр, кўринишидан уни интизор кутаётгандай бўларди. Лекин ўша сирли гўзалнинг хаёлига кундан-кун қаттиқроқ боғланиб бораётган бечора йигит, шўрлик ошиқ қаёққа боришни, бошини қаерга уришни билмасди. Ана бийдай дала, сарғайиб бораётган қирлар, ўша олис-олисларгача туркийларнинг ўтовлари яйраб ётибди. Уларнинг бирортасида бу мовий кўзли гўзал йўқ. Уларнинг ҳар бирида қора кўзларидан ўт чақнайдиган, от чоптириб юрадиган сулувлар бор. Лекин бу кўҳлик қизларнинг бирортаси Истаминнинг дардига даво бўлолмайди.
Муттасил иштаҳасизлик, тунлардаги бедорлик, тушкунлик ва умидсизлик ўз ишини қилди. Вақт ўтиши билан йигитнинг буғдойранг юзи сарғайиб, танасини дармон тарк эта бошлади. Унинг кўзларидаги ўт сўниб, қорачиғи хиралашиб борарди. Қишнинг рутубатли кечаларида юраги қаттиқ сиқилган ошиқ ўтовнинг кигизини йиғиб ташлаб, кўкрагини зах ерга босганда сал-пал ҳаловат туйди, буни одат қилгани эса бошига бало бўлди. Иситмаси кўтарилиб, дарди ошкор бўлгач, ота-она росмана талвасага тушиб қолишди. Энди унга туркона дорилару, шомонларнинг “алас-алас”и ҳам фойда қилмаётганди.
Тушлар эса… тушлар ўша гўзални такрор ва такрор эслатаверар, ҳайҳотки, у сулув ҳам айрилиқми ва ёки бошқа дард туфайлими, тобора хомуш бўлиб борарди.
Ота-она нажот истаб тўрт томонга югуришди, ота-боболар руҳига қурбонлик қилишди, шомону бахшиларга қаратишди. Мозорларга чироқ ёқишди, чалпак пишириб, қўшниларга чиқаришди. Қабиладаги кўпни кўрган кекса донишмандлар билан маслаҳат қилишди. Донолар аввало йигитнинг кўнглидагини билинглар, балки кимгадир кўнгил қўйгандир, дейишди. Ишқ дарди оғир, давоси эса фақат висолдир, деб тайинлашди. Лекин ота-она ўғилларини қанча ўртага олишмасин, қанча алдаб-сулдашмасин, Истамин фақат ерга қараб, сукут сақлар, кўзидаги ёшни кўрсатмаслик учун ота-онасининг юзига қарамасди.
Кўклам келгани сари Истаминнинг ҳалокати яқинга ўхшаб туюлаверди.
– Жонлиқ сўйиб, Умай онага қурбонлик қилиш керак. Ўшанда отдан йиқилганда, унга ёмон руҳлар теккан кўринади, болани яхшилаб қонлаш лозим! – нажот йўлини топгандай деди она.
– Йўқ! – деди қатъий овозда Бургут баҳодир. – Истамин аллақачон йигит бўлган. У энди Умай Онадан эмас, Кўк Тангридан насиба сўрайдиган пайт етди. Бор, чақир уни.
– Нима қилмоқчисиз?
– Чақир.
Ўтовга беруҳ ҳолда кирган Истамин аввал онасига, сўнгра отасига салом берди. Кейин эса уларнинг қаршисига тиз букиб ўтирди.
– Ўғлим, сенинг кўнглингда бир дард бор, лекин бизга айтмаяпсан, тўғрими?
Бургут баҳодирнинг сўзларидан Истамин юзи қизариб кетганини сезди-ю, бошини янада эгди.
– Бу балки номус ишидир, балки кўнгил иши, – Бургут баҳодир хотинига бир қараб олиб, давом этди: – Ота-боболаримиз Тангридан бир нимани тилаган бўлишса, баланд тоққа, Кўк Тангрига яқинроқ масканга чиқиб, Тангрига юзма-юз туриб, кўнгил дардини айтганлар. Сен ҳам шундай қил, ўғлим. Бор, Тангритоққа чиқ. Энг юксак чўққисига ёлғиз ўзинг ўрла. Тилагингни Тангри беради, ўғлим. Эртагаёқ йўлга отлан!
