Хуршид Дўстмуҳаммад. WО AI NI (ҳикоя)

Беҳрузга

Бек девордаги соатга кўз қирини ташлади – 3 дақиқаси кам 21. Ишига берилди. Одатдагидек бу пайтда хўрандаларнинг оқими сустлаша бошлайди, онда-сонда аллақайтларда санқиб оч қолган тўдалар гангур-гунгур, шовқин-суронлар билан ёпирилиб келмаса, яккам-дуккам мижозлар киради холос, ошхонага. Уззукун тик оёқда турган ошхона хизматчилари шифокорларнинг оқшом соат 18, кечи билан соат 19 дан кейин оғир таомланишларни ман этишларига доир тавсиялари айрим хўрандаларга кор қилмаётганига ҳайрон бўлишади. Ундай қимматли эслатмаларни манави суллоҳлар ўқимаган, шекилли?.. Бундай деса, Бекка ёки унга ҳамроҳ пазандаларга нима? Қайтага хўранда қанча кўпайса, шунча яхши эмасми?! Ҳар битта хўранда ортидан қўшимча кирим-фойда келади, ахир. Бироқ ҳолдан тойган дамларда ҳеч қандай фойда ҳам, кирим ҳам кўринмайди кўзга.
Эрталабки нонушта вақтидан бошланади бари – хўрандалар оқими дам зўраяди, дам сусаяди, навбатнинг “думи” кўчага чувалиб чиққан дамларда-ку, асти қўяверасиз – қўл қўлга тегмайди, пешонангдан оқиб тушаётган терни артишга улгурмайсан. Беш нафар пазандаю қўл-оёғи чаққон икки хизматчининг аҳволини кўрган одамнинг, очиғи, юраги эзилиб кетади.
Бир ойдан ошиб боряпти, аҳвол шу – сонмингта hamburger, cheeseburger тайёрлайсан, хўрандани hello дея ёлғон табассум ила кутиб оласан, сўраган таомини қоғоз ликопчага жойлаб ёки сарғиш юмшоқ қоғозга ўраб-чирмаб узатасан, пулини оласан, таомга тўланадиган олди-берди алоҳида дарчада. Қоврилаётган мол, товуқ гўштининг, помидору сомидорларнинг ҳиди димоғингни, димоғингга қўшиб иштаҳангни ғиппа бўғади – оч қолсанг қоласану қани энди томоқдан бир тишлам нон ўтса! Шу аҳволда ўй ўйлаш, хаёл суриш, э, ҳа-а-а, саломат бўлғайлар афандим, ақл-идрок, шуурдаги барча катта-кичик мурувватлар эрта тонгданоқ чирқ-чирқ қилиб ўчирилган бўлса ўй қаёнда, хаёл қаёнда?!
У ўғринча соатга кўз қирини ташлади – икки дақиқа қолибди. “Балки келмас” деган тахмин лип этиб ўтди Бекнинг шууридан. Бек ўзида юз бераётган ғалати ўзгаришларни оғиз очиб бировга айтгани йўқ. Эрталабдан то қора тунгача тик оёқда туриб бир хил ҳаракат қилавергач, одамда тушунуксиз, ҳатто ғалати одатлар, кўникмалар пайдо бўларкан: ана шу издиҳомда, ана шу талотўпда одам ўзи учун қандайдир ҳордиқ онларини “ясаб” олиш ҳаракатига тушаркан! Майли-да, бир зумга бўлсин, лип этиб ўша ўзинг бунёд этган ҳордиқ лаҳзасига кириб оласан-да, нафас ростлайсан, бир зумгина бўлсин, ўз ҳолингга қоласан ва яна зип этасану “ҳордиқ лаҳзаси”ни тарк этиб, ҳеч нарса кўрмаган-билмаган одамдек “ташқари”га чиқиб оласан!
Бек ўн кунлаб кўчама-кўча, дўконма-дўкон, ошхонама-ошхона изғиб иш қидирганида инсон мана шундай ҳолатларга тушиши мумкинлигини ўйламаган, хаёлига ҳам келтирмаганди. Қайси эшикка бош суқса, ёқимтой табассум билан “Йўқ!” деган жавобни эшитавергач, юраги орқасига тортиб кетди – яна бирон ҳафта иш топилмаса борми, ётар ижарахонасидан айрилади, кунига неча қайталаб санаб-чамалаб қўяётган зорманда “кўки”нинг ҳам ранги ўчиб бормоқда – қаёққа боради, кимга йўлиқади, кимдан нажот кутади?