Истамин бош эгиб, розилик маъносини билдирди ва ўрнидан туриб, ташқарига чиқди.
Лочин беканинг ранги оқариб кетди, Бургут баҳодир ўғлини нақ ажалнинг қаърига юбораётган эди. Тангритоғ анча узоқ, юксак тоғ бўлиб, унга одам боласи чиққанлиги маълум эмас эди. Балки ҳали ҳеч ким уни ошиб ўтмагандир? У тоғда қандай ваҳшийлар, газандалар бор, ким билади?
Кўзёшлари юзини ювган бечора она эрига қарата:
– Нималар қилаяпсиз? – дея олди, холос.
– Охирги нажот шу, онаси. Тангри ўғлимизни бизга деб берган бўлса, қайтиб келади, йўқса, ҳеч бўлмаса, ҳалокатини кўрмаймиз.
Бургут баҳодир кўзёшини яшириш учун четга қаради.
* * *
Истамин тонгда тетик уйғонди. Бургут баҳодир ўғлини кўксига уч марта босиб, видолашди. Онаси кўзёшларини аранг тийиб йўл хуржунини узатди. У жун ипдан соддагина нақшлар тикилган хуржунни тўриқ қашқанинг устига ёпди-да, “Ё, Тангрим!” – деб бир сакраб минди. Тўриқ Тангритоққа, азиз маскан зиёратига бораётганини сезгандек олдинги икки оёғини кўтариб, осмонга сакради. Отнинг кайфияти йигитга ҳам таъсир қилиб, кулиб юборди.
Кейин шиддат билан от чоптириб кетди. Тонг шабадаси йигитнинг бўрк остидан чиққан ўсиқ сочларини эркалатиб ўйнар, мўйлови сабза урган юзига тегиб сийпалар, Истамин эса кўнглидаги ишқ оғриғини унутгандай, боболари неча марталаб от чоптириб ўтган бу даштларда шамолдай елиб борарди. Кўксидаги пинҳон иштиёқ – боболаридан ўтган жангарилик қонини кўпиртириб, юзларига қизиллик югуртирган, кўзларида яна ўт чақнаётганди.
Уч кунгача хуржун кўзи очилмади. Меҳмондўст туркийлар отлиқ сайёҳни ўтовга таклиф қилишар, навқирон қўноқ қамчинни кўксига босиб, узр сўрамоқчи бўлса, мезбонлар эшитишни ҳам хоҳламай уни отдан судрагудек тушириб, ўтовга олиб киришарди. Истамин олдига қўйилган сутли ва гўштли таомлардан, ўчоқда пишган нонлардан татиб кўрарди-ю, лекин қимизни қатъиян рад этарди.
Истамин кимнинг ўғли эканлигини, не мақсадда йўлга тушганини билган мезбонлардан ёши улуғроғлари “зўрламанглар, йигит зиёратга чиққан экан”, дейишарди. Шундан кейин мезбонлар йигитга бошқа алоҳида келишни тайинлаганча, хуржунига алланималарни солиб беришар, рад этишдан фойда йўқлигини билган Истамин кулиб қўяр, миннатдорчилик билдириб таъзим қилиб, ҳозиргина танишган мезбонлари билан қучоқлашиб хўшлашарди. Мезбонлар эса унинг уруғидан ёки оғайни қариндошларидан кимни танишса, ўшани қайта-қайта сўрашар, салом айтишни тайинлаб, Истамин билан қадрдон биродардай хўшлашишарди.
Сафарнинг тўртинчи куни тоғ этагидаги чўпоннинг ўтовида тунаган Истамин отини унга омонат қолдирди-да, елкасига хуржунини ташлаганча, олға интилди.
* * *
Ўнгирдан ўнгирга, қияликдан тикликка ўрлаб бораётган Истамининг юраги яна безовта бўла бошлади. Бироқ бу безовталик ёр висолига интиқ ошиқнинг интизорлиги бўлиб, Истаминни янада тезроқ, юқорироқ, илдамроқ юришга ундарди. Белига от ёлидан ўрилган арқонни боғлаб олган ёш забткор арқоннинг нариги учидаги чангакни юқорига отар, у илингач, тортиб-тортиб қўяр, тушиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилгач, икки қўллаб арқонга осилганча, оёқларини ишга солиб, юқорига ўрларди. Чиқиб олгач, яна шу ҳаракатни такрорлаб, юксакка интиларди.
Йўлида учраган олқорлар, тоғ каптарлари бу табиат қўноғидан ҳуркиб, ўзларини панага уришар, бироқ уларни овлаш Истаминнинг хаёлига келмас, хуржунидаги қотган нонни жилғага ивитиб еб, яхна гўшту қурут билан қорнини тўйғизарди-да, яна олға интиларди.
Тоққа кўтарилишининг учинчи куни Истамин булутларга яқин келди. Совуқ забтига олди, ҳаво етишмай, нафаси қиса бошлади. Аввалги кучи бўлганда йигит буларга парво қилмасди, лекин ҳозир вужуди анча заифлашган, чарчоқ ўз кучини кўрсата бошлаган эди. Зиёратчининг руҳи тушиб кетди. “Чўққига етиб бормай, ўлсам керак”, – беихтиёр ўйлади у ҳолдан тойиб, каттакон тош тагига йиқилган пайти. – Нега келдим ўзи? Қабилада қанча қизлар бор эди-ку, тушимда кўрган, бор-йўқлиги номаълум бир қизни деб ўзимни ўтга уришим шартмиди? Балки у чўпчаклардаги паридир, одамни эсдан оғдиргувчи жодугардир. Ким билади?”
Кеч кира бошлади. Қорайиб турган чўққи Истаминнинг кўзига балодай кўриниб кетди. Унга қарамасликка ҳаракат қилиб, кичик бир ғорга кирди. Устидаги йўлбарс терисига ўраларкан, тиши тишига тегмай такиллади. Хуржунига солиб олган чўп-хасак билан олов ёқмоқчи эди, эплолмади. Совуқдан қотиб қолган қўллари унга бўйсунмади. “Тамом, ўламан шу ерда, – ўйлади Истамин. – Алвидо эй ота-она, оғайни-қариндошлар, мендан рози бўлинглар! Хайр, гўзалим Равшаной!”
Шу пайт ғор оғзидан қандайдир бир ҳайвон ўтиб кетди. Истамин беихтиёр ташқарига мўралади. Катта бир бўри чўққи томон ўрлаб борарди. Йигит бўрининг важоҳатига қараб, ҳайрат ва завқдан қотиб қолди. Тўлин ой ёғдусида унинг чўнг калласи, катта қулоқлари, улкан гавдаси, ҳатто кўм-кўк ёли ҳам аниқ кўринарди. Бўри чўққига жойлашиб ўтириб олди-да, тўлин ойга қараб чўзиб-чўзиб увлади. Туркийларнинг афсонавий онаси бўлган бу жонивор, элатнинг охирги авлодини сақлаб қолиб, бир эл бўлишига кўмаклашган бу қутлуғ яратиқ, Истамин хоқоннинг ҳарбу зарбига, Бумин баҳодирнинг қўшинига қувват берган бу қутлуғ мавжудот кишининг ҳаваси келадиган даражада чиройли эди. Унинг киши этини жунжиктирувчи ваҳшати одам кўнглида даҳшат билан бирга завқ ҳам уйғотар, ажабки, қараган киши кўзини узолмасди. Ҳарқалай Истамин шундай бўлди. Балки унинг қулоғидаги афсоналар, кўнглидаги эътиқод бунга сабаб бўлгандир. Ҳарқалай, йигит танининг совуқ қотганини ҳам, олов ёқолмаганини-ю, “ўлсам керак” деган тахмини ҳам, “бу ерга нега келдим” деган афсусини ҳам унутиб, бу ажиб манзарадан кўз узолмай қолди.
Кўк Бўри эса ҳамон ойга қараб чўзиб-чўзиб увларди. Нима деб нола қилаяпти экан у Кўк Тангрига? Қайси ҳолидан арз қилаяпти экан? Ё Истаминга ўхшаб ёрини сўроқламоқдами?.. Балки арз эмас, шукроналик бордир бу нолада? “Кўк Тангри, мени аянч мавжудот эмас, чиройли ва кучли бўри қилиб яратганинг учун ўзингга қуллуқ! Мени одамларнинг-да корига ярайдиган, улуғ ва қутлуғ халқнинг онаси этганинг учун Ўзингга шукр! Омон қолиши учун мени восита қилганинг улусни энди ўзинг асрагайсан!”
Бўри увлаб-увлаб секингина пастга тушиб кетди. Сеҳрланиб қолган Истамин анчагача ўзига келолмай ўтирди. Ғор ичига ой нури тушди. Йигит, ниҳоят, қони жўшиб, танасига иссиқлик югурганини сезди. Қутлуғ бу ҳолат унга яхшиликдан, яхшилик бўлганда ҳам улуғ эзгуликдан, ёруғ бир бахтдан дарак берарди. Истамин ғор ичидан бир чақмоқ тош топди. Ўтинларни тўплаб ўт ёқди. Тонг отишини бесабр кутаркан, тез-тез чўққига қарар, уфқ ёришса бўлгани, уни шаксиз ишғол этажагига ишонарди. Кўнглида шу ишонч билан кўзи илинди.
Истамин уйғонганида тонг бўзариб келаётганди. Ёққан ўти ўчган эди. Лекин у энди совқотмаётганди, ҳаво етишмаслиги ҳам қийнамасди. Табиат билан ҳамнафаслик улғайган ўғлоннинг вужуди ердан қувват олиб, об-ҳавога мослашиб улгурганди.
Тушга қолмай Истамин Тангритоғнинг энг баланд чўққисига чиқди. Тоғнинг мағрур шамоли унинг сочларини ўйнаб ҳилпиратар, адл қадди-ю, ўктам вужудига ором бераркан, ғалаба шавқидан маст ва масрур йигит тўрт томонга қаради. Шунда… шунда воажаб, қуйида, тоғнинг нариги томонида Истамин жайронни қувиб юрган пайти кўзига кўринган ўша шаҳар, ўша манзара қўр тўкиб турарди. Истамин кўзларини қайта-қайта юмиб-очди. Манзара сароб эмас эди, йўқолмади. Аксинча, шаҳарнинг катта-катта саройлари, баланд минорлари, тому деворлари қуёш ёғдусида нурланиб кўринди. Истамин мақсадга етганини англади. Бу ёғдуларга чўмган юрт – Уструшона эди. Тўғри, Уструшонага бормаслик ҳақида хоқонлик билан аҳдлашув бор. Лекин ошиқ қалби чегараю деворларни, аҳдлашуву битимларни тан олармиди? Унга тоғнинг икки томони эмас, икки-ю, уч дунё бир қадам-ку, ахир.
Ҳа, Бургут баҳодир айтганидек Кўк Тангри унинг ниятини берган эди. “Ўзингга қуллуқ, Тангрим!” – кўнглидан шукроналик ўтди йигитнинг. Кейин у чуқур нафас олди ва бор овози билан наъра тортиб, ҳайқирди:
– Равшан-ой-увввввв!
Айни шу пайтда ўша нурафшон шаҳарда яшаётган, қалбига чироқ ёқса ёришмаётган бир қиз – Равшанак “ялт” этиб қаради. Атрофда ҳамма ўз иши билан андармон, садо эса унинг қалбиданми ёки олис-олисданми, келарди. Унинг мовий кўзлари оташхонадаги мангу оловдай аланга сочди. Лаблари бетоқат пичирлади:
– Истамин. Истамин! Хайрият…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 6-сон
___________
* Умай она – қадим туркийлар эътиқоди бўйича оила, болалар ва аёлларнинг ҳимоячиси, Кўк Тангрининг рафиқаси бўлган илоҳа, оққуш қиёфасида тасаввур қилинган.
* Кўк Тангри – қадимий туркийлар эътиқоди бўйича улуғ Тангри, ер, осмон, жами мавжудотни яратган қодири қудрат, бургут қиёфасида тасаввур қилинган.