Толедан қисмасин экан ҳеч бир бандани. Нажот, туз-насиба уни Burger Kingда кутиб турган экан йўлларига кўз тикиб! Бир томони очиқ метро, уч томони кета-кетганча катта-кичик дўкон, дўкон – савдо шохобчалари, майда-йирик таомхоналар, сартарошхона, интернетхона, тиббийхона, дорихона, банк – хуллас, одам дегани, йўловчи дегани бамисоли қумурсқа!
– Оёқ-қўлинг бутунми? Ақлинг жойидами?
Бек ишбоши ҳинди йигит ҳазиллашаяпти деб ўйлади, қаёқда, бош қашлашга вақт йўқ жойда ҳазил-мутойибага бало борми, зотан, “Бутун” деди у дадил ва муқаррар табассум билан, сўнг илова қилди: “Жойида!”
– Кийимингни ўзгартир, ишни бошла! Буёғи – соатбай!
Бош-лан-ди: Hello! Bye! Bye! Hello! Excuse me!.. I’m sorry!.. Эртадан кечга, кечдан тонгга довур, тушидаям, ҳушидаям – шу.
Бек соатга қаради – эҳтимол, бугун келмас. Нега, нима учун келмайди? Ахир Бекнинг “ҳордиқ лаҳзаси”га кириши, нафас ростлаши айни ўша хўрандага боғлиқ! Бунинг учун эса у, ҳа, ўша арзанда хўранда келиши керак ошхонага. Наҳотки, бошқа юмуши чиққан бўлса?! Қорни очмадимикан? Бўлиши мумкин. Бугунча кечки таомдан воз кечгандир ҳойнаҳой? Ёхуд пули қолмадимикан? Ақчаси етмаса келмайди-да. Бу ерда тартиб-қоида темирга чўкичлангандек – бир мири етмаса ҳам мижозга шафқат кўрсатилмайди, ҳиммат кўчасига йўламайди ҳеч ким.
Не-не турфа тоифа одамлар кирмайди дейсиз ошхонага! Эркаклар, аёллар, кексалар, ёшлар. Оқлар, сариқлар, қоралар, бошқалар. Гала-гала бола-чақасини эргаштирган, ҳар сафар ошхонани тўйхонага айлантириб юборадиган оилалар. Мункиллаган чол-кампирлар, саёқ тиланчилар, чеккан-чекмаган нашалари гуркираб ис таратаётган кўкнорихўрлар. Лекин афтидан ёши бир жойга бориб қолган, ясси юзли, қисиқ кўзли, бурни япалоқ, ғоятда сипо кийинган, мош-гурунч сочи силлиқ қилиб орқага таралган хўранданинг ҳар куни роппа-роса соат 21да кириб келиши Бекнинг диққатини тортди, Бек истар-истамас унга эътибор қила бошлади. Бир кун, икки кун, уч… беш… Гўё нотаниш хўранда қадам ранжида қилиши билан унинг кундалик ҳаётига мазмун кирадигандек, ҳатто аллақандай муаммоси ҳал бўладигандек ва шуларнинг натижасида ҳаётида фавқулодда ўзгариш юз берадигандек. Ваҳоланки, кун бўйи бунга ўхшаш хўрандадан юзлаб, ҳатто минглаб киради ошхонага. Юзлаб, минглаб чиқади ошхонадан. Бек овқат тайёрлайди, хўрандаларга улашади, кези келганда, хўрандалар кетидан столни йиғиб-йиғиштиришга кўмаклашади ҳам. Юмуш танлаш йўқ бу ошиёнда, бу менинг ишим эмас деган гапга ўрин қолдирилмайди. Хўранда учун барча шароит муҳайё этилиши олий мақомдаги шарт. Бунинг учун эса ҳар бир ходим елиб-югуриб хизмат қилиши, ким эканлигидан қатъи назар хўрандага жилмайиб, ёқимтой табассум ҳадя этиши, бу билан уларнинг иштаҳасини очиши, кўнглини овлаши ва пировардида эсон-омон кузатиб қўйиши лозим. Токи эртага ҳам, индин ҳам кирсин у. Зинҳор-базинҳор Burger Kingдан кўнгли қолмасин! Чойчақасини бошқа таомхоналарга раво кўрмасин, тамом вассалом.
Бек эса… мана, ўн кундан ошиб боряптики, ясси юзли, қисиқ кўзли, сочи силлиқ таралган – негадир қалин ва дағал матодан тикилган кўйлагининг ўнг ёқасига жимжилоқча сарғиш мато парчаси танғилган кишини кўз остига олган: у ҳар куни соат 21да, хўрандалар оқими сийраклаша бошлаганда кириб келади, бориб қўлини чаяди, битта hamburger битта қаҳва буюради, буюрганларини олади-да, анча-мунча жойлар бўш эканлигига қарамай залнинг ўнг бурчаги ойна-девор ёнидаги энг чекка столга – ҳар куни, ҳар сафар битта курсига бориб жойлашади. Мижознинг қиёфаси ҳам бирдек – заррача ўзгариш, турланиш сезилмайди – ўйчан, маҳзун, хаёлчан ўтиради у. Сира шошилмайди, қорни тўқ одамдай истар-истамас овқатланади. Ноқулай бўлса-да, Бек кузатди, қани, шу одамда қандай ўзгариш юз бераркин деб узоқдан туриб, зимдан кузатди – мижознинг шошилмай кавшаниши, қаҳвани дам-бадам бир-бир ҳўплаши замирида қандайдир ҳикмат топмоқчидек қизиқди. “Сариқ ёқа-ей!” деб қўйди ичида ҳаяжонланиб. Ён-веридаги одамларга, гангур-гунгурларга, ғала-ғовурларга, қаҳ-қаҳаларга эътибор бермас, гўё ошхонада ундан бошқа ҳеч зоғ йўқдай, ҳеч нимани эшитмаётгандай ўтиради. Гунг-соқовмасмикан, деган хаёлга ҳам борди Бек. Дарвоқе, “Сариқ ёқа” овқат буюраётганида гапираётгандир? Нимадир деяётгандир? Таомнинг ҳақини тўлаш чоғида садо чиқаётгандир оғзидан?
Бунга ҳам эътибор қилди Бек. “Сариқ ёқа” деярли гапирмас, деярли овози эшитилмас, “бир дона” деган маънода кўрсаткич бармоғини кўрсатар – холос, овқат ҳақини танга-чақасигача қайтимсиз тайёрлаб келар, уни кассага сўзсиз-несиз тўлар экан.
Ошхона жойлашган рўйи масканда хитойлик мухожирлар кўпчиликни ташкил этар, бинобарин, Бекнинг эътиборини оҳанрабодек тортган хўранда ҳам хитойлик экани муқаррар эди. У ҳолда нима сабабдан у бу қадар ёлғиз? Нечун маъюс? Гўё қандайдир оғир фалокат юз бергану бу одам бор яқинларидан жудо бўлгандек, энди унинг учун бу ёруғ дунёда ҳеч бир ҳою ҳавасга ўрин қолмагандек, ўзи эса маъно-мазмундан узилган маъвода соядек, шарпадек, рўёдек ғимирсилаб юришга маҳкумликни зиммасига олган одамни эслатарди. Бироқ буларнинг бари Бекнинг тахминлари, хаёлидан кечган фаразлари, холос.
Бек хаёлига қаторлашиб келган саволли ўйлардан кулиб юборди: ўзи билан хўранданинг ўрнини “алмаштирди”. Уни ҳам кимдир четдан туриб кузатармикан? Бу йигитча нималарни ўйлайди, қандай орзу-ҳаваслар етак­лаб келди уни олис юртлардан, она ватанидан? Ўша дилига туккан орзу-ҳавасларига етишмоқдами? Юртини, ота-онаси ва бошқа яқинларини соғинаётгандир?.. Тўғриси, Бек шу сингари саволлар атрофида бош қотиришга чўчир, ҳатто жавобларини лоақал дилида бир ипга тизиб чиқишни истамас, эҳтимол бунга юраги бетламас, балки айни шу сингари саволлари билан бошқаларни… ана, кунда-шунда хитойлик хўрандани зимдан кузатиш орқали жавоблар топгиси келаётганди. Баъзан кундалик одатига айланиб бораётган кузатишлари меъдасига тегар, бугундан бошлаб у одамга эътибор қилмайман, қайрилиб қарамайман – ўзимнинг ташвишим озми, нима қиламан бошимни қотириб деган қарорга келар, ўзича қанча аҳд қилмасин, баъзи-баъзида ҳориб-чарчаб ёстиққа бош қўйганида ҳам уйқусираган кўз ўнгида “Сариқ ёқа”нинг нурсиз ва маҳзун қиёфаси пайдо бўларди.
Неча қайта бу каби қарорларини жаҳл аралаш итқитиб ташламади у! Даставвалига соат миллари “21”га яқинлашгани сайин ҳаяжонланса, кейин ҳаяжонлари ўрнини асабийлашиш эгаллар, гўё ким биландир ваъдалашгану ўша ваъдалашган одами келишилган вақтида келмай қолаётгандек, буткул ҳаялласа, осмон узилиб ерган тушадигандек аянчли-абгор аҳволда қоларди.
Бекни қийнаётган ҳолат мана шу эди. Дарҳақиқат, ёши тахминан олт­мишлардан ошган, ясси юзли, қисиқ кўзли, бурни япалоқ, ғоятда сипо кийинган, мош-гурунч сочи силлиқ қилиб орқага таралган, хитой миллатига мансуб, “Сариқ ёқа”… бўлди, бас, бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ: оилалими, бола-чақаси борми, қаердан келиб қолган, чиндан ҳам made in Chinaми, касби нима, касал-пасал эмасми, тамадди мақсадида бошқа ошхоналарга ҳам кирадими ёки фақат шу ердаги hamburger, cheeseburger билан қаноатланадими – бу сингари қатор-қатор саволларга жавоб йўқ эди.
Бир дақиқа қолди, келмаса келмас! Балки, бир кун келмай қолса Бек учун янаям яхши – уни унутишга баҳона топилади, беихтиёр беўхшов одат тусига кириб қолаётган дахмаза машғулотдан қутуларди. Бир кунгина-я! Келишни канда қилса… келмаса… Йўғ-е, нега келмайди?! Қаёққа боради? Наҳотки, бу ердаги таомлар кўнглига урган бўлса?! Ёки биздан кўнгли қолдими? Бирортаси ранжитдими?
“Сариқ ёқа”нинг келмай қолиши катта йўқотиш бўладигандек, у келмаса Бек учун катта айрилиқ юз берадигандек… Бас! У ўзини чалғитишга чоғланди. Бир ҳисобда унинг келмай қолишига руҳан ҳозирлик кўриб қўймоғи даркор. Ана – Бек ишдан бир зум тўхтаб, девордаги катта соатга разм солди – соат миллари кўз ўнгида чаплашиб кетди, диққат қилди – соатнинг тўнғич мили “12” рақамидаги “2”нинг думига етганини аниқ-тиниқ кўрди.
Бек шунда бир нарсани ўйлаб қолди: шунча кундан бери у кишининг исми-шарифини сўрамади-я! Овқатланиб ўтирганида қандайдир баҳона ўйлаб ёнига бориши, уни гапга солиши мумкин эди-ку. Гарчи ошхонада хўрандалар билан ортиқча суҳбатлашишга ижозат берилмайди, салом-аликдан нарига ўтиш қатъиян таъқиқланган. Шунга қарамай, шунга қарамай… Бек ўзига ўзи билмаган ҳолда дам бераётган, уни мароқли ўйлар суришга ундаётган инсон билан танишгиси, айниқса унинг кўнглига қўл солгиси, ёлғизликдан сиқилаётган, кўнглини ёзишга ҳамроз тополмаётган бўлса ҳамдардлик кўрсатиши мумкин эди-ку! Нега шунга изн берилмайди бу Burger Kingларда? Наҳотки одамларга хизмат кўрсатишу уларнинг пулини қуртдек санаб олишдан бошқа мақсад-муддао бўлмаса бу ёруғ дунёда, инсон?!
Мексикалик Хозе’дан сўради бир куни, ҳов анави кишига қара, ҳар куни бир вақтда келади, бир хил овқат олади ва бир жойда узоқ хаёлга чўмиб ўтиради деб оғиз очди, мексикалик қилт этмади, киприк ҳам қоқмади, ишингни қил, “юзбак”, деди-қўйди. Мексикалик айтмоқчи юзбак – Бек эса билганидан қолмади, у мексикалик бўлолмади – “Бунақалар кўп бу ерда Becki” деди унинг гапини эшитиб қолган ҳиндистонлик Чак гапни қисқа қилиб. Исмини билмайсизларми, деб суриштиришда давом этди Бек. Шу пайт хўжайин пайдо бўлди – барчалари айб иш устида қўлга тушган одамлардай зипиллаганча ўз юмуши – хизмат жойига тарқалди.
“Хайрият!” деб юборди Бек ичида, бирдан енгил тортиб – девордаги соатнинг катта мили “12” рақамидаги “2”нинг думидан узилмаган ҳам эдики, у орзиқиб кутган хўранданинг кўлагаси кўринди! Келди! “Сариқ ёқа” келди!
У ўша-ўша одми ва униққан энгил-бош кийган, сочи силлиқ таралган, одатдагидек ошиқмай, бир-бир одим ташлаб кирди.
Бекнинг аъзойи баданидаги қон жўшиб кетди – ўйлаган муроди ҳосил бўлгандай, узоқ кутган азиз инсонини кўргандай қадами илдамлашди, қўли чаққонлашди. Шу пайт салгина дил амрига бўшанглик қилса, ўзи hamburgerни қоғоз ликопчага қўйиб, битта қаҳва билан энг чеккадаги столга олиб бориб қўйишдан, ўзбекча айтганда, дастурхон тузашдан, шу билан меҳмонини зўр илтифот билан қарши олиб уни кечки таомга таклиф этишдан ҳам тоймайдигандек эди. Афсус, бундай мулозамат кўрсатишнинг иложи йўқлигини у яхши билар, мабодо шу тахлит кўнгил бўшлигига йўл қўйса, ҳамкасб пазандалару хўрандалар орасида кулгига қолишини ҳам яхши тушунарди.
Бек ўзини қўлга олди. Ахир у боягиндан – арзанда хўрандадан хавотир олаётгандагидан кўра кайфияти анча кўтарилган, кун бўйи тиним билмай захмат чекишлари оқибатида толган қўл-оёғи дам олгандек, руҳи енгиллашгандек, шуури тиниқлашгандек. Бунинг учун у “Сариқ ёқа” олдида ўзини қарздордек ҳис қилаётганди.
Ҳаш-паш дегунча соат 21 у 30дан оша бошлади. Бек оралиқда ўтирган хўрандалар боши оша залнинг энг охирида, энг чеккада ойна-девор ёнидаги столда қўлини қоғоз сочиққа артаётган “хўрандаси”дан кўз узмади. Ҳозир туради, келиб бармоғининг учларини чаяди, индамай ташқарига йўл олади. Бекнинг юраги ҳувиллаб қолади. То ишлар тўхтатилиб, ҳаммаёқ йиғиштирилиб уйга йўл олгунича, ижарахонасига етиб боргач, бошини ёстиққа қўйгунича ҳаётнинг маъно-мазмунини кимдир юлқиб олиб қўйгандек туюлади Бекнинг назарида.
Ана, “Сариқ ёқа” ўрнидан қўзғалди, бу ёғига воқеа қай тарзда давом этди, Бекнинг ўзи ҳам англамади. У таом пишириладиган ясси қозон тепасида турган жойидан унга томон отилди. Бориб унинг идишларини йиғиб олишга ошиқди. Бироқ у етиб келгунича хўранда қўлларини чайдию, жойига қайтмай, кўча эшик томон йўналди. Бўшаган идишларни йиғиштириб олаётган Бекнинг кўзи стол чеккасида қолган қора чарм кармончага тушди. Қаради-ю… хўранда кўчага чиққанини кўриб, унинг изи­дан отилди. Йўлда кетатуриб кармонга қаради, унга зарҳал рангда туширилган “ WО Ai NI” деган ёзувни ўқишга улгурди. Ёмби топиб олгандек севиниб кетди. “Исмини билиб олдим!” деб юборди ичида қувонганидан қарийб овоз чиқариб баралла. Ошхонадан етти-саккиз одим узоқлашган хўранданинг изидан етиб олди-да, унга юзма-юз туриб тўхтади. Ҳурмат бажо келтирди, икки қўллаб кармончани хўрандага узатди ва:
– WО Ai NI!..*
Шундай деди у ниҳоятда мулойим товушда. Ҳаяжоннинг зўридан овози титраб, қалтираб чиқди. Бек нотаниш хўранданинг исмини билиб олдим деган кашфиётидан боши осмонда эди.
“Сариқ ёқа” бошини кўтарди, кўзларини янаям қисиб Бекка разм солди, бир зум, ҳа, бир зумгина унинг нигоҳида табассум, йўқ, табассум эмас, табассумга ўхшаган қандайдир миннатдорликни, мамнунликни эслатадиган нимадир йилт этди. Афсуски, у лоақал бир оғиз сўз ҳам демади. Миннатдорлиги ҳам, мамнунлигию тасанноси ҳам ана шу – кўзида милт этган табассумда мужассам эди…
_____________
* Во ай ни – хитой тилида “Мен сени севаман” дегани.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон